
Аёл репродуктив тизими мураккаб тузилган, бу тизимнинг нормал ишлаш қобилиятини бузиш осон, аммо уни қайта тиклаш жуда қийин. Ҳозирги кунда аёллар энг кўп учрайдиган касалликлардан бири эндометриоздир.
Кўп ҳолларда касаллик белгиларсиз кечганлиги сабабли касаллик ҳақида статистикалар бериш бироз қийинроқ. Авваллари бу касаллик 30-50 ёшли аёллар ўртасида учраган бўлса, ҳозирги кунга келиб эндометриоз билан 20-25 ёшли аёллар ҳам азият чекишмоқда.
Эндометриоз қандай кечади?
Эндометриоз – жиддий касаллик бўлиб, бачадон ички қавати – эндометрийнинг бузилиши билан кечади. Бу касалликда эндометрий қават ҳужайралари бачадондан ташқарида ўсиб кетади. Касаллик хавфли бўлишининг сабабларидан бири, уни ташхислашнинг қийинлигидир. Умуман олганда эндометриознинг ўзига хос белгилари ҳам бор, аммо айрим симптомлари аёлларда учрайдиган бир қатор гинекологик касалликлар билан бир хил кузатилиши мумкин. Шу сабабли эндометриознинг илк белгилари пайдо бўлиши билан умумий текширувлардан ўтиш керак.
Касаллик профилактикаси учун гинеколог назоратида бўлиш тавсия этилади, аммо кўпчилик аёллар ҳеч қандай касаллик безовта қилмаган вақтларда профилактика учун ҳам шифокор ҳузурига боришмайди.
Эндометриоз турлари
Патологик тўқиманинг жойлашган жойига ва даражасига қараб эндометриоз касаллигининг бир неча тури фарқланади.
Генитал эндометриоз – репродуктив аъзоларда кузатиладиган эндометриоз;
Экстрагенитал эндометриоз – қўшни аъзолар зарарланиши билан кечадиган эндометиоз (сийдик пуфаги, буйраклар, қорин девори ва бошқалар).
Генитал эндометриоз иккига бўлинади:
Ташқи – қинда, қин-ректал деворида, бачадон найида ва тухумдонларда;
Ички – бачадон эндометриози ёки аденомиоз.
Аденомиоз
Аденомиоз ҳақида батафсил ёритамиз.
Аденомиоз – бачадон танаси эндометриозидир. Одатда эндометрий қавати сиклик равишда шаклланади: аввало эндометрий қавати қалинлашади, тухум ҳужайра имплантациясига тайёрланади, ҳайз сиклининг охирида эса кўчиб тушиб, ҳайз суюқлиги кўринишида ажралиб чиқади. Бу жараёнда эндометрий фақатгина бачадоннинг ички қаватидан ажралиб чиқади, бачадон мушак қавати эса махсус мембрана ёрдамида ҳимояланган бўлади.
Аммо, баъзи сабаблар туфайли бачадон шиллиқ қаватининг қалинлашишида ўзгаришлар келиб чиқади ва мушак қаватни ҳимоялаб турувчи зарарланади, бачадон мушак қавати ҳам қалинлашиб кетади. Натижада, шиллиқ қаватнинг ўзигина кўчиб тушмай, мушак қаватини ҳам зарарлаб кетади.
Шифокорлар аденомиознинг 4 та даражасини фарқлайдилар:
1 ва 2 – даражада – эндометрий қават мушак қаватнинг ўртасигача ўсиб киради;
3 – даражада – бачадон деворининг сероз қаватигача ўсиб киради;
4 – даражада – бачадон тўлиқ ҳамда қорин парда ҳам зарарланади.
Аденомиознинг ривожланиши бўйича ҳам турларга бўлинади:
Диффуз эндометриоз – энг оғир кечувчи ва оқибати салбий бўлган тури. Бунда эндометрий қавати бачадон девори бўйлаб кетма кетликда, яъни қаватма-қават ўсиб бораверади. Бу каби аденомиозни даволаш анча қийинчиликлар туғдиради.
Ўчоқли эндометриоз – кўп учрайдиган, бачадоннинг маълум бир қисмигина зарарланадиган касаллик тури. Бунда бачадоннинг олдинги ёки орқа девори зарарланишлари фарқланди.
