Чала туғилган болалар – физиологияси, ривожланиши ва парваришлаш асослари

Чала туғилган болалар – физиологияси, ривожланиши ва парваришлаш асослари

Бола дунёга келгандан бошлаб жадал ўса бошлайди. Бу даврда болалар жуда нозик бўлишади. Айниқса муддатидан аввал туғилган чақалоқлар жуда нимжон ва заиф бўладилар.
Муддатидан аввал туғилишга олиб келувчи хавф омиллари социал-демографик (оиланинг мустаҳкам эмаслиги, паст ижтимоий ҳаёт, ёш оилалар) ва тиббий жиҳатдан (илгари ўтказилган аборт, кўп марта фарзанд кўриш, ҳомиланинг гемолитик касалликлари – резус конфликт натижасида келиб чиққан, онанинг сурункали касалликлари) бўлиши мумкин. Бундан ташқари, боланинг муддатидан олдин туғилишида касб зарарлиги, зарарли одатлар, ҳомиладорлик вақтида жисмоний ва руҳий жароҳатлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чала туғилган бола деб, ҳомиладорликнинг 22 ҳафтасидан 37 ҳафтасигача бўлган оралиқда туғилган ва тана вазни 500 gr.dan оғир бўлган чақалоқларга айтилади. Ушбу кўрсаткичлар ЖССТ томонидан киритилган.

Чала туғилганликнинг бир неча даражалари бор. Уларни даражага бўлиш туғилган боланинг тана вазнидан келиб чиқиб белгиланади. Агар боланинг туғилгандаги вазни 1 kg.dan паст бўлса – экстремал вазнли чала туғилган бола, 1,5 кг.гача бўлган болалар – кам вазнли чала туғилган болалар, 1,5 кг туғилганлар эса – оддий чала туғилган болалар деб юритилади.
Чала туғилган болалар қандай кўринишда бўлади?
Чала туғилган болаларнинг ташқи кўриниши, нормал ўз муддатида туғилган болалардан фарқ қилади. Тери ости ёғ қавати чала туғилган болаларда юпқа ёки умуман бўлмайди. Тери қоплами нозик, тўқ қизил рангда, буришган бўлади. Киндик қориннинг пастки соҳасида жойлашган бўлади, соғлом туғилганларда эса киндик қориннинг марказида жойлашади. Уларнинг боши танасига нисбатан жуда катта, бош чаноғидаги бирикмалар ва кичик лиқилдоқлар очиқ ҳолатда, катта лиқилдоқ эса ўлчами кичик, чунки суяклар тўлиқ ўз жойига тушмаган бўлади. Қулоқ супраси жуда юмшоқ. Тирноқлар эса юпқа, бармоқ фалангаларини тўлиқ қопламайди. Чала туғилган қиз болаларда катта жинсий лаблар кичик лабларни тўлиқ қопламайди ва жинсий оралиқда қизил рангли тирқишни кўриш мумкин, ўғил болаларда эса мояклар ёрғоққа тушмаган ва ёрғоқнинг ўзи тўқ қизил рангда бўлади. Киндикнинг ажралиши қийин бўлади ва яра ҳам 8-9 кун ичида битади.

