Прогестерон етишмовчилиги сабаблари ва даволаш сирлари

Прогестерон етишмовчилиги сабаблари ва даволаш сирлари

Прогестерон етишмовчилиги – эндокрин касаллиги, ҳайз сиклининг иккинчи ярмида сариқ танадан прогестерон гормони кам ишлаб чиқарилиши билан кечадиган патологик ҳолат. Бу ҳолат белгиларига ҳайз кўриш вақтида оғриқ бўлиши ва ҳайз келишининг норегулярлиги, ҳомиладорликнинг оғир кечиши ёки ҳомила имплантациядининг бузилиши кузатилади. Касалликни ташхислашда қондаги гормон миқдори, бачадон УТТ (УЗИ) текшируви, эндометрий қават биопсияси ва гистологик текширувлари ўтказилади. Ушбу гормон етишмовчилигида гормон ўрнини босувчи препаратлар буюрилади.
Прогестерон етишмовчилиги нима?
Прогестерон етишмовчлиги бошқача қилиб айтганда сариқ тана ёки лютеинловчи давр етишмовчилиги деб номланади. Патологик ҳолатнинг бундай номланишига сабаб сариқ тана нормада прогестерон гормонини ишлаб чиқаради, бу жараён эса ҳайз сиклнинг иккинчи даврида (лютеинловчи давр) рўй беради. Касалликнинг тарқалганлик даражаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, чунки бу ҳолат кўпинча бошқа гормонал дисбаланслар билан адаштириб қўйилади.

Касаллик қондаги прогестерон гормони миқдорининг камлигини аниқлаш йўли билан ташхисланади. Қонда прогестерон гормони миқдори камайиши эндокрин тизимида занжир механизмини юзага чиқаради, шу билан бир қаторда ановулятор сиклга ҳам сабаб бўлади. Ушбу патологик ҳолат кўпинча 18-25 ёшдаги аёлларда учрайди.
Прогестерон гормон етишмовчилиги сабаблари
Эндокрин касалликлар ривожланиш аниқ сабаблари аниқланмаган, касаллик ривожланиш эҳтимолини ошириб юборувчи бир қатор омиллар мавжуд, улар қуйидагилар:

