
Бир ёшгача бўлган чақалоқларда юзага келадиган муаммолардан бири ич қотишидир. Чақалоқларда ич қотиши ёки ич кетиши билан юзага келадиган муаммолар бола туғилганидан бир неча кун ўтибоқ намоён бўлиши мумкин. Ушбу патологик ҳолатни ўз вақтида даволамаслик, чақалоқ умумий аҳволининг оғирлашувига сабаб бўлиши мумкин.
Ич қотиш ҳақида қисқача
Ошқозон ичак тизимининг нормал ишлаган ҳолатида, чақалоқлар ичи бир кунда бир маротаба келади. Бу жараён одатда эрталаб юзага келиб, чақалоқ учун ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди ва оғриқларсиз кечади. Нажас массаси юмшоқ бўлганлиги сабабли болаларда ҳеч қандай муаммо туғдирмай ажралиб чиқади. Агар ич келиши ҳар куни кузатилмай, инсон бу жараён вақтида оғриқ ёки кучаниш ҳиссини сезса, нажас таркиби қаттиқ ва қуруқ бўлса, бу ҳолатга ич қотиш деб айтилади.
Ич келиши билан муаммолар ҳар қандай ёшдаги инсонларда учраши мумкин. Кўпинча чақалоқлар ва ёш болалар бу муаммодан азият чекишади. Уларда бир неча кунлаб ичи келмай туради ва ҳожатга чиқиш ҳисси келганда ҳеч қандай натижа бўлмайди ва бу вақтда улар оғриқ сезишади ҳамда безовталанишади.
Сурункали ич қотишда беморлар кўпинча ўзини ёмон ҳис этаётганини ва орқа чиқарув йўлларидаги ёриқларга шикоят қиладилар. Чиқарув йўлларидаги ёриқлар эса инсон ҳожатга борганда азоб бериб, бўшалишга халақит қилади ва бу ҳолат муаммони яна жиддийлаштиради.
Агар ич қотишини бартараф этмаса ва бу узоқ муддат давом этса, организм интоксикациясига сабаб бўлади. Бу ичаклардаги қолдиқ моддаларнинг организмга сингиб кетиши билан тушунтирилади.
Ич қотишини даволаш – бу ҳолатга сабаб бўлаётган омилни йўқотишдир. Шунинг учун ич қотиш ҳолатлари кузатилса, умумий текширувдан ўтиш керак ва тўғри давони фақатгина шифокор белгилайди.
Чақалоқларда ич қотиши сабаблари
Чақалоқларда ич қотишига олиб келувчи омиллар турли туман. Кўп ҳолларда бола организмида сув етишмаслиги сабабли ич қотади. Сабаби, сув ичакларни юмшатади ва силлиқлайди, нажас юмшаб чиқиб кетиши осон бўлади.
Бундан ташқари, 1 ёшгача бўлган болаларда ич қотишига сабаблар қуйидагилар ҳам бўлиши мумкин;
Ичаклар ёки йўғон ичакда туғма аномалия бўлиши;
Анал тешигининг торайиб қолиши;
Гипотиреоз (қалқонсимон без гормонлари синтезининг бузилиши);
Ичак деворларида нерв охирларининг тўлиқ ривожланмаганлиги.
Бундан ташқари, янги туғилган чақалоқларда айрим дори препаратларни қабул қилганда ҳам ич қотишига олиб келиши мумкин. Айниқса, антибиотиклар қабул қилганда болаларда ич қотиш ҳолати кўп кузатилади. Антибиотиклар ичак флорасини бузади ва дисбактериозга сабаб бўлади. Бундай ҳолларда педиатр кўригидан ўтиш зарур ва ичак микрофлорасини тиклаш йўли билан, ич қотиш муаммоси бартараф этилади.
Ич қотишининг асосий сабаблари
Онанинг нотўғри овқатланиши;
Сунъий овқатланишга эрта ўтиш;
Озиқа турнинг аралашиши.