Чала туғилган болаларда аъзолар тизими ҳомиладорлик вақтида тўлиқ шаклланмаган ва функционал жиҳатдан етилмаган бўлганлиги сабабли, ташқи муҳитга мослашувчанлик ҳам қийинчилик билан амалга ошади. Соғлом, ўз муддатида туғилган болалар учун хавф туғдирмайдиган касалликлар, чала туғилганларда оғир кечиши мумкин.
Чала туғилган болаларнинг асаб тизими
Бош миянинг шаклланиши ҳомиладорликнинг эрта муддатларида бошланади. Шунинг учун муддатидан анча илгари туғилган болаларда ҳам бош мия қисмлари шаклланган бўлади, лекин миянинг ўтказувчи тизимининг етилиши тўлиқ бўлмайди яъни – нерв толаларининг устини қоплайдиган парда, мелинизация тўлиқ шаклланмаган бўлади, шу сабабли турли аъзоларга нерв импульслари бормайди ва аъзоларнинг функциясида камчиликлар келиб чиқади. Мелинизация жараёни постнатал (туғилгандан кейин) даврда ҳам давом этади. Соғлом, ўз муддатида туғилган болаларнинг мияси ҳам туғруқ вақтида кучли зўриқишга учрайди. Мия пардаларига тушадиган босим кучли бўлганлиги сабабли спазм ҳолатлари, мияда қон айланишининг бузилиши, мияга қон қуйилишлар келиб чиқиши мумкин. Лекин, бундай жараёнлар чала туғилган болаларда яққол намоён бўлади.
Асаб тизими билан боғлиқ муаммоси бор, муддатидан аввал туғилган болаларда ҳаракатланиш қобилияти ва мушаклар тонуси паст, рефлекслар кучсиз ёки умуман йўқ, қўл ва оёқларнинг тортилиб туриши, кўз олмасининг тортилиб қолиши ва ғилайлик ҳам кузатилиши мумкин.
Эмбрионлик даврда шаклланадиган энг асосий рефлекс – сўриш рефлекси, чала туғилган болаларда сақланган, аммо кучсиз бўлади. Муддатидан жуда эрта туғилган чақалоқларда эса сўриш рефлекси бўлмаслиги ҳам мумкин. Бундай болаларда сўриш рефлексини рағбатлантириш учун махсус чора тадбирлар ўтказилади. Бунда оғиз атрофи мушакларини массаж қилиш ва махсус сўриш учун шиша идишчалардан фойдаланилади.
Бундан ташқари, чала туғилган болаларда терморегуляция функцияси ҳам тўла етилмаган бўлади: улар иссиқликни осон ажратишади, аммо ўзларида ҳосил қилиш ва ушлаб туришга қийналишади. Уларнинг тер ажратиш безлари функция бажара олмайди ва бунинг оқибатида болалар қизиб кетаверишади. Шуни инобатга олиб, чала туғилган болалар максимал даражада қулай шароитда парвариш қилинади, улар қизиб кетишлари ва совуқ қотмасликлари зарур. Шу каби қулай шароит неонотология бўлимларидаги махсус беланчакларда бўлиб, у ерда доимо бир хил ҳарорат сақланиб туради (36 градус). Чала туғилган болаларнинг сезги органлари бола туғилгандан 1 кунидаёқ ишлашни бошлайди.
Чала туғилган болаларда, ўз муддатида туғилган болаларга қараганда кўпроқ судоргилар (талваса) беради. Бунга сабаб бош миянинг органик зарарланиши, эпилепсия, баланд тана ҳарорати, моддалар алмашинувидаги ўзгаришлар бўлади. Аммо, ўз муддатида туғилган болалардаги талваса ҳолатлари чала туғилганларда бўладиган судоргилардан фарқ қилади, масалан соғлом туғилган болаларда талвасалар клонико-тоник кўринишда бўлса (мушаклар қисқариши, сўнг унинг бўшашиш билан давом этиши), чала туғилган болаларда эса кўпинча клоник кўринишда намоён бўлади, яъни мушаклар бўшашган ҳолатда. Ҳар қандай шароитда ҳам судорги (талваса) ҳолатларини даволаш талаб этилади, чунки талвасаларга сабаб бош мияда қон айланишининг бузилиши бўлиб, кейинчалик миянинг зарарланишига олиб келиши мумкин.
Чала туғилган болаларда (айниқса экстремал кам вазнли болаларда) кўпинча болалар серебрал паралижи (шоллик) келиб чиқади. Болалар серебрал паралижи диагнози боланинг 1 ёшида қўйилади, аммо касалликнинг белгилари боланинг туғилиши билан намоён бўла бошлайди, айниқса 3 ойлик вақтда яққол билинади. Агар болада мушаклари суст, заиф, агар бола оёқ ва қўлларини ҳаракатлантира олмаса, 2-3 ойлик массаж муолажалари ўтказилгандан кейин ҳам натижа билинмаса, бундай болалар серебрал паралиж хавф гуруҳига киради. Агар болада ўз муддатига яраша рефлекслар ҳосил бўлмаса, моторикадан ортда қолса – уларга болалар серебрал паралижи диагнози қўйилади.
Юқоридаги асаб тизими билан боғлиқ бўлган ҳолатларда, чала туғилган болалар билан невропотолог мутахассис шуғулланади. Бундай болаларга даволовчи массаж буюрилади. Даволовчи массажни оналар мустақил равишда, уй шароитида ҳам ўтказа оладилар, бу бола билан бўлган психологик алоқани ҳам тиклашга ёрдам беради ва асаб тизими шаклланишини рағбатлантиради.
Чала туғилган болаларнинг нафас олиш тизими
Чала туғилган болаларда нафас олиш соғлом, ўз муддатида туғилганларга нисбатан кўпроқ бўлади: бола тана вазни қанча кам бўлса, уларнинг нафас олиш сони шунча кўп бўлади.
