Сурункали эндометрит сабаблари ва даволаш сирлари

Сурункали эндометрит сабаблари ва даволаш сирлари

Эндометрит – бачадон ички қаватининг яллиғланиши бўлиб, кўпинча туғиш жараёнининг қийин кечиши, аборт, ҳомила тушиши ва бошқа турли хилдаги гинекологик аралашувлар натижасида келиб чиқадиган касалликдир. Бу касаллик 90 % ҳолларда фарзанд кўриш ёшидаги аёлларда учрайди. Ҳозирги кунда ушбу касаллик бачадон ичи контрасепсиясидан кўп фойдаланиш, абортлар сонининг ортиши ва бачадон ичи манипуляциялари кўп ўтказилиши туфайли ушбу касаллик аёллар орасида кенг тарқалмоқда. Сурункали эндометрит касалликнинг ўткир шаклини тўлиқ даволанмаслик натижасида юзага келади.
Эндометрит ҳомиланинг тушиши, сунъий уруғлантиришнинг самарасизлиги, ҳомиладорлик ва туғишдан кейинги асоратларга олиб келади. Ҳозирги кунда ушбу касаллик тўлиқ даволанади. Шифокорлар комплекс равишда, медикоментоз ва халқ табобати ёрдамида, ҳамда физиотерапия муолажаларидан фойдаланиб даволашни тавсия этишади.

Сурункали эндометрит нима?
Сурункали эндометрит – бу бачадон шиллиқ қаватининг яллиғланиш касаллигидир. Бунда бачадон ички қавати шикастланиб ҳомиладорликнинг тўхташига олиб келиши мумкин. касалликнинг эрта муддатларида яллиғланиш белгилари тез ривожланади, бунга сабаб бактерия, вирус, замбуруғ, паразитлар ёки бошқа турдаги инфекциялар бўлиши мумкин. кўпинча бир неча хилдаги инфекция омил сабаб бўлади.
Ўткир шаклдаги эндометрит тўғри даволанмаса, бемор шифокор тавсияларига риоя қилмаса ёки иммунитет пасайганда сурункали шаклга ўтиб кетади. Бунда белгилар камаяди, лекин касаллик даволаниши қийинлашади.

