Болаларда диатез сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда диатез сабаблари ва даволаш сирлари

Диатез ёки конституция аномалияси – бу бола организмининг туғма ўзига хослиги бўлиб, у ёки бу касалликка мойил бўлишидир. Диатез термини – қандайдир бир касалликка мойил деган маънони англатади. Бу тушунча касаллик ёки синдром эмас, бу боланинг ўзига хослиги бўлиб касалликка берилувчан бўлиб қолишидир. 90 % га яқин болалар сурункали касалликлари диатез фонида келиб чиқади.
Диатез турлари
Тиббиёт соҳасида диатезларнинг 20 га яқин тури бор. Бунда болаларнинг айрим гуруҳларида учрайдиган индивидуал кўринишлари ҳам учраб туради. Болалар конституцион аномалиялари қуйидаги турлари фарқланади:

Экссудатив-катарал;
Нервно-артритик;
Лимфатик-гипопластик.
Экссудатив-катарал (аллергик) диатез – болалар эрта ёшида турли хил аллергик касалликлар кўринишида намоён бўлади. Вақт ўтиши билан бундай касалликлар инфекцион-яллиғланишли ёки сурункали аллергик касалликлар шаклига ўтиб кетади.
Лимфатик-гипопластик диатезлар – бирламчи иммунодефицит ҳолати бўлиб, бунда тимус (айрисимон без) ва лимфа тугунларининг гиперплазияси билан юзага чиқади.

Нервно-артритик диатез – пурин ва сийдик кислота алмашинуви бузилиши билан боғлиқ касалликлар кўринишида бўлади.
Диатез сабаблари
Диатезлар асосида иммунологик ва метоболик жараёнларнинг нейроэндокрин бузилишлари бўлиб, энг оддий таъсирловчиларга ҳам организмнинг кучли реакцияси намоён бўладиган патологик ҳолатлар ётади.
Диатезларга олиб келувчи хавф омилларига аёлнинг ҳомиладорлик вақтида овқатланиш тартиби, токсикоз ҳолаталари, инфекцион касалликлари, зарарли одатлари, асфиксия ва ҳомила гипоксияси киради. Бундан ташқари диатезга мойил болалар – перинатал МНТ (марказий нерв тизими) нинг зарарланиши, туғилганда ортиқча ёки етилмаган тана вазни ҳамда сунъий овқатлантиришдаги болалар ва ичак дисбактериозларига чалинган болалар ҳисобланади. Диатезлар кечишини кучайтириб юборувчи омилларга парваришнинг ёмонлиги, овқатлантиришда рационга эътибор қаратмаслик, эмлаш, сурункали инфекциялар, стресс ҳолатлари ва бошқалар.

Экссудатив-катарал диатезлар келиб чиқишига сабаб – ошқозон-ичак тизими томонидан камчиликлар, ферментлар активлигининг пастлиги, биоген аминлар етишмаслиги, ҳужайра мембраналарининг ностабиллиги бўла олади. Бу турдаги диатез онанинг овқатланиш рационидаги маҳсулотлар ҳам катта рол ўйнайди, масалан цитрус мевалар (лимон, апельсин, мандарин), резаворлар (қулупнай, малина), балиқ, колбаса, томатлар ва шоколодлар кўп истеъмол қилиш.

Лимфато-гипопластик диатезларнинг келиб чиқиши сабаблари аниқ маълум эмас. Бу турдаги диатез чала туғилган ва нозик болалар орасида кенг тарқалган. Унинг келиб чиқишида онадаги сурункали эндокрин касалликлари катта рол ўйнайди.
Агар туғиш жараёнида аёлда ҳомила олди суюқлиги муддатидан олдин келса, туғиш жараёни кучсиз кечган бўлса, ҳомила гипоксияси ёки жароҳати кузатилса ҳам лимфатик-гипопластик диатез келиб чиқиши хавфи ортиб кетади.

