
Аппендицит – аппендикснинг ёки кўричак чувалчангсимон ўсимтасининг яллиғланиши. Кўп ҳолларда чувалчангсимон ўсимта ингичка ичакнинг йўғон ичакка ўтиш жойида жойлашади. Аммо, айрим инсонларда чувалчангсимон ўсимта жигар остида, кичик чаноқда ва йўғон ичак кўтарилувчи қисми бўйлаб жойлашиши мумкин. Бундан ташқари, кўричак соҳаси фақатгина қорин бўшлиғининг ўнг томонида жойлашмайди, балки чап ёнбош соҳада ҳам жойлашадиган ҳолатлар бор. Аппендицит кўпроқ катта ёшли инсонларда келиб чиқади, аммо бу мақолада биз болаларда кўричак келиб чиқиш сабаби, улардаги белгилар ва даво чоралари ҳақида батафсил ёритамиз.
Аппендицит келиб чиқиши сабаблари
Ааппендицит келиб чиқишида хавф омиллари ич қотиши, дисбактериоз ва гижжалар инвазияси, ҳамда жуда кўп ширинлик истеъмол қилишдир.
Кўричак чувалчангсимон ўсимтаси (аппендикс) нинг функцияси тўлиқ ўрганилмаган ва унинг яллиғланиши нима сабабдан рўй бериши ҳам аниқ эмас. Аппендикснинг яллиғланиши шу соҳада ёт жисм тўпланиши ва ичак микрофлорасининг таъсири натижасида келиб чиқади деб ҳисобланади. Обструкция (жисм тўпланиши) нажасли тош, гельминтлар, ёт жисмнинг ичак бўшлиғида тўпланиб қолиши натижасида келиб чиқади.
Аппендикс бўшлиғининг беркилиб қолиши ва ичаклар билан боғлиқлиги узилиши – шу соҳада жойлашган лимфа тугунларининг катталашиши сабабли ҳам келиб чиқиши мумкин. Туғма аномалия ҳолатларида аппендикснинг буралиб ёки эгилиб жойлашиши ва шу жойда ичак микрофлорасининг бўлиши ҳам яллиғланиш эҳтимолини оширади.
Чувалчангсимон ўсимтага микроблар қон ёки лимфа оқими билан бориши мумкин, ангина, отит, ЎРВИ ва бошқа касалликлар ўтказган болаларда аппендикснинг яллиғланиши ҳам кузатилган. Айрим гуруҳ инфекциялар – иерсиниоз, сил таёқчалари, қорин тифи ва бошқалар аппендицитга тўғридан тўғри сабабчи бўлиши ўрганилган.
Бактериялар чувалчангсимон ўсимта бўшлиғида тез кўпаяди ва яллиғланишга сабаб бўлади, шиллиқ синтезланиши кўпаяди, шиш келиб чиқади ва ичакда веноз димланиш юзага келади. Унинг оқибатида чувалчангсимон ўсимта некрозга учраши, аъзо девори ёрилиши ва ичакдаги барча массалар (йиринг, нажас) қорин бўшлиғига тушиб – перитонит чақириши мумкин.
Болаларда аппендицит ривожланишида хавф омиллари ич қотиши, гижжалар инвазияси, кўп овқат истеъмол қилиш, ширинликларга муккасидан кетиш, дисбактериоз ва овқат билан бирга етарлича клетчатка тушмаслиги бўла олади.
2 ёшгача бўлган болаларда аппендицит кам учрайди (янги туғилган чақалоқларда ҳам ривожланиши мумкин). Бу албатта боланинг овқатланиш тартиби ва чувалчангсимон ўсимтада лимфа тугунларининг етарлича шаклланмаганлиги билан боғлиқ. Болаларда аппендикс кенг ва калта бўлганлиги сабаби, у жойда тўпланган жисмлар ичакка қайтиб тушиши осон бўлади. Боланинг 6 ёшлигидан бошлаб аппендикс торайиб, узунлашади ва шу жойдаги лимфа тугунлари катталашади, аъзо яллиғланиш эҳтимоли ортади.
Болаларда аппендицит классификацияси
Аппендицитнинг ўткир ва сурункали шакллари фарқланади.
Ўткир аппендицитнинг қуйидаги турлари бор:
Аппендикулар хуруж: чувалчангсимон ўсимтанинг кучсиз яллиғланиши, 3-4 соат ичида бу жараён ўтиб кетади;
Катарал аппендицит: оддий, чувалчангсимон ўсимтанинг юзаки яллиғланиши, бунда аъзо тўқималари бузилмайди;
Деструктив аппендицит:
Асоратли аппендицит.
