Кесарча кесиш – кўрсатмалар, ўтказилиш тартиби, ижобий ва салбий жиҳатлари

Кесарча кесиш – кўрсатмалар, ўтказилиш тартиби, ижобий ва салбий жиҳатлари

Туғруқ – бу табиий жараён бўлиб, аёл организми ҳар томонлама бу ҳолатга мослашгандир. Аммо, айрим ҳолатларда туғруқ жараёни аёл ёки ҳомила ҳаётига хавф туғдириши мумкин. Бундай вазиятларда туғруқ оператив йўл билан амалга оширилади яъни – кесарча кесиш амалиёти ўтказилади.
Кесарча кесишга кўрсатмалар
Кесарча кесиш амалиёти режали ёки шошилинч ўтказилиши мумкин. Режали кесарча кесиш амалиёти ҳомиладорликни режалаштириш вақтида ёки ҳомиладорлик давом этаётган вақтда белгилаб қўйилади. Шошилинч кесарча кесиш эса туғруқ вақтида ёки ҳомила ҳаётига хавф туғилганда (ҳомила гипоксияси, йўлдошнинг кўчиши) белгиланади ва амалга оширилади. Кесарча кесишга кўрсатмалар нисбий ва абсолют бўлиши мумкин. Абсолют кўрсатмалар ҳеч қандай шубҳаларсиз операция жараёни ўтказилиши ва бу шифокор томонидан қатъий белгиланади.

Абсолют кўрсатмалар
Ҳомиладор аёлда тор чаноқ бўлса. Аёл чаноғининг анатомик тор тузилиши натижасида табиий йўл билан туғруқ амалга ошишининг имкони бўлмайди. Ҳомиланинг туғруқ йўлларидан ўтишида қийинчиликлар келиб чиқади. Бу ҳолат ҳомиладорликни режалаштириш вақтида белгиланади ва аёл, унинг оиласи бундан огоҳлантирилади, операция жараёнига аёл ўзини тайёрлаб бориши тушунтирилади;
Ҳомиланинг туғруқ йўлларидан ўтишига тўсқинлик қилувчи омиллар (механик) – чаноқ суяклари дефрагментацияси, туҳумдон ўсмалари, йўлдошнинг нотўғри жойлашуви, бачадон миомаси.

Бачадон ёрилиш эҳтимоли бўлса. Бу кўрсатма бачадон аввалги оператив амалиёт натижасида чандиқлар қолган ҳолатда амалга оширилади, масалан аввалги туғруқ ҳам кесарча кесиш йўли билан амалга оширилган бўлса кейинги туғруқ ҳам жарроҳ йўли билан амалга ошиши керак, акс ҳолда бачадонда қолган чандиқ йиртилиши мумкин.
Йўлдошнинг муддатидан аввал кўчиши. Йўлдошнинг туғруқ жараёни бошланишидан аввал кўчиши ҳомилани кислород ва озуқа моддалари етишмаслигига сабаб бўлади. Бундай ҳолат ҳам кесарча кесишга абсолют кўрсатма ҳисобланади.
Кесарча кесишга нисбий кўрсатмалар
Бундай вазиятда табиий йўл билан туғиш имконияти ҳам бор аммо ҳомила ёки она учун хавф туғилиш эҳтимоли бўлади. Нисбий кўрсатмаларга қуйидагилар киради:
Онанинг кўриш ўткирлигида муаммолар бўлса (туғруқ вақтида кучаниш кўриш ўткирлигига салбий таъсир кўрсатади);
Буйраклар билан боғлиқ муаммолар;
Юрак-қон томир касалликлари;
Нерв тизими билан боғли муаммолар;
Онкологик касалликлар.
Бу касалликларнинг ҳеч бири туғруқ жараёнига таъсир ўтказмайди, аммо аёл организмининг зўриқиши натижасида турли хил асоратлар келиб чиқиши хавфи юқоридир.
Юқоридагилардан ташқари кесарча кесишга кўрсатма гестоз ҳолатидир – қон оқими ва томирларда кузатиладиган муаммолар.
Ҳомила ҳаётига хавф туғдирувчи ҳолатлардан яна бири она жинсий йўлларидаги инфекциялардир. Бола туғруқ вақтида жинсий йўллар орқали инфекцияларни юқтириб олиши мумкин. Шошилинч кўрсатма туғруқнинг суст кечуви ёки бутунлай тўхтаб қолиши ҳам ҳисобланади.

