
Ҳар бир аёл киши ҳомиладорлик вақтида ошқозон оғришини бошидан кечирган. Бу каби нохуш ҳолат ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ҳам кеч муддатларида ҳам кузатилиши мумкин. Ҳомиладорликда қориннинг ҳар қандай соҳасида кузатиладиган кучсиз ва қисқа муддат давом этувчи оғриқлар нормал ҳолат ҳисобланади.
Аммо, истисно ҳолатлари ҳам бор. Қорин оғриғига сабаб сурункали касаллик хуружи ёки овқатдан заҳарланиш бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатларда оғриққа сабаб бўлаётган омилни аниқлаш ва уни бартараф этиш зарур.
Айнан ошқозон оғриётганини қандай билиб олса бўлади?
Ошқозон қориннинг эпигастрал соҳасида жойлашади. Ошқозон шиллиқ қавати яллиғланишида ёки бошқа патологияларида аёл киши турли хил хусусиятга эга оғриқларни чап қовурға ости соҳасида ёки тўш суяги ханжарсимон ўсиғи соҳасида ҳис қилишлари мумкин. Баъзида оғриқ овқат маҳсулотларини истеъмол қилгандан кейин пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳомиладор аёл оғриқлар қачон бошланиши ва қандай маҳсулот истеъмол қилганда кучайиши кузатилаётганлигига эътибор қаратиши лозим.
Оғриқ характерига кўра симилловчи, босимли, ачишиш билан бирга келиши мумкин. Оғриқ ўткир, аччиқ, зираворлар, шиллиқ қаватни қўзғатувчи бошқа маҳсулотлар истеъмол қилганда намоён бўлиши ҳам мумкин. Баъзи аёллар доимий кучсиз бўлган тўмтоқ оғриқларни ҳис этиб туришади. Бу гастритнинг хуруж қилишидан дарак беради. Айримларда аксинча оғриқ тунда ёки оч қолганда келиб чиқади. Бу каби белги эса 12 бармоқ ичак яра касаллиги белгиси ҳисобланади.
Ҳомиладорларда ошқозон оғриши сабаблари
Ҳомиладорликнинг илк муддатларида ошқозонда оғриқлар аёл организми гормонал қайта қурилиши натижасида келиб чиқиши мумкин: барча аъзолар ва аъзолар тизими ўзгача ишлай бошлайди.
Ҳомиладорликнинг 2 ва 3 уч ойлигида вақтинчалик оғриқларга сабаб ҳомиланинг ўсишидир. Ҳажми катталашган бачадон ҳомила учун торлик қила бошлайди ва бошқа аъзоларни эзишни бошлайди, натижада аъзолар функциясида бироз ўзгариш келиб чиқади. Бачадон туби ошқозон, ўн икки бармоқ ичак, йўғон ичакларни эзиб қўяди. Бу эса ичакларда овқат массасининг ҳаракатини секинлаштиради ва ҳазм қилиш жараёни бузилишига сабаб бўлади.
12 % ҳолатларда ҳомиладорлик вақтида гастрит белгилари хуруж қилади, 44 % ҳолатларда эса аксинча гастрит белгилари ҳомиладорлик вақтида ортга қайтади. Чунки аёл организмида кўплаб прогестерон гормони синтезланиши, шиллиқ қаватларда ҳимоя қаватини кучайишига сабаб бўлади.
Гастрит хуруж қилганда оғриқ характери
Гастрит – ҳомиладорликнинг илк муддатларида ошқозонда оғриқ келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири. Ўткир гастрит ёки сурункали шаклининг хуруж қилишига сабаблар овқатланиш билан боғлиқ ҳолатлар, аллергия, стресс, овқатдан заҳарланиш, токсикоз фонида кўп маротаба қусиш бўлиши мумкин.
Ўткир жараён тез бошланади ва оғир кечади. Агар ҳомиладорлик вақтида ич кетиши ва ошқозонда кучли оғриқ кузатилса ўткир гастрит ёки овқатдан заҳарланиш келиб чиққанидан далолат беради.
Ушбу ҳолатда қўшимча белгилар – ошқозонда спазмлар, кўнгил айниши, қайт қилиш, умумий ҳолсизлик, интоксикация белгилари – тана ҳарорати ошиши ва қалтираш.
Сурункали гастритда эса ҳомиладор аёлни жиғилдон қайнаши, ошқозонда оғирлик ҳисси, қорин ғулдираши безовта қилади. Оғриқ кучсиз, тўмтоқ хусусиятга эга бўлади. Овқат истеъмол қилгандан кейин қисқа муддат ичида оғриқ намоён бўлади.