Баъзида чақалоқларда ич қотиши сунъий овқат таркибидаги моддаларни бола организми кўтара олмаслиги сабабли ҳам юзага келади. Болаларнинг психо-эмоционал ҳолати ҳам ичаклар функциясига таъсир этади.
Чақалоқнинг аралаш овқатлантирилганлиги сабабли келиб чиқадиган ич қотиш
Чақалоқлар 1 ёшгача она сути билан озиқлантирилишлари керак. Шу сабабли озиқавий маҳсулотлар аралаштирилгани учун чақалоқларда ич қотиш кўп кузатилади.
Болани сунъий озиқлантиришга ўтишига кўп ҳолларда она сути етишмаслиги ёки сутнинг сифатсизлиги сабаб бўлади. Баъзида чақалоқлар она сутига тўймай қолишади, чунки она сути таркибида етарлича ёғ бўлмайди. Бундай ҳолларда болалар инжиқ, йиғлоқи, уйқуси бузиладиган бўлиб қолишади.
Озуқанинг аралашиши натижасида болада ич қотишига сабаб – сунъий овқатнинг ўзидир. Бу каби маҳсулотлар бола учун ноодатий бўлиб, ҳазм қилиш аъзолари уни қийинчилик билан қабул қилади. Айрим ҳолларда, янги маҳсулотлар бериш ҳисобига болаларда рефлектор равишда ичаклар спазмга учраб қолади ва бу болада ич қотишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, чақалоқлар ичи қотиб қолишида овқат ҳарорати ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бола истеъмол қиладиган озуқа иссиқ ҳам совуқ ҳам бўлмаслиги зарур. Энг яхшиси кўкрак сути каби ҳароратда бериладиган озуқалардир. Бу эса ич келиши билан юзага чиқадиган муаммолардан халос этади.
Кўкрак сути билан озиқлантирилганда нима сабабдан боланинг ичи қотади?
Чақалоқлар кўкрак сути билан озиқлантирилганда ҳам ич қотиши кузатилса, бунда она организми томонидан сут кам ишлаб чиқарилаётган бўлади. Бундай ич қотишни “оч қолиш сабабли келиб чиққан қабзият” дейиш мумкин. Бундай ҳолларда чақалоқлардаги қабзият ҳолати қўшимча овқатлантириш йўли билан бартараф этилади.
Бундан ташқари, чақалоқларда қабзият юзага келишида, айниқса, онанинг овқатланиш тартиби ва таркиби муҳим рол ўйнайди. Ахир, она истеъмол қилган барча маҳсулотлар болага унинг сутидан ўтадик-у. Шу сабабли шифокорлар кўкрак ёшидаги фарзандлари бор аёлларга қуйидаги маҳсулотларни чеклашни тавсия этадилар:
Дуккакли маҳсулотлар;
Ёғли ва қовурилган маҳсулотлар
Дудланган маҳсулотлар;
Оқ нон ва янги тайёрланган пишириқлар;
Банан;
Кофе;
Сут;
Шакар;
Аччиқ чой;
Гўшт ва бошқалар.
Юқорида санаб ўтилган барча маҳсулотлар организмда газ ҳосил бўлишини кўпайтиради ва болаларда ич қотишига сабаб бўлади. Шу туфайли оналар кўкрак ёшидаги болаларини эмизадиган даврда диетага риоя қилиб туришлари зарур.
Чақалоқларда ич қотиши белгилари
Чақалоқларда кузатиладиган қабзият белгилари, унга сабаб бўладиган омилга боғлиқ бўлади. Умуман олганда ич қотишида – нажаснинг келиш муддати чўзилади ва ахлат массаси қатиқ, қуруқ бўлиб қолади. Шу билан бирга болаларда қуйидаги белгилар ҳам кузатилиши мумкин:
Безовталик ва йиғлаш;
Инжиқлик;
Қорин дам бўлиши;
Овқатланишдан бош тортиш;
Қоринда хуружлар (колика);
Ич келиш вақтида бола юзи қизариб кетиши ва кучаниш ҳисси;
Қорин деворининг қаттиқлашиши.
