
Қиз болаларда вульвит – ташқи жинсий аъзолар шиллиқ қаватининг ўткир ёки қайталанувчи яллиғланиши. Вульвит қиз болаларда жинсий аъзолар соҳасида қичишиш ва ачишиш, жинсий лаблар, уни ўраб турган терининг шиши ва гиперемияси, ҳамда жинсий йўллардан турли хил ажралмалар келиши билан намоён бўлади. Қиз болаларда вульвит касаллиги диагнози умумий кўрик, вульвоскопия ва вагиноскопия, суртма микроскопик текшируви, жинсий аъзолардан келаётган ажралма бактериал текшируви ва бошқаларга асосланган ҳолда қўйилади. Вульвит давосида маҳаллий ванналар қабул қилиш, УБН (ультра бинафша нурланиш) жинсий аъозлар соҳасида, турли хил мазлар қўллаш, тизимли давода эса яллиғланиш жараёнини келтириб чиқарувчи омилга қарши курашиш каби чора тадбирлар ўтказилади.
Қиз болаларда вульвит – ташқи жинсий аъзолар яллиғланиш жараёни бўлиб, бунда уятли лаблар, клитор, сийдик чиқарув каналининг ташқи қисми ҳамда қиннинг кириш дарвозасида муаммолар келиб чиқади. Болаларда айниқса, қин ва вульва соҳасида яллиғланишнинг биргаликда кечиши кўп кузатилади (вульвовагинит). 1 ёшдан 8 ёшгача бўлган қиз болалар орасида вульвит ва вульвовагинит гинекологик касалликлар ичида энг кўп қайд этиладиган патология ҳисобланади. Болалар гинекологиясида яллиғланиш билан кечадиган касалликлар барча патологияларнинг 65-70 % қисмини ташкил этади. Қайталанувчи вульвит ва вульвовагинит қиз болаларда келажакда ҳайз сиклининг бузилиши, жинсий ҳаёт, фарзанд кўриш қобилияти камайишига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, узоқ давом этувчи яллиғланиш жараёни гипоталамо-гипофизар-тухумдон тизимида ҳам ўзгаришларга олиб келади.
Қиз болаларда вульвит келиб чиқиш сабаблари
Кичик ёшдаги қиз болаларда вульвит келиб чиқиши – уларнинг жинсий аъзолари анатомик-физиологик ўзига хослиги билан боғлиқ. Энг аввало, янги туғилган қиз болалар жинсий йўллари стерил ҳолда бўлишини қайд этиб ўтиш лозим. Қиз бола дунёга келганидан сўнг 5-7 кун ўтиб жинсий аъзоларда шартли-патоген микрофлора пайдо бўлади. Бола ҳаётининг 1 йилида қин муҳити кучсиз ишқорий ёки нейтрал (pH 7,0) бўлади, суртма олиб текширилаганда лейкоцитларнинг микрофлора билан аралаш ҳолда аниқланади. Жинсий етилиш бошланадиган ёшда (8-9 ёш) қинда лактобактериялар келиб жойлашади, қин эпителийси гликоген ишлаб чиқара бошлайди, қинда кислотали муҳит келиб чиқади (pH 4,0-4,5). Қиз бола ҳайз кўришни бошлагандан сўнг, жинсий аъзолар микрофлораси катта ёшдаги аёллар каби бўлади.
Жинсий йўлларга инфекция тушиши маҳаллий ҳимоя функцияни пасайиши (иммуноглобулин А, лизоцим, фагоцитар, коплемент тизим синтези камаяди), терининг бактериосит хусусияти сусайишига олиб келади.
Қиз болаларда вульвит келиб чиқишида инфекциялар – носпецифик (шартли-патоген аэроб ва анаэроб флора, вируслар, замбуруғ ва содда ҳайвонлар) ёки специфик (гонококк, хламидия, микобактерия, сил таёқчаси, бўғма таёқчаси ва бошқалар) бўлиши мумкин.
Специфик инфекция кичик ёшларда турли хил йўллар билан жинсий йўлларга кириши мумкин: хўжалик-маиший йўл (гигиенага риоя қилинмаганда, умумий фойдаланилган воситалар орқали), янги туғилган қиз болаларда эса плацента (йўлдош) орқали туғруқ жараёнида, она жинсий йўллари зарарланган бўлса юқиши мумкин.
Гижжалар инвазияси сабабли қиз болаларда вульвит келиб чиқиши ҳам кўп учрайди (энтеробиоз), бундан ташқари ёт жисмлар (чанг, қум, ҳашаротлар) кириши, иккиламчи инфекция таъсирида организм ҳимоя функциясининг пасайиши (масалан, бўғма, сурункали тонзиллит, кариес ва бошқалар) натижасида ҳам вульвит юзага чиқиши мумкин.
