
Ҳомиладорликда систит – сийдик қопи ички қаватининг ўткир ёки сурункали яллиғланиши бўлиб, ҳомиладорлик вақтида ҳуруж қиладиган патологик ҳолат. Тез-тез сийиш, кичик чаноқ соҳасидаги оғриқ, сийдик ранги ҳиралашиши, оғир ҳолатларда – субфебрил тана ҳарорати, ҳолсизлик ва умумий интоксикация белгилари билан намоён бўладиган ҳолат. Касаллик сийдик умумий таҳлили ва бактериологик текширув, УТТ (УЗИ) текшируви, систоскопия ёрдамида ташхисланади. Даволашда пенициллин, цефалоспорин, нитрофуран антибиотиклари ва уроантисептиклардан фойдаланилади.
Систит аёлларда учрайдиган барча касалликларнинг 20-25 % ини ташкил этувчи патологик ҳолат. Ўткир инфекцион-яллиғланиш жараёни ёки сурункали касалликнинг хуруж қилиши 0,3-1,3 % ҳомиладор аёлларда кузатилади, бунда кўпинча белгилар юзага чиқмайди ва бактериурия билан кечади. Касаллик кўпинча тартибсиз жинсий алоқа қилувчи, сийдик чиқарув йўллари туғма аномалиялари, қандли диабет ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинмаган ҳолатларда ривожланади. Белгиларсиз кечадиган бактериурия ўз вақтида аниқланиши ва даволаниши касалликни ижобий кечувига олиб келади.
Ҳомиладорликда систит сабаблари
Сийдик йўлларининг кўпчилик инфекцион касалликлари ҳомиладорлик вақтида ривожланади. 86 % беморларда касаллик қўзғатувчиси ичак таёқчалари ҳисобланади. Бундан ташқари систит келиб чиқишига Клебсиелла, стафилококк, стрептококк, энтерококк, кандида, кам ҳолатларда – клостридия, сил таёқчалари сабаб бўлади. Баъзи беморларда ҳомиладорлик вақтида ривожланувчи систит жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар натижасида ҳам ривожланади – гонорея, сифилис (заҳм), хламидиоз, уреаплазмоз кабилар ҳам сабаб бўлади.
Ҳомиладорларда ноинфекцион систит келиб чиқишида энг асосий омил – сийдик қопининг механик яллиғланиши, яъни сийдик тош касалликлари, тиббиёт анжомлари аралашадиган асбоб ускуналар, дори препаратларининг ножўя таъсирлари, нур терапияси препаратларининг сийдик йўллари орқали ажралиб чиқиши ҳисобланади. Асептик яллиғланишлар ҳам инфекцион табиатда асоратланади. Касалликни ривожланиш эҳтимолини оширувчи омиллар – уретранинг қисқалиги, совуқ қотиш, гиповитаминоз, дисбактериоз, бактериал вагиноз, ташқи жинсий йўлларининг яллиғланиш касалликлари (колпит, эндосервисит), иммунитетнинг заифлашуви натижасида сийдик айирув йўлларида қуйидагича ўзгаришлар кузатилади.
Сийдик пуфагининг гипотонияси
Прогестерон гормонининг ҳомиладор аёлларда миқдори ошиши сийдик пуфаги тонусининг пасайишига сабаб бўлади. Ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида сийдик пуфагида тўпланувчи сийдик ҳажми икки баробар ортади, аммо бу аёлларда айтарли дискомфорт туғдирмайди. Натижада везикоуретерал рефлюкс ҳолати келиб чиқади ва инфекцияланган сийдик сийдик қопи шиллиқ қаватларини шикастлайди.
Сийдик кимёвий таркибининг ўзгариши
Ҳомиладорлик вақтида систит ривожланишида яна бир муҳим омил – сийдик pH кўрсаткичининг ўзгариши, глукозурия, аминоасидуриялардир. Бундай муҳитда патоген микроорганизмлар кўпайиши учун қулай муҳит ҳосил бўлади, аввалига бактериялар сийдик орқали ажралиб туриши белгиларсиз кечади, кейинчалик эса сийдик қопи шиллиқ қаватлари яллиғланади. Инфекциянинг тарқалиши икки хил йўл билан боради – тушувчи ва кўтарилувчи.
