Болаларда ангина сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда ангина сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда ангина – ҳалқумда жойлашган (кўпинча танглайдаги) лимфа безларининг ўткир инфекцион-аллергик яллиғланиш касаллиги. Болаларда ангинада юқори тана ҳарорати, аниқ намоён бўлган интоксикация белгилари, ютинганда оғриқ ҳис этиш, жағ ости ва бўйин лимфа тугунларининг катталашиши ва бодомчасимон безда йирингли қоплама ҳосил бўлиши билан кечади. Касаллик диагностикаси болалар ЛОРи томонидан физикал кўрув, фарингоскопия, ютқиндан олинган суртма текшируви, қон ИФА анализи ёрдамида қўйилади. Болаларда ангина давосида патогенетик даво (антибиотиклар, вирусга қарши препаратлар), симптоматик даво (тана ҳароратини туширувчи воситалар) ва маҳаллий даво (аэрозол, томоқни чайиш ва доривор ўсимликлар билан даволаш) ёрдамида олиб борилади.
Ангина (ўткир тонзиллит) – инфекцион-аллергик касаллик бўлиб, ҳалқумда жойлашган бодомчасимон безларнинг яллиғланиши билан характерланади. Болалар орасида ушбу касаллик ЎРВИ касалликларидан кейинги ўринда туради. Шу сабабли касаллик болалар отоларингологияси ва педиатрия соҳасида кўп тарқалганлиги ва юқумлилиги билан ажралиб туради. Болаларда ангинанинг хавфлилиги, эрта (отит, паратонзиллит, ютқин ён ва орқа абцесслари) ва кечки (ревматизм, ревматоид артрит, гломерулонефрит ва бошқалар) асоратлар келиб чиқиши билан тушунтирилади.

Болаларда ангина келиб чиқиш сабаблари ва касаллик патогенези
Кўп ҳолларда ангина келиб чиқишига сабаб бактерия ёки вирусли инфекция бўлади. 80-85 % ҳолатларда қўзғатувчи сифатида β-гемолитик стафилоккок А гуруҳидаги бактерия, 10 % ҳолатларда тилларанг стафилококк, кам ҳолатларда – пневмококк, гемофил таёқча, вируслар (энтеровирус, аденовирус, герпес-вирус ва бошқалар), микоплазма, хламидия, замбуруғлар ва аралаш инфекция сабаб бўлади. Одатда 3 ёшгача бўлган болаларда ангина келиб чиқишига вируслар сабаб бўлса, 5 ёш ва ундан катта болаларда ангина қўзғатувчиси бактерия ҳисобланади. Стрептококклар чақирувчи ангина билан кўпинча 5-10 ёш оралиғидаги болалар касалланади. Баъзи ҳолларда ангина келиб чиқишида шартли патоген қўзғатувчилар ҳам муҳим рол ўйнайди (оғиз бўшлиғида яшовчи бактериялар).
Бодомчасимон безга инфекция кўпинча бир йўл билан тушади – экзоген яъни ҳаво-томчи, маиший-контакт, энтерал йўллар орқали. Травматик ангина бурун-ҳалқум йўлида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин келиб чиқади (масалан, болаларда аденотомия амалиётидан кейин). Эндоген аутоинфекция сурункали тонзиллит хуруж қилиши, тиш кариеси, синусит, гастроэнтерит натижасида юзага чиқади.

