Ҳомиладорликда буйрак оғ​риши

Ҳомиладорликда буйрак оғ​риши

Кўпчилик аёллар учун ҳомиладорлик – қийин кечувчи, соғлиғи ва умумий аҳволида ўзгаришлар келиб чиқишига сабаб бўлувчи жараёндир. Бу пайтда аёл организмидаги барча аъзолар кучли ишлашга мажбур бўлиб қоладилар. Шу билан бир қаторда сийдик айириш тизими аъзолари ҳам. Ҳомиладорлик вақтида буйрак оғриши тез тез учраб турадиган ҳолат бўлиб, аёлнинг нормал ҳаёт фаолиятига салбий таъсир кўрсатади ва унга қийинчиликлар туғдиради.
Бу бир жуфт аъзонинг функциясида камчиликлар келиб чиқишига бир қатор сабаблар бор. Уларнинг айримлари аёл ва ҳомила ҳаёти учун хавфли бўлиши мумкин. буйрак соҳасидаги ҳар қандай оғриқ ва дискомфор ҳолатларини эътибордан четда қолдириш керак эмас.

Ҳомиладорликда буйрак оғриши сабаблари
Нима учун ҳомиладорлик вақтида буйраклар оғрийди? Ушбу савол билан кўпчилик аёллар ўз шифокорларига мурожаат этишади. Энг кўп учрайдиган сабаблар қуйидагилар:
Зўриқиш. Ҳомиладорлик вақтида аёл буйраклари фақатгина ўзининг организмидаги зарарли моддаларни тозалаб чиқармай, балки ривожланиб бораётган ҳомила ажратаётган зарарли моддаларни ҳам тозалайди.