Замбуруғлар таъсири натижасида келиб чиқадиган вульвит кўп ҳолларда – узоқ муддат давом этувчи антибиотик даво, гиповитаминоз, иммун танқис ҳолатлар, эндокрин тизимидаги ўзгаришлар (биринчи навбат қандли диабет) оқибатида ривожланади. Қиз болалар жинсий аъзолари – грипп, герпес, парагрипп, аденовирус, ситомегаловирус, папилломавирус ва бошқа вируслар таъсирида ҳам яллиғланиши мумкин. Кам ҳолларда аллергик (атопик) вульвит ҳам учрайди, бунда организм айрим маҳсулотларга (цитрус мевалар, шоколад ва бошқалар), гигиеник совун ва ювувчи воситалар, ҳамда тагликларга сезгирлиги ошиб кетади. Кўкрак ёшидаги қиз болаларда эса дерматит ҳам жинсий аъзоларни зарарланишига сабаб бўлади.
Вульвит касаллиги келиб чиқишига мойил қиз болаларда жинсий аъзоларда баъзи аномалиялар учрайди – сийдик чиқарув тешигининг пастда жойлашиши, жинсий ориқнинг торлиги, ташқи жинсий аъзолар туғма нуқсонлари каби. Бундан ташқари вульвит келиб чиқишида доимий тагликлар кийиб юриш, тор кийимлар кийиш, жинсий аъзолар гигиенасига риоя қилмаслик ва қиз болани нотўғри чўмилтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Кичик ёшдаги қиз болалар жинсий аъзолар шиллиқ қаватлари жуда нозик ва жароҳатланишга мойил бўлганлиги сабабли, кўп маротаба жинсий аъзоларни ювиш, айниқса совун ёрдамида тозалаш эпителий қопламаларини жароҳатлаб қўйиши, маҳаллий иммунитет функциясининг пасайиши ва вульвит ривожланишига олиб келиши мумкин.
Қиз болаларда вульвит классификацияси
Вульвит кечиши бўйича: ўткир (1 ой давом этувчи), ўткир ости (3 ойгача давом этувчи) ва сурункали (3 ойдан ортиқ давом этувчи) шаклларига бўлинади.
Келиб чиқиш сабабига кўра: инфекцион ва ноинфекисон бўлиши мумкин.
Инфекцион вульвит ўз навбатида: носпецифик (шартли-патоген микрофлора таъсирида ривожланувчи) ва специфик (гонорея, хламидия, трихоманада, герпетик, уреоплазма, бўғма, сил таёқчалари таъсири натижасида) каби шаклларга бўлинади.
Бирламчи инфекцион вульвит: ёт жисмлар кириши, гижжалар инвазияси, онанизм, қандли диабет, ичак дисбактериози, аллергик касалликлар, вируслар таъсири оқибатида шаклланади. Мактаб ёшигача бўлган қиз болаларда кўпинча носпецифик этиологияли, сурункали кечувчи вульвит учрайди.
Қиз болаларда вульвит белгилари
Кичик ёшдаги қиз болаларда ўткир вульвит белгиларига жинсий лаблар ва клиторнинг шиши, ҳамда қизариши киради. Бу жараён жисний соҳадаги терига, сўнгра ва оралиққа ҳам ўтиб кетиши мумкин. Қиз болаларни жинсий соҳаларда қичишиш, ачишиш, айниқса пешоб ажратган вақтда бу белгиларнинг кучайиши безовта қилади. Кичик ёшдаги қиз болалар бу каби ҳолатларда безовта ва инжиқ бўлиб қолади.
Каттароқ ёшдаги қиз болалар эса жинсий соҳасини доимо қичиши ва қўллари билан тегиши, ҳамда дискомфорт ҳис қилишига шикоят қилишлари мумкин. Айниқса, вульвитнинг специфик шаклларида жинсий аъзолар шиллиқ қаватларида эрозиялар ва яралар пайдо бўлади.
Қиз болаларда вульвит ва вульвовагинитга хос бўлган белгилардан яна бири – жинсий аъзоларда келадиган ажралмалардир. Ажралмалар турли хил характерга эга бўлиши мумкин: кўпинча ажралма шаффоф бўлади, кам ҳолларда йирингли ва қонли бўлиши ҳам мумкин. Ичак таёқчалари келтириб чиқарган яллиғланиш жараёнида ажралма ранги сарғиш-яшил, ҳамда нажас ҳиди келиб туриши мумкин, кандидоз вульвитда ажралмалар – оқиш, қуюқ, творогсимон хусусиятга эга бўлади.
