
Туғруқхоналарнинг ўзидаёқ янги оналар дунёга келган болакайлари ҳаётининг илк ойларида қандай қилиб парвариш қилиш кераклиги ҳақида маълумотга эга бўладилар: чўмилтириш, озиқлантириш, болакай билан сайр қилиш ва бошқалар. Бу вақтда болакайларнинг илк тиши чиқиши ҳақида ўйлашга бироз эрта.
Аммо, вақт бир жойда турмайди, болакайда маълум бир муддат ўтгач сут тишлари чиқа бошлайди. Бу эса болакай организмида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлади ва болакай учун ҳамда ота-оналар учун ҳам ноқулай ҳолатларини туғдиради.
Болаларда тиш чиқиши қачон рўй беради?
Болаларда сут тишлари чиқиши – бу бола бир ёшга киргунга қадар содир бўладиган энг муҳим ҳолатлардан биридир. Сут тишларининг чиқиши бола соғлом ўсаётганлигидан далолат беради. Одатда сут тишлари бола 6 ойлигида чиқа бошлайди. Аммо, бу албатта нисбий муддат. Сут тишлари эртароқ яъни 3-4 ойликда, ёки кечроқ 8-9 ойликда ҳам чиқиши мумкин. Ёдда тутиш зарур, сут тишлари қанча эрта муддатларда чиқса, болакай парвариши шунчалик эътибор талаб этади. Баъзида болакайлар туғилган вақтларидаёқ тишларга эга бўлади.
Болакайларда сут тишларининг чиқишида тана ҳарорати кўтарилади, уйқучанлик, бурун битиши, ошқозон ичак тизимида ўзгаришлар кузатилади. Бундай ҳолатларда албатта шифокор тавсияларини олиш зарур. Аммо, бу каби белгилар барча болаларда кузатилмаслиги мумкин.
Болакайда илк сут тиши чиқиши осон эмас. Бу вақтда болакай инжиқ, доимий йиғлайдиган ва нотинч ҳолатга келади. Албатта, бу болакай ва ота-она учун етарлича қийинчилик туғдиради. Хўш, бу вазиятда болакайга қандай ёрдам бериш мумкин? Илк тишлар чиқаётган вақтда келиб чиқадиган дискомфортларни бартараф этувчи бирор бир препарат ёки муолажа мавжуд эмас. Шундай бўлсада болакайга ёрдам бериш ва ҳолатни “юмшатиш”нинг иложи бор.
Болаларда тиш чиқиши жадвали
Ота-оналар билишлари муҳим бўлган даврлар бор. Болакайда сут тишлари чиқишининг аниқ бир жадвали йўқ. Барча кетма-кетликлар шунчаки нисбийдир. Ҳар бир бола организми қатъиян индивидуал ва ўзига хос хусусиятларга эга, яъни сут тишлари ҳам барча болаларда турли муддатларда ёриб чиқади. Ҳатто, эгизакларда ҳам тишлар чиқиш муддати бир биридан фарқ қилиши мумкин.
Педиатрия соҳасида илк сут тишлари бола 6 ойлигидан чиқа бошлайди деб ўртача ҳисобда қабул қилинган. Бола 1 ёшга киргунга қадар 6-8 та сут тишлари чиқиши керак. Аммо, юқорида таъкидлаганимиздек бу муддатларда барча болаларда бир хил бўлавермайди. Бу муддат болакайда ёндош касалликлар бўлмаганда ва соғлом бола учун хосдир.
Илк сут тишлари чиқиш муддатини тахмин қилаётганда айрим жиҳатлар ва ҳолатларни инобатга олиш керак бўлади:
Наслий омил (генетик ўзига хослик);
Ташқи муҳит шароитлари (иқлим);
Бола овқатланиш рациони, ичилаётган сув кимёвий таркиби ва сифати;
Эндокрин тизимидаги касалликлар;
Болакай парвариши ва бошқалар.
Тиш чиқиши кечикиши сабаблари
Агар илк сут тишлари чиқиши кечикаётган бўлса – бу нормал ҳолат. Аммо, айрим вазиятларда бунга сабаб бирор бир касаллик бўлиши ҳам мумкин:
Адентия – туғма касаллик, тишлар ўзаги бўлмаслиги. Бундай ҳолатда тишлар чиқишининг имкони йўқ. касаллик рентгенография ёрдамида аниқланади.
Рахит – болаларда кўп учрайдиган патология, организмда витамин Дни қабул қилиши камайиб кетади. Натижада организмда тўқималар ўсиши ва ривожланиши учун кальций элементи етишмайди. Шу сабабли тишлар чиқиши кечикиши мумкин.
