Ҳомиладорликда бош оғриши – сабаблари ва даволаш йўллари

Ҳомиладорликда бош оғриши – сабаблари ва даволаш йўллари

Ҳомиладорликда бош оғриши (сефалгия) билан 40 % га яқин бўлажак оналар дуч келишади. Сефалгия белгилари ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида бошланиши табиий ҳолат, лекин ҳомиладорликнинг кейинги босқичларида бош оғриғи тез-тез такрорланиб туриши жиддий патологиялардан дарак беради.
Ҳомиладорларда сефалгия сабаблари
Бош оғриғининг касалликлар натижасида эмас, ўз-ўзидан келиб чиқиши – бирламчи сефалгия дейилади. Бирламчи сефалгия– ҳомиладорликнинг эрта ва кечки токсикозлари натижасида келиб чиқади. Иккиламчи сефалгия эса бирор бир сурункали касаллик ёки ҳомиладорлик асоратлари сифатида намоён бўлади.

Бирламчи сефалгиянинг сабаблари
Тухум ҳужайранинг уруғланишидан сўнг, аёл организмида гормонал қайта қурилиш кузатилади. Бундан мақсад ҳомилани сақлаб қолиш ва унинг ривожланишини таъминлашдир. Аёл организми зўриқиши икки баробар ортади, бу эса бош оғриғига сабаб бўлади.
Гормонлар миқдорининг ўзгариши

