
Бачадон бўйни эрозияси – бачадон бўйнининг қин тарафга қараган кириш қисми ясси эпителийларининг зарарланиши. Кўпинча эндоцервицит ва жинсий аъзоларнинг бошқа касалликлари, аёл организмидаги гормонал ўзгаришлар натижасида ривожланади. Касаллик белгиларсиз кечиши ёки қиндан келадиган ажралмалар, қориннинг пастки соҳасида, чов соҳасидаги оғриқлар билан кечиши мумкин.
Касаллик бачадон бўйни ўсмалари (полип, саратон) ривожланишига олиб келувчи омил ҳисобланади. Бачадон бўйни эрозияси диагностикасида асосан гинекологик кўзгу ёрдамида визуал кўриш ва колпоскопия амалиётлари бажарилади. Касалликни даволашда диатермокоагуляция, лазеровапоризация ва криодеструкция ҳамда радиотўлқинли усуллардан фойдаланилади.
Бачадон бўйни эрозияси нима?
Аёлларда бачадон бўйни эрозия термини остида бачадоннинг қин қисми ясси эпителийларининг шикастланиши тушунилади. Бу касаллик гинекология соҳасида жуда кўп учрайди. Бачадон бўйни бачадоннинг пастки қисми ҳисобланади ва қинга қараган бўлади, унинг ўртасидан цервикал канал ўтади. Цервикал канал юқориги қисми ички кириш тешиги билан, пастки қисми эса ташқи кириш тешиги билан тугайди.
Ташқи кириш тешиги бачадон бўйнининг қин қисмига очилади ва туғруқ жараёни рўй берган аёлларда кўндаланг шаклда, фарзанд дунёга келтирмаганларда эса юмалоқ шаклда бўлади. Ташқи тешик соҳасидаги кўп қаватли ясси эпителийнинг шикастланиши бачадон бўйни эрозияси кўринишида намоён бўлади.
Бачадон бўйнида эрозияларнинг узоқ муддат давом этиши яхши сифатли ўсмалар шаклланишига олиб келади (полип) ва энг ачинарлиси ёмон сифатли ўсмалар ҳам шаклланиш эҳтимоли юқори бўлади.
Бачадон бўйни эрозияси шаклланишининг бир неча сабаблари мавжуд. Масалан, бачадон бўйни шиллиқ қаватининг туғруқ жараёнида, ҳомиладорликни сунъий тўхтатганда, бўйинча яллиғланиш касалликларида, гормонал ўзгаришларда ривожланиши мумкин. Касаллик ривожланишида жинсий йўл орқали юқадиган инфекцияларнинг ўрни катта – хламидиоз, уреаплазмоз, трихомониадаза ва бошқалар. Бачадон бўйни эрозияси балоғат ёшидаги ҳамда туғруқ жараёни рўй бермаган қизларда ҳам учрайди.
Касаллик турлари
Бачадон бўйни эрозиялари қуйидаги турларга бўлинади:
Чин;
Псевдоэрозия ёки сохта эрозия;
Туғма.
Бачадоннинг чин эрозияси
Бачадон бўйни чин эрозияси деб бачадон бўйнининг қин соҳасига қараган тарафидаги шиллиқ қават ясси эпителийларнинг зарарланишига айтилади. Чин эрозияга шикастланган соҳадаги яллиғланиш белгиларининг яққол намоён бўлиши хосдир. Бачоннинг чин эрозиянинг асосий сабаби эндоцервицит натижасида бўйиндан келадиган ажралмалар таъсирида шиллиқ қаватларнинг таъсирланишидир. Бу турдаги эрозия одатда тўқ қизил рангда, нотўғри юмалоқ шаклда, осон қонайдиган ҳолатда кўринади. Колпоскоп ва микроскоп ёрдамида эрозия кузатилганда қон томирлар кенгайганлиги, шиш, инфилтрация, фибрин илдизлари, қон, шиллиқ йирингли ажралмалар аниқланади. 1-2 ҳафта ўтгач чин эрозия битиш босқичига ўтади ва псевдоэрозия шаклланади.
Псевдоэрозия
Битиш жараёнига ясси эпителий ўрнига цилиндрик эпителий ҳам ўса бошлайди, бачадон бўйни каналидан эрозия соҳасига тарқалади. Цилиндрик эпителий ҳужайралари ёрқин рангли бўлганлиги сабабли эрозия ўчоғи ялтираган ҳолатда кўринади. Бу жараён чин эрозия битишининг илк босқичи бўлиб ҳисобланади. Одатда бундай ҳолат гинекологлар томонидан аниқланади.
Цилиндрик эпителий эрозиянинг нафақат юза қисмида балки унинг ичига ҳам ўса бошлайди, натижада шиллиқ ажратувчи ҳужайралар йўли беркилади, ҳамда майда ва колпоскопияда яққол кўзга ташланувчи кисталар ҳосил бўлади. Баъзида йирик кисталар ташқи кириш тешиги олдида ҳосил бўлади ва кўринишидан бачадон бўйни полипларини эслатади. Кисталар сонининг кўплиги бачадон бўйни гипертрофиясига сабаб бўлади.
