Болаларда пневмония касаллиги сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда пневмония касаллиги сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда пневмония – ўпка паренхимасининг барча структур функционал бирлигида кечадиган ўткир инфекцион яллиғланишли касаллик. Пневмония болаларда интоксикация белгилари, йўтал, нафас етишмовчилиги каби белгилар билан кечади. Болаларда пневмония ташхиси аускултатив, клиник-лаборатор ва рентгенологик текширувлар асосида қўйилади. Болаларда пневмония давоси анбиотикотерапия, бронхиолитик, тана ҳароратини туширувчи, балғам кўчирувчи, антигистамин препаратлардан фойдаланган ҳолда олиб борилади.
Болаларда пневмония – ўпканинг ўткир инфекцион касаллиги бўлиб, рентгенограммадаги инфильтратив ўзгаришлар ва нафас йўлларининг пастки соҳасидаги зарарланишлар билан намоён бўлади. Пневмониянинг болалар орасида тарқалиш даражаси эрта ёшдаги болаларда ҳар 1000 та боланинг 5-20 тасида, 3 ёшдан катта болаларда ҳар 1000 та боланинг 3 тасида учрайди. Болалар ўртасида пневмония билан касалланиш грипп эпидемиясининг мавсумий тарқалган вақтида кўпайиб кетади. Нафас йўлларининг барча касалликлари ичида пневмония 1-1,5 % ни ташкил этади. Диагностика фармокотерапиянинг ривожланганлигига қарамай пневмония асорати қолиши ва оғир кўринишларида ўлим ҳолати қайд этилиши ҳали ҳануз стабил юқори ҳолатда турибди. Буларнинг барчаси педиатрия ва болалар пулмонологияси соҳасида пневмонияни ўрганиш долзарб мавзу эканлигидан далолат беради.

Болаларда пневмония классификацияси
Пневмониянинг клиник кўриниши, рентгенологик тасвир, оғирлик даражаси, касаллик давомийлиги, этиологияси ва бошқа жиҳатларини эътиборга олиб турли хил классификацияси бор.
Боланинг касалланиш шароитига қараб: шифохонадан ташқари ва шифохона ичи, ҳамда туғма пневмониялар фарқланади;

