Овуляция ва ҳомиладорлик (Овуляция ҳақида барча зарур маълумотлар)

Овуляция ва ҳомиладорлик (Овуляция ҳақида барча зарур маълумотлар)

Овуляция ва ҳомиладорлик – физиологик жараён бўлиб, аёллар организмида бир-бири билан тўғридан-тўғри боғлиқ ҳолда кечади. Ҳомиладорлик – овуляциясиз амалга ошмайди. Овуляция жараёни ҳайз сиклининг энг қисқа даври бўлиб, 48 соат давом этади.
Овуляция даврида аёл кишининг ҳомиладор бўлиш даражаси юқори бўлади ва бу фактни фарзанд кўришни режалаштираётган оилалар ёддан чиқармасликлари зарур.

Овуляция вақтида қандай ҳомиладор бўлса бўлади?
Овуляция фазаси – етилган фолликуланинг ёрилиш вақти бўлиб, бунда уруғланишга тайёр бўлган тухум ҳужайра тухумдонлардан чиқади. Бу вақтгача фолликула фолликул стимулловчи гормонлар таъсири остида етилади. Фолликула етарлича катталикка эга бўлганда ва унинг функционал активлиги максимал даражага етганда яна бир муҳим гормон лютеинловчи гормон (ЛГ) концентрацияси ҳам ортади, бу гормон эса тухум ҳужайрани етилишида муҳим рол ўйнайди.
Сўнгра етилган фолликула ёрилади ва тухум ҳужайра ташқарига чиқади – айнан мана шу фаза овуляциядир. ЛГ миқдори ортиши ва овуляция фазаси 36-48 соат давом этади. Шундан сўнг сариқ тана даври бошланади, тухум ҳужайра бачадон найлари орқали бачадон томон ҳаракатлана бошлайди. Одатда мана шу даврда тухум ҳужайранинг уруғланиш жараёни содир бўлади.