Псевдоэрозия турлари
Фолликуляр (безли) – без йўллари ва безли кисталардан иборат бўлади;
Паппиляр – шиллиқ қават юзасида сўрғичсимон ўсимтага эга ва яллиғланиш белгилари бор;
Безли-папиляр ёки аралаш – ҳар иккала шаклдаги белгиларни ўзида жамлайди.
Псевдоэрозиялар даво муолажаларисиз бир неча ойларгача сақланиб қолиши мумкин, эрозияга олиб келувчи сабаб бартараф этилмаса, ҳатто йиллар давомида ҳам сақланиб туради. Псевдоэрозияларнинг ўзи ҳам инфекция манбаси бўлиб, бачадон бўйни яллиғланишига олиб келиши мумкин.
Даво муолажалари таъсирида ёки ўз-ўзидан цилиндрик эпителий ўрнини ясси эпителий эгаллаши мумкин, яъни нормал эпителий қават тикланиши эрозиялар битишининг иккинчи босқичи ҳисобланади. Эрозиялар битган жойда кичик ўлчамга эга бўлган кисталар ҳосил бўлиши мумкин.
Узоқ муддат давом этган псевдоэрозиялар ва бошқа ёндош яллиғланиш касалликлари шиллиқ қаватда патологик ўзгаришларга сабаб бўлади, яъни атипия ва дисплазия. Эпителиал дисплазия ҳолатига келган эрозиялар саратон олди касалликлари сифатида баҳоланади.
Псевдоэрозиялар йирик ўлчамга эга бўлмайди (3 mm.dan 5 мм.гача) ёки бачадон бўйнининг каттагина қисмини эгаллаб олади. Асосан ташқи кириш тешиги ёки бачадон бўйни лабида жойлашади. Псевдоэрозиялар нотўғри шаклда, ёрқин қизил рангли, нотекис юзали, шиллиқ ёки йирингли ажралмалар билан қопланган ҳолатда бўлади. Битиш жараёнида псевдоэрозиялар чеккаларида оч пушти рангли ясси эпителийларни кўриш мумкин.
Псевдоэрозиялар, айниқса папиляр типидаги эрозиялар тез қонайди, инструментал текширув ёки жинсий алоқа вақтида қонай бошлайди. Бундан ташқари, псевдоэрозиялар дисплазия ҳолатида ва ҳомиладорлик вақтида ҳам қонашга мойил бўлади. Псевдоэрозиялар оқибати ижобий, эрозия ҳосил бўлган соҳадаги без ҳужайралари йўли очилиши ва ясси ҳужайралар қайта тикланиши жароҳатнинг битишидан дарак беради.
Бачадоннинг туғма эрозиялари
Туғма бачадон эрозиялари цервикал канал цилиндрик эпителий ҳужайраларининг ясси эпителийга ўсим кириши натижасида шаклланади. Ҳужайраларнинг бир-бири билан қўшилиб кетиши ҳомиладорликда рўй беради, шунинг учун касаллик туғма эрозия деб юритилади.
Туғма эрозиялар кўп бўлмаган соҳани эгаллайди ва ёрқин қизил рангда ҳамда текис юзага эга бўлади. Объектив текширувда (колпоскопия ёки қин кўзгуси ёрдамида) каналдан келадиган ажралмалар ва яллиғланиш белгилари кўринмайди.
Туғма эрозиялар кўпинча ўсмирлик даврда аниқланади, одатда ўз ўзидан битиб кетади. Балоғат ёшигача эрозиялар сақланиб қоладиган бўлса, инфекция аралашиши, яллиғланиши ва турли асоратларга олиб келиши мумкин. Кам ҳолларда туғма эрозиялар ўрнида ясси кондиломалар шаклланади, туғма эрозия натижасида ёмон сифатли ўсмалар пайдо бўлмайди.
Бачадон бўйни эрозияси ривожланиш сабаблари
Бачадон бўйни эрозияси ривожланиш механизми асосан яллиғланиш жараёнлари билан тушунтирилади. Эндоцервицит ва цервицит, цервикал каналдан ажраладиган патологик суюқликлар ташқи тешик соҳаси эпителий қаватини қўзғатади ва эпителийларни зарарлайди. Натижада чин эрозия шаклланади ва унга қин микрофлораси қўшилади.
Дисгормонал ҳолатлар бачадон бўйни эрозияси ривожланишида ҳам ўз таъсирига эга. Текширувлар натижасида бачадон бўйнида учрайдиган эрозив ҳолатлар ҳомиладорлик рўй берганида ёки туғруқдан кейин ўз ўзидан йўқолиб кетади.
