Болаларда гипотиреоз сабаблари ва даволаш сирлари усуллари

Болаларда гипотиреоз сабаблари ва даволаш сирлари усуллари

Болаларда гипотиреоз – эндокрин касаллик бўлиб, тиреоид гормонларининг қалқонсимон бездан кам ажралиб чиқиши ёки бу гормонларнинг ҳужайраларга таъсир этмаслик ҳолатидир. Болаларда гипотиреоз ҳолсизлик, тормозланиш, мушаклар гипотонияси, тишлар чиқиши кечикиши, лиқилдоқларнинг кеч битиши, ўсишда ортда қолиш ва ақлий ривожланиш кечикиши билан намоён бўлади. Болаларда гипотиреозни эрта босқичларда аниқлаш учун ТТГ гормони, Т4, тиреоглобулин, антитиреоид антителоларга скрининг текширув ўтказиш керак бўлади. Бундан ташқари қалқонсимон без УТТ (УЗИ) текшируви ва синтиграфия текшируви ўтказилади. Болаларда гипотиреозни даволашда гормон ўрнини босувчи препаратлардан фойдаланилади.

Болаларда гипотиреоз

Болаларда гипотиреоз – қалқонсимон без гормонларининг етишмовчилиги билан кечадиган патологик ҳолатдир. Қалқонсимон без гормонларига тироксин (Т4), триёдтиронин (Т3) ва тирокальцитонин киради. Ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида эмбрионга она организмидаги тиреоид гормонлар таъсир кўрсатиб турса, ҳомиладорликнинг 10-12 – ҳафталарига келиб эмбрионнинг ўзида қалқонсимон без шаклланади. Тиреоид гормонлар қалқонсимон безнинг махсус ҳужайралари – тиреоситларда синтезланади, бу ҳужайралар эркин ёдни қон плазмасидан ушлаб қолади ва ўзида сақлайди. Тиреоид гормонлар бола ҳаётида нормал ўсиши учун муҳим аҳамиятга эга. Тиреоид гормонлар эмбриогенез жараёнини бошқаради: суяк тўқимасининг шаклланиши, қон яратувчи тизим шаклланиши ва ривожланиши, нафас аъзолари ва иммун тизими, бош мия ўсишида катта аҳамиятга эга.

Болаларда тиреоид гормонларнинг етишмаслиги оғир асоратларга олиб келади. Бола қанча ёш бўлса бу патология шунча хавфлидир. Болаларда гипотиреоз жисмоний ва ақлий ривожланишдан ортда қолиши (бўй ўсиши, ақлий қобилият), моддалар алмашинувидаги бузилишлар (оқсил, ёғ, углевод, кальций) ва терморегуляция бузилишларига сабаб бўлади.
Болаларда гипотиреоз классификацияси
Болаларда гипотиреоз туғма ва орттирилган бўлиши мумкин. Туғма гипотиреоз ҳолатларида болалар тиреоид гормон етишмовчилиги билан туғиладилар. Туғма гипотиреоз учраш даражаси болалар эндокринологияси маълумотларига асосланганда 4-5 минг чақалоқлардан 1 тасида учраши аниқланган (қиз болаларда ўғил болаларга нисбатан икки баробар кўпроқ учрайди).

Болаларда гипотиреоз белгилари бўйича транзитор (ўтиб кетувчи), субклиник, манифест кўринишда бўлади. Тиреоид гормонлари ишлаб чиқарилиши бузилиши даражасига кўра бирламчи (тиреоген), иккиламчи (гипофизар) ва учламчи (гипоталамик) шакллари фарқланади.
Болаларда гипотиреоз сабаблари
Болаларда гипотиреоз – гипоталамо-гипофизар-тиреоид тизимдаги камчиликлар натижасида ривожланади. 10-20 % ҳолларда туғма гипотиреозга сабаб ота оналар томонидан ўтган аномалияга учраган ген бўлиши мумкин. Аммо, кўп ҳолларда туғма гипотиреоз тасодифий келиб чиқади деб ҳисобланади.

