
Кўпчилик оналар фарзанд дунёга келтиришни ва уни ўз кўкрак сути билан озиқлантиришни орзу қиладилар. Аммо, 2-3 ой ўтгач болакай кўкрак сўрғичини кўрганда қичқириб йиғлаши, эмишни бутунлай хоҳламаслиги мумкин. Бунга сабаб нима?
Бундай ҳолат кўкракни инкор этиш дейилади ва бундай ҳолатларда сунъий озиқлантиришга ўтиш керак бўлади. Аммо болакай она сутидан оладиган керакли моддалар айниқса, иммун тизимига фойдали бўлган маҳсулотлардан мосуво бўлади.
Эмишдан бош тортиш физиологик ҳамда психологик бўлиши мумкин.
Чақалоқ эммаса. Сабабини қаердан излаш керак?
Болакай кўкрак сутидан бош тортса билингки, уни она организми қайсидир жиҳатдан қониқтира олмаяпти. Болакайлар асаб тизими шу даражада мукаммал ривожланган бўладики, она организми болага мос келмаслигини кўкрак сутини эммаслиги билан ифода этади, бошқача қилиб айтганда болакай онасидан “хафа” бўлади.
Одатда болакайнинг кўкрак эмишни инкор қилиши – болакай билан она орасида мулоқотнинг заиф бўлиши ҳақида “сигнал” беради, болангизга кўпроқ эътибор қаратинг!
Нормал ҳолатда болакайлар организми ўзи учун муҳим бўлган озуқадан ҳеч қачон бош тортмайдилар, бу уларда инстинкт сифатида ривожланган. Ҳозирги кунда оналар болакайларининг сут эмишдан бош тортган вақтларида дарҳол сунъий озуқани махсус идишчаларда беришга ўтадилар, бу эса нотўғри қарор. Аммо, она-бола орасидаги муаммони ечими сунъий озуқа эмас, бу ҳолат вазиятни янада қийинлаштиради.
Кўкрак сутидан бош тортиш: боланинг ёшига нисбатан нормал ҳолатлар
Болакай ёши 3-4 ойга етганида унинг кўриш ўткирлиги, қўллари ҳаракати мураккаблашиб боради. У атроф-оламни таниб олишга, уни ўрганишга ҳаракат қила бошлайди. Шу йўл билан у янги қобилиятларни ўрганиб боради. У барча нарсаларни мазасини тотиб кўришга ҳаракат қилади. Шунинг учун бундай ойларда болакай онасининг кўкрагини оғзига олиб бориш ўрнига у билан ўйнашга ҳаракат қилади.
Оналар эса болакайларини эмизиш вақтида бирор бир товуш ёки ёруғлик тушган томонга қизиқиб қарашларини эмишдан бош тортаябди деб қабул қиладилар. Аммо, бундай ҳолат ўткинчи бўлиб, оналар болакайларини эмизиш вақтида янгича шароит яратиб беришлари зарур бўлади, яъни болакай эмиш вақтида атроф-оламни ҳам кузатиб тура оладиган ва бир вақтнинг ўзида онасини эмадиган ҳолатда бўлишини таъминлаш керак.
Бола эммаслигининг физик сабаблари
Баъзида болакайлар кўкрак сути эмишдан бош тортишига физик омиллар ҳам сабаб бўлади. Масалан, ич келишидан олдинги дискомфорт ва безовталик ҳолатлари, ичаклар спазми. Бундай вазиятда болакайлар йиғлайди, хархаша қилади, инжиқлик қиладилар.Оналардан талаб этиладиган нарса шунчаки болакайларида дискомфорт ҳолатлари ўтиб кетгунга қадар кутиш, тагликларни алмаштириш ёки озиқлантириш режимини ўзгартиришдир.
Кўп ҳолатларда болакайлар эмиш вақтида ноқулай ҳолатда бўладилар, натижа уларда бўйин мушаклари оғриши ёки болакайларда томоқ йўлларида шамоллаш натижасида оғриқ бўлиши ҳам эмишдан бош тортишига сабаб бўлади. Оналар диққат билан вазиятни тўғри баҳолай олишлари ва болакай озиқланиши учун қулай шароит яратиб беришлари зарур.
Эътибор беринг! Болакайларнинг кўкрак сутидан бош тортишларининг асосий сабаблари тишларининг чиқа бошлаши, шамоллаш, отит, туғруқ жароҳатлари, мушаклар тонуси билан боғлиқ патологиялар (гипотония, дистония), оғиз бўшлиғи аномалиялари бўлиши мумкин.
Кўкрак сутидан бош тортиш: хулқ-атвор билан боғлиқ сабаблар
Бундай ҳолат одатда бола ҳаётининг 3, 9 ойлиги ва 1,5 ёшлик вақтида кузатилади. Кўкрак сутидан буткул бош тортиш бола ҳаётининг 2-3 ёшларида бўлиши нормал ҳолат ҳисобланади, аммо бола 1 ёшгача бўлган муддатда она сутидан бош тортса бунинг сабаби болага бериладиган қўшимча овқатлардан оладиган етарлича калориядир.