Болаларда ангина келиб чиқишида хавф омилларига болаларда учрайдиган диатез (лимфатик-гиперпластик), совуқ қотиш натижасида маҳаллий ва умумий иммунитетнинг сусайиши, авитаминоз ва бошқалар киради.
Болаларда ангина ривожланиши асосида аллергик–гиперергик реакция ётади. Бодомчасимон безда нопатоген флора, патоген микрофлора ва оқсил алмашинуви маҳсулотлари тўпланади, бу омиллар организмда сенсибилизацияга сабаб бўлади. Ушбу жараёнга эндоген ёки экзоген инфекция аралашиши болаларда ангина келиб чиқишига олиб келади. Қўзғатувчилар бодомчасимон безга маҳаллий таъсир кўрсатади, яъни безда лимфа тўқималар тўпланиб қолади, йирингли жараён бошланади, лакуналарда йиринг йиғилади, эпителий некрози ва айрим ҳолларда без тўқималари некрози ҳам рўй беради.
Болаларда ангина турлари
Болаларда бодомчасимон без яллиғланиш сабабига кўра: бирламчи, иккиламчи ва специфик ангина турларига бўлинади. Бирламчи ангина бодомчасимон безнинг ўзида инфекция таъсирида патология келиб чиқса, иккиламчи ёки симптоматик ангина бошқа касалликлар асорати сифатида юзага чиқади, масалан скарлатина, қизамиқ, дифтерия, мононуклеоз ва бошқалар. Болаларда специфик ангина келиб чиқишига сабаб – айрим гуруҳ инфекциялар, яъни гонорея, микоплазма, хламидиоз, кандидоз ва бошқалар бўлиши мумкин.
Болаларда ангина кечишига кўра:
ўткир;
қайталанувчи;
сурункали кўринишларга бўлинади.
Бодомчасимон бездаги ўзгаришларга қараб болаларда ангинанинг қуйидаги шакллари фарқланади:
Катарал;
Фолликуляр;
Лакунар;
Фибриноз;
Флегмоноз;
Гангреноз.
Катар ангина – болаларда бодомчасимон безнинг бироз катталашгани ва гиперемия ҳолати кузатилади. Бунда йирингли қопламалар бўлмайди. Без эпителийсининг қадоқлашиши ҳисобига юпқа оқиш қоплама ҳосил бўлиши мумкин. Микроскопик текширувда эпителий лимфоцитлар ва нейтрофилларнинг қуюқ инфилтрацияси аниқланади.
Фолликуляр ангина – болаларда бодомчасимон без эпителий яллиғланиш жараёни қаватидан чуқурлашган, йирингли фолликулалар билан қопланади (ўлчами 3 мм гача бўлиши мумкин ва “юлдузли осмон тасвирини” эслатади). Без паренхимасида морфологик ўзгаришлар (тўлақонлик, гиперемия) аниқ кўринади. Йирингли фолликулаларда лейкоцитар инфилтрацияга кечади ва некроз бошланиши белгилари аниқланади.
Лакунар ангина – бодомчасимон безда чизиқли сарғиш рангдаги йирингли қоплама ҳосил бўлиши билан характерланади. Безнинг юзаси аниқ кўринадиган даражада гиперемиялашган ва шишган бўлади. Лакуналардаги йирингли қопламалар бирлашиши ва катта ҳажмдаги йирингли ўчоқ ҳосил қилиши мумкин. Микроскопик текширувда эпителийнинг парчаланиши, шиллиқ қаватнинг лейкоцитар инфилтрацияси, кичик қон томирлар тромбози кузатилади.
Фибриноз ангина – бодомчасимон безда оқиш рангли, ярим шаффоф плёнкасимон қоплама билан қопланиб қолади.
Флегмоноз ангина – болаларда кам учрайди. Бодомчасимон безда йиринг тарқалган ҳолда бўлиши ва унда абцесс (кўпинча бир тарафлама) ҳосил бўлиши билан кечади.
Гангреноз ангина – бодомчасимон без эпителийси ва паренхимасида ярали-некротик ўчоқ ҳосил бўлиши билан характерланади. Ҳалқум кўрувида бодомчасимон безда оқиш-кулранг қоплама (ўзида кўплаб бактериялар, лейкоцитлар, некрозга учраган тўқима ва фибрин сақлайди) аниқланади. Қоплама кўчириладиган бўлса, унинг ўрнида чегаралари нотекис яра ҳосил бўлади. Некротик жараённинг тарқалиб кетиши без тўқималарининг парчаланиши ва унинг ўрнида чандиқ ҳосил бўлиши билан асоратланади. Некротик ангина кўпинча ўткир лейкоз, дифтерия (бўғма), скарлатина билан касалланган болаларда кузатилади.
Ангина белгилари
Ангина болаларда катталарга нисбатан оғирроқ кўринишда кечади: тана ҳарорати кўтарилади, аниқ намоён бўлган интоксикация белгилари, тез асоратланиши билан ўзига хосдир. Айниқса болаларда ангинанинг бир шаклидан кейинги шаклига ўтиб кетиши ҳам учраб туради (катарал фолликулярга, фолликуляр лаcунар кўринишига ўтиб кетади). Аммо, кўп ҳолларда жараён авж олмайди.
Болаларда катарал ангина ўткир бошланиши, томоқ ачишиши, қуруқлашиши ва оғриқ ҳисси пайдо бўлиши, ютинганда оғриқ кучайиши билан характерланади. Тана ҳарорати 38-39 оC гача кўтарилиши мумкин, болалар бош оғриғи ва ҳолсизликка шикоят қилади. Тил қуруқ, оқ караш билан қопланган, маҳаллий лимфа тугунлари айтарли даражада катталашмаган ва бироз оғриқли бўлиши мумкин. Катарал ангина одатда 5-7 кун давом этади.