Тиш ўзаклари ҳомиладорлик вақтининг биринчи ҳафталариданоқ шакллана бошлайди (тахминан 6-7 ҳафталарда). Бу вақтда она ҳатто ўзининг ҳомиладор эканлигини ҳам сезмайди.
Болаларда сут тишлари чиқиш тартиби
Тиш чиқиши кетма-кетлиги инсон генетик материалида олдиндан белгилаб қўйилган бўлади. Одатда, биринчи бўлиб пастки олдинги тишлар, сўнгра юқори тишлар чиқади. Қозиқ тишларининг чиқиши бир мунча мураккаб жараён ва уларнинг чиқиши бироз кечроқ. Шу сабабли қозиқ тишлар чиққунга қадар болакайни шамоллашдан сақлаш керак. Сут тишларининг тўлиқ чиқиши боланинг 3 ёшларида рўй беради.
Биринчи бўлиб пастки қатор тишлар – марказий курак тишлари чиқа бошлайди. Улар бир вақтнинг ўзида ёки кетма-кет чиқиши мумкин. Сўнгра худди шу тишларнинг тепа қисмидагилари чиқади.
Кейинчалик ёнбош курак тишлар чиқади, аввалига пастки қаторда сўнгра юқориги қатор тишлари. Одатда, бир ёшга кирган болакайда 4 та юқорида ва 4 та пастки соҳада барча курарк тишлари чиққан бўлиши керак.
Сўнгра қозиқ тишлари чиқа бошлайди, аммо қозиқ тишлар кўпинча кеч чиқади ва бўш тиш ўринларини қолдиради. Шу тариқа қолган тишлар кетма-кетликда чиқишда давом этади.
Тиббиёт амалиётида тишлар қуйидаги тартибда чиқади ва тушиб кетади:
Марказий курак тишлар. Пастки курак тишлар 6-10 ойликда чиқади, юқориги курак тишлар эса 7-12 ойликда. Улар бола 6-8 ёшларида тушиб кетади.
Ёнбош курак тишлар. Пастки курак тишлар 7-16 ойликда, юқориги курак тишлар эса 9-12 ойликда чиқади. Уларнинг тушиб кетиши бола ҳаётининг 7-8 йилларига тўғри келади.
Қозиқ тишлар. Пастки қозиқ тишлар 16-23 ойликда чиқади. Юқориги қозиқ тишлар эса 16-22 ойликда чиқади ва бу тишлар 9-12 ёшга кирганда тўкилиб кетади.
Кичик озиқ тишлар. Пастки кичик озиқ тишлар 12-18 ойликда, юқориги кичик озиқ тишлар эса 13-19 ойда чиқади. Бола 9-11 ёшга кирганида тушиб кетади.
Катта озиқ тишлар. Пастки қисмдагилар 20-31 ойларда, юқориги эса 25-33 ойда чиқса, бола ҳаётининг 10-12 ёшларида тушиб кетади.
Бола 3 ёшга кирганида 20 дона тишларга эга бўлади. Аммо, бу ҳам албатта ҳар бир болакай учун индивидуал ҳисобланади. 20 та сут тишлари эрта муддатларда ҳам чиқиши мумкин (масалан, 2-2,5 ёшда).
Болакайда нечта сут тишлари бўлиши керак?
Бу каби савол барча ота-оналарни қизиқтиради. Ота-оналар болакай 6 ойлик бўлиши биланоқ тиш чиқиши, уларнинг сонига жиддий эътибор қаратадилар. Ҳар бир чиқаётган янги тиш болакайда нотинчлик, тана ҳароратининг ошиши, инжиқлик, милкларнинг шиши ва бошқа бир қатор нохуш белгилар билан намоён бўлади.
Юқорида таъкидлаганимиздек барча сут тишлари чиқиш муддати ҳаммада ўзига хосдир. Тишлар кетма-кет қонуният асосида чиқаверади. Курак тишлари, сўнгра кичик озиқ тишлар, кейинроқ эса қозиқ тишлар чиқа бошлайди. Курак тишлар озуқани юлиб олишда, озиқ тишлар эса уларни парчалашда иштирок этади.
Бола 3 ёшигача бўлган муддатда 20 дона сут тишлари тўлиқ чиқиб бўлиши ҳақида билдингиз. Бу сон ўзгармасдир, яъни тиш чиқиши сони ҳомиладорлик вақтидаёқ болакай ген даражасида белгилаб қўйилган бўлади.
Полиодонтия касаллиги – организм мутацион ҳолати бўлиб, бунда тишлар чиқиш жойидан, жағ ичида қўшимча тиш илдизлари ривожланишидир. Фанга бу каби ҳолат маълум, мутацияга учраган инсонда бутун ҳаёти давомида 232 дона тиш чиққан. Полиодонтия жуда кам ҳолатларда учрайди, шу сабабли хавотирга ўрин йўқ. ҳозирги кунга қадар бор йўғи бир неча донагина шу каби ҳолат қайд этилган.