Сунъий озуқалар болакайларга табиий она сутидан кўра “мазалироқ” туюлади ва улар кўкрак сутидан кўра сунъий озуқа истеъмол қилишни хоҳлайдилар. Бундан ташқари онада кузатиладиган ўзгаришлар – кўкрак сўрғичлар ҳажми кичрайиши, кўкракдан ўзига хос ҳид келиши, онанинг косметик воситалардан фойдаланиши ҳам болакайларнинг кўкрак сутидан бош тортишларига сабаб бўлади.
Баъзида болалар жадал ўсиши ва онада ажраладиган сут миқдорининг камайиши, болакай она сутини эмиш вақтида бироз қийналиши сабабли ҳам маълум бир муддатда кўкрак сутидан бош тортиши мумкин.
Чақалоқ кўкрак сутидан бош тортишининг онага боғлиқ омили
Оналарда рўй берадиган стресс, чарчаш ва уйқуга тўймаслик сабабли кўкрак безларида сут кам ажралади. Ёки аксинча она кўкрак безларида сут кўп миқдорда ажралиши натижасида ҳам болакайнинг эмишида қийинчилик туғдиради ва бундай вазиятда болакайлар сут эмишдан бош тортади. Оналар учун тавсия қуйидагилар:
Дам олиш, тинчланиш ва илиқ суюқликлар қабул қилиш лактацияни рағбатлайди;
Кўкрак сутини соғиб ташлаш ортқича ажралган сутдан халос бўлишга олиб келади, бола учун қулай ҳолат бу сўрғичларнинг юқорига қараб туриши яъни онанинг ётган ҳолатда эмизишга ҳаракат қилиш лозим.
Баъзида орал контрасептив воситалар қабул қилиш ёки ҳайз сиклининг бошланиши ҳам кўкрак сути мазасига ўз таъсирини ўтказади. Она истеъмол қилаётган маҳсулотлар, қабул қиладиган дори препаратлари ҳам сутнинг таъмини ўзгартиради.
Сўрғичлар шакли ҳам муҳим аҳамиятга эга, олдинга чўзилган ва катталашиб кетган сўрғичлар болакай оғзи бўшлиғига мослашмайди ва болакайлар сут эмишдан бош тортадилар.
Бола кўкрак сутидан бош тортиши: сўрғичли идишчалар
Кўкрак сутидан бош тортишнинг яна бир сабаби сўрғичли идишчаларда сунъий озуқа бериш ва боланинг бунга ўрганиб қолиши бўлади.
Болакайларнинг хархашаси, инжиқлиги, уларга бўлган эътибор айрим пайт оналарни чарчатади, бундай вазиятда улар осонгина йўлни танлайдилар улар сунъий озуқани сўрғичлари бўлган идишчаларга солиб бера бошлайдилар, табиийки бундай озуқа болакайга ёқиб тушади ва у онасининг кўкрагини олмай қўяди. Бунинг сабаби икки хил бўлиши мумкин – физиологик ва психологик.
Физиологик – болакай она кўкрагини эмишда ноқулай ҳолатда бўлиши мумкин, аммо сўрғичлари бўлган идишчани ҳар қандай ҳолатда ўзига қулай қилиб сўриши мумкин. Бола кўкрак сўрғичларидан сўраётган вақтда лунж мушаклари кўпроқ энергия сарфласа, сўрғичлардан сут сўраётганда аксинча осонгина озуқани қабул қилиб олади.
Психологик – болакай бироз инжиқлик қилиши сабаби уни она сутидан мосуво қилиш, унда онага бўлган меҳрни бироз сусайтиради. Психологларнинг таъкидлашича она кўкрагидан эмас, балки сўрғичли идишчаларда озуқа қабул қилиб вояга етган болаларда ўзига ишонмаслик, қўрқоқлик каби хислатлар кўпроқ шаклланар экан.
Болакайларнинг кўкрак сутидан бош тортишини олдини олиш мақсадида қўшимча озуқани сўрғичли идишчаларда эмас, балки қошиқчалар ёрдамида бериш тавсия этилади, шундай қилинса, болакай “сунъий” сўрғичларга ўрганиб қолмайди.
Бола (чақалоқ) эммаса, нима қилиш керак?
Энг аввало бундай ҳолат сабабини аниқлаш ва бартараф этиш лозим. Она ва болакай ўртасида психологик боғлиқликни тиклаш керак. Бунинг учун қуйидаги тавсиялар ёрдам беради:
Тун ва кун тартибини тўғри тузиш, болакай хоҳишига кўра эмизиш;
Болакайни кўпроқ қўлда олиб юриш, уни қучоқлаш, ўпиш ва эркалаш;
Болакайни енгилгина массаж қилиш;
Болакай уйқуга кетишидан аввал уни чўмилтириш, тоза ҳавода сайр қилиш;
Болакай учун қулай бўлган ҳолатда эмизиш.
Болакай қачон уни эмизиш кераклигини барчамиздан кўра яхшироқ “билади”, шу сабабли кичкинтойингиз сут эмишни хоҳладими куннинг қайси қисми ва сиз қаерда бўлишингиздан қатъий назар унинг истагини бажо келтиришга ҳаракат қилинг, яъни уни эмизинг.