Ҳомиладорлик вақтида прогестерон синтезланиши кўпаяди, бунинг натижасида силлиқ мушаклар тонуси пасаяди, бундан мақсад бачадон мушаклари қисқариши камаяди ва ҳомила тушиш хавфи йўқолишидир. Қон томирлар тонусига ҳам таъсир қилади ва гипотонияга олиб келади, бу эса ҳолсизлик, тез чарчаш ва бош оғриши билан намоён бўлади.
Эътибор беринг: гормонал қайта қурилиш ҳисобига келиб чиққан бош оғриғи, фақатгина ҳомиладорликнинг биринчи ойларида кузатилади ва бу токсикоз ҳолати билан тушунтирилади.
Айланаётган қон ҳажмининг кўпайиши
Ҳомиладорлик вақтида энг муҳим бўлган организмнинг адаптацион механизмлардан бири, умумий айланаётган қон ҳажмининг ошишидир. Бундан мақсад аёл туғруқ вақтида йўқотадиган қон ўрнини тўлдиришдир. Умумий қон ҳажми ҳомиладорликнинг эрта даврларидан кўпая бошлайди. Бунинг натижасида прогестерон гормони таъсирида қон томирлар кенгаяди ва қон босими пасаяди. Паст қон босими эса бош оғришига сабаб бўлади.
Ташқи қўзғатувчиларга сезувчанликнинг ошиб кетиши
Бу ҳолат ҳам гормонлар ўзгариши билан тушунтирилади. Баланд товушларга, турли хил ҳидларга, кучли ёруғликка таъсирида бош оғриши келиб чиқиши мумкин.
Прогестерон гормони ҳомиладор аёл кайфиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Улар жуда эмоционал лабил бўлиб қолишади. Кичик стресслар ҳам аёл кишининг йиғиси ва қўзғалувчанлигини ошириб юбориши, бунинг натижасида эса бош оғриғи ҳам намоён бўлиши мумкин.
Об-ҳавога бўлган сезувчанлик
Ҳомиладор аёлларда прогестерон миқдори ортганлиги сабабли, аёллар об-ҳавога бўлган сезувчанликнинг ошиб кетишига ҳам олиб келади. Кичик даражадаги босим, ҳаво ҳарорати ўзгариши ҳам ҳомиладорликда бош оғришига олиб келиши мумкин.
Микроиқлим
Одатда инсонлар микроиқлимга жуда сезувчан бўлишади. Масалан, буғли хоналарда, тутунли хоналарда ва кислород етишмайдиган тиқилинч хоналарда бўлганларида бош оғриши кузатилади. Айниқса, ҳомиладорларда бу ҳолат жуда ҳам кучайиб кетади.
Умуртқа поғонасининг ўзгариши
Ҳомиладорликнинг иккинчи ва учинчи уч ойликларидан бошлаб бўлажак она умуртқа поғоналарига оғирлик тушиши орта бошлайди. Бунинг натижасида умуртқалардаги қон айланиши бузилади ва бош мияга кислород етиб бориши камаяди ва сефалгия келиб чиқади.
Овқатланиш тартибининг ўзгариши
Ҳомиладорликнинг эрта босқичларида аёллар ўз рационидан чой ва кофе ичишни чеклаганликлари учун гипотоник ҳолатлар ҳам кузатилади. Кейинчалик ҳомиладор аёлларда бош оғриғи кофеин, тирамин, натрий хлорид, фениламин кўп сақловчи маҳсулотлар истеъмол қилиш натижасида келиб чиқади. Шу сабабли ҳомиладор аёллар шоколад, чой, кофе, какао, цитрус мевалари, тузланган маҳсулотлар, ёнғоқ, ўткир пишлоқ каби маҳсулотларни истеъмол қилишни камайтиришлари зарур. Бундан ташқари, ҳомиладор аёллар дудланган, консерваланган, яримфабрикат маҳсулотларни бутунлай чеклашлари керак. Бундай маҳсулотлар таркибида кўплаб бўёқлар, консервантлар, таъм кучайтиргичлар кўп бўлиб, булар нафақат ошқозон ичак тизимига, балки бош мияга ҳам салбий таъсир этиб сефалгияга сабаб бўлади.
Сувсизланиш ва оч қолиш
Гипогликемия (оч қолиш) бош мияда гипоксияга сабаб бўлади ва ҳомиладорликда бош оғриши юзага келади. Сувсизланиш эса қон томирлар спазмига сабаб бўлиб, гипоксия келиб чиқади ва аёл киши бош оғриш ҳиссини сезади.
Кам ухлаш ёки керагидан ортиқча ухлаш ҳомиладор аёл организмига таъсир этади, унинг натижасида ҳолсизлик, ланжлик ва чарчаш каби ҳолатлар келиб чиқиб, аёл бош оғриғи билан қийналади.
Бошқа сабаблар
Ақлий меҳнатнинг кўплиги, жисмоний меҳнатнинг ортиқчалиги, компьютер қаршисида узоқ муддат ўтириш, совуқ овқатлар истеъмол қилиш ҳам бош оғриғига сабаб бўлади.
Иккиламчи сефалгия сабаблари
Ҳомиладорлик даврида аёл киши турли хилдаги сурункали касалликларнинг хуруж қилиши мумкин. Бу ҳолат бош оғриғига сабаб бўлади, масалан:
Мигрен