Гормонал қайта қурилиш. Ҳомиладорлик организмда прогестерон миқдорининг ошиши билан кечадиган жараёндир. Бу гормон турли аъзолар сфинктерларини бўшаштириши мумкин, шу қаторда сийдик пуфаги сфинктерини ҳам.
Бундан ташқари, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидан бошлаб бачадон ўлчами катталашиб боради, натижада у сийдик чиқарув каналларини ва сийдик найини эзиб қўяди, бу эса сийдикнинг буйрак жомчаларида ушланиб қолишига олиб келади ва оғриқ пайдо бўлади.
Айрим ҳолларда буйраклардаги яллиғланишли жараёнлар, жинсий аъзолар йўлидаги инфекциялар, грипп, шамоллаш асорати сифатида ҳам юзага келиши мумкин. Бунда моддалар алмашинуви бузилиб тузлар ажралиши камаяди ва улар буйракларда тўпланиб қолиб тош ҳосил бўлишига олиб келади ва оғриққа сабабчи бўлади.
Айнан буйраклар оғриётганини қандай билиб олса бўлади?
Ҳомиладорлик вақтида аёлларни тез-тез бел соҳасидаги оғриқлар безовта қилиб туради. Одатда бунга сабаб бел соҳасидаги мушакалар зўриқиши ва умуртқаларга тушаётган оғирлик бўлади. Чунки ҳомила кундан-кунга ўсиб катталашиб боради, унинг вазни оғирлашган сари аёл организми оғирлик массасини асосан умуртқаларга ташлайди. Аммо, бел соҳасидаги оғриқларга фақатгина умуртқалар ва мушаклар сабабчи бўлмайди. Буйракдаги ўзгаришлар ҳам бел соҳасида оғриқ ҳиссини сезишга олиб келади. Бундай ҳолатларда даволаниш учун оғриққа сабаб бўлаётган аниқ манбани билиб олиш ва керакли бўлган шифокор текширувидан ўтиш керак бўлади.
Буйракда оғриқлар кўп ҳолларда пешоб ажралишининг қийинлашуви билан намоён бўлади.
Буйрак оғриқлари айрим махсус шикоятлар билан бирга келади. Аёл киши пешоб ажратаётганда ёқимсиз ҳисларни сезади (ачишиш, баъзида оғриқ). Пешоб ажратишга тез тез чақирувлар кузатилади. Бош оғриғи, бош айланиши ва артериал қон босими ошиши келиб чиқади. Шишлар пайдо бўлади, аёл эмоционал ҳолати пасаяди.
Юқоридаги белгилар аёлда сезилса, зудлик билан шифокор-гинеколог ҳузурига бориш керак. Гинеколог умумий кўрик ва лаборатор текширувлар натижасига қараб уролог кўригига юбориши мумкин.
Ҳомиладорликда буйрак касалликлари
Ҳомиладорлик вақтида шифокорлар кўп ҳолларда қуйидаги буйрак касалликларини аниқлашади:
Пиелонефрит – буйрак жомчаларининг яллиғланиш касаллиги. Кўпинча ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида кузатилади, чунки бунда буйраклар эзилиши ва гормонлар миқдорининг ўзгариши кўпаяди. Ушбу патологик ҳолатда буйрак жомчалари кенгаяди, уларнинг тонуси пасаяди, сийдик туриб қолиши кузатилади ва яллиғланиш жараёнлари келиб чиқади. Аёл умумий аҳволи оғирлашади ва сийдик ажралиши камаяди.
Гломерулонефрит – буйрак косачалари ва тўқималарининг яллиғланиш касаллигидир. Кўпинча шамоллаш асорати сифатида келиб чиқади. Умумий аҳвол оғирлашади, бел соҳасида оғриқлар пайдо бўлади, шиш ва қон босими ошишлари кузатилади.
Сийдик-тош касаллиги – ҳомиладор аёл организмидаги моддалар алмашинуви бузилишлари билан, айниқса кальций, фосфор, сийдик кислотаси алмашинувларидаги камчиликлар. Натижада сийдик ажралиши камаяди, унинг зичлиги ортади, кристалланган чўкмалар пайдо бўла бошлайди. Буйрак жомчалари ва сийдик йўлларининг юқори қисмларида тошлар ҳосил бўлади. Шу тошнинг сийдик йўлларида кўчиши натижасида буйрак хуружи келиб чиқади, бу жуда оғриқли жараёндир, сийдик таркибида қон аниқланиши мумкин.
Ҳомиладорлик вақтида буйрак оғриши белгилари
Ҳомиладорлик вақтида буйрак оғриқлари қуйидаги клиник белгилар билан намоён бўлиши мумкин:
Пешоб ажратишдаги муаммолар;
Қон босимининг кўтарилиши;
Юз ва тананинг пастки қисмларида шишлар пайдо бўлиши;
Бел соҳасидаги оғриқлар, ёнбош соҳада ва қориннинг пастки қисмларида симмиловчи ва спастик (сиқувчи) оғриқлар ва уларнинг ҳолатни ўзгартирганда ёки дам олгандан кейин ўтиб кетмаслиги;
Пиелонефритда оғриқ доимий бўлади. Сийдик тош касалликларида эса кучли ва хуружсимон оғриқ, баъзида оғриқ кучи туфайли аёлга шошилинч ёрдам кўрсатишга тўғри келиб қолади. Бунда пешоб таркибида қумлар топилади;
Буйракнинг яллиғланиш касалликларида организмнинг умумий аҳволи ўзгаради – тана ҳарорати ошади, кўнгил айниш, қусиш, иштаҳанинг пасайиши, қўзғалувчанлик, уйқунинг бузилиши. Бел соҳа палпация қилинганда оғриқли бўлади. Гломерулонефрит оқибатида кўрув ўткирлиги ёмонлашиши ҳам мумкин, кейинчалик кўз тўр пардасида ангиопатиялар ҳам келиб чиқиши мумкин. Сийдик ранги хира, баъзида қон ҳам бўлади, тош ҳосилалари ҳам аниқланиши мумкин.
Яллиғланишли касалликларда кўпинча ўнг буйрак оғриқли бўлади. Чунки ўнг буйрак чапига нисбатан пастроқда жойлашган. Шунинг ҳисобига ўнг буйракда сийдик туриб қолиш хавфи юқорироқ. Кам ҳолларда оғриқ қовурғалар остига, чов соҳасига ҳам тарқалиши мумкин, бундай ҳолатда касалликни холесистит ёки аппендицитдан фарқлаб олиш керак.
Чап буйракдаги оғриқлар кўпинча буйрак тош касалликларида кузатилади. Ҳомиладорликда чап буйрак оғриши яллиғланишли жараёнларда ҳам юзага чиқиши мумкин. чап томондаги оғриқлар ичак касалликларида, панкреатит, овқатдан заҳарланиш ҳолларида ҳам намоён бўлади.
Диагностикаси
Сийдик айирув тизимидаги касалликлар симптоми бир бирига ўхшаш бўлади. Айниқса, ҳомиладорлик вақтида патологик ҳолатни аниқ билиб олиш учун қўшимча текширувлар ўтказиш керак. Бунда уролог ва нефролог консультациялари муҳим ўринни эгаллайди. Лаборатор анализлардан: сийдик анализи (эритроцитлар, бактериялар, оқсиллар, лейкоцитлар топилиши мумкин) энг муҳим текширув ҳисобланади. Бундан ташқари инструментал текширувлардан УТТ (УЗИ) текшируви ҳам буйраклардаги яширин патологияларни аниқлашда ёрдам беради.
Ҳомиладорлик вақтида буйраклар оғриса нима қилиш керак?
Жавоби оддий – даволаниш керак, акс ҳолда буйрак касалликларининг асорати жиддий бўлиши мумкин, улар қуйидагилар:
Ҳомиладорликнинг эрта муддатларида тўхташи;
Муддатидан олдин туғиш;
Ҳомиланинг инфекцияланиши;
Ҳомиланинг гипотрофияси.
Энг асосий вазифа – аёлга ёрдам бериш ва туғилажак болага зиён етказмаслик. Шунинг учун ҳомиладорлик вақтида даво чоралари индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб, аниқ диагноз қўйиш билан олиб борилади.
Даво чоралари комплекс равишда олиб борилади, яъни тиббий даво ҳамда халқ табобати биргаликда. Кенг қўлланиладиган муолажа – фитотерапиядир. Доривор ўсимликларни тўғри танлаб уларни биргаликда қўлласа, ҳомиладор аёл аҳволини яхшилайди. Улар сийдик ҳайдовчи, микробларга қарши, оғриқ қолдирувчи ва сийдик қопи спазмини олиш каби таъсирлар кўрсатади.
Ҳомиладор аёл диетага риоя этиши, кўпроқ суюқлик ичиши, доривор ўсимликлардан тайёрланган эритмалар ичиш керак. Буйракларнинг ўткир яллиғланишларида антибиотиктерапия қўллашга тўғри келади. Антибиотиклар тури ва дозасини фақатгина даволовчи шифокор буюради.
Ҳомиладорликда буйрак оғришини олдини олиш
Ҳомиладорлик вақтида сийдик айириш тизими аъзоларида зўриқиш кўпайганлиги натижасида сурункали буйрак касалликлари келиб чиқиши ёки улар хуруж қилиши мумкин. Бундай ҳолатлар кузатилмаслиги учун қуйидагиларга риоя қилиш зарур:
Овқатланиш тартибини тўғирлаш (қовурилган, ўткир, аччиқ ва ёғли маҳсулотлардан чекланиш);
Кун тартибига риоя этиш, уйқунинг етарлича бўлиши;
Бир кунда камида 2 литр суюқлик ичиш;
Пешоб ажратиш ҳисси уйғонса, зудлик билан ҳожатхонага бориш керак;
Танани тоза ҳолда сақлаш, айниқса жинсий аъзоларни;
Синтетик материаллардан тайёрланган тор кийимлар киймаслик;
Енгил гимнастика билан шуғулланиб туриш;
Ҳомиладорликни режалаштиришдан олдин сийдик айирув тизими касалликларидан даволаниш.
Ҳомиладорлик аёл киши учун маъсулиятли жараёндир, ахир туғилажак фарзанд ҳар томонлама соғлом бўлмоғи лозим. шунинг учун ҳомиладор аёллар ўз организмларини “эшита олишлари” керак ва қандай дир ўзгариш сезсалар зудлик билан шифокорга мурожаат этишлари зарур. Касалликни даволагандан кўра олдини олиш осонроқ ! Сизга ва туғилажак фарзандингизга саломатлик тилаб қоламиз.