Бола организми илк тишларга қандай таъсирланади?
Тишлар чиқиши бола организмини зўриқтиради. Шу сабабли организм адаптацияси ва тишлар чиқиши физиологик ҳолат бўлишига қарамай болада сезиларли дискомфорт ҳолатлари келиб чиқади.
Тишлар чиқаётган вақтда бола иммун тизими ҳам заифлашади. Болакай турли хил инфекцияларга берилувчан ва заиф бўлиб қолади. Бундай вақтда болани шамолламаслигида ҳаракат қилиш керак. Бундан ташқари бундай вазиятда эмлашни ҳам тўхтатиш зарур.
Бола тиши чиқаётган вақтда келиб чиқадиган ўзгаришлар ҳам барча болакайларда бир хил бўлавермайди. Бу ҳам боланинг айни шу вақтдаги ҳолати ва соғлиғига боғлиқ.
Қуйида айрим бир симптомлар ҳақида маълумот бериб ўтамиз, уларнинг намоён бўлиши кўпинча тишлар чиқаётганидан далолат беради:
Сўлак ажралишининг кўпайиши;
Иштаҳанинг пасайиши, бутунлай овқатланишдан бош тортиш;
Болакайнинг ҳаракатчанлиги ортиб кетиши, яъни у қўлига илинган нарсани оғзига олиб обораверади. Бунинг сабаби милкларнинг қичишишидир;
Милклар шиши ва қизариши;
Уйқунинг бузилиши ва инжиқлик;
Сўлак ажралишининг кўпайиши.
Сўлак ажралишининг кўпайиши айрим касалликларда кузатилади. Аммо, болакайларда илк сут тишлар чиқа бошлайдиган вақтда ҳам сўлак ажралиши кўпаяди. Бундай вазиятда болакайларда бир қатор ёндош касалликлар ҳам ривожланиши мумкин.
Бурун битиши (сўлак ажралишининг кўпайиши натижасида сўлакнинг ўрта қулоққа ўтиши);
Хириллаш, йўтал, айниқса ётган ҳолатда кучайиши. Сўлакнинг томоққа тушиши ва йўтал пайдо бўлиши;
Ич келишининг бузилиши, кўпроқ ич кетиши;
Сўлак ажралишининг кўпайиши кўкрак, оғиз ва ияклар терисининг қўзғалувчанлиги ортиб кетиши;
Қўзғалувчанлик ортиши ва болакай инжиқлиги.
Қўзғалувчанликнинг ортиши – болакайларда кўп учрайдиган ҳолатдир, айниқса илк тишлар чиқа бошлаган вақтда болалар жуда инжиқ бўлиб қоладилар. Бунинг сабаби қуйидагича:
Оғриб чиқаётган милклар соҳасида қичишиш, қичишишнинг қулоқ, ёноқ ва бурунга тарқалиши. Доимий қичишишлар болакай безовта бўлишига олиб келади.
Оғриқ ҳисси, юмшоқ тўқимадан тузилган милкларни ёриб чиқаётган тишлар оғриқ ҳиссини туғдиради, милклар нерв охирларига бой бўлганлиги сабабли оғриқ кучли бўлади.
Кўнгил айниши ва ич кетиши
Кўнгил айниши ва ич кетиши – тишлар чиқа бошлаганда кузатиладиган энг ёқимсиз ҳолатдир. Бунга сабаб болакай ўз сўлагини кўп ютишидир. Агар ич кетиши ва кўнгил айниши билан биргаликда тана ҳарорати ҳам кўтариладиган бўлса, бу инфекцион касалликдан далолатдир. Масалан: астровирус, норовирус, ротовирус, аденовирус ва калисивируслар. Агар шу каби ҳолат болакайда кузатиладигна бўлса, зудлик билан тез тиббий ёрдамга мурожаат этиш керак.
Тиш чиқишида иситма кузатилса…
Сут тишлари чиқа бошлаганда тана ҳарорати кўтарилиши учраб туради. Тана ҳарорати одатда 38 градусдан ошмайди. Бунинг асосий сабаби болакай оғиз бўшлиғида яллиғланиш жараёнидир. Тана ҳароратининг кўтарилиши бундай вазиятда хавфли эмас.
Тишлар чиқиши ва инфекцион касалликларни фарқлаш ота-оналар учун бироз қийинчилик туғдиради. Шу сабабли юқорида келтирилган белгилардан бирортаси болакайда юзага чиқадиган бўлса дарҳол шифокор билан маслаҳатлашинг.