Уруғланган тухум ҳужайра (зигота) 6-12 кун ичида бачадон бўшлиғига тушади ва бачадонга бирикади, шу йўл билан ҳомиладорлик бошланади. Агар тухум ҳужайра уруғланмаса бачадон найида парчаланиб кетади.
Овуляция бўлса, лекин ҳомиладорлик бўлмаса…
Овуляция бўлди-ю аммо ҳомиладорлик бўлмаса – бу оддий ҳолат. Агар ҳомиладорликни режалаштирган ҳолда 1 йил давомида аёл киши ҳомиладор бўла олмаётган бўлса, шифокор текширувидан ўтиши керак бўлади ва умуман овуляция жараёни кечаяптими ёки йўқми шуни аниқлаш лозим.
Овуляция фазаси – организмнинг репродуктив саломатлиги нормада ишлаётганидан далолатдир. Бу фазанинг кечмаслиги организмда қандайдир муаммо борлигидан дарак беради. Фарзанд кўриш қобилияти юқори бўлган аёллар ва жинсий актив бўлган оилаларда овуляциянинг кунини аниқ ҳисоблаш, қайси кунларга тўғри келишини билиб олишлари муҳим эмас, чунки бундай оилаларда аёл киши ҳомиладор бўлиш эҳтимоли юқори. Аммо, баъзи оилаларда эркак кишининг спермограммаси нормада бўлмайди: сперматозоидлар миқдори кам ёки уларнинг активлиги паст. Бундай ҳолатларда шифокорлар айнан овуляцига яқин кунлар ичида қўшилишни тавсия қилишади. Унгача бўлган кунда эса жинсий алоқа илмай туриш тавсия этилади. Сабаби, эркак киши сперматозоидлари бироз кўпаяди ва тухум ҳужайра билан қўшилиш эҳтимоли кўпаяди.
Овуляция вақтида ҳомиладор бўлиш эҳтимоли қандай?
Овуляция вақтида ҳомиладор бўлиш эҳтимоли энг юқори даражада бўлади, ва у 33 %ни ташкил этади. Бошқача қилиб айтганда овуляция фазасида ҳомиладор бўлиш 3 га 1 даражада, бироқ овуляция кунидан бошқа даврларда ҳам ҳомиладор бўлиш эҳтимоли бор.
Овуляциядан олдин ҳам ҳомиладор бўлиш мумкинми?
Ҳа, мумкин: овуляциядан 1 кун олдин ҳомиладор бўлиш эҳтимоли – 31 %ни, икки кун олдин – 27 %, уч кун аввал эса – 16 % ни ташкил этади. Гап шундаки, баъзи сперматозоидлар аёл организмида бир неча кун яшаб туради, шу сабабли улардан бири тухум ҳужайрани уруғлантириши ҳам мумкин.
Овуляциядан 4 кун аввал ҳам ҳомиладор бўлиш мумкин, лекин 6-7 кун олдин эса тухум ҳужайра уруғланиш эҳтимоли минималдир.
Овуляциядан кейин ҳам ҳомиладор бўлиш мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас, овуляция фазаси тугагандан кейин, шифокорлар сўзи билан айтганда “бепуштлик” даври келади.
Овуляциядан кейин ҳомиладор бўлиш даражаси 0 га тенг. Бу жараённи билиш учун аёл киши организмида қандай жараёнлар кетаётганини юқоридаги маълумотлардан билиб олиш кифоя.
Ҳайз сикли 2 фазага бўлинади: фолликула фазаси – ўртача 10-16 кун давом этади ва сариқ тана фазаси – 2 ҳафта давом этади. Бу икки фазани овуляция даври иккига бўлиб туради.
Айнан сариқ тана фазаси ҳомиладор бўлиш даражаси 0 га тенг бўлган фаза ҳисобланади. Бу фаза овуляциядан кейин бошланиб, ҳайз сиклининг бошлангунга қадар давом этади. Ҳомиладорлик кузатилмаслигининг сабаби, етилган тухум ҳужайра бор йўғи 24 соат яшайди, сўнгра у парчаланиб кетади. Шу сабабли овуляциядан кейин ҳомиладорлик қисқа муддатлар ичида амалга ошиши мумкин.
Шундай бўлса ҳам аёл организми жуда мураккаб тузилган тизимдир, ўта аниқ арифметик ҳисоблаб чиқилганда ҳам репродуктив тизимда истиснолар ҳам бўлиб туради. Шу сабабли турли хил жойларда, шифокор ҳузурида, аёллар форумларида энг кўп бериладиган саволлардан бири – овуляциядан кейин ҳомиладор бўлиш мумкинми?
Кам ҳолларда ҳайз сиклининг “бепуштлик” фазасида ҳам ҳомиладорлик кузатилади. Шифокорлар буни гормонал нисбатнинг ўзгариши билан тушунтиришади, бунга кўпинча аёлнинг эмоционал ҳолати сабаб бўлади.
Масалан, стресс туфайли ҳайз сикли фазалари муддати ўзгариб кетиши мумкин. Бир вақтнинг ўзида иккала тухумдонлардан бир вақтнинг ўзида иккита тухум ҳужайра ажралиб чиқади, шу сабабли ҳатто ҳайз кўриш вақтида ҳам ҳомиладорлик кузатилиши мумкин.
Овуляциясиз ҳам ҳомиладор бўлиш мумкинми?
Овуляция фазасининг кузатилмаслиги аёл организмида тухум ҳужайранинг тўлиқ етилмаслигидан далолат беради. Бундай ҳолатда ҳомиладор бўлиш эҳтимоли йўқ. Чунки ҳомиладор бўлиш учун энг муҳим бўлган шароит йўқ, яъни етилган тухум ҳужайра шаклланмаган.
Агар овуляция кузатилмаса, қандай қилиб ҳомиладор бўлиш мумкин?
Аввало, овуляциянинг рўй бермаганлигига сабаби бўлган омилни аниқлаш лозим. Одатда бунга сабаб гормонал дисбалансдир. Бу эса гормонал препаратлар ёрдамида бартараф этилади.
Агар овуляциянинг кузатилмаслик сабаби аниқланмаса, радикал усулдан фойдаланилади: овуляция кунини тахмин қилиб аёл организмига фолликулани етилтирувчи гормон инексия қилинади ва тухум ҳужайра етилтирилади.
Эрта ва кечки овуляция деганда нима тушунилади?
Юқорида келтириб ўтилганидек ҳайз сикли икки даврга бўлинади: овуляциягача ва овуляциядан кейинги давр. биринчи давр муддати ўзгарувчан бўлса, иккинчи давр стабил, яъни 12-16 кун давом этади. 28 кунлик ҳайз сиклига эга аёлларда овуляция жараёни 14 кунда кузатилади. Бироқ, овуляция кузатилиши муддати баъзида ўзгариб туради. Нормал ҳолатда аёл учун овуляция ҳайз сиклининг 14 кунида кузатиладиган бўлса, айрим сабаблар туфайли 11 кунида рўй беради. Бу эрта овуляциядир. Умуман олганда эрта ва кеч кузатиладиган овуляция нормал ҳисобланади, бунда аёл киши ўз ҳисобларига кўра эмас балки эртароқ ёки кечроқ ҳомиладор бўлади.
