Чақалоқларда қорин дам бўлиши – сабаблари, белгилари ва бартараф этиш йўллари

Чақалоқларда қорин дам бўлиши – сабаблари, белгилари ва бартараф этиш йўллари

Чақалоқларда қорин дам бўлиши ёки тиббиёт тилида метеоризм – болаларда кўп кузатиладиган жиддий муаммолардан биридир. Ичак бўшлиқларида тўпланиб қолган газ ичак деворлари кенгайиши, нерв охирларини таъсирлаши ва оғриқ келтириб чиқариши ва қорин дам бўлишига сабаб бўлади.
Албатта, бундай вазиятда болакайлар безовта бўладилар, йиғлайди, хархаша қиладила. Бунда барчага маълум бўлган «бувижонлар» усули – укроп (шивит) дамламаси фақатгина вақтинчалик ёрдам беради халос, агар ёрдам берса!

Қорин дам бўлганда болакайга қандай ёрдам бериш мумкин, деган савол кўпгина оналарни қийнаши табиий. Шу сабабли чақалоқларда кузатиладиган метеоризм ҳақида қуйида батафсил «гаплашамиз».
Чақалоқларда қорин дам бўлиши сабаби нима?
Ичакларда газ ҳосил бўлиши – организм учун нормал ҳолат ҳисобланади. Газлар ошқозон-ичак тизимида қуйидаги сабаблар натижасида пайдо бўлади:

Болакай эмиш вақтида ҳаво ютиши;
Кислотали ошқозон шираси ичакка тушиши ва ичакда ошқозон ости бези ишлаб чиқарадиган ферментлар натижасида нейтралланиши;
Айрим бактерия микрофлораси кўпайиши натижасида овқат маҳсулотларининг парчаланиши.
Шу каби ҳолатларда ичаклар муаммо кузатилса, газ чиқиб кетиши қийинлашади ва қорин дам бўлишига олиб келади. Ичакдаги маҳсулотлар кўпикка айланади. Ичак секрети ёпишқоқ модда бўлганлиги сабабли кўпик чўкиши қийин бўлади.
Ичак перисталтикаси натижасида кўпиклар янада кўпаяди ва кенгаяди. Бу каби кўпик нафақат қоринда дам бўлиши, балки дискомфорт ҳисси, оғриқ чақиради, бундан ташқари улар овқат моддаларининг ичак деворлари билан таъсирлашувини қийинлаштиради, натижада моддалар ичаклардан сўрилиши ва ҳазм бўлиши қийинлашади.
Қорин дам бўлишининг асосий сабабларидан бири ичакларда яшовчи «фойдали» ва «зарарли» бактериялар нисбатининг бузилишидир. Бундай ҳолат дисбиоз деб аталади ва болаларда кўп кузатилади. Нормал микрофлора етишмовчилиги натижасида ичакларда бижғиш ва ачиш жараёни кучаяди, газлар тўпланиши ортади.
Болаларда дисбиоз келтириб чиқарадиган омиллар:
Сунъий озиқлантириш;
Она ҳамда боланинг антибиотиклар қабул қилиши;
Ўткир ичак инфекциялари;
Сутдаги лактозани парчалайдиган фермент етишмовчилиги;
Ошқозон-ичак тизимидаги сурункали касалликлар (гастродуоденит, носпецифик ярали колит ва бошқалар).
Бундан ташқари, 3 ойгача бўлган болаларда ичакларда нормал микрофлора эндигина шаклланаётган бўлади. Айнан мана шу даврда чақалоқларда ичак хуружлари кўп кузатилади.
Чақалоқларда қорин дам бўлиши белгилари
1 ойдан 3 ойгача бўлган болакайларда қорин дам бўлиши ичак хуружлари кўринишида намоён бўлади. Болакай қорни шишади, баланд овозда йиғлайди, юзлари қизаради, болакай хархаша қилади, оёқларини қоринга йиғиб олишга ҳаракат қилади.
Болакайни тинчлантириш ва эмизишга ҳаракат қилиш самарасиз кечади: болакай барчасини инкор этади. Хуруж одатда тунги вақтда бошланади, бир неча соат давом этиши мумкин, болакай ел чиқарганда ёки ичи келганда тинчланади.
Каттароқ ёшдаги чақалоқлар ҳам инжиқлик қилиши, овқатланишдан бош тортиши ва уйқуси бузилиши мумкин. Ўзида бўлаётган ўзгаришларни сўз билан ифодалай оладиган болалар қориндаги оғриқ, қорин ғулдураши ва нафас олишда қийинчиликларга шикоят қилишади.
Албатта энг асосий белги бу – қориннинг қаттиқ, юмалоқ шаклда ва шишиб қолганидир, уни пайқаш учун мутахассис шифокор бўлиш шарт эмас.
Қорин дам бўлганда болакайга қандай ёрдам берса бўлади?
Кўкрак ёшидаги болакайларда қорин дам бўлишини бартараф этиш учун уни қорин билан ётқизиш, қорин соҳасига илитилган чойшаб ёпиш ва газ ўтказувчи трубкалардан фойдаланиш мумкин. Болакайни эмизгандан сўнг 5-15 дақиқа давомида тик ҳолда ушлаб туриш лозим, шу йўл билан у ютган ҳавосини чиқариб юборади. Оналар ўз овқатланиш рационида дудланган, ёғли маҳсулотлар истеъмолини камайтиришлари лозим.
Ҳар қандай ёшдаги болаларда қорин массажи тўпланган газ чиқишини осонлаштиради. Бунинг учун соат стрелкаси бўйлаб айлана ҳаракат қилиш керак. Бундан ташқари илиқ сувда ванна қабул қилиш ҳам ичаклардаги спазмларни камайтиради.
Ичакларда газ тўпланишини камайтирадиган маҳсулотларга укропли (шивит) дамлама, фенхелдан дамланган чой кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Дори препаратларидан сорбентлар тавсия этилади, масалан Смекта, Полисорб ва бошқалар ёки ичаклардаги кўпикларни парчалаб юборувчи препаратлар қабул қилиш яхши самара беради (Боботик, Эспумизан, Саб Симплекс ва бошқалар.
Шуни унутмаслик керакки, юқоридаги каби преапратлар қорин дам бўлишига ичаклардаги микрофлора дисбаланси сабаб бўлганда ёрдам бера олмайди. Бундай вазиятда муаммонинг ечими – пробиотиклар қабул қилишдир.
Пробиотиклар – булар махсус препаратлар бўлиб, улар тирик ичак нормал бактерияларидан иборатдир. Одатда икки хил пробиотиклар чиқарилади: бифидобактериялар ва лактобактериялар. Ҳар иккала препаратлар ҳам ичак нормал ҳазм қилиш жараёни учун муҳимдир.
Демак, қорин дам бўлиши – бу болалар ичагида ортқича газ тўпланиши бўлиб, бунга кўпинча сабаб микрофлора балансининг бузилиши бўлади. Бундай вазиятда болакайларга асосий муаммонинг ечими – пробиотиклар бериш тавсия этилади. Қолган барча препаратлар симптоматик бўлиб, бола умумий аҳволини яхшилаш учун хизмат қилади.