Болалар сут тишлари чиқаётган вақтда қандай ёрдам кўрсатиш мумкин?
Сут тиш чиқиши вақтида белгиларни камайтириш ва бола умумий аҳволини яхшилаш бироз қийинчилик туғдиради. Аммо, бир қатор чора тадбирларни қўллаш билан бу даврни енгилроқ ўтказиш ҳам мумкин.
Тишлар ёриб чиқишини енгиллаштириш мосламалари. Болакай чайнашга бўлган эҳтиёжини камайтиради. Совитилган ҳолда ишлатиш тавсия этилади. Совуқ қичиши ва ачишиш ҳиссини камайтиради. Бун мосламаларнинг камчилиги доимо музлатиб туриш керак бўлишидир.
Сўрғичлар ва сўрғичли шишачалар. Болакайларнинг чайнашга бўлган эҳтиёжини камайтиради. Сўрғичлар танлаётганда уларнинг шаклига эътибор бериш лозим. Болакайлар учун ортодонтик сўрғичлар танлаган маъқул. Булар орасида энг яхшиси силикон ёки латексдан тайёрланганларидир.
Милкларни массаж қилиш. Болакайлар тишини намланган тампон билан енгил массаж қилиш мумкин. Шу йўл билан оғиз бўшлиғидаги дискомфорт ҳиссини камайтиради, ҳамда антисептик эритмалар шимдирилган тампонлар ҳам оғиз бўшлиғи гигиенасига ҳам фойда. Энг асосийси – массаж қилиш вақтида эҳтиёткорликка риоя этиш лозим.
Сут тишлар чиқиш вақтида болалар учун дори препаратлар
Замонавий фармацевтика соҳасида болакайларда илк сут тишлар чиқиш вақтида дискомфорт ҳиссини камайтириш учун қўлланиладиган дори препаратлари кўплаб ишлаб чиқарилмоқда. Албатта, дори препаратларидан фойдаланмаган ҳолда табиий усуллар билан дискомфорт ҳиссини камайтириш бироз мушкул. Аммо, фойда берар экан деб дори препаратларидан тартибсиз фойдаланиш ҳам тавсия этилмайди. Бу каби препаратларнинг кўпчилигида лидокаин сақланади. Уларни қўллашдан олдин педиатр билан маслаҳатлашиш шарт!
Солкосерил. Гель кўринишида чиқарилади. Милкларда очиқ яралар битишига анча фойда беради.
Дентинокс. Ромашка экстракти ва лидокаиндан ташкил топган комплекс препарат. Анестетик (оғриқ қолдирувчи) ва яллиғланишга қарши таъсирга эга. Гель ва томчи кўринишида чиқарилади. Бир кунда 3 маротабадан ортиқ қўллаш тавсия этилмайди (аллергик реакциялар келтириб чиқариши мумкин).
Калгель – лидокаин таркибли препарат. Енгил оғриқ қолдирувчи таъсирга эга. Ширин таъмга эга, аллергик реакциялар келтириб чиқариши мумкин. Препарат бола 5 ойлигидан бошлаб қўлланилиши мумкин. Гель кўринишида чиқарилади ва кунда 6 марта қўллаш мумкин.
Бейби доктор. Бошқа препаратлардан фарқли равишда таркибида ўсимлик сақлайди. Оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади. Аммо, аллергик реакциялар келтириб чиқармайди.
Холисал. Таркибида холин салицилат сақлайди, яллиғланишга қарши таъсирга эга. Кун давомда 2-3 маротаба ишлатиш мумкин.
Гомеопатик препаратлар – «дантинорм беби» қуйидагича таъсирга эга:
Яллиғланишга қарши таъсирга эга;
Оғриқни қолдиради;
Овқат ҳазм қилишини яхшилайди.
Юқорида келтирилган препратларнинг барчасини қўллашда қарши кўрсатмалар мавжуд. Шу сабабли препаратларни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг. Шифокор боланинг умумий аҳволи, унинг соғлиғи ва бошқа ҳолатларини ҳисобга олиб тегишли тавсияларни беради!
Хулоса
Болакайлар тиши чиққунга қадар ва тиши чиқиб бўлгандан кейин ҳам ширинликлар бериш мумкин эмас. Акс ҳолда кариес ривожланиши мумкин.
Яллиғланиш ва дискомфорт ҳиссини камайтиришда милкларни ромашка эритмаси билан артиш яхши самара беради. Илк тишлар чиққанидан кейин оғиз бўшлиғи гигиенасига эътибор бериш керак. Болакайнинг тишлари чиқаётган вақтда уларга кўпроқ эътибор қаратиш ва ундаги бўлаётган ўзгаришларни эътибордан қочирмаслик зарур.