Ўҳшаш маълумотлар

Болаларда диатез сабаблари ва даволаш сирлари

Диатез ёки конституция аномалияси – бу бола организмининг туғма ўзига хослиги бўлиб, у ёки бу касалликка мойил бўлишидир. Диатез термини – қандайдир бир касалликка мойил деган маънони англатади. Бу тушунча касаллик ёки синдром эмас, бу боланинг...

Айрим ёш келин-куёвларнинг қовуша олмаслик сабаблари

Учинчи минг йилликнинг дастлабки асри — ахборот асри сифатида эътироф этилаётир. Дарҳақиқат, жаҳон афкор оммаси тобора ахборотлар гирдобига тушиб қолмоқда. Кўплаб шов-шувлар, илмий манбалар билан қоришиб кетиб, фисқу фужур тарзидаги тафаккурни...

Шакар ва сут ҳақиқатан ҳам спортдаги муваффақиятингиз ва соғлиғингизни ўлдирадими?

Биз ушбу маҳсулотлар бўйича илмий тадқиқотларни тушунамиз....

Ҳомиладорлик пайтида қон кетиши

Ҳомиладорлик пайтида қон кетиш сиз тахмин қилганингиздан ко’ра тез-тез учрайди. Учинчи аёлдан бири ҳомиладорликнинг биринчи триместрида қандайдир қон кетишини бошдан кечиради. Бу бир нечта жигарранг дог’лардан ёрқин қизил қон ё’қотишгача ва ба’зилар...

Ҳомиладорлар учун гимнастика

Ҳомиладорлик аввалари аёл кишига дам олиш зарур бўлган, ҳаёт эса осон кечадиган давр каби қабул қилинган. Бу тушунча бола учун эҳтимолли салбий оқибатлар ва она организмининг ортиқча зўриқиши бўйича ҳавотирларга асосланган. Бироқ, энди биламизки,...



Фикр қўшиш

Наверх