Ошқозон шиллиқ қавати эрозияси ёки яра касалликларида оғриқ характери
Ошқозоннинг антрал қисми шиллиқ қаватларида яра жойлашган бўлса оғриқ 12 бармоқ ичак яра касаллиги каби бўлади, яъни тунда пайдо бўлади ёки овқат истеъмол қилгандан 1-2 соат ўтиб безовта қилади. Ҳомиладор аёлда иштаҳаси пасаяди, қорни дам бўлади, қорин ғулдираши ва бошқа диспептик синдеромлар кузатилади.
Ҳомиладорлик вақтида ошқозонда ўткир оғриқлар пайдо бўлса шифокорга мурожаат этиши зарур. Ошқозон яраси очилиб кетиш эҳтимоли катта. Бундай ҳолат белгиси ханжарсимон-санчувчи, хуружсимон, кесувчи оғриқ намоён бўлишидир.
Ҳомиладорлик вақтида ошқозонда оғриқ пайдо бўлишининг бошқа сабаблари:
Токсикоз, қайт қилиш;
Стресс ҳолатлар;
Кўп овқат истеъмол қилиб юбориш;
Овқатдан заҳарланиш;
Чарчаш;
Бактериал ва вирусли инфекция.
Овқатланиш оралиғининг узоқ бўлиши, оч қолиш;
Ошқозонда кислоталикни оширувчи ва шиллиқ қаватларни қўзғатувчи маҳсулотлар;
Ич қотиши;
Қорин мушаклари таранглашуви;
Ошқозон соки таркибида кислоталикнинг камайиши натижасида овқат массасининг ҳазм бўлиши қийинлашуви.
Ҳомиладорлик вақтида аёл кишида айрим маҳсулотларга аллергия пайдо бўлиши ёки уларни кўтара олмаслик ҳолатлари келиб чиқиши ҳам ошқозонда оғриқларга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ошқозон оғриши
Ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида ошқозонда оғриқ кузатилиши организмнинг гормонал қайта қурилиши натижасида келиб чиқади. Гормонал ўзгариш аёл киши кайфиятига ҳам таъсир ўтказади, аёл қўзғалувчан, бир кунда бир неча бор кайфияти ўзгаради ва бунинг натижасида стресс келиб чиқади. Бундан ташқари организмдаги физиологик ўзгаришлар таъсирида сурункали гастрит ва бошқа касалликлар хуруж қилиши ҳам мумкин.
Токсикоз ҳолатида кўп қайт қилиш ва ошқозонда спазм кузатилиши, ошқозон шиллиқ қавати яллиғланишига сабаб бўлиши мумкин. Гастрит хуруж қилишига яна бир сабаб аёл кишининг овқатланиш тартиби ўзгаришидир.
Ҳомиладорликнинг кеч муддатларида ошқозон оғриши
Ҳомиладорликнинг 27 ҳафталаридан бошлаб қисқа муддат давом этувчи, кучсиз ошқозондаги оғриқлар физиологик нормал ҳолат ҳисобланади. Бачадон қорин бўшлиғИ юқори соҳасида жойлашган аъзоларни эзиш қўяди. Ошқозон силжиши натижасида унинг функцияси бузилади, овқат массасининг ошқозондан ичакларга ўтиши қийинлашади ва тўлиқ ҳазм бўлмаган овқат ошқозонда туриб қолади. Натижада эпигастрал соҳада оғирлик ҳисси, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши келиб чиқади.
Ҳомиладорликнинг 37-39 ҳафтасига келиб бу каби оғриқлар ўз ўзидан йўқолиб кетади. Организм туғруққа тайёрлана бошлайди, бачадон пастроққа тушади, аъзоларга бўлган босим камаяди. Агар шу муддат давомида ҳам ошқозонда оғриқ кузатилиб туриши – бирор бир касаллик ёки инфекциядан далолат беради. Бундай ҳолатларда албатта шифокорга мурожаат этиш шарт. Шифокор мутахассис оғриқ айнан ошқозондами ёки бошқа бирор бир патология борлигини аниқлашда ёрдам беради.
Ҳомиладорликда ошқозон оғриса, қандай чора кўриш керак?