Генетик (наслий) мойиллик – айрим Х хромосомалар мутацияси тухумдонлар функцияси ва ферментлар тизимига салбий таъсир этади. Бундай жараён эндокрин касалликларнинг наслий ўтишига олиб келади, яъни касаллик онадан қизига ўтади.
Тухумдонлар зарарланиши – прогестерон етишмовчилиги тухумдонлар поликистози, травмалари ёки ўсма касалликлари натижасида ҳам ривожланиши мумкин.
Гипофиз функциясининг бузилиши – гипофиз бези ўсмалари инсон эндокрин тизимидаги кўпгина ўзгаришларга сабаб бўлади, шу билан бир қаторда жинсий гормонлар баланси ҳам ўзгаради.
Аёл киши ҳаёт тарзи. Зарарли одатлар (чекиш, спиртли ичимликлар ичиш), семизлик, ўта кучли жисмоний зўриқиш, кучли диетага риоя этиш ҳам прогестерон етишмовчилигига олиб келади.
Прогестерон етишмовчилигига олиб келувчи яна бир омил – орал контрасептив препаратларни узоқ муддат қабул қилиб юришдир. Бундан ташқари, гормонал препаратлардан узоқ муддат фойдаланиш (масалан, гипотериоз ва бошқа эндокрин касалликларни даволаш мақсадида) ҳам жинсий гормонлар фаолиятига салбий таъсир ўтказади.
Патогенези
Прогестерон етишмовчилиги асосида овуляциядан кейин пайдо бўлувчи сариқ танадан ушбу гормон кам ажралиши ётади. Нормада бу громон бачадон эндометрий қаватини секретор фазага ўтказади ва эмбрион имплантациясига тайёрлайди. Ҳомиладорлик рўй берганда бу гормон таъсирида бачадон деворлари ҳаракати камаяди ва иммун жараёнларни сусайтиради. Прогестерон етишмовчилигида ушбу механизм бузилади ва бачадонда эмбрион имплатантацияси қийинлашади.
Агар эмбрион бачадон деворига ёпишган тақдирда ҳам бачадон деворлари ҳаракатланиши ва иммун тизими кучли таъсир этиши натижасида ҳомила тушиш хавфи юқори бўлади. Кейинчалик прогестерон гормони камайиши ФСГ ҳосил бўлишини ҳам камайтиради, эстероген ажралишига салбий таъсир этади ва овуляция жараёни бузилишига олиб келади. Натижада ановулятор ҳайз сикли ривожанади.
Прогестероне етишмовчилигининг бир неча молекуляр сабаблари мавжуд. Бунда ФСГ ва лютенловчи (ЛГ) гормонлари нисбати ҳужайравий даражада бузилади. Яна бир назарияга кўра бачадон эндометрий қаватидаги гормонларга сезувчан рецепторлар фаолияти бузилиши ва эркин радикалларнинг кўпайиши ҳам прогестерон гормони миқдори камайишига сабаб бўлади.
Прогестрон етишмовчилиги белгилари
Патологик ҳолат аввалига белгиларсиз кечади, секин-асталик билан яққол намоён бўлувчи ўзгаришлар намоён бўла бошлайди. Энг асосий белгилардан бири – ҳайз сиклининг бузилишидир, яъни ҳайз сикли узоқ муддат давом этиши ёки қисқариши, ҳайз кўриш вақтида оғриқ ҳисси ва ажралмалар миқдорининг ўзгаришидир. Бу каби белги узоқ муддат сақланиб қолиши мумкин (ойлар ва йиллар давомида).
Прогестерон етишмовчилигининг кейинги белгиларига бепуштлик, ҳомиладор бўлиш қобилиятининг йўқолиши ёки ҳомиладорлик рўй берганда табиий равишда ҳомила тушиши киради. Ҳомиладорлик рўй берганда ҳам жараён патологиялар билан кечади – ҳомила гипоксияси, ҳомила ичи суюқлиги кўпайиши ёки камайиши, муддатидан эрта туғруқ.
Гормон етишмовчилигига ёндош белгилардан бири темир танқислиги анемияси ҳам ривожланиши мумкин. Бунга сабаб эса ҳайз кўриш вақтида кўп қон йўқотишдир. Бундан ташқари, базал ҳарорат ҳам ўзгариши – 0,4-0,5 градусга фарқ қилиши ҳам келиб чиқади. Организмда суюқлик кўп ушланиб қолгани сабабли тананинг турли қисмларида шишлар пайдо бўлиши, тери ҳолатининг ёмонлашуви ва қўзғалувчан бўлиб қолиши ҳам кузатилади.
Асоратлари
Прогестерон гормони етишмовчилигининг асосий ва оғир асоратларидан бири бепуштлик ва ҳомиладорликни кўтара олмасликдир. Прогестерон, фолликулстимулловчи гормон ва эстероген громонларининг ажралиб чиқишида нисбат бузилади. Бунинг оқибатида тухумдонлар кистаси ва ановулятор ҳайз сикли ривожланади.
Эндометрий қавати трофикаси бузилиши ва цервикал канал секрециясининг бузилиши иккиламчи инфекцион касалликлар ривожланишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, гормонлар нисбатининг бузилиши сут безлари патологияларига олиб келади, мастопатия, ҳомиладорлик вақтида прогестерон гормони миқдори камайиши галакторея билан кечади. узоқ вақт давом этувчи эндокрин патологиялар сут безлари саратони ривожланишининг бир сабабидир.
Касаллик диагностикаси
Прогестерон гормони етишмовчилигини ташхислаш учун бир қатор текширувлардан ўтиш керак бўлади. Бу каби текширувлар узоқ муддат талаб этади ва ҳайз сиклнинг фазаларига қараб натижалар ўзгариб туради.
Гинеколог кўруви ва тавсиялари. Гинеколог-шифокор ҳайз сиклининг кечиши ва репродуктив аъзолар ҳолатига эътибор қаратади. Бемордан охирги марта кўрган ҳайз муддати ва унинг давомийлиги, ҳайз кўриш вақтида ўзига хос бўлган ўзгаришлар рўй берганлиги ҳақида маълумотлар олади (оғриқ, ҳайз суюқлигининг ҳажми ўзгариши). Шу каби маълумотларга асосланиб кейинги текширув режаси тузилади.
Жинсий гормонлар миқдорини аниқлаш. Текширув скриннинг кўринишида ўтказилади, бир неча ойлар талаб этади, ҳайз сиклининг турли даврларида ўзгаришлар ўрганилади. Прогестерон, эстероген, фолликулстимулловчи ва лютеинловчи гормон миқдори текширилади.
Кичик чаноқ аъзолари УТТ (УЗИ) текшируви. Текширувда тухумдонлар, бачадон, бачадон эндометрий қавати ҳолати, тузилиши, аёл ёшига хослиги, фолликула ҳолатига эътибор қаратилади. УТТ (УЗИ) текшируви ҳам гормонлар анализи каби ҳайз сиклининг турли фазаларида бир неча маротаба ўтказилади.
Эндометрий қаватидан биопсия олиш. Бепуштлик ва ҳомиладорликнинг тўхташи рўй берган ҳолатларда бачадон эндометрий қаватидан гистологик текширув учун биопсия олинади. Алоҳида ҳолатларда бачадон шиллиқ қавати тўқималарининг гормонларга сезувчанлигини текшириш мақсадида биокимёвий тест ҳам ўтказилади.
Айрим ҳолатларда эндокрин тизимидаги бошқа безлар фаолиятини баҳолаш мақсадида қонда қалқонсимон без гормони миқдори, буйраклар фаолияти ва ферментатив тизим функциялари ҳам текширилади. Қўшимча равишда жинсий аъзолар яллиғланиш касалликлари, ҳомиладорлик рўй берган бўлса муддати ва ҳомиланинг ҳолати текширилади.
Прогестерон етишмовчилигини даволаш
Прогестерон етишмовчилигини бартараф этишда – гормон ўрнини босувчи препаратлар буюрилади. Дори препаратлари таблетка, капсула, қин шамчалари ва стационар шароитда вена ичи ёки мушак ичи инексиялари кўринишида буюрилади. Даво муддати акушер-гинеколог ёки эндокринолог томонидан белгиланади, бунда аёл организмининг ўзига хослиги индивидуал тарзда инобатга олинади, яъни ҳомиладорлик аввал рўй берганми йўқми, ҳайз сиклнинг давомийлиги, ҳайз кўриш ҳолати аниқланади. Даво муолажалари белгиланган мақсадга эришулгунга қадар давом этади.
Патологик ҳолатни бартараф этишда қўшимча сифатида умумий гормонал ўзгаришларга олиб келувчи бошқа касалликларни ҳам даволаш керак бўлади. Зарарли одатлардан воз кечиш, жисмоний зўриқиш ва кучли диетани бекор қилиш талаб этилади. Эмоционал ҳолатни рағбатлаш мақсадида антидепрессант ёки седатив препраталар буюрилади. Прогестерон гормони етишмовчилиги асоратларидан бири бўлган темир танқислиги анемиялари, эндометрит, мастопатияларни ҳам бартараф этиш керак. Алоҳида ҳолатларда, масалан тухумдонлар поликситозида жарроҳлик амалиёти ҳам ўтказилади.
Прогестерон етишмовчилиги оқибатлари ва профилактикаси
Патологик ҳолат оқибати ижобий, ҳаёт учун хавф туғдирмайди. Аёлнинг ҳомиладор бўлиш қобилияти ва фарзанд кўриш эҳтимоли патологик ҳолатнинг давомийлиги, унинг кечишида ўзига хосликларига тўғридан-тўғри боғлиқдир. Тўғри танланган дори препаратлар ва уларнинг дозасини қабул қилган аёл киши 2-3 ой ичида ҳомиладор бўлиш имкониятига эга бўлади.
Касаллик профилактикасига ҳайз сикли муддатларини билиб олиш, жинсий аъзолар, сийдик айириш аъзолари инфекцион касалликларини бартараф этиш ва прогестерон етишмовчилигининг илк белгилари намоён бўлиши билан шифокорга мурожаат этиш киради.