Тугунсимон эндометриоз – бу турдаги аденомиоз ўчоқли аденомиоз каби кечиб, бунда мушак қавати касалликка қарши “ҳимояланган” бўлади. Шу сабабли эндометриоз ўчоқлари зичлашиб кичик тугунчалар ҳосил қилади ва бу бачадоннинг ҳажми катталашишига олиб келади. Аммо, ўчоқли ва тугунли кўринишдаги аденомиознинг даволаш такстикаси бир хилдир.
Эндометриоз касаллиги сабаблари
Афсуски, шифокорлар ва олимлар ҳам ҳали ҳануз касалликни келтириб чиқарувчи аниқ бир сабабни топа олишмаган. Бир неча назариялар бор холос, уларнинг ҳеч қайси бир ўз исботини топмаган.
Ретрограде ҳайз кўриш – бунда ҳайз суюқлигининг бир қисми бачадоннинг бошқа қсимларига, бачадон найи баъзида қорин бўшлиғига тушиб қолади. Ҳайз суюқлиги ўзида эндометрий қавати ҳужайраларини сақлайди. Натижада, бу ҳужайралар бачадондан ташқарида жойлашиб қолиб, ўша жойда ёпишади ва кўпая бошлайди.
Бачадонда ўтказилган турли хил муолажалар – ҳомила тушиши, аборт, полипларни олиб ташлаш, ҳар қандай кўринишдаги жарроҳлик амалиётлари, лапроскопия ва кесерво амалиёти ҳам бачадон ичи мембранасини жароҳатлайди. Албатта, жарроҳлик амалиётларидан кейин мембрана тез тикланади, бироқ унинг ўрнида чандиқ қолади. Чандиқ эса эндометрий қавати ўсишига тўсқинлик қила олмайди.
Гормонлар ўзгариши – гормонлар миқдори ва синтезининг ўзгариши ҳам эндометриоз келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Хавф гуруҳида доимий стресс ва жисмоний-руҳий зўриқишда юрадиган аёллар бўлиб, уларнинг кўпчилигида эндометриоз касаллиги келиб чиқади.
Бундан ташқари ирсий омилнинг ҳам роли бор – баъзи олимлар қайд этишича оила аъзолари, яқин қариндошлар орасида эндометриоз касаллиги кузатилган бўлса, шу аёлнинг ўзида ҳам касаллик ривожланиш хавфи юқори бўлади. Ҳозирги кунда махсус ДНК-тест ёрдамида эндометриозга мойил аёлларни аниқлаб олиш имкони туғилган. Бу эса хавф гуруҳидаги аёллар учун профилактик чора тадбирларни қўллаш имконини беради.
Эндометриоз белгилари ва ташхислаш
Эндометриозни ташхислаш айрим сабабларга кўра қийинчилик туғдиради. Биринчидан, касаллик ҳеч қандай симптомларсиз бошланади, фақатгина жиддий ўзгаришлар кузатилгандагина билинади. Иккинчидан, эндометриозда келиб чиқадиган симптомлар яна бир неча касалликларда ҳам кузатилади.
Аниқ диагноз қўйиш учун эса бир нечта текширувлардан ўтиш керак бўлади, УТТ (УЗИ), гинекологик ойна ёрдамида текшириш, колпоскопия ва лапроскопия.
Бачадон танаси эндометриози белгиларини ҳар бир аёл билиши ва унинг илк юзага чиқишида ўз вақтида шифокорга мурожаат этиши зарур. Кўпгина симптомлар ҳайз сикли билан боғлиқ ҳолда кечади.
Энг кўп учрайдиган ва аниқ симптомлардан бири – ҳайз кўриш вақтида оғриқ ҳиссининг бўлиши. Оғриқ аёл кишини ҳайз кўришдан 1-2 кун олдин азоблай бошлайди ва ҳайз кўришнинг 3 кунида максимал даражага етади. Ҳайз кўришда оғриқ бўлишига сабаблар турли хил бўлади. Кўп ҳолларда, оғриққа сабаб мушаклар қисқаришига олиб келувчи модда – простагландин кўпайиши сабаб бўлади. Уларнинг бачадон тўқималарида кўпайиши кучли оғриқ ҳиссини чақиради.
Оғриқ фақатгина ҳайз кўриш вақтида бўлмай, ҳайз сиклининг ўртасида ҳам юзага чиқиши мумкин. Бунга сабаб патологик ўзгариш фонида келиб чиққан яллиғланишдир.
