
Туғма қизилча – вирусли касаллик бўлиб, зарарланган аёлдан ҳомиладорлик вақтида болага ўтади. Аёлнинг зарарланиши ҳомиладорлик вақтида ёки ундан олдин рўй бериши мумкин. Касаллик ҳомила ривожланишидаги кўплаб нуқсонлар билан намоён бўлади, айниқса эшитув ва кўриш аъзолари, юрак-қон томир тизими ва нерв тизимидаги ўзгаришлар. Кўпинча касаллик белгилари бола ҳаётининг илк кунларида юзага чиқади, кам ҳолларда бироз вақт ўтганидан кейин бу ҳолат рўй беради. Диагностикаси бола дунёга келиши биланоқ лаборатор тест ва клиник белгилар (юқорида санаб ўтилган) ёрдамида қўйилади. Махсус даво мавжуд эмас, интерферон препаратлар ва симптоматик даво қўлланилади.
Педиатр шифокор болада ушбу касаллик диагнозини қўядиган бўлса, вирус ён атрофдагиларга ҳам юқиш эҳтимоли юқори деганидири. Касаллик ўз номини 1740-йилда олган, бунга энг кўп тарқалган касаллик белгиси – тромбоцитопеник пурпура сабаб бўлган. Касаллик ҳақида илк маълумотлар шифокор Ф.Хофман томонидан келтирилган. Аммо, 2 асрдан ортиқроқ вақт ўтиб туғма қизилча жиддий касаллик эканлиги ва ХХ аср иккинчи ярмида касаллик қўзғатувчиси вирус эканлиги аниқланди. Ҳамда ҳомиладор аёл зарарланиши ва ҳомилага таъсири ҳам яхши ўрганилди.
Касалликнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – касаллик баҳор-ёз мавсумида кенг тарқалади. Йиринг эмидемик ҳолатлар ҳар 6-9 йилда такрорланади. Шу сабабли педиатрия соҳасида касаллик профилактикаси катта аҳамият касб этади. Болалар айнан 1 ёшга киргунларига қадар туғма қизилчага қарши эмланади ва улар келажакда ушбу касалликка чалинмайди, айниқса ҳомиладор аёллар.
Статистика бўйича туғма қизилча янги туғилган чақалоқларда учрайдиган барча касалликларнинг 10 % ини ташкил этади. Ҳомиладорликнинг 1-ҳафтасида аёл ёки ҳомиланинг зарарланиши оқибатида табиий аборт ҳолати 40 % ни ташкил этади. 75 % ҳолатларда эса бир неча аъзолар тизимида туғма нуқсонлар юзага чиқади. Сўнги статистик маълумотларга қараганда, касаллик кўпайиб бормоқда.
Туғма қизилча сабаблари
Касалликнинг ягона қўзғатувчиси қизилча вируси америкалик олим томонидан 1961-йилда ажратиб олинган. Ушбу вирус РНК-сақловчи бўлиб, тогавируслар оиласига мансуб. Вирус зарарланган онадан йўлдош орқали ҳомилага юқади, унинг қонига тушади. Унинг юқиши ҳомиладор аёлнинг зарарланган вақтига боғлиқ бўлади. Агар ҳомиладор аёл ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида зарарланса, ундай ҳолатда 60-90 % эҳтимол билан болада ҳам туғма қизилча ташхиси аниқланади.
Ҳомиладорликнинг иккинчи уч ойлигида касалланиш эҳтимоли 12-20 % гача пасаяди. Ҳомиладорликнинг сўнги муддатларида эса вирус билан зарарланиш хавфи яна ортади, бунга сабаб йўлдошнинг ҳимоя барерининг заифлашувидир. Аёлнинг зарарланишида унинг аввал эмланмаганлиги хавф омилиги киради.
Йўлдош қон томирлари орқали вирус ҳомила қонига тушади ва ўз таъсирини бошлайди. У тўғридан-тўғри генетик тизимга таъсир қилади (хромосомаларга), аъзолар шаклланиши ва ривожланишини бузади, натижада ҳомилада туғма нуқсонлар келиб чиқади. Бундан ташқари, вирус майда қон томирларни ҳам зарарлайди, бу эса ҳомилада қон айланишини бузилишига олиб келади. Бунинг оқибатида ҳомилада озуқа ва кислород етиб келиши камаяди, бу ҳам ҳомила аъзолар тизимида нуқсонлар ривожланишига сабаб бўлади. Кўз шишасимон моддаси ва ички қулоқдаги чиғаноққа вируснинг таъсири – ситодеструктив кўринишда, яъни тўғридан-тўғри ҳужайраларни бузилишига сабаб бўлади. Ҳомиладор аёл қанча эрта муддатларда зарарланса, вируснинг ҳомилага таъсири шунчалик жиддий бўлади. Чунки айнан ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ҳомиланинг бир неча аъзолар тизими шакллана бошлайди.