Флегмоноз аппендицит (перфорация билан ёки перфорациясиз): чувалчангсимон ўсимтанинг йирингли яллиғланиши, шиллиқ қават зарарланиши ва у ерда йиринг тўпланиши билан намоён бўлади. Бунда чувалчангсимон ўсимта кулранг тусга киради;
Гангреноз аппендицит (перфорация билан ёки перфорациясиз): аппендикс қон томирлари тромбози натижасида келиб чиқади, чувалчангсимон ўсимтанинг яшил-қорайган рангли бўлиши ва бадбўй ҳид келиши, боланинг умумий аҳволи оғирилашиши билан намоён бўлади.
Болаларда аппендицит белгилари
Болаларда аппендицит белгилари боланинг ёши, аппендикснинг жойлашуви, яллиғланиш тури ва даражасига боғлиқ бўлади.
Кичик ёшдаги болалар ҳолсиз, ўйинлар ўйнашга иштиёқи йўқ, овқат ейишдан бош тортадиган бўлиб қоладилар. Аппендицитнинг энг асосий белгиси – оғриқдир. Болакайлар кўпинча оғриқли соҳаларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилишади: чап ёнбош соҳага ётади, оёқларини тиззасидан букиб олади, болани қўлга олганингизда йиғлайди, қорин соҳасини кўрувдан ўтказмоқчи бўлганингизда қаршилик кўрсатади, қўллари билан итаради.
Бола тана ҳарорати 38 оC гача кўтарилади, баъзида ундан ҳам баланд кўрсаткичда бўлади. Бола рангпар, юрак уриши тезлашган, қайт қилиш ва ич кетиши кузатилади. Бола қанча кичик бўлса, шунча кўп маротаба қайт қилади, организм тез сувсизланади.
Аппендицитни 3-4 ёшли болаларда аниқлаш қийинчилик туғдиради: касаллик тўсатдан бошланади, ҳар доим ҳам типик намоён бўлавермайди, баъзида чақмоқсимон белгилар билан намоён бўлади. Болалар оғриқ соҳасини аниқ кўрсатиб бера олишмайди, кўпинча қўллари билан киндик соҳасида ёки бутун қорин соҳасида оғриқ борлигини кўрсатишади.
Болаларда юқорида санаб ўтилган белгиларнинг барчаси ҳам кузатилмайди, аппендиксда яллиғланиш жараёни белгиларсиз ҳам ривожланиши мумкин, бунда бир неча соатлар ичида перитонит келиб чиқади. Бундай ҳолатда оғриқ бутун қорин соҳаси бўйлаб тарқалади, бола рангпар, тана ҳарорати 40 оC гача кўтарилади, қорин шишган, ич қотиши кузатилади.
Энг хавфли жиҳати шундаки, ота-оналар бундай ёшда аппендицит учрамайди, деб ўйлашади ва боладаги ҳолатни овқат билан боғлашади (овқатдан заҳарланиш, кўп еб юбориш). Ҳаттоки, айрим ота-оналар мустақил равишда даво чораларини қўллай бошлайдилар. Жарроҳлик амалиёти ўтказилмаса, чувалчангсимон ўсимта ёрилиши (25-50 % болаларда кузатилади), натижада шифохонада узоқ муддат даволанишга тўғри келади.
Бола 6-7 ёшда қорин соҳасидаги оғриқли нуқтани кўрсата олади. Классик кўринишда оғриқ аввал киндик атрофида пайдо бўлади, кейин (2-3 соат ўтиб) ўнг қовурға ости соҳасига кўчади. Аппендикснинг жигар остида жойлашувида оғриқ ўнг қовурғалар орасида, кўричак орқа соҳасида жойлашганда эса оғриқ бел соҳасида, аппендикснинг чаноқ соҳасида жойлашувида оғриқ қов симфизи соҳасида ёки унинг тепа соҳасида пайдо бўлади.
Аппендицитда оғриқ характери доимий бўлади, бунинг натижасида уйқу бузилиши, боланинг ҳолсизлиги, овқатдан бош тортиши, қайт қилиш, ич қотиши келиб чиқади.
Тана ҳарорати 37,5 оC дан юқори, баъзида жуда юқори кўрсаткичда ёки нормал ҳолатда ҳам бўлиши мумкин. Каттароқ ёшдаги болаларда пульс сони ва тана ҳарорати нисбати ўзгаради. Одатда тана ҳарорати 1 градусга кўтарилса пульс сони 10 тага ошади. Аппендицитда эса пульс сони тана ҳароратига нисбатан кўроқ ошиб кетади.