Аденомиознинг яна бир симптоми – ҳайз сиклининг бузилишидир. Айниқса, касаллик гормонал табиатга эга бўлганда бу симптом кучли намоён бўлади. Ҳайз сиклининг чўзилиши ва ҳайз кўриш муддати, ҳамда ҳайз суюқлигининг ҳажми ортиб кетиши мумкин.
Агар патологик ўчоқ бачадон бўйнида ёки қинда бўлса, аёл киши жинсий алоқа қилган вақтда кучли оғриқ ҳиссини сезади. бундан ташқари жинсий алоқадан кейин кам миқдордаги суюқлик ҳам аёл қинидан ажралиб чиқиши мумкин.
Аденомиоз касаллигида бачадон ўлчами ҳам катталашиб кетади. Албатта, аёл киши буни ўзида сезмаслиги мумкин, аммо УТТ (УЗИ) текширувида бу аниқ кўринади.
Бачадон танаси эндометриози нимаси билан хавфли?
Бачадон эндометриози оқибатлари хавфлидир. Аввало, бу касаллик аёл кишида бепуштликка сабаб бўлиши мумкин. Бу исботланмаган бўлса ҳам, эндометриоз билан касалланган аёлларнинг 60 % ида ҳомиладор бўлиш қийинлигини аниқланган.
Баъзи илмий изланишлар кўрсатишича, тухум ҳужайранинг уруғланиши қийинлашувига сабаб айнан бачадон ички қаватининг ўсиб кетишидир, яъни уруғланган тухум ҳужайра бачадон деворига ёпиша олмайди. Айрим ҳолларда гормонал ўзгариш туфайли, аёл кишида умуман овуляция жараёни рўй бермаслиги ҳам мумкин.
Бачадон ички қаватида тугунлар ҳосил бўлиши, бачадоннинг эгилиб қолишига олиб келади ва бу ҳам тухум ҳужайранинг уруғланишига қаршилик кўрсатади.
Бахтимизга, кўп ҳолларда бепуштлик – эндометриоз даволаниши туфайли, бартараф этилади. Лекин, касалликнинг оғир кўринишларида, бачадоннинг зарарланиши чуқурлашса ҳеч қандай муолажалар ёрдам бера олмаслиги ва аёл киши бачадони олиб ташланиши мумкин.
Эндометриоз ҳолатида ҳам ҳомиладорлик рўй берса ҳам, уни сақлаб қолиш қийин бўлади. Аденомиоз ҳолатларида ҳомила ташлаш, соғлом аёлларга қараганда кўпроқ учрайди. Шу сабабли эндометриоз билан касалланган аёллар ўз соғлиқларига эътибор беришлари ва жисмоний-руҳий зўриқишлардан қочишлари керак.
Аденомиозда бепуштликдан ташқари яна бошқа асоратлар ҳам бор. Ҳайз суюқлиги ҳажмининг кўпайиши – аёлларда анемия ҳолатларига олиб келади. Ҳар сафар аёл киши ҳайз суюқлиги билан биргаликда темир микроэлементини ҳам йўқотади. Одатий ҳолларда ҳайз суюқлиги 80 мл дан ошмайди, аденомиозда эса бу кўрсаткич бир неча баробар ортиши мумкин. Темир микроэлементи организмда кислород ташиш вазифасини бажаришини ҳисобга олсак, унинг етишмаслиги аёл организмида кислород танқислигига сабаб бўлади. Аёл киши ўзини ҳолсиз, ланж ва доимий чарчаган ҳолда сезади.
Эндометриоз касаллиги оқибатида бачадон миомаси ҳам ривожланиши мумкин. Бу эса эндометрий ҳужайраларининг кўпайишида бузилишга учраши билан тушунтирилади. Ушбу ҳолатда бачадонни олиб ташлаш амалиёти бажарилишига тўғри келади.
Эндометриоз давоси
Юқорида келтириб ўтилганларни ўқиб эндометриоз касаллигининг қай даражада хавфли эканлигини билиб олдингиз, шу сабабли шифокор назоратидан профилактик мақсадларда ўтиб туриш керак.
Аденомиозни бартараф этишнинг 3 та самарали усули бор:
Консерватив даво;
Аъзони сақлаб қолган ҳолда жарроҳлик амалиёти ўтказиш;
Радикал жарроҳлик амалиёти.