Кесарча кесиш амалиёти қандай ўтказилади?
Ҳомиладорликнинг қайси муддатида режали кесарча кесиш амалиёти ўтказилади?
Операция ўтказиш муддати индивидуал тарзда ҳомиладор аёлнинг умумий аҳволидан келиб чиқиб белгиланади. Агар ҳеч қандай кўрсатмалар бўлмаса, операция кутилаётган туғруқ муддати вақтида ўтказилади. Кўпинча биринчи тўлғоқ бошланиши билан амалиёт бажарилади.
Тайёргарлик
Одатда режали кесарча кесиш амалиёти ўтказиладиган ҳомиладор аёл шифохонага бир неча кун аввалроқ ётқизилади, бундан мақсад аёл бир қатор текширувлардан ўтиши ва операцияга тайёрланиши кераклигидир. Операция вақти кўпинча куннинг биринчи ярмига белгиланади, аёл камида 18 соат давомида овқатланмаслиги керак.
Операциядан олдин тозаловчи ҳуқна қилинади, туклар тозаланади ва аёл операцияга тайёр бўлади. Жарроҳлик амалиётидан аввал анестезия қилинади, сийдик пуфагига катетр қўйилади, қорин териси антисептик воситалар билан қайта ишланади.
Кесарча кесишда анестезия
Ҳозирги кунда анестезиянинг 2 тури мавжуд: эпидурал анестезия ва умумий анестезия. Эпидурал анестезияда ингича найча игна орқали умуртқа канали ва орқа мия пардаси оралиғига жойлаштирилади. Бу албатта жуда қўрқинчли эшитилиши мумкин, аммо бемор фақатгина игна тешиб кираётган вақтдаги бироз ноқулайликни ҳис этади холос. Сўнгра беморда анестетик восита юборилгач тананинг пастки қисмларида оғриқ ва тактил сезгини умуман сезмайди.
Умумий наркоз – бу анестезия эпидурал анестезия таъсирини кутиб туришга имкон бўлмаган ҳолатларда, яъни шошилинч ҳолатларда ўтказилади. Бунда вена ичига наркотик препарат юборилади, кейин интубация қилинади ва бемор бутунлай уйқуга кетади.
Операция
Анестезия ўтказилгандан сўнг операция бошланади. Аввалига қорин девори кесилади. Бунда 2 хил усул мавжуд: бўйламасига ва кўндаланг кесма. Сўнгра мушаклар кесилади ва бачадон деворлари ҳам очилади. Болани йўлдош пуфаги ёриб тортиб олинади. Йўлдош ҳам кўчириб олинади. Жарроҳ аввало бачадон деворларини сўрилиб кетувчи илар билан тикади (бир неча ой давомида сўрилади), қаватма қават қорин девори ички томондан тикиб чиқилади.
Чоклар устидан стерил боғлам қўйилади ва музли халта жойлаштирилади (бу бачадон деворлари қисқариши ва қон кетишининг олдини олиш учун). Одатда операция 20 дақиқадан 40 дақиқагача давом этади, болакай эса 10 дақиқа давомида бачадондан олиб бўлинади.
Операциядан кейинги давр
Бемор камида 1 сутка давомида реанимацион ёки интенсив терапия бўлимида кузатув остида қолади. 1 суткадан сўнг бемор бўлимдаги палатага кўчирилади. Оғриқни қолдириш мақсадида оғриқ қолдирувчи препаратлар ва ошқозон ичак тизимини рағбатлантирувчи воситалар буюрилади. Инфекция тушишини профилактика мақсадида антибиотиклар қўлланилади.
Агар операция асоратларсиз кечган бўлса, бемор палата ўтгач 6 соатдан сўнг ўрнидан туриши мумкин. Аёл аввалига ёнбошлаб ўтиради ва бироз жойида туради. Бунда бемор зўриқмаслиги керак, зўриқиш чокларга салбий таъсир этади. Турган вақтда жарроҳлик амалиётидан сўнг тақиладиган махсус бандаж тақилиши шарт.
Операциядан кейинги диета ва ич келиши
Операциядан сўнг ҳар куни жароҳат ўрни қайта ишланиб турилади. Беморга газланмаган сув кўпроқ ичиш тавсия этилади, жарроҳлик амалиёти вақтида йўқотилган суюқлик ўрни тўлдириши керак. Операциядан сўнг 2 кун ўтгач суюқ овқатлар истеъмол қилиш мумкин. (каша, булён ва шу кабилар).
3-кундан бошлаб, одатий рационга риоя қилган ҳолда овқатланиш мумкин. Аммо кўпчилик аёллар операциядан кейин ич қотишига шикоят қиладилар. Шу сабабли қаттиқ озуқалардан бироз сақланиб турган маъқул. Ич келишини яхшилаш учун мевалар, сут маҳсулотларидан истеъмол қилиш керак.
Туғруқхонадан чиққач