Бачадон бўйни эрозияси ривожланишининг яна бир сабаби туғруқ жараёнида рўй берадиган жароҳатлар натижасида шаклланадиган эктропин ҳолати (буралиб қолиши)дир. Узоқ муддат давом этувчи даво консерватив даво муолажалари натижасида ҳам тузалмайдиган бачадон бўйни эрозиялари – саратон олди ҳолати деб баҳоланади.
Касаллик диагностикаси
Бачадон бўйни эрозияси диагностикаси бироз мураккаб, бунга сабаб касалликнинг аниқ бир белгиси ҳамда беморни шикоят қилишига сабаб бўлувчи ҳолатлар юзага чиқмайди, баъзида касаллик белгиларсиз кечади. бачадон эрозияси ривожланишига олиб келувчи бошқа касалликлар белгиларига асосланган ҳолда бачадон бўйни эрозияси аниқланади. Шу туфайли эрозия асосан колпоскопия ёки бачадон бўйнини гинекологик кўзгу ёрдамида аниқланади.
Чин эрозиялар ёрқин пушти рангда, дисплазия соҳалари сариқ рангда, атипик ўчоқлар эса оқиш рангда кўринади. Шиллиқ қават дисплазияларига гумон қилинса, у соҳадан биопсия учун наъмуна олинади ва гистологик текширув ўтказилади.
Бачадон бўйни эрозияси давоси
Гинекология соҳасида бачадон бўйни эрозияси қуйидагича даволанади:
Туғма эрозияларни аниқлаш;
Бачадон бўйни эрозияларига сабаб бўлувчи асосий касалликни даволаш;
Яллиғланиш инфекция таъсирида бўлса, бактерияларга қарши дори препаратлари қўлланилади.
Яллиғланишга қарши маҳаллий қўлланиладиган антисептик воситалар ҳамда регенерацияни рағбатловчи препаратлар буюрилади.
Эрозияни замонавий усулда даволашда цилиндрик эпителий ўрнига ясси эпителийлар қайта тикланишини таъминлашга қаратилади. Бунинг учун диатермокоагуляция, лазеротерапия, криодеструкция, радиотўлқинли усул қўлланилади.
Коагуляция усули
Коагуляция усули фарзанд дунёга келтирмаган ёш аёлларда ўтказилмайди, бунга сабаб ҳужайралар ўрнида чандиқ ҳосил бўлишидир. Акс ҳолда туғруқ рўй берадиган бўлса, бачадон бўйни кенгайган вақтда чандиқдан қон кетиши мумкин. Диатермокоагуляция амалиётидан сўнг тўлиқ битиб кетиш 1,5-3 ой ичида рўй беради. Бу усулдан сўнг кўпинча эндометриоз ривожланади. Шу сабабли усулни ҳайз сиклининг иккинчи ярмида ўтказган яхшироқ.
Лазеротерапия
Бачадон бўйни эрозиясини лазер нурлари ёрдамида куйдириш ҳайз сиклининг 5-7 кунларида ўтказилади. Бу усулни ўтказишдан аввал қин ва бачадон бўйни санация қилинади. Лазер ёрдамида куйдириш усули оғриқсиз, шиллиқ қаватда чандиқ ҳосил қилмайди ва ҳомиладорликда, туғруқ вақтида асоратлар бермайди. Муолажадан сўнг тўлиқ битиб кетиш 1 ойда рўй беради.
Криодеструкция
Криодеструкция (криокоакуляция) – эрозияга учраган шиллиқ қаватни музлатиш йўли билан барҳам этиш усулидир, бунда суюлтирилган азотдан фойдаланилади. Бу усул юқоридаги усулларга қараганда анча қулай, амалиёт ўтказилгандан сўнг чандиқ ҳосил бўлмайди, эпителий қават тез тикланади, некроз ўчоқлари осонлик билан кўчади. Тўлиқ битиш 1-1,5 ойда рўй бериши мумкин.
Радиотўлқинлар билан даволаш
Сургиртон қурилмаси ёрдамида бачадон бўйни эрозиясини радиотўлқинлар билан даволаш – юқори тебранишли электромагнит тўлқинларини юбориш йўли билан эрозияни даволаш усули ҳисобланади. Муолажа 1 дақиқа давом этади, оғриқсизлантириш талаб этилмайди, амалиётдан сўнг жароҳат жойини қайта ишлашга ҳожат йўқ, фарзанд дунёга келтирмаган аёлларда ҳам усулни қўлласа бўлади, чандиқлар ҳосил қилмайди.
Юқоридаги барча усуллар бачадон эрозиясини визуал ва гистологик аниқлангач, ёмон сифатли ўсмалар истисно қилингандагина амалга оширилади. Агар ёмон сифатли ўсмалар аниқланса, даво чоралари радикал усулда амалга оширилади. Бачадон бўйни эрозияси тўлиқ даволангандан сўнг аёл киши шифохона назорати остида бўлиши керак. Бундан ташқари, гинеколог кўригидан вақти-вақти билан ўтиб туриши лозим.