
Болаларда грипп – ўткир инфекция, А, Б, C гуруҳ вируслари томонидан келиб чиқадиган, нафас йўлларининг зарарланиши билан кечадиган ва албатта иккиламчи бактериал асорат қўшилиш даражаси юқори бўлган касаллик.
Грипп болаларда юқори тана ҳарорати (39-40 оC) кўтарилиши, умумий ҳолсизлик ва катарал белгилар (томоқ қизариши, бурун битиши, қуруқ йўтал, бодомчасимон без катталашиши) билан кечади.
Грипп диагностикаси клиник-эпидемиологик текширувлар, вирусни лаборатор аниқлаш (РИФ, ПЗР, ИФА, РСК, РТГА) усули билан қўйилади. Болаларда гриппнинг симптоматик давосида тана ҳароратини туширувчи, десенсибилизацияловчи, балғам кўчирувчи препаратлар билан олиб борилса, этиотроп даво мақсадида вирусга қарши воситалардан фойдаланилади.
Грипп ўткир респиратор вирусли инфекция гуруҳига киради (ЎРВИ). Бу гуруҳга оддий гриппдан ташқари парагрипп, аденовирусли инфекция, респиратор-сиситиал инфекция, риновирусли инфекция ҳам киради. Грипп йил давомида мавсумийлик хусусиятига эга, аҳолининг 30% ига яқин қисми касалланади, шуларнинг ярмини болалар ташкил этади. Айниқса, хавф гуруҳига 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар киради.
Болаларнинг грипп билан касалланишга мойиллиги катталарга нисбатан 4-5 баробар юқори. Кўп ҳолларда грипп асоратлар билан кечади (бронхит, пневмония, синусит ва бошқалар қўшилади), сурункали касалликларни қўзғатиб юборади. Шу сабабли педиатрлар учун грипп эпидемияси профилактика масалалари жиддий муаммо туғдирмоқда.
Болаларда грипп келиб чиқиши сабаблари
Грипп тез тарқалувчи инфекция бўлиб, одамдан одамга осон юқади. Мавсумий грипп эпидемиясини РНК сақловчи вируснинг 3 та типи қўзғатади – А, Б ва C. вируснинг ташқи антигени гемаггютинин (Ҳ) ва нейраминидаза (Н) бўлиб ҳисобланади.
Энг кўп ўзгарувчан антиген тузилишга эга бўлган грипп вируси – А типидаги вирусдир, асосан шу типдаги вирус эпидемия ва пандемия ҳолатларига сабаб бўлади. Унинг гемагглютинини 15 та тип остига (Ҳ1-Ҳ15), нейраминидазаси эса 10 та тип остига (Н1-Н10) бўлинади. Одатда мавсумий эпидемия вақтида Ҳ1Н1 ва Ҳ3Н2 штаммлари айланиб юради.
А вирус штаммлари одамлар, қушлар ва уй ҳайвонларида касаллик келтириб чиқаради.
Б гуруҳли вирус антиген тузилиши кам ўзгарувчан, одатда бу вирус маҳаллий ёки маълум бир ҳудудда эпидемия ҳолатига сабаб бўлади. Б гуруҳли вирус билан фақат одамлар касалланадилар, айниқса ёш болалар.
C гуруҳли вирус антиген тузилиши стабил бўлади. Одамлар ва чўчқаларда касаллик келтириб чиқаради. Спородик ҳолатларда касаллик чақиради.
Юқоридаги маълумотларни инобатга олиб гриппга қарши вакциналарнинг кўпчилиги А ва Б гуруҳидаги вирус антигенига таъсир кўрсатади.
Болалар орасида грипп вируси ҳаво-томчи йўли орқали тарқалади, мулоқот қурганда, акса урганда ва йўталганда. Бундан ташқари маиший-контакт усули билан ҳам грипп вируси юқиши мумкин, ўйинчоқлар орқали, шахсий гигиена воситаларидан фойдаланганда.
Грипп вирусининг тарқалишида об-ҳаво шароитининг ўзгарувчанлиги (ҳаво ҳарорати ва намлиги), боланинг иммун тизими пасайиши, гиповитаминоз, етарлича қуёш нурига тўйинмаслик ва болалар жамоавий бўлган жойлар муҳим рол ўйнайди.
Грипп вируси организмга бурун ёки оғиз орқали кириб, нафас йўллари цилиндрик эпителийларида жойлашиб олади. Гемагглютинин антигени ёрдамида вирус ҳужайраларга ёпишиб олади, нейраминидаза антигени ёрдамида ҳужайра мембранасини бузади ва ҳужайра ичига киради.
Ҳужайрага кирган вирус ўзининг хусусий оқсилларини синтезлай бошлайди ва кўплаб РНК ларини репликациялайди. Сўнгра янги вируслар хўжайин ҳужайрадан ташқарига чиқиб бошқа соғлом ҳужайраларни ҳам зарарлайди. Бу жараён клиникада катарал яллиғланиш кўринишида кечади. Зарарланган ҳужайрадан вирус қонга ўтади ва бутун организмга тарқалади, бу эса специфик грипп интоксикацияси билан кечади.
Болаларда грипп белгилари
Вируснинг яширин даври бир неча соатлардан 2-4 суткагача бўлган вақтни ўз ичига олади. Болаларда грипп бошланиши ўткир бўлиб, одатда интоксикация белгилари катарал белгилардан устун бўлади. Кўкрак ёшидаги болаларда грипп бошланиш белгилари юқори ҳарорат бўлиши мумкин. 5 ёшгача бўлган болаларда эса юқори ҳарорат (39-40 оC), ринит ва йўтал, 5 ёшдан катта болаларда юқори ҳарорат, кўп терлаш, қуруқ йўтал, томоқ ва бурунда қизариш, оғриқ билан намоён бўлади.