Ўҳшаш маълумотлар

Дюфастон – қўллаш бўйича йўриқнома (Мутахассислар учун)

Дюфастон таркиби 1 таблетка қуйидагиларни сақлайди: фаол модда: 10 мг дидрогестерон; ёрдамчи моддалар: лактоза моногидрати, гипромеллоза, маккажўхори крахмали, сувсиз коллоид кремний диоксиди, магний стеарати. қобиғи: оқ Опадри ОЙ-1-7000...

Ҳайз вақтида оғриқ бўлиши – дисменорея

Ўсмирларда дисменорея – ўсмирлик даврида юзага чиқувчи ва ҳайз кўриш билан боғлиқ бўлган кичик чаноқ соҳасида кузатиладиган оғриқлар ва комплекс ўзгаришлардир. Касаллик, ҳайз вақтида оғриқ ҳайз кўриш бошланганда қорин пастки соҳасида ва чаноқ...

Контрасепсия нима? Унинг қандай турлари ва усуллари мавжуд?

Контрасептивлар – ҳомиладорликнинг олдини олиш учун қўлланиладиган воситалар. Контрасепсия воситаларини қўллашдан мақсад ҳомиладорликни режалаштириш, аёл соғлиғини сақлаб қолиш, жинсий ҳаётдан тўла қониқиб яшашдир....

Бачадон бўйни эрозияси сабаблари ва даволаш сирлари

Бачадон бўйни эрозияси – бачадон бўйнининг қин тарафга қараган кириш қисми ясси эпителийларининг зарарланиши. Кўпинча эндоцервицит ва жинсий аъзоларнинг бошқа касалликлари, аёл организмидаги гормонал ўзгаришлар натижасида ривожланади. Касаллик...

Ҳомиладорликда қон кетиши сабаблари ва даволаш сирлари

Ҳомиладорликда қон кетиши – ҳомиладор аёл организмида ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар рўй бериши мумкин бўлган патологик ҳолат. Табиий аборт, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, резус омил тўғри келмаслиги ва бошқа ҳолатларда юзага чиқади. Бу...



Фикр қўшиш

Наверх