Қайси усул қай ҳолларда бажарилиши, касаллик даражаси ва турига қараб белгиланади.
Консерватив даво – аёл кишида ҳайз кўришини ярим йилгача тўхтатиб турилади. Бу вақт ичида ортиқча эндометрий қавати бутунлай ажралиб чиқади, эндометриоз тўқималар чиқиб кетади, эндометрий ўсиши тўхтайди ва мушак тўқимлари ҳам тозаланади.
Албатта, бундай муолажа гормонал препаратлар ёрдамида амалга оширилади. Кўпчилик аёллар узоқ муддат гормонал препаратлар қабул қилиб юришдан бош тортишади, бундай ҳолларда шифокор томонидан янги ишлаб чиқарилаётган кўпроқ ва узоқроқ муддатга таъсир этувчи гормонал препаратлар танланиши керак. Бундан ташқари шифокор томонидан аёл организмининг гормонал препратларни кўра олиши ва самаралари доимо назорат қилиб турилади.
Консерватив даво натижа бермаган ҳолларда, бачадонни тозалаш амалиёти ўтказилади. Албатта, ундай муолажа ўчоқли ва тугунли аденомиоз касаллигида бажарилади. Касалликнинг диффуз кўринишида оператив усул билан бачадонни тозалаш ёрдам бермайди, бунда фақатгина консерватив даво муолажалари буюрилади.
Юқорида санаб ўтилган даво усуллари ёрдам бермаган ҳолда, энг сўнги вариант – бачадон бутунлай олиб ташланади. Шифокорлар бу усулдан қочишга ҳаракат қилишади. Сабаби фақатгина аёл кишининг ҳомиладор бўлиш қобилиятини сақлаб қолиш эмас, умуман аёл организмининг репродуктив гормонлар таъсирида ишлашидир. Бачадон ва тухумдонларни олиб ташлаш аёл ҳаётини ўзгартириб юборади.
Эндометриоз касаллиги профилактикаси
Касалликнинг тўлиқ профилактикаси қийин. Чунки касалликнинг келиб чиқиш сабаби аниқ меас. Шундай бўлса ҳам, баъзи чора тадбирларни бажариш ёрдам беради.
Биринчидан ҳар қандай жисмоний ва руҳий зўриқишлар, стресс ҳолатларидан қочишга ҳаракат қилинг;
Иккинчидан ўз соғлигингиз ҳақида қайғуринг. Абортлар, бачадонни тозалаш, турли хил яллиғланиш касалликларидан сақланинг. Чунки буларнинг барчаси бачадон ҳимоявий мембранасининг бузилишига олиб келади ва эндометриозга сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари бир йилда камида 2 маротаба гинеколог кўригидан ўтиб туриш керак. Шунда аёл организмида рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида олдиндан билиб олиш эҳтимоли пайдо бўлади.
Халқ табобатими ёки замонавий тиббиёт?
Аденомиозни даволашда аёл кишиларнинг гормонал препаратларни қабул қилишни истамасликларига қайтамиз. Бунда кўпчилик аёллар халқ табобати ёрдамида даволанишни хоҳлашади. Халқ табобати усулларига гомеопатия, гипноз усуллари ва турли хил маҳсулотлар билан диета қилиш киради. Бундай муолажаларни тўғри танланганда уларнинг самараси билинади, аммо касалликнинг фақатгина симптомлари йўқолади, аденомиоз эса бутунлай бартараф бўлмайди ва қачонлардир яна хуруж қилиб қолиш эҳтимоли юқори бўлади. Шуни инобатга олиб халқ табобати билан ўз бошимчалик билан даволанмасадан, гинекологлар тавсиясига биноан даволаниш зарур.
Бачадон танаси эндометриози – жиддий ва хавфли касаллик бўлиб, у ўз вақтида даволанишни талаб этади. Ҳар йили икки маротаба гинеколог кўригидан ўтиб туришни унутманг, акс ҳолда аденомиозни ўтказиб юбориб бепуштликка, ҳатто бачадонни олиб ташлашгача олиб бориши мумкин, бу эса ўз навбатида аёл киши учун жиддий “зарба”дир.
Замонавий тиббиёт касалликнинг оғир даражаларида ҳам бутунлай соғайиб кетиш имконини беради.