Ҳомиладорлик вақтида систит – ҳомиладорликни сақлаб қолишга қаратилган ўзгаришлар, иммун тизимининг сустлашуви, уретра сфинктерлари заифлашуви, бачадон ўлчамининг катталашиши ҳисобига сийдик қопининг сиқилиши каби ҳолатлар таъсирида ривожланиш эҳтимоли ортади.
Патогенези
Инфекцион микроорганизмлар сийдик пуфаги шиллиқ қаватига гематоген ёки лимфоген йўл билан юқиши мумкин бўлса ҳам, касаллик ривожланишида асосан тушувчи (уретрадан) ва кўтарилувчи (сийдик йўли, буйраклардаги пиелонефрит, уретрит ва бошқа инфекцион касалликлар) йўл муҳим аҳамиятга эга. Патоген ва шартли патоген микрофлора (сийдик йўллари, сийдик пуфаги) сийдик ушланиб қолиши, маҳаллий иммунитет пасайиши, механик, кимёвий шикастланишлар натижасида ривожланади. Микроорганизмлар ўзларидан ситотоксик моддалар ва бошқа яллиғланиш медиаторларини ажратади, улар эса макрофаглар ва лимфоцитларни фаоллаштириб юборади ва микроциркуляция бузилади. Натижада яллиғланиш жараёни бошланади: альтерация, экссудация ва тўқималарнинг қайта тикланиши рўй беради.
Касаллик таснифи
Сийдик пуфаги яллиғланиш касаллигини даволаш патологиянинг шаклига боғлиқ бўлади. Ҳомиладорлик вақтида шаклланган систит давоси, ҳомиладорликдан бошқа вақтларда ҳам ривожланадиган систит каби олиб борилади. Касалликнинг кечиши бўйича яққол намоён бўлган белгилар (ўткир) ва латент кечувчи, хуружланиб турувчи (сурункали) шакллари фарқланади. Урология, акушерлик ва гинекология соҳасидаги айрим мутахассислар ҳомиладорлик вақтида ва туғруқдан кейин ривожланувчи сийдик пуфаги яллиғланиш касаллигини иккиламчи систит (пуфакдан ташқари ривожланувчи) сифатида қабул қиладилар. Бундан ташқари касалликнинг қуйидаги шакллари ҳам фарқланади:
Этиологияси бўйича: инфекцион ва ноинфекцион. Кўпчилик аёлларда систит патоген микроорганизмлар таъсири натижасида келиб чиқади. Кам ҳолатларда касаллик кимёвий, аллергик, паразитар, нейроген ва ятроген йўл натижасида ривожланади.
Келиб чиқиши бўйича: бирламчи ва иккиламчи. Бирламчи деб патологиянинг сийдик пуфагида ривожланишига айтилади. Иккиламчи эса сийдик пуфагидан бошқа соҳаларда касаллик ривожланади ва сийдик пуфагига кўчадиган ҳолатларда келиб чиқади.
Локализацияси бўйича: диффуз (сийдик пуфаги шиллиқ қаватларининг тўлиқ яллиғланиши), бўйинчада (сийдик пуфаги бўйин соҳасида), тригонит (сийдик пуфаги туби учбурчаги яллиғланиши). Ҳомиладорлар кўпинча диффуз систит аниқланади.
Морфологик ўзгаришларга кўра: қўзғатувчининг кучи ва организм реактивлигига қараб катарал, фибриноз-ярали, ярали, геморрагик, гангреноз, интерстициал ва бошқалар.
Ҳомиладорликда систит белгилари
Клиник белгилар яққол бўлиши касалликнинг ўткир кечувида кузатилади, бунда касаллик қўзғатувчи омиллар (совуқ қотиш, ЎРК ўтказиш ва бошқалар) нинг роли катта. Ҳомиладор аёллар кўп сийиш, охиригача бўшалмаслик, пешоб ажралаётганда дискомфорт ва оғриқ ҳис қилишга шикоят қиладилар. Бунда оғриқ яллиғланиш жараёнининг тарқалганлиги, морфологик ўзгаришларнинг даражасига қараб қориннинг пастки соҳасида кучсиз ва кучли оғриқ ҳис этишлари мумкин. Оғриқ палпация қилинганда кучаяди.