Ичаклар билан боғлиқ муаммоларда болалар уйқуси бузилади, улар пассив бўлиб қолишади. Агар қабзият жиддий касаллик оқибатида келиб чиқса, асосий симптомларга қуйидагила ҳам қўшилиши мумкин:
Кўнгил айниши ва қусиш;
Тана ҳароратининг ошиши;
Аллергик тошмалар;
Тери рангининг ўзгариши;
Нажасда қон ва шиллиқ бўлиши;
Кучли ҳиқичоқ тутиши.
Бундай ҳолатларда болани тезроқ педиатрга олиб бориш керак. Болада кучли қабзият кузатилган вақтда нима қилиш керак ва ҳазм тизими аъзолар функциясини қандай тиклаш ҳақида фақатгина шифокор тўғри кўрсатмалар бера олади.
Чақалоқларда қабзият вақтида нима қилиш керак?
Биринчи навбатда болада ич келиши муддати узайса – педиатр кўригидан ўтиш зарур. Боланинг ҳаёти учун хавф туғдирувчи жиддий касалликларни инкор этиш учун лабаратор ва инструментал текширувлардан ўтказиш керак.
Агар болаларда қабзиятга сабаб бўладиган жиддий патология топилмаса нима қилиш керак? Бундай ҳолатда қабзиятга олиб келувчи омил она сутининг сифатсизлиги, сунъий озуқага ўтиш ёки ичакларда нерв билан таъминланишининг бузилишларидир.
Болаларда ичакларнинг нормал ишлаш функциясини қайта тиклаш учун комплекс муолажалар олиб борилади, улар қуйидагилар:
Массаж;
Она овқатланиш тартибини ўзгартириши;
Дори препаратлари;
Клизма;
Газ чиқарувчи найча (трубка) қўйиш.
Чақалоқларда ич қотишини даволаш (Медикаментоз)
Медикоментоз даво – болаларда қабзиятни массаж қилиш ва диета ёрдамида бартараф эта олмаган ҳолларда олиб борилади. Чақалоқлар ичак функциясини тиклаш ва нажаснинг осон келишини таъминлаш учун қуйидаги препаратлардан фойдаланиш мумкин:
Эспумизан;
Глицеринли шамчалар (свеча) лар қўйиш;
Дюфалак;
Плантекс;
Клизма қилиш.
Дюфалак ва Плантекс ичаклар перисталтикасини оширади, Эспумизан – қорин дам бўлишини бартараф этади. Ректал шамчалар (свеча) эса тўпланиб қолган нажасни юмшатади ва унинг чиқиб кетишини осонлаштиради.
Ичакни тозаловчи клизмага келсак, бу муолажани бир ҳафта давомида бир марта ўтказиш керак бўлади. Акс ҳолда болаларда дисбактериоз келиб чиқиши мумкин, ҳамда витамин ва минералларни ювиб чиқиб кетади. Тозаловчи клизма учун тоза илиқ сувдан фойдаланилади. Унга глицеринли мойидан қўшиш ҳам қотиб қолган нажасни юмшатади.
Чақалоқларда ич қотиши кузатилганда оналар диетаси қандай бўлиши керак?
Болаларда ич қотганда қандай ёрдам берса бўлади? Бунинг учун оналар нима қилишлари керак? Аввало эмизикли аёллар зарарли одатлардан воз кечишлари ва овқатланиш рационини тўғри тузиб олишлари лозим. Чақалоқларда ич келишини яхшилаш учун қуйидагилар ёрдам бериши мумкин:
Укроп ва петрушка;
Барра сабзавотлар;
Овқат таркибига зайтун мойи ёки ўсимлик мойидан қўшиш;
Сабзавотлардан шўрвалар тайёрлаб ичиш;
Қора олхўри;
Қайнатилган қовоқ ёки лавлаги;
Ёғи кам бўлган қатиқ.