Туғма қизилчанинг белгилари
1942-йилда Н.Грегг туғма қизилчанинг учта асосий белгилари ҳақида маълумот бериб ўтган эди: кўрув аъзолари зарарланиши (кўпинча туғма катаракта), карлик ва юрак туғма нуқсонлари. Касаллик белгилари бола дунёга келиши биланоқ юзага чиқади, кам ҳолатларда бир неча йиллардан кейин. Яъни ақлий ривожланишдан ортда қолишда. Касаллик белгилари аёлнинг ҳомиладорлик ҳолатида зарарланган вақтига боғлиқ. Шу сабабли тиббиёт амалиётида доим ҳам Грегг учлик симптоми намоён бўлавермайди. Агар юқоридаги белгилар намоён бўлмаса, ундай ҳолатда касаллик нисбатан енгилроқ шаклда кечаётганидан далолат беради.
Юрак туғма нуқсонларидан кўпинча аорта клапанларидаги муаммолар, аорта стенози, қоринчалар аро тўсиқдаги нуқсон, ҳамда қоринчалараро девордаги ўзгаришлар кузатилади. Бу каби камчиликлар қон айланиш тизимига жиддий зарар етказади, натижада барча ички аъзолар ривожланишда у ёки бу даражада ортда қолади.
Нерв тизимидаги ўзгаришларда – микросефалия, гидросефалия, менингоэнцефалопатиялар, паралич ва талвасалар, эс-ҳушнинг бузилиши каби патологиялар учраб туради. Катаракта, глаукома, микроофталмия каби симптомлар юзага чиқиш эҳтимоли зарарланиш ҳомиладорликнинг биринчи ҳафтасида рўй берган бўлса, жуда юқори бўлади. Бундан ташқари, кўп ҳолатларда тана скелет тизимида ҳам ўзгаришлар кузатилади: остеопороз, чаноқ-сон бўғими дисплазияси, синдактилия кабилар. Кам ҳолларда сийдик айириш ва ҳазм қилиш тизимида нуқсонлар келиб чиқади.
Туғма қизилчанинг асосий симптомларидан яна бири – тромбоцитопеник пурпурадир, бунга сабаб зарарланган боланинг қон томирлари ва қон айланиш тизимидаги камчиликлардир. Визуал кўрувда пурпуралар тананинг барча қисмидаги ёрқин-қизил рангдаги тошмалар кўринишида бўлади. Одатда тошмалар бола дунёга келганидан 2 ҳафта ўтиб ўз-ўзидан, давосиз йўқолиб кетади. Касаллик хос бўлмаган белгилардан бири – янги туғилган чақалоқлар сариқлигининг узоқ муддат давом этишидир, бунга сабаб организм қон тизими ортқича билирубинни ажрата олмаётганлигидир.
Туғма қизилча диагностикаси
Ташхислашнинг биринчи босқичи – эрта перинатал диагностика, яъни ҳомиладорлик вақтида текширувлар олиб бориш. Бу каби текширувлар инфекционист ёки акушер-гинеколог томонидан олиб борилади. Агар ташхис тасдиқланса, аёл киши ҳомиладорликни давом эттириш ёки сунъий тўхтатиш имкониятига эга бўлади. Болада касаллик ривожланиш эҳтимоли ҳомиладорлик муддатига боғлиқ ва бу ҳомиладорликнинг илк уч ойлигида аниқланган бўлса, 60-90 % эҳтимол билан туғилажак болада ҳам касаллик аниқланади.
Бола дунёга келгач туғма қизилча белгиларга асосланиб тахминий ташхисланади. Шифокорлар биринчи навбатда боланинг эшитув ва кўрув аъзоларига эътибор қаратадилар. Неонотолог физикал текширувда боланинг ёруғликка ва товушларга реакция билдирмаётганини аниқлаши мумкин. Бундан ташқари, туғма юрак нуқсонларига ҳам гумон қилиш мумкин. Ташқи неврологик белгилардан: мушак тонусининг бузилиши, микросефалия, гидросефалия, менингизм белгилари ва бошқалар аниқланиши мумкин. Теридаги ёрқин қизил тошмалар бола ҳаётининг илк кунларидаёқ юзага чиқади.