Мигреннинг асосий белгиси бошнинг ярмидаги соҳаларда (кўз, пешона, чакка) доимий оғриқдир. Оғриқ давомли, лўққиловчи, бошни ҳаракатлантирганда кучаядиган, иштаҳанинг пасайиши, уйқунинг бузилиши, қўзғалувчанлик ортиши, кўнгил айниши/қусиш билан намоён бўлади. Мигрен келиб чиқиш сабаби тўлиқ ўрганилмаган, аммо наслий омил ҳам катта рол ўйнайди. Белгилар юзага чиқиши юқоридаги санаб ўтилган ҳолатларда кучаяди (оч қолиш, сувсизланиш, ақлий ёки жисмоний зўриқиш, стресс, об ҳаво ўзгариши ва шу кабилар).
Агар мигрен касаллиги ҳомиладорликдан аввал аёл кишини безовта қилмаган бўлса, мигренга хос белгилар ҳомиладорлик бошлангандан кейин намоён бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиш шарт. Чунки бу каби оғриқлар жиддий касалликлардан дарак бериши мумкин, масалан бош мияга қон қуйилиши ёки серебрал қон томирлар тромбози.
Кечки токсикоз (гестоз)
Ҳомиладорликнинг энг оғир асоратларидан бири, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидан бошланади ва учлик симптоми билан намоён бўлади: протеинурия, артериал гипертензия ва шишлар пайдо бўлиши. Артериал қон босими ошиши натижасида қон томирлар тораяди, бош мияга озиқавий моддалар ва кислород кам етиб боради, натижада бош оғриғи келиб чиқади. Гестознинг оғир кўриниши – преклампсияда сефалгиядан ташқари, ҳомиладор аёллар кўрувнинг ёмонлашганлиги, кўз олдида “учқунлар”, бурун битиши ва уйқучанликка шикоят қиладилар. Преклампсияни даволаманмаса, қисқа муддат ичида эклампсияга ўтади (судорги, талваса, ҳушдан кетиш) ва бу ҳомила ҳамда аёл киши ҳаёти учун хавфли ҳолат ҳисобланади.
Гипертоник касаллик
Ҳомиладорликдан олдин гипертоник касаллик ташхиси қўйилган ҳолларда, гормонлар ўзгариши ҳисобига бу касалликнинг кечиши янада кучаяди. Гипертоник кризлар такрорланиш частотаси ортади, оғриқ лўққиловчи характерида бўлиб, энса соҳасида пайдо бўлади. Кучли бош оғриғи билан биргаликда бурундан қон кетиш, кўнгил айниши ёки қайт қилиш, диплопия каби ҳолатлар келиб чиқади.
Ортиқча тана вазни
Семириш ҳамда гестоз ҳисобига келиб чиқадиган яширин шишлар натижасида тана вазни ортиши, қон томирлар спазмига сабаб бўлади ва бунинг натижасида қон босими ошади. Бу эса сефалгияга олиб келади.
Бўйин остеохондрози
Бўйин умуртқаларининг зарарланиши ҳисобига бош мияга ўтадиган артериялар сиқилиб қолади, натижада мияда гипоксия келиб чиқиб бош оғриғига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, кўпгина касалликлар натижасида ҳам кучли бош оғриғи кузатилади:
Қон томирлар дистонияси;
Менингит;
Бош мияга қон қуйилиши; (инсулт ёки травма натижасида);
Ҳомиладорликдаги анемия;
Глаукома;
Бош мия ўсма касалликлари;
Синусит;
Буйрак касалликлари;
Тишлар билан боғлиқ муаммолар.
Ҳомиладорликда бош оғриши қанчалик хавфли?
Ҳомиладор аёллар қуйидаги белгилар намоён бўлиши билан дарҳол шифокорга мурожаат этиш керак:
Оғриқ характери ўзгарса (симилловчи, кучсиз оғриқ кучли, лўқилловчи оғриқ характерини олса);
Уйқудан уйғонганда пайдо бўладиган сефалгия;
Оғриқ бошнинг айнан бир соҳасида кузатилса;
Бошқа неврологик симптомлар юзага чиқса (кўрув ўткирлиги пасайиши, эшитишдаги муаммолар, ҳид билиш бузилиши, тери сезувчанлиги ортиши, қўл ва оёқларнинг увишиши;
Оғриқ ҳамда қон босими ортиши ёки пасайиши, танадаги шишлар;
Оғриқнинг доимий кучайиб бориши.
Ҳомиладорликда бош оғриғини даволаш
Ҳомиладорларнинг деярли ярмидан кўпида бош оғриғи учрашини ҳисобга олиб, ҳомиладор аёллар бир қатор усуллардан фойдаланишлари мумкин:
Овқатланиш тартибини қайта тузиш
Ҳомиладор аёллар ширин газли ичимликлар, яримфабрикатлар, дудланган маҳсулотлар ва фаст-фоодни чеклашлари керак. Бундан ташқари, ёғли овқатлар, зираворлар, аччиқ маҳсулотлар, аччиқ чой ва кофени ҳам вақтинчалик истеъмол қилишни камайтиришлари лозим. Овқат ҳарорати ҳам оптимал бўлиши (15-60 градус оралиғида) бўлиши, муздек ва жуда иссиқ ҳолда ҳам овқат истеъмол қилмасликлари зарур. Кун давомида тез-тез кам камдан овқатланиш (5-6 марта), очлик ҳисси пайдо бўлиши билан енгил тановвул қилиб олиш мақсадга мувофиқ (печение, мевалар, ёгурт).