Сийдик ранги хиралашади, баъзида қон аралаш ажралиши ҳам мумкин. Систитнинг оғир кечувида тана ҳарорати кўтарилади, ажралаётган сийдик ҳажми камаяди, интоксикация белгилари кучаяди: ҳолсизлик, тез чарчаш, кўп терлаш. Касалликнинг енгил шаклларида белгилар ўз ўзидан 2-3 кунларда ўтиб кетади, аммо баъзида касаллик 6-8 кундан 10-15 кунгача чўзилиши мумкин. Бундай ҳолатларда медикоментоз даво чоралари талаб этилади. Туғруқдан кейин ривожланувчи систитда сийдик ушланиб қолиши ва пешоб ажралаётганда кучли оғриқ бўлиши, пешобнинг биринчи порцияси хиралашиши каби белгилар хос.
Ҳомиладорликда сурункали систит хуруж қилиши одатда белгиларсиз кечади, аммо пешобда бактериурия ва лейкоситурия жараёни кечаётган бўлади. Улар лаборатор текширувда аниқланади. Сурункали систит хуруж белгилари ўткир систит каби намоён бўлади, яъни пешоб хиралашуви, тез-тез сийиш, дизурик ҳолатлар. Оғриқ ҳисси кучсиз ёки умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Умумий интоксикацион белгилар камдан-кам ҳолатларда ривожланади.
Ҳомиладорликда систит асоратлари
Ҳомиладорликнинг эрта муддатларида систит асорати табиий аборт, кечки муддатларда эса муддатидан олдин рўй берувчи туғруқ билан кечиши мумкин. Кўп ва тез-тез пешоб ажралиши тунги уйқу бузилишига олиб келади, бу эса астеник ва эмоционал бузилишларга сабаб бўлади. Кўтарилувчи инфекция тарқалиши кейинчалик сийдик йўллари яллиғланиш ва пиелонефритни чақириши мумкин. Буйраклар ҳам касалланиши оғир гестозларга сабаб бўлади, натижада ҳомиланинг зарарланиши, ҳомиладор аёлда инфекцион-септик жараён шаклланиши мумкин.
Ҳомиладорликда систит диагностикаси
Бирламчи ёки хуружли систит диагностикаси қийинчилик туғдирмайди. Типик клиник белгилар текширувлар натижасини тасдиқлайди ва ҳомиладорларда систитни ўз вақтида даво чораларини қўллаш билан бартараф этилади. Сурункали ва чўзилган систит шаклларини тасдиқлаш бироз қийинчилик туғдиради. Энг кўп маълумот берувчи текширув усуллари қуйидагилар:
Умумий сийдик таҳлили. Умумий сийдик таҳлилида лейкоцитлар, бактериялар, оқсил, кам ҳолларда эритроцитлар аниқланиши мумкин. Эпителий ҳужайралар сони кўп бўлади. Қўшимча текширув сифатида Нечипоренко текшируви ва Зимницкий синамаси ҳам ўтказилади.
Бактериологик текширув. Сунъий озуқа муҳитларида бак экмани ўстириш йўли билан касаллик қўзғатувчиси аниқланади. Бу усулнинг қулай тарафи шундаки, микроорганизмга қарши антибиотикларнинг таъсири ҳам аниқланади.
Сийдик қопи УТТ (УЗИ) текшируви. Ҳомиладорлик вақтида ривожланган систит диагностикасида УТТ (УЗИ) текширувида – сийдик қопи деворларининг қалинлашганлиги, таркиби ногомогенлиги аниқланади.
Систоскопия. Бу текширув фақатгина касалликнинг сурункали шаклларини аниқлашда ўтказилади. Систит белгилари шиш, гиперемия, қонаш, шиллиқ ажралиши ва юзанинг нотекислигидир. Касаллик хуруж қилган вақтда бу усул ўтказилмайди, сабаби инфекциянинг бошқа соҳаларга тарқалиб кетиш хавфи юқори бўлади.