Шифохонадан ташқари, пневмония уй шароитида, ЎРВИ касалликлари асорати сифатида ривожланади. Шифохона ичи пневмонияси бола шифохонага келганидан 72 соат ўтиб ва бола шифохонадан чиқарилгандан 72 соат ўтгандан кейин касалланишидир. Шифохона ичи пневмонияси болаларда оғир кечади ва оқибати салбий бўлади. Чунки касалхона ичида пневмония чақирувчи бактериялар антибиотикларга чидамлилиги юқори бўлади. Иммун танқис болаларда туғилганидан 72 соат ичида касалланиши туғма пневмония дейилади.
Болаларда рентгеноморфологик белгиларга қараб пневмония қуйидагича бўлиши мумкин:
Ўчоқли – инфильтрат ўчоғи 0,5-1 см катталикда, бир ёки бир неча ўпка сегментларида жойлашади, баъзида билатерал ҳолда намоён бўлади. Ўпка тўқимасининг яллиғланиши катарал характерга эга бўлади, алвеола бўшлиғида сероз экссудат тўпланиши билан кечади.
Сегментар – ўпканинг бутун сегменти яллиғланиши ва унинг ателектази билан кечадиган пневмония тури. Сегментар пневмония кўпинча болаларда чўзилган пневмония кўринишида бўлади ва оқибати ўпка фибрози ёки деформацияланувчи бронхит билан тугайди.
Крупоз (тарқоқ) – яллиғланишнинг гиперергик кўриниши, лобар ёки сублобар жойлашувга эга бўлган, плевра ҳам зарарланиши билан кечадиган пневмония (плевропневмония).
Интерситсициал – ўпка интерсициал (бириктирувчи) тўқимасининг инфилтрацияси ва пролиферацияси бўлиб, у ўчоқли ёки диффуз кўринишида бўлади. Интерсициал пневмония кўпинча пневмоцисталар, вируслар, замбуруғлар таъсири натижасида келиб чиқади.
Пневмониянинг оғирлик даражаси бўйича: асоратсиз ва асоратли турлари фарқланади. Асоратли пневмонияда нафас етишмовчилиги, ўпка шиши, плеврит, ўпка паренхимаси деструкцияси (абцесс, гангрена), экстрапулмонал септик ўчоқ, юрак-қон томир тизими бузилиши ва бошқалар кузатилади.
Болаларда пневмония кечиши бўйича: ўткир ёки чўзилган бўлиши мумкин. Ўткир пневмония 4-6 ҳафта давом этса, чўзилган пневмония яллиғланишнинг клиник-рентгенологик белгилари 1,5 ойгача сақланиб қолади.
Этиологияси бўйича пневмония вирус, бактериал, замбуруғли, паразитар, микоплазма, хламидия ва аралаш турларига бўлинади.
Болаларда пневмония келиб чиқиши сабаблари
Болаларда пневмония этиологияси уларнинг ёши ва боланинг зарарланиш шароитига қараб фарқланади.
Янги туғилган чақалоқларда пневмония келиб чиқиши асосан ҳомила ичи ёки шифохона ичи инфекциялари билан боғлиқ. Туғма пневмония кўпинча оддий герпес вирусининг 1 ва 2 тип, ситомегаловирус, хламидиялар сабабли ривожланади. Касалхона ичи пневмониясини келтириб чиқарувчи патогенлар ичида асосий ўринни Б гуруҳ стрептококклари, тилларанг стафилококк, ичак таёқчаси, клебсиеллалар эгаллайди. Чақалоқлар орасида пневмония келиб чиқишига – грипп, парагрипп, қизамиқ ва бошқа вирусларнинг ҳам ўрни катта.
Бир ёшгача бўлган болалар касалхона ташқариси пневмонияси келиб чиқишида пневмококклар (70-80 % ҳолларда), гемофил таёқчалар, марокселла ва бошқаларнинг ўрни катта. Мактабгача бўлган ёшда пневмония келиб чиқишига гемофил таёқча, ичак таёқчаси, протеялар, клебсиелла, энтеробактерия, кўк йиринг таёқчаси ва тилларанг стафилокок анъанавий патоген ҳисобланади. Мактаб ёшидаги болаларда ўпканинг типик яллиғланиши билан бир қаторда атипик пневмониялар ҳам учраб туради.
Болаларда пневмония ривожланишида хавф омилларига чала туғилганлик, гипотрофия, иммун танқислик, стресс, совуқ қотиш, сурункали инфекция ўчоқлари (кариес, гайморит, тонзиллит) киради.
Ўпкаларга инфекция ҳаво-томчи йўли билан киради. Аспирацион пневмония ривожланиши бурун-ютқин йўллари шиллиғи, қайт қилгандаги озиқ маҳсулотлари, гастроэзофагеал рефлюкс, дисфагия натижасида келиб чиқади. Ўпкадан ташқари инфекция ўчоғидан гематоген йўл билан ўпка тўқимасининг зарарланиши ҳам кузатилади.
Шифохона ичи пневмонияси болаларда трахеал аспирация ва бронхоалвеоляр лаваж, ингаляция, бронхоскопия ўтказилганда ҳам ривожланиши мумкин.
Бактериал инфекциянинг “ўтказувчиси” бўлиб вируслар хизмат қилади, вируслар нафас йўллари шиллиқ қаватини зарарлайди, эпителийнинг барьер функциясини пасайтиради, шиллиқ ажралишини кўпайтиради, маҳаллий иммунитетни пасайтиради ва терминал бронхларга инфекция киришини осонлаштиради. У жойда микроорганизмларнинг тез кўпайиши ва яллиғланиш жараёни бошланиши, ўпка тўқимасининг зарарланиши кузатилади. Йўтал вақтида балғам жойидан кўчиб катта ўлчамдаги бронхларга тушади ва улардан бошқа респиратор бронхиолаларга ўтади, натижада янги яллиғланиш ўчоқлари пайдо бўлади.
Яллиғланиш ўчоғи пайдо бўлишида бронхлар обструкцияси ва ўпка тўқимасининг гиповентиляцияси муҳим аҳамиятга эга. Микроциркуляциянинг бузилиши, яллиғланиш инфилтрацияси ва интерсициал шиш натижасида газ алмашинуви бузилади, гипоксемия, респиратор ацидоз ва гиперкапния келиб чиқади, натижада нафас етишмовчилиги ривожланади.
