Ҳомиладорликни режалаштириш – босқичлари, тиббий текширувлар ва фойдали маълумотлар

Ҳомиладорликни режалаштириш – босқичлари, тиббий текширувлар ва фойдали маълумотлар

Ҳомиладорлик хоҳишга кўра амалга ошмоғи лозим, айниқса ҳомиладорлик режа асосида рўй берса, ҳомиладор аёл ва туғилажак фарзанд ҳам бу табиий физиологик жараёнга тайёр бўлади ва ҳомиладорлик енгил кечади. аммо, ҳомиладорликни қандай режалаштириш керак ва ҳомиладорликка қандай тайёрланиш керак каби саволларга жавоб топиб олиш зарур.
Ҳомиладорликни режалаштириш босқичлари муҳимми?
Эр ва унинг жуфти ҳалоли шунчаки қўшилиши ва бу жараёндан сўнг фарзанд кутиши, у ҳақида ўйлаб стресс ҳолатида юришлари шарт эмас. Бундай ҳолатда ҳомиладорлик рўй бермаслиги ёки ҳомиладорлик рўй бериши чўзилиши мумкин.

Ҳомиладорликни режалаштириш – бу сиз ва жуфтингиз фарзандли бўлиш истаги ҳамда ҳомиладорликни амалга оширишда сабабчи бўлувчи ҳар иккала жуфтнинг бу жараёнга тайёрлиги ва туғилажак фарзанднинг соғлом бўлиб дунёга келишини таъминлаб берувчи ҳолатдир. Ҳомиладорлик режасини қўшилишдан камида 3 ой олдин ўйлаб кўриш керак. Бу муддат ичида сиз ва жуфтингиз барча тиббий текширувлардан ўтишларига имкон бўлади. Бирор бир касаллик аниқланадиган бўлса, айниқса жинсий аъзоларда инфекциялар ташхисланса, даво муолажаларини олиш мақсадга мувофиқдир. Бу эса аёл кишида ҳомиладорликнинг нормал кечишини таъминлаб беради.
Акс ҳолда дунёга келадиган фарзандингизда турли хил туғма нуқсонлар ривожланиши эҳтимоли юқори бўлиши мумкин. Масалан, ТОРЧ инфекциясини аниқланмаган ҳолда ҳомиладор бўлиш ҳомилада аномалиялар ва туғруқдаги патологияларга олиб келади. Бундан ташқари, аёл киши асаб тизимининг ҳолати ҳам муҳим аҳамиятга эга, сурункали стресс ҳолатлари ҳомиладорлик истагини камайтириши мумкин. Шу сабабли бўлажак ота-оналар ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал асабийлашмаслик ва стресс ҳолатларига тушмасликлари зарур.