Болаларда фолликуляр ангина аниқ намоён бўлган интоксикация белгилари билан кечади: ҳолсизлик, апатия, иштаҳанинг йўқолиши, артралгия, бош оғриғи каби. Тана ҳарорати юқори кўрсаткичларга кўтарилиши, қайт қилиш, ҳушнинг йўқолиши ва талвасалар ҳам юз бериши мумкин. Томоқ сохасида кучли оғриқ, қулоқ сохасига ҳам тарқалади, бола овқат ейишдан бош тортади. Солликуляр ангина белгилари болаларда 2 сутка давом этади, 3-4-кунларда бола аҳволи яхшилашади (без юзаси тозаланса), аммо ютингандаги оғриқ яна 2-3 сутка безовта қилиб туриши мумкин. Боланинг соғайиб кетиши 7-10 кун ичида рўй беради.
Болаларда лакунлар ангина ҳам интоксикация белгилари билан кечади. Бодомчасимон без инфилтрацияси ва шиши ҳисобига бола оғзини зўрға очади, унинг овози бўғиқлашади. Болалар томоқ сохасида кучли оғриқ ва оғизда ёқимсиз таъм сезишга шикоят қилади. Маҳаллий лимфа тугунлари катталашган ва бола бошини ҳаракатлантирганда оғриқли бўлади. Лаcунар ангинанинг болаларда кечиш муддати 10-14 кунни ташкил этади.
Болаларда вирусли ангина респиратор симптомлар (ринит, йўтал), стоматит, конъюктивит ва ич кетиши билан кечади.
Стрептококклар чақирган ангинанинг энг кўп учрайдиган асоратларига – ревматик эндокардит, носпецифик полиартрит, гломерулонефрит, ютқин абцесслари киради. Герпетик ангина болаларда сероз менингит билан асоратланиши мумкин.
Болаларда ангина диагностикаси.
Болаларда тана ҳарорати кўтарилса ва томоқда оғриқ пайдо бўлса педиатр ёки болалар отоларингологига мурожаат қилиш керак. Ангинага хос бўлган белгилар шифокор томонидан томоқ шиллиқ қаватлари ва бодомчасимон без кўруви, ҳамда маҳаллий лимфа тугунлари палпацияси ёрдамида аниқланади.
Умумий қон анализида – нейтрофил лейкоцитоз, таёқчасимон ядролилар чапга силжиши, ЭЧТ ошиши аниқланади. Ютқиндан олинган суртма текширувида ангина келтириб чиқарган қўзғатувчини аниқлаш мумкин. Зарурият туғилганда серологик текширув (ИФА) ўтказилиши мумкин: микоплазма, кандида, хламидия, герпес вируси ва бошқаларга қарши антитело аниқланади.
Фарингоскопия текширувида бодомчасимон без инфилтрацияси, гиперемиялашганлиги, қоплама ҳосил бўлганлигига асосланиб ангинанинг тури аниқланади. Ангина ҳолатида йирингли қоплама шпател ёрдамида осон кўчади, қонли из қолдирмайди (дифтерия (бўғма) дан фарқли жиҳати шунда).
Болаларда ангина давоси
Енгил ва ўрта оғир даражадаги ангина ҳолатлари амбулатор шароитда даволанади. Касалликнинг оғир кўринишларида болалар касалхона инфекцион бўлимларда даволанишлари мумкин.
Болаларда ангина давосида ётоқ тартибига риоя этиш, беморни алоҳидалаш, буюмлардан индивидуал фойдаланиш (идишлар, сочиқ ва бошқалар), овқатланиш тартибига риоя этиш ва кўп суюқлик ичишга эътибор қаратиш керак.
Болаларда бактериал ангинада қўзғатувчи сезгирлигига асосланган ҳолда – антибиотиклар буюрилади. Антибиотиклар билан биргаликда антигистамин препаратлар, Б гуруҳ витаминлари ва аскорбин кислота, ҳамда иммуномодуляторлар ҳам қўлланилади.
Ангина давосида энг муҳим муолажа: маҳаллий қўлланиладиган антисептик воситалар (нитрофурал, мирамистин, фурацилин) ва доривор ўсимликлар эритмалари (календула, ромашка, шалфей), ҳалқумга аэрозол воситалар сепишдан фойдаланиш самарали усуллар ҳисобланади.
Вирусли ангинада болаларга вирусга қарши препаратлар ва маҳаллий қўлланиладиган интерферон воситалари буюрилади.
Ютқин атрофи абцесслари келиб чиқса – улар жарроҳлик йўли билан очилади ва антисептик воситалар билан ювилади. Агар ангина болаларда қайталанувчи хусусиятга эга бўлса – тонзиллектомия амалиёти бажарилади.
Болаларда ангинанинг оқибати ва профилактикаси
Болаларда стептококкли ангина ўтиб кетадиган бўлса – ЭКГ, умумий сийдик ва қон таҳлили, зарурий ҳолатларда болалар ревматологи, нефрологи ва иммунологи текширувлари талаб этилади. Ўз вақтида аниқланган ва даво муолажалари ўтказилган ҳолда касаллик оқибати ижобийдир, акс ҳолларда касаллик сурункали шаклига ўтиб кетиши, маҳаллий ва умумий асоратлар юзага чиқиш мумкин.
Болаларда ангина профилактикаси – бемор болалар билан контактда бўлмаслик, умумий организм қаршилигини ошириш, йирингли ўчоқларни санация қилиш (йирингни очиб, ичини тозалаш), витаминларга бой бўлган маҳсулотлар истеъмол қилиш каби чора тадбирларни ўз ичига олади.