Сурункали эндометритнинг хуруж даврида белгилар юзага чиқиши ўткир шаклидаги каби кечади. Касалликни даволанмаса бачадоннинг кейинги қаватларига, ҳатто мушак қаватигача етиб боради ва миоэндометрит ривожланади.
Эндометрит сабаблари ва хавф омиллари
Эндометрий 2 қават тўқималардан тузилган. Ташқи функционал қават ҳайз сиклининг охирида кўчиб тушади. Базал қават – функционал қават шаклланиши учун хизмат қилади.эндометритнинг асосий сабаби – ушбу қаватлар структураси бузилиши ва инфекция киришидир.
Кўп ҳолларда эндометрий қаватларнинг жароҳатланиши қуйидаги сабаблар натижасида келиб чиқади:
Бачадон бўшлиғига зонд қўйиш;
Қинни ювиш мақсадида олиб бориладиган муолажаларнинг нотўғри бажарилиши;
Гистероскопик текширувда;
Гистеросальпингографик текширувда.
Эндометрит келтириб чиқарувчи омил ва қўзғатувчидан қатъий назар специфик (махсус) ва носпецифик турда бўлади.
Специфик эндометрит – бачадон шиллиқ қаватида хламидиоз, одиий герпес вируси, ситомегаловирус, ОИВ-инфекцияси, гонорея (сўзак), сил (туберкулёз), микоплазмоз, кандидоз, токсоплазмоз, саркоидоз ва барча ТОРЧ инфекциялар натижасида келиб чиқади.
Сурункали носпецифик эндометрит – кўп ҳолларда бачадон ичи спирали, кичик чаноқ аъзолари нурланиши, гормонал контрасептив воситалардан фойдаланиш, қин микрофлорасининг бузилиши туфайли юзага келади. Бунда текширувлар ўтказилганда специфик микроорганизмлар аниқланмайди.
Эндометрит билан касалланувчи хавф гуруҳидаги аёллар қуйидагилар бўлиши мумкин:
Аборт ўтказган ёки ҳомила тушиш ҳолатлари кузатилганлар;
Гистероскопик текширувлар ўтказилган аёллар;
Гистеросальпингографик текширув ўтказган аёллар;
Бачадон ички қаватидан биопсия олинган аёллар;
Бачадон ичи спиралидан фойдаланувчи аёллар;
Туғруқдан кейинг инфекция асоратлари;
Сурункали цервицит касаллиги бор аёллар (бачадон бўйнининг яллиғланиши);
Бактериал вагиноз ёки кандидоз касаллиги бор аёллар;
Жинсий йўл билан юқадиган касалликлари бор аёллар (гонорея, хламидиоз, микоплазмоз);
Генитал герпес ёки ситомегаловирус ташувчилари;
Шиллиқ ости миомаси ёки полипи бор аёллар.
Эндометрит касаллиги келиб чиқишида шунча хавф омиллари бўлса ҳам, ушбу касаллик билан касалланган аёлларнинг ҳар 1/3 қисмида, касаллик сабаби номаълум.
Сурункали эндометрит белгилари
Бачадон қаватининг қанчалик даражада чуқур яллиғланганлиги ва тузилишининг бузилишига қараб сурункали эндометритнинг енгил, ўрта, ўгир даражали шакллари бор, уларнинг барчасида ўзига хос симптомлари мавжуд.
Сурункали эндометрит касаллиги билан хасталангаларда қуйидаги белгилар кузатилиши мумкин:
Ҳайз сиклининг бузилиши (кўп ҳайз суюқлиги ажралиши ва унинг қуюқлашуви);
Бачадондан қон кетиш;
Йирингли ажраламалар;
Қориннинг пасти соҳасида симмиловчи оғриқ;
Жинсий алоқа вақтида жинсий аъзоларда оғриқ сезиш.
Сурункали эндометритда – касалликнинг симптомлари доимо юзага чиқмайди. Ҳар бир беморда қайсидир бир клиник белги яққол бўлади, бошқа белгилар эса кучли намоён бўлмайди.
Сурункали эндометрит диагностикаси
Диагностика – беморни сўраб суриштиришдан кейин, гинекологик креслода текширувлардан сўнг, бачадон деворларининг ўзгаришига қараб қўйилади. Бачадон ички қавати шикастланиши натижасида кўпинча полип ва кисталар ҳосил бўлади. ушбу касаллик оқибатида ҳар 1/10 аёл ҳомиладорлик бахтидан мосуво бўлсалар, ҳар 2 та аёлдан биттаси ҳомиладорликни охиригача олиб бора олмайдилар.
Гинеколог учун эндометрит касаллигини тасдиқлаш ёки инкор этиш учун қўшимча текширувлар керак бўлади:
Бачадон ички қавати УТТ (УЗИ) текшируви;
Гистероскопик текширув;
Бачадон ички бўшлиғидан намуна олиш.
Агар ушбу текширувлар эндометрит касаллигини тасдиқласа, касалликни қўзғатувчи инфекцияни аниқлаш учун қўшимча текширувлар ўтказилади:
Бачадон ички бўшлиғидан олинган намунани бактериал экиш. Бу текширувда нафақат бактерия тури, балки унга таъсир этадиган энг самарали антибиотикни танлашда ҳам қўл келади;
Қонни ИФА анализи, инфекцион-вирусли касалликларни аниқлашда ёрдам беради (ситомегаловирус, герпес);
Бачадон бўшлиғидан олинган намуна ПЗР (полимераза занжир реакцияси) ўтказилади. Бунда бактерия ва вируснинг тури аниқланади.
Қин микрофлорасидан суртма олиш. Қин ва бачадон бўйинчасида яллиғланиш жараёни кечаётганлиги ҳақида маълумот беради.
Сурункали эндометрит давоси
Эндометрит диагнози қўйилгандан кейин, бу касалликни даволаш мумкин. бунда комплекс равишда микробга қарши, оксидланишга қарши, иммуномодуляторлар ва физиотерапия муолажалари буюрилади.
Самарали даво муолажалари натижасида бачадон ички қавати УТТ (УЗИ) текширувида нормаллашади, патоген микрофлора активлиги пасаяди ёки умуман йўқолади, тўқиманинг морфологик тузилиши тикланади, қорин пастки қисмида оғриқ йўқолади ва ҳайз сикли ҳам нормага қайтади.
Медикоментоз даво икки босқичдан иборат:
Инфекцияни йўқотиш. Бунинг учун антибиотиклар буюрилади: Сефтазидим, Сефтраксион, Седекс, Доксисилин ва бошқалар. Препаратларни қабул қилиш дозаси ва муддати шифокор томонидан, текширувлар натижасига асосланиб буюрилади. Йирингли эндометритда антибиотиклар билан биргликда Метронидазол ҳам буюрилади. Агар касаллик қўзғатувчиси вирус бўлса, антивирус препаратлар ва иммуномодуляторлар буюрилади (Ацикловир, Виферон, Интерферон ва бошқалар). Буларга қўшимча равишда яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи препаратлар ҳам қўлланилиши мумкин (Ибупрофен, Нурофен, Диклофенак, Спазмолгон, аспирин, Но-Шпа ва бошқалар).
Эндометрий тўқималарини қайта тиклаш. Бундай даво муолажаси гормонал (Дивигель, Утрожестан) ва метоболик (Актовегин, Хофитол, Инозин, C ва Э витамин, Метионин, Вобензим) препаратлар билан олиб борилади. Агар бачадондан қон кетиш кузатилса Окситоцин препарати ҳам қўлланилади. Ҳайз сиклини тиклаш учун орал контрасептив воситалар буюрилади (камида 3-4 ойга). Баъзи доривор препаратлар бачадоннинг ички қаватига тўғридан тўғри юборилади, бу зарарланган қаватларни тикланишини тезлаштиради.
Сурункали эндометритни зарарланган тўқималарни тиклаш учун физиотерапия ёрдамида ҳам даволаш яхши натижа беради. Бундай муолажалар яллиғланишни олади, тўқималар шишини камайтиради, қон айланишини яхшилайди, иммунологик реакцияни оширади. УВЧ, электрофорез, импульсли ультратовуш муолажаси ва магнитотерапия усулларидан фойдаланиш яхши самара беради.
Ҳомиладорларда сурункали эндометрит
Ҳомиладорлик вақтида сурункали эндометрит – кўп учрайдиган ҳолат, чунки эндометрит айнан фарзанд кўриш ёшидаги аёлларда келиб чиқадиган касаллик. Бу касалликнинг ҳомиладорлик вақтида хавфли томони – ҳомиланинг эрта тушиши ёки ҳомиланинг ўлимидир. Шу сабабли эндометрит белгилари сезилиши биланоқ шифокор кўригидан ўтиш ва керакли даво муолажаларини олиш керак.
Ҳомила тушиш хавфини камайтириш учун қуйидаги айрим чора тадбирларни бажариш талаб этилади:
Оптимал вариант – касалликни ҳомиладорликни режалаштириш вақтида даволаш керак;
Сурункали эндометрит билан касалланган аёллар ҳомиладор бўла оладилар, аммо ҳомиладорликнинг кечишида жиддий муаммолар келиб чиқиши мумкин. Шу сабабли ҳомиладор аёллар доимо шифокор назоратидан ўтиб туришлари шарт;
Шифокор кўрсатмасига биноан инфекцион эндометритда антибиотикларни қўллаш керак, чунки ҳомила учун антибиотикнинг таъсири инфекциядан кўра камроқ. Бунда ичак микрофлорасини бузиб қўймаслик учун эубиотиклардан ҳам фойдаланиш зарур.
Қўшимча равишда эстероген миқдорини ошириш учун гормонал препаратлар ҳам қабул қилиш мумкин.
Ҳомиладор аёл соғлиғи учун физиотерапевтик муолажаларнинг фойдаси ҳам катта.
Сурункали эндометрит касаллиги билан ҳомиладорлик, соғлом аёлларга нисбатан қийинроқ кечади. Шундай бўлса ҳам касалликни даволаш мумкин. Бунинг учун шифокор билан маслаҳатлашиш ва улар томонидан буюрилган барча муолажаларни амалга ошириш талаб этилади. Ҳатто, белгилар кучсиз намоён бўлиб, аёлга дискомфорт туғдирмаса ҳам шифокор тавсияларини инкор этиш керак эмас, акс ҳолда яллиғланиш чуқурлашиб миоэндометритдан тортиб сепсисгача олиб келиши мумкин.
Диққат! Мақолада номи санаб ўтилган препаратлар, фақатгина танишиш мақсадида келтириб ўтилган ва бу стандарт намуна эмас. Ҳар бир беморнинг умумий аҳволидан келиб чиқиб шифокор даволаш режасини тузиб чиқади. Касалликнинг белгилари кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш шарт.  Зеро, саломатлигингиз ўз қўлингизда! Саломат бўлинг!