Ҳомиладорликни режалаштиришда тиббий текширувлардан ўтиш
Энг аввало бўлажак ота-оналар жинсий йўл билан юқувчи инфекцион касалликларни истисно қилишлари керак, бу каби касалликларнинг барчаси ҳомиладорлик рўй беришига тўсқинлик қилади. Оилавий поликлиника ёки бошқа тиббий муассасаларда гинеколог ва уролог тавсияларини олиш муҳим. Агар оила аъзоларингиз, қариндошларингиз орасида генетик нуқсонлар билан касалланган инсонлар бўлса, эркаклар ёши 40 дан ошган аёлларники эса 35 дан юқори бўлса, албатта генетик маслаҳатлари билан танишиб олишингиз мақсадга мувофиқдир. Бошқа тиббиёт мутахассислари текширувлари қуйидагилардир:
Эркаклар ва аёллар: умумий қон анализи ва резус-омил – бу резус-келишмовчилик рўй бериш эҳтимолини аниқлашда ёрдам беради.
Аёллар: флюорография – аёлларда сил ва кўкрак сут безларида турли хил ўсма касалликларини истисно қилиш мақсадида ўтказилади.
Кичик чаноқ аъзолари УТТ (УЗИ) текшируви – тухумдонлар ва бачадон ҳолати ҳақида аниқ маълумот беради.
Қизилчага қарши антителони аниқлаш анализи – профилактика мақсадида қизилча вирусига қарши эмланиш керак бўлади, бу касаллик ҳомиладорлик кечиши ва ҳомила ривожланишга салбий таъсир этади.
Сиийдик анализи – сийдик йўлларидаги турли хил патологиялар ҳақида маълумот олиш мақсадида ўтказилади.
Қонда гормонлар миқдорини аниқлаш – ҳомиладорликни режалаштираётган аёлда ортиқча тана вазни, ҳайз сиклининг бузилиши ва анамнезида ҳомиладорликнинг табиий бузилиши рўй берган бўлса ўтказилади.
Жинсий йўллар инфекциялари текшируви – хламидий, уреаплазма, микоплазма, трихомонада каби организмларни истисно қилиш учун қин ва сийдик чиқариш каналидан сурта олинади.
Эркаклар:
Жинсий йўллар инфекцияси текшируви.
Спермограмма – сперматозоидлар миқдори ва ҳаракатчанлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади. Ҳомиладорлик бир йил давомида рўй бермаётган бўлса ўтказилади.
Юқоридаги текширувлар кўпгина бўлиб кўрингани билан оилавий поликлиникаларда ёки оилавий текширув марказларида осонлик билан қисқа вақт оралиғида амалга ошириш мумкин.
Зарарли одатлардан воз кечамиз
Тамаки маҳсулотлари, спиртли ичимликлар ва даҳшатли бўлган наркотик воситалардан бутунлай воз кечиш шарт ! биринчидан, бу каби зарарли моддалар организмни заифлаштиради ва сурункали касалликлар ривожланишига олиб келади. Иккинчидан, улар шаклланган ҳомилага жуда салбий оқибатларга олиб келади. Албатта, бу каби одатлардан воз кечиш осон бўлмайди, аммо соғлом фарзандли бўлиш учун барча зарарли одатларни ташлаш керак.
Соғлом турмуш тарзига риоя этамиз
Позитив кайфият, уйқу ва дам олиш тартиби, жисмоний тарбия билан шуғулланиш, тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш, нормал овқатланиш рационига риоя этиш – бу каби чора тадбирлар соғлом фарзанд туғилиши ва ҳомиладорлик рўй беришида жуда катта аҳамиятга эга. Соғлом турмуш тарзи нафақат ҳомиладорликни режалаштириш вақтида, балки бутун умр давомида амалга ошмоғи лозим ва бу одат тусига айланиши мақсадга мувофиқдир.
Ҳомиладорликни режалаштираётганда тўғри овқатланиш рационини тузиб оламиз
Дунёга келган болакай соғлиғи фақатгина она овқатланиш рационига эмас, балки отанинг овқатланиш тартибига ҳам боғлиқ бўлади. Бундан ташқари ҳомиладор аёллар ҳомиладорликнинг илк ойларида ўзларининг ҳомиладор эканликларини сезишмайди, аммо бу вақтда ҳомилада ҳаётий муҳим аъзолар шаклланишни бошлайди.
Шу сабабли ҳомиладорликни режалаштириш вақтидаёқ ўзингизга мос келадиган овқатланиш рационини тузиб олинг. Кўпгина шифокорлар етишмаётган витаминлар ўрнини тўлдириш учун витамин-минерал комплекслар қабул қилишни ҳомиладорликни режалаштиришдан 3 ой олдин бошлаш керак деб таъкидлайдилар.
Ҳомиладорликда фоли кислотаси
Ҳомиладорликни режалаштириш вақтида организм учун зарурий бўлган элементлардан бири. Бу модда ҳужайралар бўлиниши, ҳомиланинг ўсиши, юрак-қон томир ва нерв тизими шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Фоли кислотаси – ёнғоқ, дуккакли ўсимликлар, цитрус мевалар ҳамда кўкатлар таркибида кўп сақланади. Ҳомиладорликни режалаштираётган аёл учун фоли кислотасининг кунлик дозаси 400 mkg.ni ташкил этади.
Йод
Ҳомиладор аёл қалқонсимон бези функцияси нормал ишлаши ва ҳомиланинг ривожланишида катта аҳамиятга эга. Йод элементи ҳомила асаб тизими ва жисмоний ривожланишига таъсир этади, ақлий қобилиятни рағбатлайди. Организмда йод етишмовчилиги юзага чиқмаслиги учун ёдга бой бўлган маҳсулотлар – балиқ ва денгиз маҳсулотлари, анжир каби мевалардан кўпроқ истеъмол қилиш зарур. Соғлом инсоннинг кунлик ёдга эҳтиёжи 0,2 mg.ni ташкил этади.
А витамини
Ҳомиладорликни режалаштираётган аёллар учун ушбу витамин жинсий фаолликни ошириш, ҳомиладорликдан сўнг эса ҳомила суяк тизими ривожланишида иштирок этади. Ушбу витамининг кунлик дозаси 3000 ХБ ошмаслиги лозим, организмда мустақил синтезланмайди. Сабзи, помидор, қовоқ, балиқ ва балиқ ёғида кўп сақланади. Овқат таркибида етарлича А витамини тушмаса, шифокор-мутахассислар витаминнинг дори шаклини тавсия этадилар. Аммо, шуни ҳам унутмаслик керакки А витаминининг кунлик дозаси ошиб кетиши ҳомилага салбий таъсир этиши ҳам мумкин. Шу сабабли ҳомиладорликдан олдинги даврда шифокор билан маслаҳатлашганингиз мақсадга мувофиқдир.
Д витамини
Аёл репродуктив тизими ва суяклар ҳолатини рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Организмнинг суткалик эҳтиёжи 400 ХБ ни ташкил этади. Пишлоқ, тухум сариғи, сариёғ, балиқ мойи ва икра таркибида кўп бўлади. Д витаминининг ортиқча дозаси организмда тўпланиб қолади ва ҳомилага салбий таъсир кўрсатади.
Албатта, юқоридаги каби витамин-минерал моддаларни овқат маҳсулотлари таркибидан тўлиқ қабул қилиб олиш қийин.
Муҳим! Витаминларнинг ортиқча миқдори организмга уларнинг етишмовчилигидан ҳам кўра жиддийроқ таъсир кўрсатади. Оддий мисол ЖССТ бўйича фоли кислотасининг суткалик дозаси 400 mg.ni ташкил этади, ушбу модданинг қондаги миқдори ошиб кетиши ҳомилада шамоллаш ва бронхиал астмага мойилликни ошириб юборади.
Бундан ташқари, фоли кислотасини узоқ муддат қабул қилиб юриш дунёга келажак фарзандингизда мегалобласт анемия шаклланишига олиб келиши мумкин.
Витамин комплексларини қабул қиламиз
Овқат маҳсулотлари ҳар доим ҳам суткалик витамин-минераллар эҳтиёжини қондириб бера олмайди. Маҳсулотлар таркибида кундан кунга фойдали бўлган моддалар камайиб бормоқда, бунга сабаб тупроқ таркибининг ўзгариши, маҳсулотларда синтетик дори препаратлари билан қайта ишлаш ётади.
Масалан, карамда кальций энг кўп сақланади, аммо ҳозирги кунда карам текшириб кўрилганда унинг таркибидаги микроэлементлар миқдори 85 % га камайганлиги аниқланган. Инсон ўзининг суткалик эҳтиёжини қондириши учун камида 5-7 кг карам истеъмол қилиши зарур. Бу эса мантиқан иложсиз жараён, шу сабабли улар ўрнини тўлдириш учун витамин препаратларини қабул қилиш мумкин, айниқса бу ҳомиладорликни режалаштираётган пайтда жуда фойдали.
Ҳомиладорликни режалаштириш комплекс равишда олиб борилиши зарур. Энг аввало шифокорлар текшируви ва бир қатор анализлар топшириш муҳимдир. Соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш рациони ва зарарли одатлардан воз кечиш, витамин-минерал препаратлардан шифокор тавсиясига бионоан қабул қилиш ҳомиладорликка эришиш ва соғлом фарзанд дунёга келтиришнинг гаровидир.
Ҳомила юзага келиши ҳақида қуйидаги мақола орқали маълумот олишингиз мумкин: Овуляция ва ҳомиладорлик (Овуляция ҳақида барча зарур маълумотлар)