Болаларда асосан бирламчи гипотиреоз учрайди, бунда айнан қалқонсимон безнинг ўзида патология кузатилади. Бунга сабаб қалқонсимон безнинг туғма нуқсонлари, аплазия, гипоплазия, ёки дистопияси бўлишии мумкин.
Ҳомилада қалқонсимон без зарарланишига ташқи муҳит салбий омиллари (радиация, озиқ таркибида етарлича йод бўлмаслиги), ҳомила ичи инфекцияси, ҳомиладорлик вақтида аёлнинг баъзи дори препаратларини қабул қилиши (тиреостатиклар, транквилизаторлар, бромидлар, литий тузлари), она организмида тиреоидит аутоиммун ҳолатлар, эндемик буқоқ бўлиши сабаб бўлади.
10-15 % ҳолларда болаларда гипотиреоз келиб чиқишига тиреоид гормонларнинг синтези бузилиши ва ҳужайрадаги ушбу гормонларни таний оладиган рецепторларнинг бўлмаслиги сабаб бўлади.
Иккиламчи ва учламчи гипотиреоз болаларда туғма гипофиз ёки гипоталамус камчиликлари, ТТГ гормонининг синтезида генетик дефект бўлиши туфайли келиб чиқади. Болаларда орттирилган гипотиреоз гипофиз ёки қалқонсимон без яллиғланиш касаллиги, ўсма касалликлари, травма ёки жарроҳлик амалиётлари, эндемик йод етишмаслиги натижасида юзага чиқади.
Болаларда гипотиреоз белгилари

Гипотиреоз чақалоқларда қуйидаги белгилар билан намоён бўлиши мумкин:
Туғруқ жараёнининг кеч рўй бериши (40-42 ҳафталарда);
Бола тана вазни ортиқча бўлиши (3,5-4 кг дан юқори);
Юз, қош, тил (макроглоссия), қўл ва оёқ бармоқларининг катта бўлиши;
Нафас олишнинг қийинлиги, паст ва қўпол йиғи.
Янги туғилган чақалоқларда гипотиреоз сариқликнинг чўзилиши, киндик ярасининг кеч битиши, киндик чурралари, сўриш рефлексининг суст бўлиши билан кечади.

Бола ўсиши билан гипотиреоз белгилари ҳам кучайиб боради. Белгилар боланинг кўкрак сути билан озиқланиши туфайли кам намоён бўлиши мумкин, чунки бола она организмидан сут орқали тиреоид гормонларни ҳам қабил қилиб туради. Кўкрак ёшидаги болаларда гипотиреоз белгилари соматик ва психомоторик ривожланишдан ортда қолиши билан намоён бўлади: умумий ҳолсизлик, уйқучанлик, мушаклар гипотонияси,тормозланиш, гиподинамия, бўй ва тана вазни ортда қолиши, лиқилдоқлар ҳажми катта бўлиши ва уларнинг кеч битиши, тишларнинг кеч чиқиши, қобилиятларнинг шаклланмаганлиги (бошни тутиш, ўтириш, туриш, юриш).
Бундан ташқари гипотиреоз касаллиги билан хасталанган болаларда брадипсихия шаклланади: атроф муҳитга қизиқиш пастлиги, товушга бўлган реакцияларнинг сустлиги, болакай товуш чиқармаслиги, ўйнамаслиги, алоқага кириши қийинлашуви ҳам кузатилади. Юрак мушакларининг зарарланиши, иммунитет сусайиши, рангпарлик ва терининг қуруқлиги, сочларнинг синувчанлиги, тана ҳароратининг пастлиги, анемия, ич қотишлари ҳам келиб чиқади.
Гипотиреоз касаллиги белгилари юзага чиқиши унинг этиологияси ва касаллик оғирлик даражасига боғлиқ бўлади. Ҳомиладорликнинг эрта босқичларида гипотиреоз хавфлилиги шундаки, бу патология МНТ (марказий нерв тизимининг) қайтмас зарарланиши, ақлий заифлик, суяклардаги деформациялар, паканалик, руҳиятнинг ўзгариши, эшитиш ва гапириш қобилиятининг шаклланмаслиги ва жинсий безларнинг ривожланмаслигига олиб келиши мумкин.

Болаларда гипотиреознинг енгил кўринишида белгилар юзага чиқмаслиги мумкин ёки кеч намоён бўлади, яъни 2-6 ёшлар оралиғида, баъзида жинсий балоғат даврида. Агар гипотиреоз 2 ёшдан ошган болаларда келиб чиқса, ақлий қобилият томонидан жиддий камчиликлар кузатилмайди. Катта ёшли болаларда гипотиреоз белгилари семизлик, бўй ўсишидан ортда қолиш ва жинсий етилишнинг кечикиши, кайфиятнинг бузилиши, фикрлаш қобилиятининг секинлашуви ва ўзлаштиришда ортда қолиш билан кечиши мумкин.
Болаларда гипотиреоз касаллиги диагностикаси
Бирламчи туғма гипотиреозни аниқлаш учун албатта педиатрия соҳасида скрининг текшируви ўтказилади (бола туғилиши билан 4-5 кун ичида). Бунда ТТГ нинг қон плазмасидаги миқдори, қалқонсимон безнинг гормон синтез қилиш даражаси ўрганилади. Гипотиреознинг турини фарқлаб олиш учун қўшимча сифатида умумий ва эркин Т4, Т3, тиреоглобулин ва антитиреоид антитело, боғланган тиреоид гормонлар индекси, тиролиберин синамаси ўтказилади.