Соғлом ҳаёт тарзига риоя этиш
Ҳомиладорлик вақтида чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш мутлақо мумкин эмас. Тамаки маҳсулотлари гипоксияга сабаб бўлиб, ҳомила ривожланишини ортда қолишига олиб келади, ҳамда аёлда бош оғриқларини чақиради. Тоза ҳавода сайр қилиш, ҳомиладорлар учун даволовчи гимнастика машқларини бажариш тавсия этилади.
Микроиқлимни назорат қилиш
Ҳомиладор аёл кўпроқ бўладиган хоналарни тез-тез шамоллатиб туришлари керак. Дим, иссиқ, буғли хоналарда узоқ вақт бўлмасликка ҳаракат қилиш керак. Бундан ташқари, баланд товуш ва кучли ёруғликдан ҳам ҳимояланиш лозим.
Кундузги уйқу
Агар кун тартиби, иш тартиби тўғри келса, ҳомиладор аёллар кун давомида 1-1,5 соат ухлаб олишлари лозим. Бу миянинг дам олишига ва сефалгиянинг олдини олишда ёрдам беради.
Жисмоний ва ақлий зўриқишдан сақланиш
Иложи борича стресс, можаролардан қочиш керак. Тунги уйқу камида 8 соат бўлиши, иш жойида доимо бир хил ҳолатда бўлмасдан, ҳар 30 дақиқада енгил жисмоний машқлар қилиш керак.
Ҳомиладорликда бош оғриганда биринчи ёрдам
Дори препаратларисиз ҳомиладорлик вақтида бош оғриғи вақтида, оғриқни бартараф этиш учун қуйидаги чора тадбирлар ўтказилса бўлади:
Қисқа муддатли дам олиш. Ҳомиладор аёллар бироз дам олишлари, иложи бўлса 20-30 дақиқага мизғиб олишлари лозим. дам олиш хонаси тинч, шамоллатилган ва нимқоронғу бўлиши керак.
Бошни массаж қилиш. Бошнинг чакка соҳасини, тепа соҳани ва бўйинни енгил массаж қилиш бош оғриғидан бартараф этишнинг самарали усули ҳисобланади.
Ароматерапия. Аромалампани ароматик ўсимликларнинг мойлари билан тўлдириш ва уни ёқиб қўйиш керак. Артериал қон босим пасайганда апельсинли, грейпфруктлар, артериал босим ошганда лимонли, ялпизли мойлардан фойдаланиш тавсия этилади. Бу каби мойларни салқинроқ сув шимдирилган сочиққа томизиш ва бошнинг оғриб турган соҳасига жойлаштириш яхши самара беради.
Доривор ўсимликлардан фиточойлар ичиш. Артериал қон босим пасайганда ёки оч қолганда фиточойдан ичиш керак, масалан наъматак, ялпиз каби ўсимликлардан тайёрланган дамламалар оғриқни бартараф этишда ёрдам беради. Бошнинг оғриқли соҳаларига карам сувидан докага шимдирилган ҳолда компресслар қўйиш ҳам оғриқни олади.
Сув билан муолажалар. Эфир мойлари ва фойдали тузлар қўшилган сувда ванналар қабул қилиш ҳам оғриқ ҳиссини камайтиради, аёлни тинчланишига ёрдам беради.
Диққат! Сувдаги муолажалар фақатгина гинеколог мутахассис тавсиясига биноан олиб борилади!
Дори препаратлари
Номедикоментоз муолажалар натижа бермаганда, дори препаратларидан фойдаланиш оғриқ ҳиссини бартараф этишда катта ёрдам беради.
Диққат! Ҳар қандай дори препаратларини қабул қилишда ҳомиладорлик вақтида қарши кўрсатмалар ва ножўя таъсирлари бор. Шу сабабли дори препаратларини танлашда ва уларнинг дозалари ҳақида фақатгина шифокор-гинеколог маълумот беради, уни қандай муддатда қабул қилиш кераклигини айтади ва доимо назорат остида бўлади.
Сефалгияда ҳомиладорлар учун дори препаратлар:
Парасетамол – истимани тушурувчи таъсир кўрсатади, шу билан бирга бош оғриғини ҳам бартараф этади. Парасетамол аёл учун ҳам ҳомила учун ҳам хавфсиз ҳисобланади. Ҳомиладорлик вақтида болалар панадоли (таркиби парасетамол) қабул қилиш тавсия этилади.
Но–шпа. Спазмолитик препарат, қон томирларни кенгайтиради ва қон босими пасаяди, натижада бош оғриши камаяди.
Ҳомиладорлик вақтида қуйидаги дори препратларини қабул қилиш умуман мумкин эмас:
Ацетил салицил кислота;
Цитрамон (кофеин ва ацетил салицил кислота сақлайди);
Анальгин;
Баралгин;
Спазган;
Пенталгин;
Аскофен;
Эрготамин.
Бу препаратларнинг ножўя таъсирлари жуда салбий бўлиб, ҳомилада туғма аномалиялар, плацентадан қон кетиб қолиши, туғруқ жараёнида кўп қон йўқотиш хавфини ошириб юборади.
Энг муҳими шуни унитмангки, организмнингизда ҳар қандай ўзгариш, шу жумладан бош оғришига ҳам бефарқ бўлмай шифокор кўригидан ўтишингиз лозим! Зеро, соғлом онадан соғлом бола дунёга келади. Саломат бўлинг!