Ўҳшаш маълумотлар

Овуляция ва ҳомиладорлик (Овуляция ҳақида барча зарур маълумотлар)

Овуляция ва ҳомиладорлик – физиологик жараён бўлиб, аёллар организмида бир-бири билан тўғридан-тўғри боғлиқ ҳолда кечади. Ҳомиладорлик – овуляциясиз амалга ошмайди. Овуляция жараёни ҳайз сиклининг энг қисқа даври бўлиб, 48 соат давом этади....

Ҳомиладорликда бош оғриши – сабаблари ва даволаш йўллари

Ҳомиладорликда бош оғриши (сефалгия) билан 40 % га яқин бўлажак оналар дуч келишади. Сефалгия белгилари ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида бошланиши табиий ҳолат, лекин ҳомиладорликнинг кейинги босқичларида бош оғриғи тез-тез такрорланиб туриши...

Ҳомиладорликда қон кетиши сабаблари ва даволаш сирлари

Ҳомиладорликда қон кетиши – ҳомиладор аёл организмида ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар рўй бериши мумкин бўлган патологик ҳолат. Табиий аборт, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, резус омил тўғри келмаслиги ва бошқа ҳолатларда юзага чиқади. Бу...

Туғруқдан кейин жинсий алоқа – муддати, майл камайиши сабаблари, тиббий кўрсаткичлар

Оилада фарзанд дунёга келгач ҳаёт ўзгача кўрина бошлайди – барча оила аъзолари хурсанд бўладилар. Аммо бу кўпгина оилаларда аёл ва эркакларда жинсий алоқа билан боғлиқ бўлган муаммолар келиб чиқади. Туғруқдан сўнг қанча муддат ўтгач жинсий алоқага...

Ҳомиладорлар учун гимнастика

Ҳомиладорлик аввалари аёл кишига дам олиш зарур бўлган, ҳаёт эса осон кечадиган давр каби қабул қилинган. Бу тушунча бола учун эҳтимолли салбий оқибатлар ва она организмининг ортиқча зўриқиши бўйича ҳавотирларга асосланган. Бироқ, энди биламизки,...



Фикр қўшиш

Наверх