Болаларда рахитни даволаш эрта муддатларда бошланиши керак. Шундагина даво самарали бўлади ва рахитдан кейинги қоладиган асоратлар хавфи камаяди.
Болалар рахитдан тезроқ қутилиши учун нима қилиш керак, қайси шифокор кўригидан ўтиш зарур?
Болаларда рахит белгилари аниқланиши биланоқ маҳаллий педиатр кўригидан ўтиш керак. У боланинг умумий аҳволини кўради, керакли диагностик текширувларни ўтказади ва тор доирадаги шифокорга юборади. Рахит касаллигини қанча эрта даволашни бошласа, даво самараси шунча яхши бўлади. Ҳеч қачон мустақил равишда ташхис қўйиб ўз бошимчалик билан даво чораларини кўрманг. Рахит каби кечувчи бошқа касаллик ҳам бор, бунда ҳам Д витамини етишмовчилиги кузатилади. Хатога йўл қўйган ҳолда касалликка даво чоралари кўрилса, унинг оқибати оғир бўлиши мумкин. Шунинг учун касалликка ташхис қўйишда диққатлироқ бўлиш керак, аниқ диагноз қўйилгандан кейингина даво чоралари қўлланилиши зарур.
Рахитни даволаш режими
Рахит касаллигини болаларда даволаш режимининг ўзига хослиги қуйидагича:
Очиқ ҳавода мунтазам сайр қилиш (бир кунда камида 4 соат). Кунига 2 маҳал сайр қилиш, қуёшли кунларда кўпроқ очиқ ҳавода бўлиш, ҳатто коляскада болани очиқ ҳавода ухлатиш ҳам мумкин;
Боланинг уйқуси етарлича бўлиши, уни кўпроқ ҳаракатлантириш. Ота-оналар болакайларни ўйинчоқлар, мусиқа, ўйинлар билан қизиқтиришлари керак. Ҳаттоки, телевизордаги болалар учун кўрсатувлар орқали уларни кўпроқ ҳаракатланишига йўл қўйиб беришлари зарур;
Боланинг овқатланиш тартибини тўғирлаш. Кўкрак сути билан озиқланадиган болалар фақатгина она сути билан овқатланишлари зарур.
Массаж ва гимнастика
Болаларда рахитни даволашда массаж ва гимнастика бажариш жуда ҳам яхши натижалар беради. Улар ҳисобига қон айланиши яхшиланади, тўқималар трофикаси ва мушаклар тонуси нормаллашади. Бундан ташқари, массаж бола нутқига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Болалар янги ҳаракатларни ўрганади ва ўсиши тезлашади.
Болалар рахитини даволашда овқатланишнинг ўзига хос жиҳатлари
Рахит касаллигини даволашда овқатланиш тартиби ва таркиби ҳам муҳим рол ўйнайди. Кўкрак сути билан озиқлантиришни камида 1 ёшгача сақлаб қолиш керак. Она сути билан боқиш имкони бўлмаса, сунъий аралашмалар бериш мумкин. Уларни танлаш учун шифокор билан маслаҳатлашиш зарур. Чунки айрим сунъий озуқалар Д витамини, кальций ва фосфор элементларига бой бўлсада, улар таркибидаги моддаларнинг баъзилари болага аллергик таъсир кўрсатиши мумкин. Улардан фойдаланаётганда болани секин асталик билан ўргатиб бориш лозим. Боланинг овқатланиш рационида, албатта, сут маҳсулотлари (сут, творог, пишлоқ, сариёғ ва бошқалар), кўкатлар ва сабзавотлар, картошка, мевалар, гўштли овқатлар, каша, тухум ва балиқ маҳсулотлари бўлиши керак. Кальцийни энг кўп миқдорда сақловчи маҳсулот – пишлоқ, сут ва сут маҳсулотлари, творог, петрушка, кўк пиёз, фасол.