Операциядан сўнг камида 1 ой давомида душ қабул қилиш, бассейн ва сауналарга бориш мумкин эмас, шунчаки енгил чўмилиш мумкин. Фаол жисмоний ҳаракатлар 2 ойдан сўнг бажариш мумкин. Жинсий ҳаёт 2 ойдан сўнг бошланиши мумкин, бунда контрасепсияни унутмаслик лозим. Қайта ҳомиладорликни режалаштириш 2 йил ўтгач амалга оширилади. Бу вақт ичида аёл организми тўлиқ тикланиб олади.
Кесарча кесишдан кейин табиий йўл билан туғиш мумкинми?
Агар операция асоратларсиз кечган бўлса, чандиқлар ва чоклар яхши битган бўлса, аёл репродуктив аъзолари тикланиши қониқарли бўлса, қайта кесарча кесишга ҳеч қандай кўрсатма йўқ, яъни табиий йўл билан туғиш мумкин.
Кесарча кесишнинг ижобий ва салбий жиҳатлари
Туғруқни оператив йўл билан амалга ошириш тиббий кўрсатма ёки аёлнинг хоҳишига кўра амалга оширилиши мумкин. Аммо, кўпчилик шифокорлар туғруқнинг табиий йўл билан амалга ошишини маъқуллайдилар.
Кесарча кесишнинг ижобий жиҳатлари
Туғруқ вақтида жинсий йўлларда жароҳатлар бўлмаслиги, йиртилиш ва ёрилиш каби асоратлар рўй бермайди;
Операция узоғи билан 40 дақиқа давом этади, табиий йўл билан туғиш вақтида эса аёл киши бир неча соатлар давомида тўлғоқ оғриқларини ҳис этиб туради.
Кесарча кесишнинг салбий жиҳатлари
Оналар фарзандлари дунёга келиши билан ўзларига қабул қила олмайдилар, улар худди фарзандни “ўзлари дунёга келтирмагандек” ҳиссиётни ҳис этадилар;
Жисмоний ҳаракатлардан чекланиш ва чоклар ўрнида оғриқ бўлиши;
Жароҳат жойида чандиқ қолиши ва косметик деффект.
Кесарча кесиш оқибатлари
Оқибатлар икки хил бўлади: онада кузатиладиган (жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ) ва болада (табиий йўл билан туғилмаганлиги сабабли).
Онадаги оқибатлар:
Чоклар ўрнида оғриқ;
Жисмоний ҳаракатлардан чекланиб қолиш;
Душ қабул қила олмаслик ва жинсий алоқадан вақтинчалик чекланиб туриш;
Операциянинг онага психологик таъсири.
Боладаги оқибатлар:
Наркотик моддаларнинг наркоз вақтида берилиши она қонидан болага ўтиши;
Боланинг руҳий етилишидаги ўзгаришлар. Кўпчилик оналар ва олимлар изланишлари натижасида кесарча кесиш йўли билан дунёга келган болалар руҳий жиҳатдан етилишда бироз ортда қоладилар. Албатта бу назария ўз исботини топмаган ва нисбий ҳисобланади. Табиий йўл билан туғилган болаларда жинсий йўллардан ўтаётган вақтда стресс гормонлари кўп ажралиши боланинг илк нафас олиши кучли (чинқириқ) бўлишига сабаб бўлади. Оператив йўл билан туғилган болаларда эса бундай ҳолат кузатилмайди.
Кесарча кесиш амалиётининг асоратлари
Агар кесарча кесиш амалиёти эпидурал анестезия ёрдамида амалга оширилса, эпидурал бўшлиқда катетр қолдирилади. Катетрдан оғриқ бўлган вақтда оғриқ қолдирувчи воситалар юбориб турилади. Бундай вақтда аёлларнинг оёқларида ҳаракат йўқолади.
Айрим ҳолатларда бемор аёллар оёқларини сезмаганликлари сабабли кушеткада ётган вақтда оёқларини нотўғри жойлашиб қолганлигини сезмайдилар. Бу эса юмшоқ тўқималарнинг узоқ муддат эзилишига, қон оқими бузилиши, шиш пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундан ташқари эпидурал анестезиядан сўнг бош оғриғи ва белда кучли оғриқлар ҳам келиб чиқади.
Энг кўп учрайдиган асоратлардан бири бу қорин бўшлиғида спайкалар ҳосил бўлишидир. Ичак қовузлоқлари бир бирига ёпишиб қорин парданинг висцерал варақларига ўралиб қолади. Буни оддий физиотерапия йўли билан даволаш ҳам мумкин, оғир ҳолатларда эса қайта операция қилинади.
Эндометрит. Бачадоннинг яллиғланиши. Унинг олдини олиш учун антибиотиклар буюрилади.
Қон кетиши. Бу ҳам кесарча кесишнинг асоратларига киради. Баъзида бачадонни тўлиқ олиб ташлашга тўғри келади.
Кесарча кесиш йўли билан фарзанд дунёга келтириш табиий йўл билан туғруқ рўй беришининг имкони бўлмаган ҳолатларда ўтказилади. Ҳозирги кунда оператив амалиёт такомиллашиб бормоқда, ҳамда асоратлар ҳам камаймоқда. Аммо, аёллар унутмасликлари лозим – табиий йўл билан фарзанд дунёга келтиришнинг ўз гашти ва хурсандчиликлари бор!



