Илғор ишчи ва чаққон мухбир қиссаси

Ишчи тонгда туриб олиб
Қурилишга боради.
Ғишт теради, тош йўнади,
Шағалини қоради.

Қўл ишда-ю, аммо ўзга 
Хаёл кезар бошида,
Боғчадаги қизчасининг
Лентаси йўқ сочида.

Телпагини йўқотибди,
Ўйинқароқ кенжаси.
Янгисини оббер, — дейди,
Йиғлаб чиқди кечаси.

Бировига папка керак,
Ўйлаб ҳамма-ҳаммасин,
Ишчи шу кун икки ҳисса
Бажаради нормасин.

Кун ярмидан оғмай туриб
Мухбир келиб қолади,
Илғор, — дея уни, дарров
Суратини олади.

Эртасига газетада
Хабар чиқар бир қулоч:

“У янги йил шарафига
Меҳнат қилди...” На илож!

Газетани ўқиб ишчи
Кулибгина қўяди,
Илғорлигин сабабини
Янги йилга йўяди.

Кунлар бир-бир ўтиб борар
Қамчилашиб отини.
Вақти етиб бир кун унинг
Туғиб қолар хотини.

Ким ҳам ахир толеидан
Қувонмайди бу чоғда.
Ўғил кўрдик, деб қўяди,
Оғзи унинг қулоғда.

Ўлмай бир кун катта бўлса
Одам бўлар чақалоқ.
Аммо ҳозир боқиш керак,
Оч қолмасин бақалоқ.

Ахир жиндай чиқим керак,
Ўйлаб ҳамма-ҳаммасин,
Ишчи шу кун уч баравар
Бажаради нормасин.

Эртасига газетада
Хабар чиқар бир қулоч:
“Балиқчилар кунига у
Меҳнат қилди...” На илож!

Газетани ўқиб ишчи
Кулибгина қўяди.
Илғорлигин сабабин
Балиқчига йўяди.

Кунлар яна ўтиб борар
Бир-бирини қувлашиб,
Ҳозирчалик ёмон эмас
Яшайдилар қувнашиб.

Аммо одам ҳаётида
Бордир куннинг қораси,
Ажал етиб бир кун унинг
Қазо қилар онаси.

Марҳум деган ўзи бориб
Кирмайди-ку қабрга.
Чиқим керак кўмишга-ю,
Майда-чуйда тадбирга.

Онасининг ўлишини
Қайдан билмиш у ғариб,
Йўқса аввал озроқ нарса
Қўймасмиди жамғариб.

Қабр устига лавҳа керак...
Ўйлаб ҳамма-ҳаммасин,
Ишчи энди тўрт баравар
Бажаради нормасин.

Кун ярмидан оғмай туриб,
Мухбир келиб қолади.
Пешқадамни қаққайтириб
Суратини олади.

Эртасига газетада
Хабар чиқар бир қулоч:
“Май байрами шарафига
Меҳнат қилди...” На илож!

Газетани энди ишчи
Бир бурчакка отади.
Бу мақтовга нима дейсиз?
Ўйлаб боши қотади.

Уйда бундоқ таъзия-ю,
Бу ёқса бу масхара.
Наҳот одам аҳволини
Сўрамаса тасқара.

Энди иш ҳам қолиб кетиб
Сўка бошлар ғурбатни:
“Биламиз-ку биз ҳам ахир
Байрамларга ҳурматни.

Шу замоннинг оғушида
Етдик биз ҳам вояга.
Қалбларимиз лиммо-лимдир
Қанча-қанча ғояга.

Майли, баҳор байрамидек
Яшнатайлик оламни,
Лекин, ука, ёшлик қилиб
Ранжитдинг-ку одамни”.

Ўйлаб ҳамма-ҳаммасини
Хуллас тинчи йўқолар,
Хумпарни бир боплай, — дея
Газетага йўл олар.

Кейин билса мухбирнинг ҳам
Бор экан ўз ноласи,
Чиқим учун ёзган экан, —
Туққан экан холаси.



Ўҳшаш маълумотлар

Абдулла Орипов ҳаёти ва ижоди

Ўзбек шеъриятининг энг ёрқин намоёндаларидан бири, Ўзбекистон давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида мақоламизда батафсил танишинг....



Фикр қўшиш

Наверх