Туғма қизилча лаборатор текширувлар асосида тасдиқланади. Организм суюқлигида махсус ИгМ-антителолари аниқлансагина ташхис асосланган ҳисобланади, бу усул ИФА-текшируви деб аталади. Лаборатор текширувлар туғма қизилча касаллигини бошқа шунга ўхшаш вирусли касалликлардан фарқлаб олишга имкон беради, масалан ситомегаловирус, токсиолазмоз, Эпштейн-Барр вируси ва бошқалар.
Юрак нусонларини аниқлаш учун ЭКГ ва ЭхоКГ текширувлари ўтказилади. Эшитув ва кўрув аъзоларидаги камчиликлар тор доирадаги мутахассислар томонидан аниқланади, масалан офталмолог ва отоларинголог. Бундан ташқари, болалар невропатологи ва психиатр текширувлари ва тавсиялари керак бўлади, ҳамда бола ақлий ривожланишдан ортда қолса улар доимо назорат остида бўлишлари керак.
Туғма қизилча давоси
Барча муолажалар қатъий равишда стационар шароитда олиб борилади. Туғма қизилча вирусли касаллик бўлганлиги сабабли бемор болаларга вирусга қарши препарат – интерферонлар буюрилади, қолган барча муолажалар симптоматик ҳисобланади.
Даво чора тадбирлари турли аъзолардаги нуқсонларни бартараф этишга қаратилган бўлади. Юрак туғма нуқсонлари ҳозирги кунда жарроҳлик амалиёти ёрдамида бартараф этилиш имкониятига эга. Эшитув ва кўрув аъзоларидаги камчиликлар эса иложи борича даволанишга ҳаракат қилинади. Бош мия жароҳатлари ва нуқсонларини бартараф этиб бўлмайди, шифокорлар фақатгина бош мия ички босими, талвасалар каби белгиларга қарши курашишлари мумкин, аммо бутунлай даволашнинг имкони йўқ. Санаб ўтилган барча даво чоралари бола ҳаёт сифатини оширишга ёрдам беради. Бир вақтнинг ўзида болага ижтимоий мослашиш учун ҳам кўмаклашиш керак бўлади, чунки бемор бола ногирон ҳисобланади, ҳамда ақлий ривожланишдан ортда қолиши ҳам мумкин.
Туғма қизилча оқибати ва профилактикаси
Касаллик оқибати унинг оғирлик даражаси ва ҳомиладорлик муддатига боғлиқ бўлади. Оғир ҳолатларда бемор бола яшаш муддати бир неча йилларни ташкил этиши мумкин. Агар эшитув ва кўрув аъзолари енгил ўзгаришларга учраган бўлсада, келажакда болада ривожланишдан ортда қолиш ва неврологик камчиликлар юзага чиқиш эҳтимоли бор.
Ўлим кузатилишига сабаб юрак туғма нуқсонлари ва қон-томирлардаги камчиликлари (аорта стенози, артериал йўлнинг очиқлиги), микросефалия, гидросефалия, менингоэнцефалит, гепатит, суяк тизимидаги касалликлар, оғир тромбоцитопения, иммун тизими заифлиги туфайли иккиламчи инфекциянинг аралашиши ва бошқалар. Туғма қизилча вирус қонда умуман топилмаганда бола бутунлай соғайган деб ҳисобланади. Касалликдан сўнг турғун иммунитет шаклланади.
Касаллик профилактикаси ҳомиладорлик вақтида туғма қизилчани эрта муддатларда аниқлашдан иборат. Зарарланиш ҳомиладорликнинг илк уч ойлигида рўй берган бўлса, ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш тавсия этилади, чунки бу муддатда вируснинг ҳомилага юқиш хавфи жуда юқори бўлади. Бу каби болаларда ўлим ҳолати қайд этилиши юқори даражаларда бўлади. Туғма қизилчанинг яна бир самарали профилактика усулларидан бири – эмлашдир. Болаларда қизилчага қарши эмлаш бир ёшга киргунига қадар ўтказилади. Катта ёшли инсонлар, айниқса аёллар ҳар 10 йилда қайта эмланиб туришлари тавсия этилади.