Аппендикснинг чаноқ соҳасида жойлашишида аппендицит келиб чиққан ҳолатларда – пешоб ажралишининг кўпайиши кузатилади. Катарал аппендицитда тил нам, тил илдизи оқ караш билан қопланган, флегмоноз турида тил нам, аммо тил бутунлай оқ караш билан қопланади, гангреноз кўринишида эса тил қуруқ ва тўлиқ оқ караш билан қопланган бўлади.
Аппендицитнинг энг кўп қайд этиладиган бола ёши 9-12 ёшлар оралиғидир. Кўп ҳолатларда аппендицит классик кўринишда намоён бўлсада, болаларда катталарга нисбатан аппендицит ташхисини қўйиш қийинроқ. Бундай ёшдаги болалар қоринда оғриқ келиб чиқса ҳам мактабга боришда давом этишади. Аммо, яллиғланиш жараёни кучайиб боради ва боланинг умумий аҳволи тўсатдан оғирлашади, аппендицит асоратланган ҳолатга ўтади.
Болалар орасида сурункали аппендицит жуда кам учрайди. Бунда қайталанувчи аппендицит белгилари келиб чиқади, яъни вақти вақти билан тана ҳарорати ошиб, қайт қилиш кузатилади.
Аппендицит асоратлари
Асоратлардан қочиш учун ўз вақтида жарроҳлик амалиёти ўтказилиши керак. Агар аппендицит ўз вақтида даволанмаса, бир қатор асоратлар келиб чиқиши мумкин:
Перфорация – аъзонинг ёрилиши, бунинг натижасида перитонит (қорин парданинг яллиғланиши) келиб ҳиқади;
Аппендикуляр инфильтрат – чегараланган перитонит, ичак қовузлоқлари, чарви ва қорин парда билан ўралиб қолиши;
Аппендикуляр абцессс – чегараланган йирингли ҳосила, чувалчангсимон ўсимта соҳасида ёки ундан узоқроқда ҳам пайдо бўлиши мумкин;
Ичак тутилиши;
Сепсис – яллиғланган аъзодаги микроорганизмларнинг қонга тушиши ва турли аъзоларга тарқалиши.
Болаларда аппендицит диагностикаси
Шифокор қорин бўшлиғи палпациясида ўнг қовурға ости соҳасида оғриқли нуқтани аниқлайди, ҳамда аппендицит учун хос бўлган бир нечта симптомлар мусбат бўлади. Аппендицит диагностикасида қуйидаги усуллардан фойдаланилади:
Бола қорин соҳаси палпацияси;
Лаборатор текширувлар – қон ва пешоб умумий анализи, кўрсатмага биноан нажас таҳлили, копрограмма;
Инструментал текширувлар: қорин бўшлиғи, кичик чаноқ аъзолари УТТ (УЗИ) текшируви, электромиография, ташхис қўйишда қийинчиликлар келиб чиқса қорин бўшлиғи аъзолари рентгенографияси ёки компьютер томографияси текширувлари ўтказилади, ҳамда аниқ диагноз қўйиш учун лапроскопия амалиёти бажарилади;
Балоғатга етган қизларда болалар гинекологи текшируви ҳам керак бўлади.
Қорин соҳаси кўруви ва палпациясида оғриқ тарқоқлиги ёки маҳаллий кузатилиши, нафас олишда қорин мушакларининг ортда қолаётган қисми, қорин мушаклари қаттиқлашуви, ҳамда қорин пардани қўзғатувчи махсус симптомлар (Шеткин-Блюмерг, Воскресенский, Ровсинг симптомлари) дан фойдаланилади.
Ота-оналар аппендицитни мустақил равишда аниқлашлари мумкин эмас: юқоридаги белгиларни аниқлаш ва синамаларни ўтказиш учун малакали шифокор ёрдами керак бўлади. Кичик болакайларда белгиларни аниқлаш учун унинг ухлаётган вақтидан ҳам фойдаланилади.
Қон анализида аппендицит ҳолатида лейкоцитлар сони ошганлиги, нейтрофиллёз кузатилаётгани аниқланади. Пешоб анализида сийдикда эритроцитлар, лейкоцитлар, оқсил топилиши мумкин.