Болаларда пневмония белгилари
Болаларда ўчоқли пневмония клиник белгилари ЎРВИ нинг 5-7 кунларида намоён бўлади. Умумий инфекцион симптомлар фебрил тана ҳарорати (>38 оC), интоксикация белгилари (ҳолсизлик, уйқу бузилиши, тери қопламаларининг рангпарлиги, иштаҳанинг пасайиши, кўкрак ёшидаги болаларда қайт қилиш) кўринишида намоён бўлади. Болаларда пневмониянинг респиратор белгиларига йўтал (нам ёки қуруқ), ҳансираш, периорал цианоз, баъзида нафас олишда ёрдамчи мушаклар ҳам қатнашиши, қовурғалар аро мушаклар тортилиши киради.
Сегментар пневмониянинг болаларда кечиши тана ҳароратининг кўтарилиши, интоксикация ва нафас етишмовчилигининг турли даражалари билан намоён бўлади. Соғайиш жараёни 2-3 ойгача чўзилиши мумкин. Кейинчалик яллиғланган соҳада сегментар фиброателектаз ёки бронхоэктаз шаклланиши мумкин.
Крупоз пневмония белгилари жадал ривожланиши, юқори тана ҳарорати, йўтал вақтида кўкрак қафасида оғриқ, сезиларли нафас етишмовчилиги кўринишида намоён бўлади. Кўп ҳолларда болаларда пневмониянинг абдоминал белгилари ҳам кузатилади, яъни қайт қилиш, қорин соҳасида оғриқ ва қорин парда қўзғалиши белгилари.
Болаларда интерсициал пневмонияда нафас етишмовчилиги белгилари ривожланиши белгилари кузатилади: ҳансираш, цианоз, қийинчилик билан йўталиш, нафас олишнинг заифлашуви. Кўп ҳолларда ўнг қоринча юрак етишмовчилиги белгилари ҳам шаклланади.
Болаларда пневмония асоратлари қуйидагилар бўлиши мумкин: инфекцион-токсик шок, ўпка тўқимаси абцесси, плеврит, плевра эмпиемаси, пневмоторакс, юрак-қон томир етишмовчилиги, респиратор дистресс-синдроми, полиорган етишмовчилик, ДВС-синдроми.
Болаларда пневмония диагностикаси
Пневмония диагностикаси умумий симптоматик белгилар, ўпкадаги аускултатив ва рентгенологик ўзгаришлар асосида олиб борилади. Физикал текширувда перкутор товуш сусайганлиги, нафас олишнинг заифлашуви, майда пуфакли хириллаш ёки крепитация шовқинлари эшитилади.
Пневмонияни аниқлашда “олтин стандарт” – ўпканинг рентгенологик текшируви ҳисобланади. Ўпкада яллиғланиш жараёнини кўрсатиб беради.Этиологик диагностика эса ўз ичига қуйидагиларни қамраб олади: томоқ ва бурун шиллиқ қаватидан вирусологик ва бактериологик текширув учун суртма олиш, балғам бактериал экмаси, ИФА ва ПЗР усуллари.
Гемограммда яллиғланишга хос бўлган ўзгаришлар аниқланади: нейтрофил лейкоситоз, ЭЧТ ошиши. Оғир кўринишли пневмония билан касалланган болаларда қон биокимёвий текшируви (жигар ферментлари, электролитлар, креатинин ва мочевина) ҳам ўтказилади.
Болаларда пневмонияни ЎРВИ, ўткир бронхит, бронхиолит, туберкулёз (сил), муковисидоздан фарқлаш керак. Одатий ҳолларда болаларда пневмония маҳаллий педиатр томонидан аниқланади. Гумонли ҳолатларда болалар пулмонологи ва фтизиатри кўриги керак бўлади. Кўрсатмага биноан ўпка компьютер томографияси ва фибробронхоскопия текширувлари ўтказилиши мумкин.
Болаларда пневмония давоси
Болаларни пневмония билан шифохонага қабул қилиш учун асос қуйидагилар бўлиши мумкин:
3 ёшгача бўлган болалар, икки ёки ундан ортиқ ўпка бўлакларининг яллиғланиши, нафас етишмовчилиги, плеврит, оғир энцефалопатия, гипотрофия, юрак туғма нуқсонлари, ўпканинг сурункали патологиялари (бронхиал астма, бронхо-ўпка дисплазияси), сурункали буйрак касалликлари (гломерулонефрит, пиелонефрит) ва иммун танқис ҳолатлар.
Болаларда пневмониянинг асосий даво усули симптоматик ва этиптроп (антибактериал даво) муолажалардир. Антибиотиклар билан даволанишнинг 36-48 соат ичида натижаси билинмаса, бошқа антибактериал препарат буюрилади.
Симптоматик ва патогенетик давода тана ҳароратини туширувчи, муколитик, бронхиолитик, антигистамин препаратларидан фойдаланилади. Тана ҳарорати тушганидан сўнг физитерапия ўтказса ҳам бўлади: индуктометрия, электрофорез, ингаляциям кўкрак қафаси массажи, перкутор массаж.
Болаларда пневмония оқибати ва профилактикаси
Болаларда пневмонияни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш натижаси ижобий ҳисобланади. Оқибати салбий пневмония ҳолатлари – кўп вирулентликка эга бўлган микроорганизм томонидан чақирилган бўлса ва йирингли-деструктив жараён аралашган бўлсагина кузатилади. Пневмониянинг чўзилган шакли сурункали бронхо-ўпка касалликлар шаклланишига сабаб бўлиш эҳтимоли бор.
Болаларда пневмониянинг профилактикасига – болаларни яхши парвариш қилиш, ЎРВИ билан касалланмаслик, ЛОР-касалликларини даволаш, грипп, пневмококк, гемофил инфекцияга қарши эмланиш киради. Барча пневмония билан касалланган болалар маҳаллий педиатр рўйхатида туради ва кўкрак қафаси ренгенологик текшируви, болалар пулмонолог, аллерголог-иммунолог ва болалар ЛОР шифокори кўригидан ўтиб туришлари керак бўлади (1 йил давомида).