Айрим ҳолатларда вульвит умумий симптоматик белгилар билан намоён бўлиши ҳам мумкин – тана ҳарорати ошиши, лимфа тугунларининг катталашиши, боланинг инжиқлиги, уйқу бузилиши, қўзғалувчанлик, йиғлоқилик ҳам кузатилиши мумкин.
Қиз болаларда сурункали вульвитда шиш ва гиперемия камаяди, аммо қичишиш ва жисний йўллардан келадиган ажралмалар сақланиб қолади. Қайталанувчи вульвит кўпинча асоратлар шаклланишига олиб келади: қин атрезияси, уретрит, систит, бачадон бўйни эрозияси, имбибиция (вульва рангининг ўзгариши) каби патологиялар.
Вульвит касаллиги диагностикаси
Қиз болаларда вульвит педиатр томонидан аниқланиши мумкин, аммо кейинги текширувлар ва даво муолажалари болалар гинекологи томонидан амалга оширилади. Вульвит келиб чиқиш сабабини аниқлаб олиш учун анамнез йиғиш (ёндош касалликлар) ва шикоятларг эътибор қаратиш лозим.
Жинсий аъзолар кўрувида – жинсий лаблар шиши ва гиперемияси, шиллиқ қават қалинлашиши ҳамда жинсий аъзолардан келаётган ажраламалар аниқланади. Инструментал текширувлардан – вульвоскопия ва вагиноскопия усуллари аниқ ташхис қўйишда муҳим рол ўйнайди. Айниқса, қинга кириб қолган ёт жисмларни олишда вагиноскопия усулининг аҳамияти катта.
Вульвит келтириб чиқарувчи омилни аниқлаш учун – қиндан суртма олинади ва ажралмани бактериологик ва микроскопик текширувлардан ўтказилади. Қўшимча сифатида умумий пешоб ва қон анализи, қондаги қанд миқдори, ИгE га сезувчанлиги, пешоб бактериологик экмаси, нажас гелментологик текшируви ҳам ўтказилади.
Зарурият туғилса қиз болалар бошқа мутахассис текширувларидан ҳам ўтишлари мумкин: болалар эндокринологи, аллерголог, гастроэнтеролог ва бошқалар.
Қиз болаларда вульвит давоси
Қиз болаларда вульвит давосида асосий ўринни – яллиғланишни бартараф этиш ва касаллик сабабини йўқотиш ўйнайди. Катта эътибор жинсий аъзолар гигиенасига қаратилади: доривор ўсимликлар эритилган ўтирувчи ванналар қўллаш ( ромашка, календула), ташқи жинсий аъзоларни антисептик воситалар билан ювиб туриш ( марганцовка эритмаси, фурациллин) каби муолажалар буюрилади. Ачишиш ва қичишиш ҳиссини камайтириш мақсадида яллиғланишга қарши маз, шамчалар ва седатив воситалар қабул қилинади.
Қиз болаларда бактериал вульвит давосида антибиотиклар, замбуруғларга қарши – маҳаллий ва умумий замбуруғга қарши воситалар қўлланилади.
Умумий иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида поливитаминлар, иммуномодуляторлар, эубиотиклар ҳам буюрилади. Кучли қичишиш ва аллергик реакцияларга қарши антигистамин препаратлар қабул қилиш мумкин.
Физиотерапия муолажаларидан – УБН билан жинсий аъзоларни нурлаш, ультрафонофорез, дорсенвализация каби муолажалар яхши самара беради.
Қиз болаларда вульвит профилактикаси
Вульвит профилактикасида катта эътибор – ёш оналарга фарзандлари жинсий аъзолари гигиена қоидаларини ўргатиш, ҳамда қиз болаларнинг ўзларига ҳам гигиена чора тадбирларини тушунтиришга қаратилади. Қиз болалар ҳожатидан сўнг ва ётишдан олдин доимо жинсий аъзоларни ювиш ва қуритиш, бунда олдиндан орқа тарафга ювишга эътибор бериш лозим. Болалар совуни ( pH 7,0) дан ҳафтада 2-3 мартадан ортиқ фойдаланиш тавсия этилмайди. Қиз болалар алоҳида шахсий буюмлардан фойдаланишлари керак (сочиқ, мочалка ва бошқалар).
Қиз болалар тор ва сунъий матолардан тайёрланган ички кийимлар киймаслиги, гигиеник тагликларни тез-тез алмаштириб туриши, овқатланиш рационида витаминларга бой бўлган маҳсулотлардан истеъмол қилиши ва ёндош касалликларни ўз вақтида даволашга эътибор қаратиш зарур.