Ўҳшаш маълумотлар

Болаларда тиш чиқиши – тартиби, муддати ва парваришлаш

Туғруқхоналарнинг ўзидаёқ янги оналар дунёга келган болакайлари ҳаётининг илк ойларида қандай қилиб парвариш қилиш кераклиги ҳақида маълумотга эга бўладилар: чўмилтириш, озиқлантириш, болакай билан сайр қилиш ва бошқалар. Бу вақтда болакайларнинг...

Чақалоқларда ич қотиши (қабзият) – сабаблари, белгилари ва бартараф қилиш йўллари

Бир ёшгача бўлган чақалоқларда юзага келадиган муаммолардан бири ич қотишидир. Чақалоқларда ич қотиши ёки ич кетиши билан юзага келадиган муаммолар бола туғилганидан бир неча кун ўтибоқ намоён бўлиши мумкин. Ушбу патологик ҳолатни ўз вақтида...

Болаларда ич кетиши (диарея) сабаблари ва даволаш сирлари

Диарея – нажаснинг суюқ ҳамда бир кунда 2 мартадан кўп маротаба келиши. Бу ҳолат ахлат массасининг ичаклардан тез ҳаракатланиб ўтиб кетишидир. Диарея – нажаснинг суюқ ҳамда бир кунда 2 мартадан кўп маротаба келиши. Бу ҳолат ахлат массасининг...

Ҳомиладорликда ошқозон оғриши сабаблари, даволаш ва олдини олиш сирлари

Ҳар бир аёл киши ҳомиладорлик вақтида ошқозон оғришини бошидан кечирган. Бу каби нохуш ҳолат ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ҳам кеч муддатларида ҳам кузатилиши мумкин. Ҳомиладорликда қориннинг ҳар қандай соҳасида кузатиладиган кучсиз ва қисқа...

Болаларда анемия ёки камқонлик сабаблари ва даволаш сирлари усуллари

Камқонлик – қонда гемоглобин миқдорининг нормадан паст бўлиши, энг кўп тарқалган патологиялардан бири. Кўпгина ёш оналар бу патология ҳақида яхши билишади, чунки уларнинг ҳар иккидан бири ушбу ҳолат билан ҳомиладорлик вақтида дуч келишган. Болаларда...



Фикр қўшиш

Наверх