
1914 йилда инглиз ёзувчиси Герберт Уеллс биринчи марта атом бомбаси ҳақида сўз юритилган “Озод этилган дунё” китобини нашр этди. Албатта, романдаги атом бомбаларининг тузилиши ҳақиқатдан бироз йироқ эди.
Бироқ фантастик романлар ёзувчиси жуда кўп одамларнинг ўлимига сабаб бўлган даҳшатли қурол ихтиросини башорат қила олди. Бу турдаги биринчи қурол “Тринити” деб номланиб, у Ню–Мекцикада синовдан ўтган.
Бугунги кунда мавжуд технологияларнинг пайдо бўлишини башорат қилган кўплаб китоблар бор. Ушбу мақола доирасида фан ва технологияга қизиқадиганлар эътиборига сазовор бўлган романлар тўғрисида сўз юритамиз.
Жонатан Свифт, «Гулливернинг саргузаштлари»
1735 йилда ёзувчи Жонатан Свифт Норвегия китоб палатасидаги жаҳон адабиётининг энг муҳим асарлари рўйхатига киритилган “Гулливернинг саргузаштлари” китобини нашр этди.
Муаллиф ўз романида тасодифан Марс сайёрасининг сунъий йўлдоши борлигини ёзиб, муҳим илмий кашфиёт қилди. Орадан 142 йил ўтиб, у ҳақ бўлиб чиқди. Бугунги кунда Марснинг Фобос ва Деймос деб аталадиган йўлдошлари бор.
Рей Бредбери, «Фаренгейт бўйича 451 даража»
Америкалик ёзувчи ўз романида яқин келажакдаги китоблар тақиқланган жамият ҳақида гапиради. Китобларни ёқиш учун махсус “ўт ўчирувчи” хизмати мавжуд, шу сабабли одамлар ҳатто кучли истаклари бўлганда ҳам қизиқарли китоблардан баҳраманд бўлиш ўрнига бугунги кунда машҳур катта мониторли телевизорларга жуда ўхшаш улкан экранларга қарашади. Китобда ҳозирги “Apple АирПодс”га ўхшаш кичик минигарнитуралар ҳам тилга олинган.
Жюл Верн, «Ердан ойгача»
1865 йилда француз ёзувчиси Жюл Верн одамнинг Ойга биринчи парвози ҳақида ҳикоя қилувчи китоби саҳифаларида қуёш нури босими туфайли космик кемани ҳаракатга келтирадиган қурилма — қуёш елканининг ғоясини тасвирлаб берди. ИКАРОС деб номланадиган биринчи қуёш елканлари 2010 йилда ишлаб чиқилди ва коинотга учирилди.
Артур Кларк, «2001: Космик одиссея»
ХХ асрнинг энг нуфузли ёзувчилари, олимлари ва футуристларидан бири Артур Кларк 1951 йилда ўзининг инсон эволюсияси жараёнига таъсир қилувчи сирли қора тош одамлар билан учрашадиган кишилар ҳақидаги “2001: Космик Одиссея” номли машҳур романини нашр этди.
Ўз асарида ёзувчи Ер орбитасида сунъий йўлдошларнинг пайдо бўлишини башорат қилди. Ва бу ҳодиса узоқ кутилмади – бундай турдаги биринчи қурилма 1957 йилда Ер яқинидаги орбитага юборилди.
Эдвин Балмерва Уилям Макхарг, «Лютер Трент»
1910 йилда чоп этилган “Лютер Трент” китобида Шерлок Холмснинг издоши, америкалик психолог ҳақида ҳикоя қилинади. Ёзувчилар бу романда тарихда биринчи марта ёлғон гапираётган одамни аниқлашга имкон берувчи қурилма ҳақида гапиради. Бугунги кунда “полиграф” сифатида танилган бундай қурилма “Ёлғон детектори” деб аталади.