Асаб тизими ва липидлар (ёғ) алмашинувининг тўлиқ шаклланмаганлиги сабабли, ўпкада сурфактант моддаси ҳосил бўлмайди. Сурфактант моддаси нафас олиб чиқаришда алвеолаларнинг ёпишиб қолмаслигини таъминлайди. Ушбу модда етишмаганлиги сабабли болаларда кўпинча нафас камчилиги синдроми келиб чиқади ва ателектаз ривожланишига олиб келади.
Ателектаз – ўпканинг маълум бир қисмининг тўлиқ шаклланмаслиги ёки нафас олишда иштирок этмаслигидир. Бунинг натижасида чала туғилган болаларда нафас етишмовчилиги келиб чиқади. Бундай болалар сунъий ўпка вентиляциясига ўтказилади ва бу ўпканинг ўзи мустақил равишда ишлагунигача давом этади.
Нафас етишмовчилиги фонида инфекцион касалликлар юзага чиқа бошлайди (пневмония) ва бу боланинг умумий аҳволини яна оғирлаштиради. Шунинг учун ҳомиладор аёлларда муддатидан олдин туғишига шубҳа қилинганда уларга глюкокортикоид препаратлар юборилиб, туғилажак боланинг нафас олиш тизими аъзоларининг ривожланишини рағбатлантиради.
Чала туғилган болаларда юрак-қон томир тизими
Барча аъзолар тизими каби чала туғилган болаларда юрак-қон томир тизими ҳам тўлиқ шаклланмаган бўлади. Изланишлар аниқлашича, ҳар қандай ташқи таъсирот натижасида юрак уришлар сони кўпаяди, юрак тонлари кучаяди ва артериал қон босими ошади. Нормал ҳомиладорлик вақтида боланинг туғилишигача бўлган даврда юрак ва қон томир тизимининг барча элементлари тўлиқ шаклланган бўлади ва бола туғилишга тайёр бўлади. Чала туғилган болаларда эса турли хилдаги юрак аномалиялари бўлиб, юрак уришида ва боланинг умумий аҳволини оғирлаштиришга сабаб бўлади. Юрак аномалияларини диагностика қилиш учун УТТ (УЗИ) эхокардиография текширувлари ўтказилади.
Юрак қон томир тизимида камчилиги бўлган чала туғилган болаларни ташқи таъсирловчилардан асраш керак, масалан жуда баланд товуш, шовқинлардан.
Чала туғилган болалар овқат ҳазм қилиш тизими ва уларни озиқлантириш
Чала туғилган болаларнинг ҳазм қилиш аъзоларида ҳам ўзига хос жиҳатлари бўлади. Биринчи навбатда, бундай болаларда ҳазм ферментлари етишмовчилиги кузатилади. Овқат ҳазм қилиш тизимидаги безлар етарли миқдорда фермент ажратиб чиқара олмайди ва ошқозон шираси ҳам кам миқдорда синтезланади. Чала туғилган болалар ҳазм тизимига тушган кичик миқдордаги мироорганизмлар ҳам болада дисбиоз келиб чиқишига сабаб бўлади. Соғлом болаларда бу каби бактериялар ошқозон шираси таъсирида ўлиб кетади. Асаб тизими томонидан кузатиладиган камчиликлар ҳисобига ичакларнинг моторикаси (ҳаракатланиши) сусаяди, овқат массаси ичакларда туриб қолади. Аммо, муддатидан жуда эрта туғилган болаларда ҳам сутни парчаловчи ферментлар қисман бўлсада ишлаб чиқарилади. Шунинг учун чала туғилган болалар учун энг оптимал озуқа – она сутидир.
Она сути озуқавий жиҳатдан қулай бўлибгина қолмай, ташқи муҳит агрессив омиллардан ҳам болани ҳимоя қилади, яъни иммунитет. Шунинг учун бола туғилиши билан интенсив терапия бўлимида ётган бўлса ҳам, сўриш рефлекслари шаклланмаган бўлса ҳам она сутини қабул қилишини таъминлаш керак. Мана шу йўл билан чала туғилган болаларни ўсишини рағбатлантириш мумкин. Агар болада умуман сўриш рефлекси шаклланмаган бўлса, махсус назо-гастрал зонд орқали она сути берилади.
Чала туғилган болалар суяк тизими
Чала туғилган болалар суяк тизими тўлиқ шаклланган бўлади, лекин уларда суякланиш жараёни охиригача шаклланмаган бўлади. Шунинг учун бундай болаларга қўшимча кальций элементи буюрилади. Организмда Д витамин фосфор ва кальций етишмовчилиги натижасида рахит келиб чиқади. Чала туғилган болалар хавф гуруҳига кирадилар. Рахит – чала туғилган болаларда тез юзага келиб чиқади ва белгилар яққол намоён бўлади.
Айниқса, чала туғилган болаларда чаноқ-сон бўғими тўлиқ шаклланмаган бўлганлиги сабабли, болаларда дисплазия ҳолати ҳисобига чиқишлар ва ҳаракатлана олмаслик кузатилади.
Туғилишга “шошилган” болалар келажаги нима бўлади? Прогноз эрта туғилганлик муддатига боғлиқ бўлади. Агар бола 33-ҳафтадан кейин туғилса ва туғруқда жароҳатлар олмаса, боланинг тўлиқ ривожланиб кетишига 70 кун атрофидаги муддат сарфланади. Агар бола жуда эрта туғилган бўлса махсус шифохоналар, неонотология бўлимларида парвариш қилинади. Бундай болалар доимо маҳаллий педиатр назоратида бўладилар.
Амалиётдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, чала туғилган болаларни тўғри парваришлаб, қўшимча касалликлардан ҳимоя қилинса, бир йил давомида ўз тенгдошлари каби ўсишда давом этади.