Ҳомиладор бўлиш учун энг қулай кунни қандай ҳисоблаш мумкин?
Овуляция жараёни рўй берганлигини аниқлаб берувчи бир нечта усуллар бор. Айнан, мана шу кунларда ҳомиладор бўлиш эҳтимоли жуда юқори.
Биринчи усул: овуляция бошланиши қориннинг пастки соҳасида бироз оғриқ билан кечади, бу вақтда аёл киши жинсий майли ортади. Бу каби белгиларни аёл киши мустақил равишда шифокор кўригисиз ҳам аниқлай олади. Гинеколог эса бачадон бўйнидан ажралаётган шиллиқ миқдори ва унинг суюқлигига қараб овуляциянинг бўлган ёки бўлмаганлигини аниқлаб беради.
Иккинчи усул: базал ҳароратни ўлчаганда овуляция кунига яқин ҳарорат пасаяди, овуляция рўй бергандан 1 кун ўтиб базал ҳарорат бирдан кўтарилади. Доимий ҳароратни ўлчаб график тузиб олинса, кейинги сиклларда қайси кунда қўшилиш керак эканлиги ва ҳомиладор бўлиш эҳтимоли юқори бўлишини билиб олиш мумкин.
Учинчи усул: сийдик таркибидаги лютинловчи гормон (ЛГ) миқдорини аниқлашдир. Организмда ЛГ миқдори ошишини аниқлаб берувчи махсус тестлар бор. Унинг миқдори овуляциядан 24-36 соат олдин максимал даражага етади. Аниқ натижани олиш учун кўрсатма бўйича ишлаш керак. Тестни бир кунда икки маҳал, овуляцияга тахминан 6-7 кун қолганда ўлчашни бошлаш лозим.
Тўртинчи усул: анча ишончли бўлиб, бунда фолликула УТТ (УЗИ) ёрдамида текширилади. Ҳайз кўргандан кейин 7 кун ўтиб УТТ текшируви, вагинал датчик ёрдамида ўтказилади. Сўнгра ҳар 2-3 кунда текширув такрорланиб туради, бачадон эндометрий ҳолати ҳам кўрилади. УТТ экранида фолликуланинг етилганлиги ва ёрилганлиги кўрилади, шундан сўнг овуляция бошланади.
Баъзи назарияларга қараганда овуляция кунига қараб туғилажак фарзанднинг жинсини ҳам аниқласа бўлади. Овуляция кунидан неча кун жинсий алоқа бўлганлигига боғлиқ, яъни эркаклардаги Й-хромосома сақловчи сперматозоидлар Х-хромосома сақловчи сперматозоидларга нисбатан тезроқ ҳаракатланади. Бу эса овуляция рўй бераётган вақтда жинсий алоқа бўлса, Й-хромосоманинг тухум ҳужайрани уруғлантириш эҳтимоли юқорироқ. Бу албатта, исботланмаган назариядир. Ҳар қандай ҳолатда фарзанднинг ўғил ёки қиз жинсида бўлиш даражаси 50/50 дир.
Овуляциядан сўнг ҳомиладорлик рўй берганлигини қандай аниқласа бўлади?
Аёл киши ҳомиладор бўлганлигини ҳайз суюқлигининг келмаслигидан аниқлаб олса бўлади. Бироқ, овуляциядан сўнг ҳомиладорликнинг илк белгиларини бошқа усуллар ёрдамида ҳам аниқлаб олса бўлади.
Базал ҳароратни ўлчаш
Базал ҳароратни доимо ўлчаб юришни одат қилган аёллар ҳомиладорлик рўй берганида ҳароратнинг 37 C градусдан юқори эканлигини кўрадилар. Яна бир белги – қиндан қон аралаш кам миқдордаги ажралмалар келиши, кўпчилик бу каби ажралмаларни ҳайз бошланди деб ўйлашади. Аслида бу эндометрийнинг бир қисми кўшишидир.
Ҳомиладорлик тести
Ҳомиладорлик тести – албатта ҳомиладорлик рўй берганлигини аниқ кўрсатиб берувчи усул. Овуляциядан кейин ҳомиладорлик рўй берганлигини ўта аниқлик билан кўрсатиб берувчи усул – қонда хорионик гонадотропин (ХГ) гормонининг ошишидир. Бу гормон фақатгина ҳомиладор аёл организмида синтезланади. Қон анализи шифохона шароитида топширилади.
Овуляцияга қараб ҳомиладорлик муддатини қандай аниқласа бўлади?
Агар аёл киши юқоридаги усулларнинг бирортасини қўллаб кўрган бўлса, овуляция кузатилишига асосланиб ҳомиладорлик муддатини аниқлаш қийин эмас. Агар аёл киши овуляциянинг муддатини кузатмайдиган бўлса, у Негель усулидан фойдаланса бўлади. Бу усулдан гинекологлар туғруқ вақтини билиб олишда фойдаланишади. Бунинг учун охирги ҳайз кўриш бошланган вақтдан 3 ойни айириб ташлаш ва 1 ҳафтани қўшиш кифоя.
Ҳомиладорлик муддати шифокор учун – аёл ҳолатини баҳолаш, керакли текширувлар буюриш ва ҳомиланинг ривожланишига баҳо бериш муҳим ҳисобланади.
Ҳомиладорлик муддатини аниқлаш – туғруқ вақтини билиш учун муҳим ҳисобланади. Айниқса ҳомиладор аёлнинг керакли вақтда ҳомиладорлик таътилига чиқиш учун кўрсатма бўлади.
Ҳомиладорлик вақтида овуляция рўй бериши мумкинми?
Малакали мутахассислар бу саволга – йўқ деб жавоб беришади. Гап шундаки, ҳомиладорлик аёл организмида гормонал ўзгаришга сабаб бўлади, барча фиологик ўзгаришлар ҳомилани ривожланиши ва уни сақлаб қолишга қаратилади. Бу ҳолатда яна бир тухум ҳужайранинг етилиши ҳомила ҳаётига тўғридан-тўғри хавф туғдиради. Шу сабабли аёл организми ҳар тарафлама мукаммал тузилган ва ҳомиладорлик вақтида овуляциянинг юзага келмасалигига мослашган. Бундан ташқари, гормонлар таъсирида тухумдонларда тухум ҳужайралар ажралиб чиқиши тўхтайди, ҳамда бачадон бўйни қисқаради ва ёпилади. Агар назарий жиҳатдан олиб қаралганда яна бир тухум ҳужайра уруғланадиган бўлса, уруғланган зигота бачадонга ёпиша олмайди.
Шу сабабли ҳомиладорлик вақтида ҳам овуляция рўй берадими деб сўровчи аёллар ҳавотирланишмаса ҳам бўлади: ҳомиладорлик вақтида овуляциянинг кузатилмаслиги табиий ҳолат.