Умумий интоксикация белгиларига иштаҳанинг пасайиши, ҳолсизлик, адинамия, бош оғриши, миалгия ва артралгия, қайт қилиш каби белгилар киради.
Каппиляротоксикоз натижасида қон томирлар девори ўтказувчанлиги ортади ва геморрагик синдром белгилари келиб чиқади – бурун қонайди. Болаларда грипп вируси марказий нерв тизимини ҳам токсик зарарлаши мумкин: ensefalopa.tiya, нейротоксикоз, судоргилар, галлюцинация ва бошқалар. Юрак-қон томир тизими томонидан тахикардия, юрак тонларининг бўғиқлашуви кузатилади. Сийдик айириш тизимида эса микроалбуминурия, микрогематурия, диурезнинг камайиши каби белгилар намоён бўлади.Типик кўринишда кечувчи енгил ва ўрта оғир даражадаги грипп болаларда 3-4 кун ичида ўтиб кетади, аммо катарал белгилар 1,5-2 ҳафтагача сақланиб қолиши мумкин. Тузалиш даврида узоқ муддатгача астения белгилари (тез чарчаш, ҳолсизлик, кўп терлаш) сақланиб қолиши мумкин. Болаларда гриппнинг гипертоксик шакли кўп ҳолларда ўлим билан тугайди. Бунга сабаб ўпка шиши, пневмония, ДВС-синдроми, ўткир нафас, юрак-қон томир ва буйрак етишмовчилигидир.
Грипп асоратлари
Болаларда гриппнинг асоратлари респиратор ва нореспиратор кўринишида бўлади.
Респиратор асоратлар кўпинча 5 ёшдан кичик бўлган болаларда учрайди ва улар қуйидагилар бўлиши мумкин: иккиламчи бактериал инфекция аралашуви, пневмония, бронхиолит, ўрта отит, синусит.
Нореспиратор асоаратларга эса миокардит, миозит, энцефалит, Рея синдроми вва бошқалар бўлиши мумкин
Оғир асоратларга олиб келувчи хавф гуруҳидаги болаларга 2 ёшдан кичик бўлганлар, ёндош касалликлари бор бўлган болалар (бронхиал астма, туғма юрак нуқсони, иммун танқислиги бўлган, қандли диабет билан касалланган ва буйрак касалликлари бўлган болалар) киради.
Болаларда грипп диагностикаси
Диагностика қўйишда педиатр эпидемиологик маълумотлар ва касалликнинг клиник кўринишига эътиборини қаратади (тана ҳарорати, интоксикатия, катарал белгилар, физикал ўзгаришлар). Лаборатория текширувида махсус вирусни аниқловчи усуллардан (ПЗР ва РИФ) фойдаланилади. Бунда вирусни аниқлаш учун бурун-ютқин шиллиқ қаватидан суртма олинади.
Асоратларни олдини олиш учун тор доирадаги мутахассислар кўриги ҳам талаб этилади – болалар отоларингологи, невропатологи, пулманолог ва нефролог. Албатта ҳар бир беморда умумий сийдик ва қон анализи, кўкрак қафаси аъзолари рентгенографияси, балғам бактериологик текшируви, қонни стерил муҳитга экиш каби усуллар ўтказилади.
Гриппни дифференциал ташхисида ЎРВИ нинг бошқа инфекциялари, геморрагик иситма, вирусли гепатит А нинг продромал даври ва қизамиқ, мононуклеоз касалликлари билан олиб борилади.
Болаларда гриппни даволаш
Гриппнинг болалардаги енгил ва ўрта оғир шаклдаги ҳолати уй шароитида даволанади. Кичик ёшдаги болалар ва оғир даражадаги грипп давоси касалхонада олиб борилади. Юқори тана ҳарорати вақтида қатъий ётоқ режими ва кўпроқ илиқ суюқлик ичиш тавсия этилади.
Болаларда гриппнинг этиотроп давоси максимал даражада эрта муддатларда бошланиши керак. Педиатрия соҳасида қуйидаги вирусга қарши воситалардан фойдаланилади:
Ремантадин, умифеновир, селтамивир, альфа интерферон, тилороне ва бошқалар.
Гриппнинг симптоматик давосида тана ҳароратини пасайтирувчи ва яллиғланишга қарши препаратлар (парасетамол, ибупрофен), муолитиклар (амброксол, бромгексин, фенспирид), йўталга қарши воситалар, бурун томирларини торайтирувчи томчи воситаларидан фойдаланилади.
Гриппнинг комплекс давосида антигистамин препаратлари ва витамин комплекслари буюрилади. Ларингит ва трахеит ҳолатларида ингаляция усулидан фойдаланилади. Бактериал инфекция қўшилганда антибиотиклар қўлланилади.
Болалар амалиётида ҳар қандай дори препаратини қўллаш шифокор тавсиясига кўра амалга оширилиши шарт! Ўзбошимчалик билан кимёвий препаратни мутахассис тавсиясисиз қўллаш, оғир ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.
Болаларда грипп оқибати ва профилактикаси
Мавсумий типик грипп одатда соғайиш билан тугайди. Бола ҳаётига хавф оғир гипертоксик кўринишларида ва асоратлар билан кечганда кузатилади.
Эпидемия ҳолатларида мавсумий грипп олдини олиш мақсадида болаларни вакцинация (эмлаш) ўтказилади. Агар оилада грипп билан касалланган инсонлар бўлса, болаларга юқмаслиги учун интерферон билан профилактика олиб борилади. Бундан ташқари грипп эпидемияси профилактикасига жамоавий болалар йиғиладиган жойларни тозалаш, касалланган болаларга таътиллар эълон қилиш каби усуллар киради.