Болаларда рахитни даволашда Д витамини
Болаларда рахит касаллиги келиб чиқишида асосий ўринни Д витамини етишмаслигини ҳисобга олиб, касалликни даволашда Д витаминининг ўрни катта.
Д витамини билан даволаш қандай олиб борилади?
Кўпинча Д3 витамини фойдаланилади (халқаро номи “Холекальцийферол”). Бу препарат болага даволовчи дозаларда, касалликнинг оғирлик даражасига қараб буюрилади, яъни 2000 дан 5000 ХБ (халқаро бирлик) гача. Бундай доза боланинг 1-1,5 ойлигидан бошланади ва ҳар ойда, токи профилактик мақсадларда буюриладиган дозага етгунга қадар камайтириб борилади. Профилактик дозада препарат бола 2 ёшга киргунгача берилади. Касалликни даволашда 2000 ХБ даги дозадан бошлаган маъқул. Д3 витаминининг 5000 ХБ да рахитнинг оғир кўринишларида, суякларнинг кучли деформацияларида буюрилади. Хавф гуруҳига кирувчи болаларда қўшимча даво буюрилади, яъни биринчи даво курси тугаганидан сўнг 3-4 ҳафта давомида 2000 ХБ ва 5000 ХБ оралиғидаги дозада Д3 витамини қабул қилинади. Бу касалликнинг қайталанишини олдини олади.
Муҳим жиҳати, препаратнинг 1 томчисида қанча ХБ даги Д3 витамини борлиги. Масалан, Вигантол препаратининг 1 томчисида 670 ХБ холекальциферол бор. Аквадетримнинг 1 томчисида эса 500 ХБ даволовчи витамин бор.
Рахитни даволашда Д2 витамини (эргокальциферол) сақловчи препаратлардан ҳам фойдаланса бўлади. Улар ёғли ва спиртли эритмалар кўринишида бўлади. Умуман олганда рахит давосида Д витаминлари билан биргаликда кальций, фосфор, Б, А, C гуруҳ витаминлари, калий, магний элементларини сақловчи препаратлардан ҳам фойдаланилади.
Рахирни олдини олиш
Рахит профилактикаси икки босқичда олиб борилади: бола туғилгунгача ва туғилгандан кейинги.
Бола туғилгунга қадар рахит профилактикаси қуйидгилар:
Боланинг муддатидан олдин туғилмаслигига ҳаракат қилиш;
Аёлнинг жинсий касалликлари ва ҳомиладорлик патологияларини аниқлаш ва даволаш;
Ҳомиладор аёлнинг овқатланиш тартибини тўғирлаш;
Ҳомиладор аёлнинг кун тартибига риоя этиши (тоза ҳавода сайр қилиш, етарлича уйқу, енгил жисмоний машқ ва шу кабилар);
Поливитаминлар қабул қилиш;
Шимолий минтақаларда яшовчи, қуёш нури кам бўлган минтақаларда ультрабинафша нурлар билан “чўмилтириш”;
Туғилгандан кейинги рахитни олдини олиш чора тадбирлар:
Боланинг 1 ёшгача ва ундан кейин ҳам кўкрак сути билан озиқланиши;
Кун тартибига риоя қилиш (очиқ ҳавода сайр қилиш, уйқу тартиби, қуёшли кунларда сайр қилиш, айниқса куннинг биринчи ярмида соат 9-10 лар атрофида);
Боланинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш (узоқ муддат бешикка боғламаслик, уни эркин қўйиб ҳаракатланишига имкон яратиш);
Кўрсатма бўйича даволовчи гимнастика ва массажлар бажариш;
Эмизикли ва 3 ёшгача бўлган болаларда рахитнинг махсус профилактикаси:
Оғиз орқали кунлик Д витамини қабул қилиш;
Профилактик Д витамин дозаси 500 ХБ яъни 1 томчи бўлиши керак;
Чала туғилган болаларга 2-ҳафтадан бошлаб, вақтида туғилганларга эса 3-ҳафтадан бошлаб Д витамин бериш. Препарат ҳар бир бола учун индивидуал равишда буюрилади. Профилактик даво 2 ёшгача олиб борилади. Рахит касаллигини бошидан кечирганлар учун профилактик даволаш 3 ёшгача буюрилади. Бундан ташқари, бундай болаларга Б ва C гуруҳ витаминлари ҳам тавсия этилади.