Ўҳшаш маълумотлар

Ҳомиладорликда қон кетиши сабаблари ва даволаш сирлари

Ҳомиладорликда қон кетиши – ҳомиладор аёл организмида ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар рўй бериши мумкин бўлган патологик ҳолат. Табиий аборт, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, резус омил тўғри келмаслиги ва бошқа ҳолатларда юзага чиқади. Бу...

Рахит касаллиги – келиб чиқиш сабаблари, босқичлари, клиник белгилари ва даражалари (1-қисм)

Рахит – 2 ёшгача бўлган болаларда учрайдиган патологик ҳолат. Бу касалликнинг бошқача номи – “англияликлар касаллиги”, олдинги вақтларда Англия мамлакатида кўп учраганлиги туфайли шундай ном олган. Рахит келиб чиқишига сабаб Д витамин етишмаслиги, Д...

Болаларда анемия ёки камқонлик сабаблари ва даволаш сирлари усуллари

Камқонлик – қонда гемоглобин миқдорининг нормадан паст бўлиши, энг кўп тарқалган патологиялардан бири. Кўпгина ёш оналар бу патология ҳақида яхши билишади, чунки уларнинг ҳар иккидан бири ушбу ҳолат билан ҳомиладорлик вақтида дуч келишган. Болаларда...

Муддатидан илгари туҒилган болаларнинг ривожланиши

Aслида, муддатидан илгари туҒруқлар- бу боланинг 37 ҳафтага етмасдан туҒилиши. Одамларда меъёрий гестацион давр 38 ҳафтадан 42 ҳафтагача бўлади. Мукаммал шароитда болалар она қорнида тўлиқ ривожлангунча бўлади. Бироқ, турли сабабларга кўра ҳар доим...

Ҳомиладорлик пайтида қон кетиши

Ҳомиладорлик пайтида қон кетиш сиз тахмин қилганингиздан ко’ра тез-тез учрайди. Учинчи аёлдан бири ҳомиладорликнинг биринчи триместрида қандайдир қон кетишини бошдан кечиради. Бу бир нечта жигарранг дог’лардан ёрқин қизил қон ё’қотишгача ва ба’зилар...



Фикр қўшиш

Наверх