Ўҳшаш маълумотлар

Дюфастон – қўллаш бўйича йўриқнома (Мутахассислар учун)

Дюфастон таркиби 1 таблетка қуйидагиларни сақлайди: фаол модда: 10 мг дидрогестерон; ёрдамчи моддалар: лактоза моногидрати, гипромеллоза, маккажўхори крахмали, сувсиз коллоид кремний диоксиди, магний стеарати. қобиғи: оқ Опадри ОЙ-1-7000...

Контрасепсия нима? Унинг қандай турлари ва усуллари мавжуд?

Контрасептивлар – ҳомиладорликнинг олдини олиш учун қўлланиладиган воситалар. Контрасепсия воситаларини қўллашдан мақсад ҳомиладорликни режалаштириш, аёл соғлиғини сақлаб қолиш, жинсий ҳаётдан тўла қониқиб яшашдир....

Ҳомиладорликни режалаштириш – босқичлари, тиббий текширувлар ва фойдали маълумотлар

Ҳомиладорлик хоҳишга кўра амалга ошмоғи лозим, айниқса ҳомиладорлик режа асосида рўй берса, ҳомиладор аёл ва туғилажак фарзанд ҳам бу табиий физиологик жараёнга тайёр бўлади ва ҳомиладорлик енгил кечади. аммо, ҳомиладорликни қандай режалаштириш...

Овуляция ва ҳомиладорлик (Овуляция ҳақида барча зарур маълумотлар)

Овуляция ва ҳомиладорлик – физиологик жараён бўлиб, аёллар организмида бир-бири билан тўғридан-тўғри боғлиқ ҳолда кечади. Ҳомиладорлик – овуляциясиз амалга ошмайди. Овуляция жараёни ҳайз сиклининг энг қисқа даври бўлиб, 48 соат давом этади....

Ҳомиладорликда қон кетиши сабаблари ва даволаш сирлари

Ҳомиладорликда қон кетиши – ҳомиладор аёл организмида ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар рўй бериши мумкин бўлган патологик ҳолат. Табиий аборт, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, резус омил тўғри келмаслиги ва бошқа ҳолатларда юзага чиқади. Бу...



Фикр қўшиш

Наверх