Нервно-артритик диатез наслий омил таъсирида (сийдик кислота ва пурин алмашинуви бузилиши) ва ҳомиладор аёл ёки боланинг ҳаддан ортиқ гўшт маҳсулотлари истеъмол қилишидан келиб чиқади. Кўпинча бундай диатезга чалинган болалар яқин қариндошларида сийдик ёки ўт-тош касалликлари, подагра, неврастения, артериал гипертензия, қандли диабет, атеросклероз ва бошқа патологиялар кузатилади. Буларнинг барчаси моддалар алмашинуви бузилиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлардир.
Болаларда диатезнинг клиник кўриниши
Экссудатив-катарал диатез – аллергик реакциялар ва яллиғланиш жараёнларининг узоқ давом этиши натижасида тери қопламаларининг ва шиллиқ қаватларнинг зарарланиши билан намоён бўлади. Бундай турдаги диатез кўпинча эрта ёшдаги болаларда пайдо бўлиб, тахминан 3-4 ёшларда ўтиб кетади. Умумий диатезларнинг 40-70 % ҳолатларида учрайди.

Экссудатив-катарал диатез бир ойлик болаларда себореяли дерматитлар кўринишида – ёғли қичималар бошнинг сочли қисмида, тепа соҳасида пайдо бўлади. Одатда, бундай патологиянинг оқибати ижобий, аммо баъзи болаларда бу себорияли экземага ўтиб кетади ва бунда шиш, қизариш, сувли пуфакчалар кўринишида бўйин, қулоқ ва пешона соҳасида юзага чиқади.

Болаларда думба ва тери бурмаларида экссудатлар сақланиб қолади. Баъзи болаларда эса сувли ёки мацерацияланган терига инфекция аралашиши ҳисобига пиёдермиялар ҳам келиб чиқади. Экссудатив-катарал диатезнинг энг оғир кўринишлари – болалар экземасидир. Ёш катталашиши билан бу жараён нейродермит кўринишига ўтиши мумкин.

Экссудатив-катарал диатезлар паратрофик (семиз) болаларда ўзига хос кўринишда кечади. Чунки уларнинг териси нозик, юзи шишган, тили “географик” кўринишда, абдоминал синдром ва метеоризмлар кузатилади. Диатезли болалар нафас йўллари касалликларига берилувчан бўлишади (пневмония, бронхит, тонзиллит, фарингит). Экссудатив-катарал диатезларни псориаз, эритродермия, дерматит ва бошқалар билан фарқлай олиш керак.
Лимфатико-гипопластик диатез – лимфа безлари катталашиши ва эндокрин безлари патологиялари кўринишида намоён бўлади. Бундай болалар инфекцион касалликлар ва аллергияларга мойил бўладилар. Диатезнинг бу кўриниши 3-7 ёшли болалар орасида учраб, умумий диатезларнинг 10-12 % ини ташкил қилади.

Диатезнинг ижобий кечишида пубертат давригача ўтиб кетади. Лимфатико-гипопластик диатезда симпатоадренал тизим ва буйрак усти бези дисфункциялари, лимфа тўқималарининг компенсатор гиперплазияси, айрисимон безнинг функцияси пасайиши ҳамда ҳужайравий ва гуморал иммунитетнинг сусайиши кузатилади.

Бундай диатезли болалар тана тузилиши диспропорционал (калта тана, оёқ қўллар узун) бўлади, териси рангпар, тери тургорлиги пасайган, мушаклари суст ривожланган бўлади. Бундай болалар адинамик, ҳолсиз, тез чарчаб қоладиган бўлишади. Улар артериал гипотонияга мойил, ЎРВИ-грипп билан кўп касалланишади, нейротоксикозлар учрайди, микроциркуляция бузилиши ва гипертермия кузатилади.

Лимфато-гипопластик диатезда периферик лимфа тугунлари катталашади, тимомегалия, аденоидлар ва бодомсимон безлар гиперплазияси, жигар ва талоқ катталашиши юзага келиб чиқади. Аденоидларни олиб ташлагандан кейин яна қайта ўсиб чиқиши мумкин. Бундан ташқари ушбу диатезда ривожланишдаги аномалиялар, буйрак, юрак, ташқи жинсий аъзолар гиперплазияси ҳам келиб чиқади.
Айнан шу диатезларда болаларнинг тўсатдан ўлими кузатилади. Лимфатико-гипопластик диатезларга шубҳа қилинганда ОИВ-инфекцияни ва лимфогранулематозни истисно қилиш керак.
Нервно-артритик диатезда ферментлар функцияси бузилган бўлади ва бу сийдик кислота ҳамда пурин алмашинуви натижасида углевод ва липидлар алмашинувида камчиликлар юзага келиб чиқади.
Бу турдаги диатезлар қолган диатезларга нисабатан кам учрайди – 2-5 % ҳолларда. Ушбу касаллик асосида жигарнинг “тозалаш” функцияси бузилиши оқибатида метаболиc, неврастеник, тери ва спастик синдромлар ётади.