Ўҳшаш маълумотлар

Ҳомиладорликда қон кетиши сабаблари ва даволаш сирлари

Ҳомиладорликда қон кетиши – ҳомиладор аёл организмида ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар рўй бериши мумкин бўлган патологик ҳолат. Табиий аборт, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, резус омил тўғри келмаслиги ва бошқа ҳолатларда юзага чиқади. Бу...

Болаларда аппендицит сабаблари ва даволаш сирлари

Аппендицит – аппендикснинг ёки кўричак чувалчангсимон ўсимтасининг яллиғланиши. Кўп ҳолларда чувалчангсимон ўсимта ингичка ичакнинг йўғон ичакка ўтиш жойида жойлашади. Аммо, айрим инсонларда чувалчангсимон ўсимта жигар остида, кичик чаноқда ва йўғон...

Болаларда ич кетиши (диарея) сабаблари ва даволаш сирлари

Диарея – нажаснинг суюқ ҳамда бир кунда 2 мартадан кўп маротаба келиши. Бу ҳолат ахлат массасининг ичаклардан тез ҳаракатланиб ўтиб кетишидир. Диарея – нажаснинг суюқ ҳамда бир кунда 2 мартадан кўп маротаба келиши. Бу ҳолат ахлат массасининг...

Ҳомиладорликда ошқозон оғриши сабаблари, даволаш ва олдини олиш сирлари

Ҳар бир аёл киши ҳомиладорлик вақтида ошқозон оғришини бошидан кечирган. Бу каби нохуш ҳолат ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ҳам кеч муддатларида ҳам кузатилиши мумкин. Ҳомиладорликда қориннинг ҳар қандай соҳасида кузатиладиган кучсиз ва қисқа...

Болаларда анемия ёки камқонлик сабаблари ва даволаш сирлари усуллари

Камқонлик – қонда гемоглобин миқдорининг нормадан паст бўлиши, энг кўп тарқалган патологиялардан бири. Кўпгина ёш оналар бу патология ҳақида яхши билишади, чунки уларнинг ҳар иккидан бири ушбу ҳолат билан ҳомиладорлик вақтида дуч келишган. Болаларда...



Фикр қўшиш

Наверх