Ўҳшаш маълумотлар

Болаларда анемия ёки камқонлик сабаблари ва даволаш сирлари усуллари

Камқонлик – қонда гемоглобин миқдорининг нормадан паст бўлиши, энг кўп тарқалган патологиялардан бири. Кўпгина ёш оналар бу патология ҳақида яхши билишади, чунки уларнинг ҳар иккидан бири ушбу ҳолат билан ҳомиладорлик вақтида дуч келишган. Болаларда...

Ҳомиладорликда буйрак оғ​риши

Кўпчилик аёллар учун ҳомиладорлик – қийин кечувчи, соғлиғи ва умумий аҳволида ўзгаришлар келиб чиқишига сабаб бўлувчи жараёндир. Бу пайтда аёл организмидаги барча аъзолар кучли ишлашга мажбур бўлиб қоладилар. Шу билан бир қаторда сийдик айириш...

Болаларда диатез сабаблари ва даволаш сирлари

Диатез ёки конституция аномалияси – бу бола организмининг туғма ўзига хослиги бўлиб, у ёки бу касалликка мойил бўлишидир. Диатез термини – қандайдир бир касалликка мойил деган маънони англатади. Бу тушунча касаллик ёки синдром эмас, бу боланинг...

Айрим ёш келин-куёвларнинг қовуша олмаслик сабаблари

Учинчи минг йилликнинг дастлабки асри — ахборот асри сифатида эътироф этилаётир. Дарҳақиқат, жаҳон афкор оммаси тобора ахборотлар гирдобига тушиб қолмоқда. Кўплаб шов-шувлар, илмий манбалар билан қоришиб кетиб, фисқу фужур тарзидаги тафаккурни...

Ҳомиладорлик пайтида қон кетиши

Ҳомиладорлик пайтида қон кетиш сиз тахмин қилганингиздан ко’ра тез-тез учрайди. Учинчи аёлдан бири ҳомиладорликнинг биринчи триместрида қандайдир қон кетишини бошдан кечиради. Бу бир нечта жигарранг дог’лардан ёрқин қизил қон ё’қотишгача ва ба’зилар...



Фикр қўшиш

Наверх