Ҳомиладорлик вақтида ошқозон оғриса нима қилиш керак ? Аввало, оғриқ келиб чиқишининг асл сабабини аниқлаб олиш зарур. Бунда сизга гастроэнтеролог ёки терапевт ёрдам бера олади. Керакли текширувлар (ички аъзолар УТТ (УЗИ) текшируви, гастроскопия, Ҳелиcобаcтери пйлорини аниқлаш учун қон анализи ва бошқалар) ўтказилганидан сўнг диагноз қўйилади ва даво режаси тузилади. Агар даволаниш дори препаратларини талаб этса, шифокор барча жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, ҳомила зарари йўқ бўлган препаратларни буюради.
Ҳомиладорлик вақтида ошқозондаги оғриқларни бартараф этиш учун дори препаратлари ҳар бир аёл учун индивидуал танланади. Оғриқни енгиллаштириш учун спазмни йўқотувчи, кўнгил айниш ҳиссини камайтирувчи, ошқозон моторикасини кучайтирувчи воситалар буюрилади. Ошқозонда кислоталик ошиб кетганда – антаксид воситалар жиғилдон қайнаши, кўнгил айниши ва оғриқларни камайтиришга ёрдам беради. Энг самарали ва ножўя таъсири кам бўлган воситалар – доривор ўсимликларда тайёрланган настойкалардир. Доривор ўсимликлардан тайёрланган махсус ошқозон учун фойдали бўлган настойкалардан овқатланишдан ярим соат олдин қабул қилиш яхши натижалар беради.
Ҳомиладорлар учун мос келадиган доривор ўсимликлар қуйидагилар бўлиши мумкин:
Ошқозонда оғирлик ҳиссини ва кўнгил айнишини камайтиради – ялпиз настойкаси. Улар спазмолитик таъсир кўрсатиб, ички аъзолар шиллиқ мушакларини бўшаштиради.
Гипосекретор гастритда (кислоталик камайганда): ромашка, календула, ербағир тугмачагул, смородина каби ўсимликлардан фойдаланиш фойдали.
Гиперсекретор гастритда (кислоталик ошганда): ялпиз, картошка ва сабзи шарбати қабул қилиш самарали ҳисобланади.
Агар асалари маҳсулотларга аллергия бўлмаса: ошқозон билан боғлиқ муаммоларни асал ёрдамида ҳам бартараф этиш мумкин. Овқатланишдан ярим соат аввал ярим чой қошиқ асални ейиш тавсия этилади.
Ошқозондаги оғриқларни қандай қилиб камайтирса бўлади ёки унинг олдини олиш
Агар ошқозонда оғриқ ҳомиладорлик белгиси сифатида келиб чиқса хавотирга ўрин йўқ, бу ҳолат ўз ўзидан ўтиб кетади. Гастрит, яра ва инфекция натижасида келиб чиқадиган оғриқли ҳолатларда гастроэнтеролог тавсиялари керак бўлади.
Ҳомиладорлик вақтида ошқозондаги оғриқлардан бутунлай қутулишнинг иложи йўқ. аммо, оғриқ такрорланиши ва кучини камайтириш мумкин. Бунинг учун қуйидагиларга амал қилиш керак:
Кам камдан тез тез овқатланинг (бир кунда 5-6 марта);
Кун давомида кўп овқат истеъмол қилманг;
Уйқуга кетишдан аввал овқатланманг;
Овқатлангандан сўнг дарҳол уйқуга кетманг, жуда чарчаган бўлсангиз ҳам қулайроқ ўриндиқда бироз ўтиринг;
Кимёвий ва механик қўзғатувчилардан чекланинг: ёғли, ўткир, аччиқ, дудланган маҳсулотлар, газли ичимликлар, фаст-фоод ва бошқа ошқозон учун оғир бўлган маҳсулотлар истеъмол қилишни вақтинчалик тўхтатинг;
Етарлича сув ичинг (бир кунда камида 2,5 литр), минералларга бой бўлган газсиз сув ичинг;
Оч қолмасликка ҳаракат қилинг, овқатланиш оралиғИ узоқ бўлмасин;
Стрессли ҳолатлардан сақланинг;
Оғир юк кўтарманг.
Ҳомиладорлик вақтида ҳар бир аёл нафақат ўзларининг соғлиқларига балки ҳомиланинг нормал ўсиши ва шаклланиши учун ҳам жавобгардир. Яхши кайфият, тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш, тўғри овқатланиш рационига амал қилиш, гинеколог назоратида мунтазам бўлиш гастрит ёки яра хуружларидан сақланишга ёрдам беради ва ҳомиладорликнинг муаммоларсиз кечишида муҳим рол ўйнайди.
Фикрлар 1