Кичик ёшдаги болаларда қорин мушаклари таранглашганлигини аниқлаш учун электромиография усули ўтказилиши мумкин. Аппендицитни аниқлашда энг ишонарли текширувлардан бири (95 % гача аниқлик): УТТ (УЗИ) текшируви ҳисобланади. Бу текширув нафақат аппендицитни, балки қорин бўшлиғида тўпланган суюқлик ҳажми, инфильтратлар ва абцессларни ҳам аниқлашда ёрдам беради.
Баъзида ташхис қўйиш учун шифохона назоратида бола 6-12 соат ичида кузатилади.
Аппендицит давоси
Ота-оналар учун асосий қоидалар:
Қоринда ҳар қандай оғриқ келиб чиқса мустақил равишда оғриқ қолдирувчи воситалардан фойдаланманг – бу аниқ ташхис қўйишда қийинчиликлар туғдиради;
Болага юмшатувчи препаратлар бериш ва клизма қилиш мумкин эмас;
Оғриқли соҳага иссиқ ҳам совуқ ҳам қилиб бўлмайди, улар яллиғланиш жараёни тезлашишига олиб келади;
Болага кўп суюқлик ичирманг: агар аппендицит диагнози тасдиқланса бола наркоз остида бўлиши ва жарроҳлик амалиёти ўтказилиши учун овқат ейиш ва сув ичиш мумкин эмас. Агар бола жуда чанқаса лабларини пахтага сув шимдирилган ҳолда намлаб туринг;
Қоринда оғриқ келиб чиқса кечиктирмасдан, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
Аппендицит ташхиси қўйилгандан кейин – сурункали ёки ўткир бўлишидан қатъий назар жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Жарроҳлик амалиёти икки хил усулда: анъанавий очиқ усул ёки лапроскопик усулда олиб борилади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам умумий наркоз берилади.
Жарроҳлик амалиёти 30-60 дақиқа давом этиши мумкин. Ўз вақтида ўтказилган даво оқибати ижобийдир. Операциядан сўнг болакайга суюқлик ичириш мумкин эмас, лабларини ҳўллашингиз мумкин. Овқат таркиби ҳам шифокор томонидан буюрилади. Асоратлар келиб чиқмаса болага 5-8 кун ичида уйга кетишга рухсат берилади.
Лапроскопик усул самарали ҳисобланади, чунки бу усул кам жароҳатлидир: жарроҳ кичик ҳажмда кесади ва махсус асбоблар ёрдамида яллиғланган аппендикс олиб ташланади. Болакай бу каби жарроҳлик амалиётидан кейин тез тикланади. Аммо, аппендицитнинг асоратли кўринишларида очиқ усулдан фойдаланилади.
Аппендицитнинг деструктив кўринишида жарроҳлик амалиётидан аввал 2-4 соат ичида бола операцияга тайёрланади: инфузион терапия (интоксикацияни бартараф этиш учун вена ичига суюқликлар юборилади) ва антибиотиклар буюрилади. Касалликнинг бу кўринишида жарроҳлик амалиёти бироз қийинроқ ва операциядан сўнг бола шифохонада узоқроқ даволанади. Бола уйга кетишга рухсат берилганидан сўнг ота-онаси томонидан доимо назорат остида бўлиши керак, тана ҳарорати кўтарилганда ва бошқа белгилар намоён бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат этиш талаб этилади.
15-20 % болаларда аппендицит перфорациясида (ёрилишида) операциядан кейинги асоратлар келиб чиқиши кузатилади (қорин бўшлиғида абцесс шаклланади). Бундай асоратларни даволаш индивидуал ёндошган ҳолда олиб борилади (қорин бўшлиғидан йиринглаган ҳосила олиб ташланади, антибиотиклар юборилади ва дезинтоксикацион терапия олиб борилади). Деструктив аппендицитдан кейин спайкали касаллик ривожланиши ҳам мумкин.
Болаларда аппендицит туфайли ўлим кузатилиш даражаси 0,1-0,3 % ни ташкил қилади.
Аппендицит профилактикаси
Ота-оналар томонидан болакай овқатланиш тартиби, ичаклари бўшалиши, сурункали ва ўткир касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш талаб этилади.
Қайси шифокорга мурожаат этиш керак?
Болада давомли қорин оғриғи кузатилса “Тез тиббий ёрдам”га мурожаат этиш керак. Шифохонада бола жарроҳ, анестезиолог, гинеколог, УТТ (УЗИ) диагностикаси мутахассиси кўригидан ўтади. Кўрсатма бўлса жарроҳлик амалиёти ўтказилади.