Систит касаллигини тасдиқлашда умумий қон анализида – лейкоцитлар миқдорининг ошиши, лейкоцитар формуланинг чапга силжиши, ЭЧТ ошиши аниқланади. Кичик чаноқ соҳаси инфекциялари ПЗР текшируви ёрдамида ҳам аниқланади. Кўпинча систит пиелонефрит, сийдик тош касалликлари, уретрит, систалгия, генитал соҳа инфекцион касалликлар – вульвовагинит, колпит, сервисит, кандидоз, микоплазмоз, хламидиоз ва жинсий йўл билан юқувчи бошқа касалликлар билан биргаликда кечади. кўрсатма бўйича уролог, нефролог, дерматолог, венеролог ҳамда инфекционист консультациялари ҳам керак бўлади.
Ҳомиладорликда систит давоси
Сийдик пуфаги шиллиқ қавати яллиғланиши антибактериал даво ўтказишга кўрсатма бўла олади. Систит давоси 3-7 кун давомида олиб борилади.Белгиларсиз кечувчи бактериурия ҳолатида антибиотиклар 3-5 кун давомида буюрилади. Ҳомиладор аёллар учун токсик жиҳати кам бўлган антибиотиклар танланади, улар қуйидагилар бўлиши мумкин:
Яримсинтетик пенициллин. Бу препаратлар кенг спектрда таъсир кўрсатади, кислотали муҳитга чидамли, бактерисид таъсирга эга, граммусбат ва грамманфий бўлган кўпгина бактерияларни ўлдиради.
Цефалоспоринлар. Бу препаратлар ҳам бактерисид таъсирга эга, систит чақирувчи кўпгина бактериялар девори синтезини тўхтатади. Иккинчи авлод препаратлари клавулан кислота ва бета-лактамаз ингибиторига чидамилилиги препарат самарадорлигини янада оширади.
Нитрофуранлар. РНК, ДНК, протеинлар, ҳужайра мембранаси синтезловчи ферментларни нофаоллаштиради. Улар бактериостатик ва бактерисид эффектга эга. Нитрофуранлар систит чақирувчи кўпгина бактерияларга қарши яхши таъсирга эга.
Фофон кислота асослари. Систитга олиб келувчи бактериялар ҳужайра девори синтезида пептидгликанлар ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади ва бактериялар кўпайишини тўхтатади. Инфекцион омилнинг сийдик қопи шиллиқ қаватига адгезиясини камайтиради.
Маҳаллий қўллаш учун сийдик ҳайдовчи доривор ўсимликлардан тайёрланган препаратлар буюрилади, ҳамда антисептик эритмалар буюрилади. Улар комплекс равишда яллиғланишга қарши, антиоксидант, спазмолитик, оғриқ қолдирувчи, диуретик ва антибактериал таъсир кўрсатади. Ҳомиладорлик вақтида систит билан касалланган аёллар табиий йўл билан туғишлари мумкин, кесарча кесиш усули билан туғиш фақатгина қатъий кўрсатма билан олиб борилади.
Касаллик оқибати ва профилактикаси
Ўз вақтида аниқланган систит касаллиги ва адекват даво муолажалари ҳомиладор аёл ва туғилажак фарзанд учун оқибати ижобий ҳисобланади. Касаллик олдини олишда ҳомиладорликни режалаштираётган аёллар сурункали систитни даволашлари, бундан ташқари жинсий йўлларда учрайдиган инфекцион касалликларни ҳам бартараф этишлари керак бўлади.
Систитга олиб келувчи омиллар, яъни совуқ қотиш, кун давомида етарлича суюқлик қабул қилиш, етарлича пешоб ажратиш, спиртли ичимликлар, ўткир, аччиқ, жуда шўр, қовурилган ва дудланган маҳсулотлардан чекланиш талаб этилади. Яна бир муҳим тадбир – шахсий гигиена қоидаларига риоя этишдир.