Ўҳшаш маълумотлар

Болаларда грипп сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда грипп – ўткир инфекция, А, Б, C гуруҳ вируслари томонидан келиб чиқадиган, нафас йўлларининг зарарланиши билан кечадиган ва албатта иккиламчи бактериал асорат қўшилиш даражаси юқори бўлган касаллик....

Болаларда пневмония касаллиги сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда пневмония – ўпка паренхимасининг барча структур функционал бирлигида кечадиган ўткир инфекцион яллиғланишли касаллик. Пневмония болаларда интоксикация белгилари, йўтал, нафас етишмовчилиги каби белгилар билан кечади. Болаларда пневмония...

Болаларда аппендицит сабаблари ва даволаш сирлари

Аппендицит – аппендикснинг ёки кўричак чувалчангсимон ўсимтасининг яллиғланиши. Кўп ҳолларда чувалчангсимон ўсимта ингичка ичакнинг йўғон ичакка ўтиш жойида жойлашади. Аммо, айрим инсонларда чувалчангсимон ўсимта жигар остида, кичик чаноқда ва йўғон...

Қиз болаларда вульвит касаллиги сабаблари ва даволаш сирлари

Қиз болаларда вульвит – ташқи жинсий аъзолар шиллиқ қаватининг ўткир ёки қайталанувчи яллиғланиши. Вульвит қиз болаларда жинсий аъзолар соҳасида қичишиш ва ачишиш, жинсий лаблар, уни ўраб турган терининг шиши ва гиперемияси, ҳамда жинсий йўллардан...

Болаларда гломерулонефрит- сабаблари, белгилари, даволаш ва олдини олиш усуллари

Болаларда гломерулонефрит – буйрак коптокчаларининг ўткир ёки сурункали инфекцион-аллергик яллиғланиш касаллиги. Болаларда ўткир гломерулонефритга учлик белгиси хос: пешоб (олигурия, анурия, гематурия, протеинурия), шиш ва гипертензия. Сурункали...



Фикр қўшиш

Наверх