Нервно-артритик диатезлар катта ёшдаги болаларда ҳам учрайди ва сийдик ва ўт тош касалликлари, семириш, нефрит, сурункали буйрак етишмовчилиги, подагра, атеросклероз, қандли диабет келиб чиқиши билан намоён бўлади.
Бундай диатезли болаларнинг 80 % ида неврастеник синдромлар кузатилади. Болаларнинг эрта ёшларида бу диатез боланинг жуда қўзғалувчанлиги, қўрқоқлиги, безовталиги, уйқунинг бузилиши билан намоён бўлади. Мактабгача бўлган ва эрта мактаб даврларда болалар ўзлаштириш қобилияти кучли, сўз бойлиги кўп, хотираси кучли, ташқи муҳитга қизиқувчан ва шўх бўлишади. Аммо уларда кўпроқ бош оғриғи, эмоционал лабиллик, энурез, анорекциялар намоён бўлиб туради.

Нервно-артритик диатезларда моддалар алмашинуви бузилишларидан дизурия ҳисобига артралгия келиб чиқади. Сийдик таркибида фосфат тузлари, оксалатлар ва уратлар кўпаяди. Жигарнинг ацетил кислотани тозалаши пасайганлиги сабабли ацетон синдроми кузатилади. Бунда ацетон билан интоксикация, қайта-қайта қусиш, гипертермия, сувсизланиш аломатлари юзага чиқади.
Спастик синдромлардан мигрен кўринишидаги бош оғриқлари, бронхоконстрикциялар, артериал гипертензиялар, кардиалгия, спастик колит, ич қотиши, буйрак ва ичак хуружлари учрайди. Кўпинча бу турдаги диатезли болаларда бронхиал астма келиб чиқади.
Нервно-артритик диатезда тери томонидан экзема, қичима, квинке шиши, эшакеми ёки нейродермитлар кўринишида юзага чиқади.
Дифференциал диагностика невроз, ревматизм, қандли диабет ва мусбат чиққан Манту синамаси (сил касаллиги) билан олиб борилади.
Диатезни ташхислаш
Диатез – мустақил равишда касаллик ва диагноз эмас, шунинг учун диатезли болалар педиатр, болалар невропатологи, эндокринолог, дерматолог, нефролог, ревматолог, аллерголог-иммунолог ва бошқа мутахассислар кўригидан ўтиб туришлари керак.
Диатезда лаборатор текширувда қон ва сийдик умумий анализи, қоннинг биохимик текшируви, фосфолипид, холестерин, глюкоза, катехоламин, сийдик кислота миқдори ҳам текширилади. Бундан ташқари Б ва Т лимфоцитлар, ИгА ва Г иммунологик текшируви ва нажасни дисбиозга текшириб ўрганилади.
Лимфатико-гипопластик диатезда УТТ (УЗИ) текшируви ҳам ўтказилади. Бунда талоқ, жигар, буйрак усти бези ва айрисимон без ҳамда кўкрак қафаси аъзолари рентгенограммаси ҳам ўрганилади.
Диатез давоси
Диатезнинг номедикоментоз давосига бола парвариши, овқатланиш тартибини ва рационини тўғирлаш, физиотерапевтик муолажалар киради. Экссудатив-катарал диатезли чақалоқлар она сути билан боқилиши керак, каттароқ ёшдаги болалар эса диетага риоя этишлари, таъсирловчи маҳсулотлардан чекланишлари керак.
Медикоментоз препаратларга седатив воситалар (валериана экстракти, персен) ва антигистамин воситалар (диазолин, кларитин), витаминлардан Б гуруҳига мансуб тури буюрилади. Агар диатез фонида дисбиоз келиб чиқса пробиотиклар (линекс, лактовит, бифидумбактерия) қўлланилади.
Экссудатив-катарал диатезда маҳаллий қўллаш учун ромашка (мойчечак), дуб илдизи билан ванналар қилиш тавсия этилади. Зарарланган тери соҳасига яллиғланишга қарши ногормонал мазлар қўлланилади. Умумий ультрабинафша нурлари билан даволаш ҳам яхши натижа беради. Аллерголог мутахассис назорати остида гипосенсибилизация муолажалари ўтказилади.
Лимфатико-гипопластик диатезларда синтетик ва табиий адаптогенлар (пентоксил, элеутерококк), витаминлар, умумий массаж ва гимнастика муолажалари ўтказилади. Буйрак усти бези камчиликларида глюкокортикоид препаратлар буюрилади.
Нервно-артритик диатезда болалар овқатланиш рационидан пуринга бой бўлган маҳсулотларни қатъиян чеклаш зарур. Бундай маҳсулоталарга какао, шоколад, нўхат, жигар ва ёғли маҳсулотлар киради. Комплекс даво сифатида ўт ҳайдовчи препаратлар ва седатив воситалар, Б гуруҳ витаминлари ҳамда гимнастик машқлар буюрилади. Асетонемик қусишларда эса регидратация (суюқлик ичириш ёки вена орқали қуйиш), клизма, ошқозонни ювиш каби чора тадбирлари бажарилади.
Профилактика ва прогноз
Аёллар ҳомиладорлик вақтида жинсий аъзолар касалликлари ва токсикозлардан ҳимояланишлари, гипоаллергик овқатланиш тартибини танлашлари керак. Эмизикли болалар фақатгина сут билан озиқланишлари, катта ёшдаги болалар эса аллергик маҳсулотлардан чекланишлари зарур. Болаларни эмлашда ҳам диатезли болакайлар алоҳида график асосида олиб борилади.
Диатезда тўғри қўйилган диагноз ва тўғри танланган даво чоралари олиб борилса, оқибати ижобий бўлади. Кўп ҳолларда диатез пубертат даврда ўз-ўзидан ўтиб кетади.
Диққат, мақола давомида номи келтириб ўтилган кимёвий препаратлар фақатгина танишиш мақсадида санаб ўтилган. Диатезларни даволаш шифокор назорати остида, унинг тавсияларига кўра олиб борилиши шарт!