Чала туғилган болаларда рахит касаллигининг ўзига хослиги
Чала туғилган болалар рахит касаллигига учраш хавфи юқори бўлади, айниқса 1 ёшгача бўлган даврда. Чала туғилган болаларда рахит келиб чиқиши 80 % ҳолларда учрайди. 1500 гр дан кам вазн билан туғилган болаларда рахит келиб чиқиш хавфи жуда юқори. Бунга сабаб боланинг ўсиши жадал равишда бориши учун кальций ва фосфорга бўлган эҳтиёжнинг ортишидир. Бундан ташқари, чала туғилган болаларда бошқа касалликлар бўлиши ҳам рахит касаллиги кечишини оғирлаштиради. Бундай болаларнинг қабул қиладиган баъзи дори воситалар ҳам кальций ва фосфор ажралиб чиқишини кучайтириб юбориши мумкин. Илмий изланишлар натижасида ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида суяклар жадал шаклланиб, уларнинг минерализатияси кечиши аниқланган. Фарзанднинг муддатидан олдин туғилиши эса бу жараённинг кечишини бузиб юборади.
Чала туғилган болаларда рахит касаллигининг белгилари
Чала туғилган болаларда рахит касаллиги – остеопения деб аталади. Касаллик боланинг биринчи ҳафтасиданоқ намоён бўлади ва ўткир равишда пайдо бўлади. Унинг белгилари қуйидагилар:
Неврологик симптомлар (йиғлоқилик, қўзғалувчанлик, уйқудаги муаммолар ва бошқалар);
Суякларнинг юмшоқлиги ва бўртиқларнинг пайдо бўлиши;
Найсимон суякларнинг спонтан равишда синиши (қовурға, сон, елка ва бошқа суяклар);
Тиш эмали гипоплазияси, сут тишларнинг кеч чиқиши;
Мушаклар гипотонияси;
Қўл ва оёқ суякларининг деформациялари.
Муддатидан аввал туғилган болаларда ҳар доим ҳам рахит белгилари аниқланавермайди. Чунки бундай болаларда бошқа касаллик белгилари бўлганлиги ҳисобига рахит симптомлари яққол намоён бўлмайди. Рахит касаллиги асоратлари салбий бўлиши мумкин эканлигини инобатга олиб, бу касалликни чала туғилган болаларда эътибордан четда қолдириш керак эмас.
Чала туғилган болаларда рахит давоси
Режим, озиқланиш тартиби, массаж ва гимнастика муолажалари муддатида туғилган болалар каби олиб борилади. Фақатгина, болаларнинг ўзига хос жиҳатлари эътиборга олинади, яъни ёндош касалликлари. Энг асосийси кўкрак сути билан озиқлантиришни таъминлаш керак. Сунъий овқат танлаётганда эса махсус чала туғилган болалар учун ишлаб чиқазилганини танлаш зарур. Бундан ташқари, даволовчи гимнастика ва массаж қилиш ҳам яхши натижалар беради, чунки суяк ва мушаклар ҳаракатланиб уларнинг трофикаси яхшиланади ва ўсиши нормаллашади. Дори препаратлари 2-ҳафтадан бошлаб буюрилади. Дори препаратлари фақатгина Д витаминидан эмас, балки кальций ва фосфат тузларини сақлайдиган бўлиши керак. Унинг дозаси даволовчи шифокор томонидан буюрилади. Қўшимча дори препаратларини қўллашдан олдин уларнинг ножўя таъсирларини ҳам инобатга олинг. Чунки айрим препаратлар кальций ва фосфор алмашинувини издан чиқариши мумкин.