Гипотиреоз касаллиги диагностикасида кейинчалик қалқонсимон без УТТ (УЗИ) текшируви ва синтиграфия усуллари қўлланилади. Бу каби текширувлар аъзода анатомик бузилишларни (тўлиқ шаклланмаганлиги, деформацияси), унинг функционал активлиги пасайганлигини кўрсатиб беради. Суякланиш даражасини аниқлаш мақсадида рентгенологик текширув ҳам буюрилиши мумкин.

Болаларда гипотиреоз давоси

Болаларда гипотиреознинг давоси – касалликка ташхис қўйилиши билан эрта муддатларда олиб борилиши керак. (туғруқдан кейин 1-2 ҳафта ичида), шунда жиддий асоратлар келиб чиқиш хавфи камаяди.
Кўп ҳолларда туғма ёки орттирилган гипотирезни даволаш учун – бир умрлик гормон ўрнини босувчи препаратлар буюрилади. Бунга қўшимча сифатида витаминлар, ноотроп воситалар, даволовчи массаж ҳам тавсия этилади. Касалликнинг субклиник кўринишларида дори препаратларини қўлламаса ҳам бўлади, беморлар доимо шифокор назоратида бўладилар.

Болаларда гипотиреоз оқибати ва профилактикаси

Гипотиреоз касаллигининг болаларда оқибати – боланинг ёши, касаллик даражаси, даво бошланган муддат ва дори препаратларининг тўғри дозада эканлигига боғлиқдир. Ўз вақтида даво муолажалари олиб борилган болаларда ақлий етилиш нормал ҳолатга тўлиқ қайтиши мумкин.
Гипотиреозни даволамаслик болада қайтмас жараёнларга олиб келади ва боланинг ногирон бўлиб қолишига сабаб бўлади.
Гипотиреоздан азият чекадиган болалар доимо маҳаллий педиатр, болалар эндокринологи ва невропатологи назоратида бўлишлари керак.
Болаларда гипотиреоз профилактикасига – ҳомиладор аёлнинг ёдга бой бўлган маҳсулотлар истеъмол қилиши ёки йод сақловчи препаратлардан шифокор назорати остида қабул қилиб юриш киради. Болаларда йод етишмовчилигини эрта муддатларда аниқлаш ва уларни бартараф этишга асосланган даво чораларини қўллаш зарур.



Ўҳшаш маълумотлар

Ҳомиладорликда қон кетиши сабаблари ва даволаш сирлари

Ҳомиладорликда қон кетиши – ҳомиладор аёл организмида ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар рўй бериши мумкин бўлган патологик ҳолат. Табиий аборт, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, резус омил тўғри келмаслиги ва бошқа ҳолатларда юзага чиқади. Бу...

Болаларда пневмония касаллиги сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда пневмония – ўпка паренхимасининг барча структур функционал бирлигида кечадиган ўткир инфекцион яллиғланишли касаллик. Пневмония болаларда интоксикация белгилари, йўтал, нафас етишмовчилиги каби белгилар билан кечади. Болаларда пневмония...

Болаларда гломерулонефрит- сабаблари, белгилари, даволаш ва олдини олиш усуллари

Болаларда гломерулонефрит – буйрак коптокчаларининг ўткир ёки сурункали инфекцион-аллергик яллиғланиш касаллиги. Болаларда ўткир гломерулонефритга учлик белгиси хос: пешоб (олигурия, анурия, гематурия, протеинурия), шиш ва гипертензия. Сурункали...

Рахит касаллиги – даволаш ва олдини олиш усуллари (2-қисм)

Болаларда рахитни даволаш эрта муддатларда бошланиши керак. Шундагина даво самарали бўлади ва рахитдан кейинги қоладиган асоратлар хавфи камаяди....

Болаларда анемия ёки камқонлик сабаблари ва даволаш сирлари усуллари

Камқонлик – қонда гемоглобин миқдорининг нормадан паст бўлиши, энг кўп тарқалган патологиялардан бири. Кўпгина ёш оналар бу патология ҳақида яхши билишади, чунки уларнинг ҳар иккидан бири ушбу ҳолат билан ҳомиладорлик вақтида дуч келишган. Болаларда...



Фикр қўшиш

Наверх