Ўҳшаш маълумотлар

Ҳомиладорликда буйрак оғ​риши

Кўпчилик аёллар учун ҳомиладорлик – қийин кечувчи, соғлиғи ва умумий аҳволида ўзгаришлар келиб чиқишига сабаб бўлувчи жараёндир. Бу пайтда аёл организмидаги барча аъзолар кучли ишлашга мажбур бўлиб қоладилар. Шу билан бир қаторда сийдик айириш...

Айрим ёш келин-куёвларнинг қовуша олмаслик сабаблари

Учинчи минг йилликнинг дастлабки асри — ахборот асри сифатида эътироф этилаётир. Дарҳақиқат, жаҳон афкор оммаси тобора ахборотлар гирдобига тушиб қолмоқда. Кўплаб шов-шувлар, илмий манбалар билан қоришиб кетиб, фисқу фужур тарзидаги тафаккурни...

Муддатидан илгари туҒилган болаларнинг ривожланиши

Aслида, муддатидан илгари туҒруқлар- бу боланинг 37 ҳафтага етмасдан туҒилиши. Одамларда меъёрий гестацион давр 38 ҳафтадан 42 ҳафтагача бўлади. Мукаммал шароитда болалар она қорнида тўлиқ ривожлангунча бўлади. Бироқ, турли сабабларга кўра ҳар доим...

Ҳомиладорлар учун гимнастика

Ҳомиладорлик аввалари аёл кишига дам олиш зарур бўлган, ҳаёт эса осон кечадиган давр каби қабул қилинган. Бу тушунча бола учун эҳтимолли салбий оқибатлар ва она организмининг ортиқча зўриқиши бўйича ҳавотирларга асосланган. Бироқ, энди биламизки,...

Вақт нима

Тўғри вақт нима? Эйнштейн мутлақ вақт йўқлигини таъкидлади. Вақт ўзи таъсир қиладиган кучлар тизимига қараб нисбийдир. Бу расман маълумот доираси деб аталади. Сизнинг тизимингизда ўтадиган вақт сизнинг вақтингиз деб аталади....



Фикр қўшиш

Наверх