Ўҳшаш маълумотлар

Ҳомиладорликда бош оғриши – сабаблари ва даволаш йўллари

Ҳомиладорликда бош оғриши (сефалгия) билан 40 % га яқин бўлажак оналар дуч келишади. Сефалгия белгилари ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида бошланиши табиий ҳолат, лекин ҳомиладорликнинг кейинги босқичларида бош оғриғи тез-тез такрорланиб туриши...

Ҳомиладорликда қон кетиши сабаблари ва даволаш сирлари

Ҳомиладорликда қон кетиши – ҳомиладор аёл организмида ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар рўй бериши мумкин бўлган патологик ҳолат. Табиий аборт, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, резус омил тўғри келмаслиги ва бошқа ҳолатларда юзага чиқади. Бу...

Болаларда аппендицит сабаблари ва даволаш сирлари

Аппендицит – аппендикснинг ёки кўричак чувалчангсимон ўсимтасининг яллиғланиши. Кўп ҳолларда чувалчангсимон ўсимта ингичка ичакнинг йўғон ичакка ўтиш жойида жойлашади. Аммо, айрим инсонларда чувалчангсимон ўсимта жигар остида, кичик чаноқда ва йўғон...

Эндометриоз сабаблари ва даволаш сирлари

Аёл репродуктив тизими мураккаб тузилган, бу тизимнинг нормал ишлаш қобилиятини бузиш осон, аммо уни қайта тиклаш жуда қийин. Ҳозирги кунда аёллар энг кўп учрайдиган касалликлардан бири эндометриоздир....

Ҳомиладорлар учун гимнастика

Ҳомиладорлик аввалари аёл кишига дам олиш зарур бўлган, ҳаёт эса осон кечадиган давр каби қабул қилинган. Бу тушунча бола учун эҳтимолли салбий оқибатлар ва она организмининг ортиқча зўриқиши бўйича ҳавотирларга асосланган. Бироқ, энди биламизки,...



Фикр қўшиш

Наверх