Бундан ташқари, аёллар сув балансини ҳам нормада ушлаб туришлари керак ва албатта чақалоқларга ҳам овқатдан кейин ёки овқатлантиришдан олдин суюқликлар бериш тавсия этилади.
Ич келишини яхшиловчи даволовчи массажлар
Ичакларда йиғилган газларни йўқотиш ва ичаклар перисталтикасини оширишнинг энг осон ва хавфсиз ҳамда самарали йўли даволовчи массажлар бажаришдир. Агар болакайларнинг қорин соҳасига қўл билан тегилганда йиғласа ёки безовталанишса, массаж муолажаларини тўхтатиш ва педиатр кўригидан ўтиш керак.
Болакайларни қорин деворини жуда ҳам эҳтиёткорлик билан массаж қилиш зарур, буни қуйидагича амалга ошириш талаб этилади:
Болакайларнинг кийими ечилади ва орқаси билан ётқизилади;
Кафтингизга бироз мой суриб олинг;
Болакай терисининг мойга бўлган аллергияси текшириб кўрилади;
Киндик атрофини соат стрелкаси бўйлаб, енгил ҳаракат билан 5 дақиқа давомида массаж қилиш лозим;
Муолажа сўнгида қориннинг юқоридан пастки соҳасига томон енгил қўл ҳаракати билан “ичакдаги массаларни суриш керак”, яъни қўл қорин девори устида маёнлик билан сирпантирилади.
Массаждан сўнг ичаклар перисталтикасини оширувчи муолажалар бажарилади:
Болакайни орқа томони билан ётқизилади;
Оёқларни пастки қисмидан ушлаб, бир неча маротаба қорин соҳасига букиб ёйилади (5 маротаба);
Болакайни тиззаларга қорни билан ётқизлииб, орқа тарафдан кураклардан бошлаб, белгача айлана ҳаракатлар билан енгил уқаланади.
Бундан ташқари, шифокорлар чақалоқларни овқатлантиргандан кейин қорин соҳаси билан ётқизиб қўйиш тавсия қилинади (3-8 дақиқага).
Ўсимлик мойлари
Профилактика ва даволаш мақсадида қабзият ҳолатларида болакайларга, албатта, мойга нисбатан аллергияси бўлмаса, бир неча томчидан ўсимлик мойларидан бериш мумкин. Ўсимлик мойларига қуйидагилар киради:
Қовоқ мойи;
Облепиха мойи
Ўсимлик мойлари бола организми томонидан яхши қабул қилинади, улар ичаклар перистикалтикасини кучайтиради, ични юмшатади, нажас ҳаракатини яхшилайди, ҳамда чақалоқлар иммунитетини оширишда ҳам муҳим рол ўйнайди.
Чақалоқларда ич қотиши кузатилса, нима қилиш мумкин эмас?
Кўпинча чақалоқларда қабзият юзага келганда, аёллар хўжалик совунидан фойдаланишади. Тўғри ичакка кир ювиш совунидан бир бўлагини жойлаб қўйилса, тамом ич юмшаб болакай бемалол “хожатини чиқараверди” деб ўйлашади.
Бу мутлақо хато фикр ва чақалоқларда бундай усулни қўллаш мумкин эмас! Кир ювиш совунлари кучли ишқорий муҳитга эга, улар ичаклар нормал микрофлорасини бузиб юборади. Бундан ташқари, кир совунлари тўғри ичакда яралар пайдо қилиб, кучли қўзғалувчанлик чақиради.
Агар чақалоқда ич қотиши кузатилса ва сиз нима қилишни билмасангиз, ўз бошимчалик қилмасдан, шифокор-педиатр ҳузурига боришингиз шарт. Чунки педиатрлар ўзларининг қимматли йилларини айнан болакайлар саломатлигини сақлашга сарфлайдилар.