Ўҳшаш маълумотлар

Болаларда аппендицит сабаблари ва даволаш сирлари

Аппендицит – аппендикснинг ёки кўричак чувалчангсимон ўсимтасининг яллиғланиши. Кўп ҳолларда чувалчангсимон ўсимта ингичка ичакнинг йўғон ичакка ўтиш жойида жойлашади. Аммо, айрим инсонларда чувалчангсимон ўсимта жигар остида, кичик чаноқда ва йўғон...

Қиз болаларда вульвит касаллиги сабаблари ва даволаш сирлари

Қиз болаларда вульвит – ташқи жинсий аъзолар шиллиқ қаватининг ўткир ёки қайталанувчи яллиғланиши. Вульвит қиз болаларда жинсий аъзолар соҳасида қичишиш ва ачишиш, жинсий лаблар, уни ўраб турган терининг шиши ва гиперемияси, ҳамда жинсий йўллардан...

Болаларда гломерулонефрит- сабаблари, белгилари, даволаш ва олдини олиш усуллари

Болаларда гломерулонефрит – буйрак коптокчаларининг ўткир ёки сурункали инфекцион-аллергик яллиғланиш касаллиги. Болаларда ўткир гломерулонефритга учлик белгиси хос: пешоб (олигурия, анурия, гематурия, протеинурия), шиш ва гипертензия. Сурункали...

Рахит касаллиги – келиб чиқиш сабаблари, босқичлари, клиник белгилари ва даражалари (1-қисм)

Рахит – 2 ёшгача бўлган болаларда учрайдиган патологик ҳолат. Бу касалликнинг бошқача номи – “англияликлар касаллиги”, олдинги вақтларда Англия мамлакатида кўп учраганлиги туфайли шундай ном олган. Рахит келиб чиқишига сабаб Д витамин етишмаслиги, Д...

Болаларда гипотиреоз сабаблари ва даволаш сирлари усуллари

Болаларда гипотиреоз – эндокрин касаллик бўлиб, тиреоид гормонларининг қалқонсимон бездан кам ажралиб чиқиши ёки бу гормонларнинг ҳужайраларга таъсир этмаслик ҳолатидир. Болаларда гипотиреоз ҳолсизлик, тормозланиш, мушаклар гипотонияси, тишлар...



Фикр қўшиш

Наверх