
Болакай дунёга келиши билан кўпгина ёш оналарда хавотирланиш ва қўрқув ҳисси келиб чиқади. Кичкинтойларнинг соғлиги оналар учун жуда муҳим ва қизиқарлидир. Айниқса, болакайнинг ичи келиши ва чақалоқ ахлати қандай бўлиши оналарни кўплаб хавотирга солади. Ҳақиқатдан ҳам бола нажасининг қандай эканлиги боланинг умумий организмининг умумий ҳолати ҳақида кўплаб маълумотлар беради.
Чақалоқ ахлати нормал ҳолатда қандай?
Ҳомиладорлик вақтида болакай ошқозон-ичак тизимида бирламчи ахлат – меконий тўпланади. Меконий бир хил массали, деярли қора рангли, ҳидсиз бўлади. Унинг таркибига ичакларда ишлаб чиқариладиган шиллиқ, болакай ютган ҳомила олди суюқликлари ва бошқалар киради.
Нормада меконий бола дунёга келган илк кунда ажралади. Меконийнинг она қорнида ажралиши ҳомиладорлик патологиялари яъни болага кислород етишмовчилиги, ҳомила ичи инфекциялари билан боғлиқ. Бунда ҳомила ичи суюқлиги тиниқлиги бузилади ва у яшил тусга киради.
Бола дунёга келганидан сўнг 2-3 кун ичида болакай ахлатининг асосий массасини меконий ташкил этиши ҳам мумкин, токи онада сут келиши кўпайиб болакай она сути билан тўлиқ озиқланмагунга қадар. Агар она болани она сути билан озиқланмаса, боланинг умуман ичи келмаслиги ҳам мумкин. Бунга сабаб она кўкрак безида ҳосил бўлган оғиз сути билан озиқланган болакай ошқозон ичак тизимида тўлиқ сўрилиб кетади ва унинг қолдиқлари қолмайди.
Онада лактация жараёни кучайиб борган сари болакайда ҳам нажас шаклланиб боради. Нажаснинг тўлиқ шаклланишида чала шаклланган нажас деган тушунча мавжуд. Бундай нажас консистенсияси бўтқасимон, бирламчи нажас аралашган, сариқ-яшил тусда ва ўткир ҳидли бўлади.
Етилган нажас эса тоза, сарғиш тусдаги, бир хил таркибли бўтқасимон консистенсияга эга ҳамда ачиган сут ҳидини эслатувчи ҳидга эга бўлади.
Бола ичи неча марта келиши керак?
Болакайнинг ичи келиши она сути билан озиқланиб боргани сари кўпайиб боради, суткада деярли 5-8-марта келиши ҳам мумкин.
Секин-асталик билан бола ичи келиши бир суткада 2-3 маротабани ташкил этади. Бунга сабаб бола организми она сутини ҳазм қилишга мослашиб боришидир, яъни сут бола ошқозон-ичак тизимида тўлиқ сўрилади ва ортиқча масса ажралмайди ҳам. Боланинг йўғон ичаги мушак қавати ичак бўшлиғининг сут қолдиқлари билан тўлгандагина қисқаради ва перисталтика жараёни рўй беради. Бундай ҳолат боланинг ёши 1,5 ойликдан ўтганда рўй беради.
Бола ичи бир неча кунда бир маротаба келиши ҳам нормал ҳолат ҳисобланади, агарда: болакай фақатгина она сути билан озиқланса, унинг ёши 1,5 ойликдан катта бўлса, ҳар қандай патологик белгилар кўзга ташланмаса (қорин дам бўлиши, оғриқ, безовталик), бола тана вазни ортиб борса ва у мутлақо хотиржам бўлсагина.
Сунъий озуқа билан озиқланадиган болалар нажаси етилган, қора тусли, ўткирроқ ҳидга эга, қуюқроқ консистенсияга эга бўлиши ҳамда суткасига 1 маротаба келиши зарур. Умуман олганда болакай ичи сунъий озиқланиш ҳолатида бир кунда бир маротаба келмаса, ич қотиши деб баҳоласа ҳам бўлади.
Нажасда чала парчаланган клетчатка бўлиши
Кўпинча чақалоқ ахлати ранги яшил тусда бўлади. Қандай лактация жараёни жадал кечаётган бўлсада, болакайнинг ахлати ноодатий бўлишда давом этади. Баъзида ахлат таркибида шиллиқ ҳам ажралади. Бунга сабаблар қуйидагилар:
Тўйиб озиқланмаслик
Кўпинча онада етарлича сут ажралмаганлиги сабабли болакай тўйиб сут ича олмайди бу эса болаларда нажас келиши ва унинг таркиби ўзгаради. Бундан ташқари, боланинг тўйиб овқатланмаслигига кўкрак сўрғичларининг ясси ва кичик бўлиши ҳам олиб келади.
Чақалоқ ахлати ичак шиллиқ қаватларининг яллиғланиши ҳисобига қандай ўзгаради?
Ҳомиладорлик вақтида боланинг гипоксик ҳолатда бўлиши барча тўқималарга салбий таъсирини ўтказади, шу жумладан ичак шиллиқ қаватлари ҳам яллиғланиши мумкин. Бунга қўшимча равишда она истеъмол қиладиган маҳсулотлар таркибида сунъий консервантлар, хушбўйлантирувчи моддалар, бўёвчи моддалар бўлиши ҳам болакай ичкарида турли хил ўзгаришларга сабаб бўлади.
Сунъий озуқавий қўшимчалар қуйидаги маҳсулотлар таркибида кўп бўлади: колбаса маҳсулотлари, консерва маҳсулотлари, сунъий шарбатлар, турли хил мевалар таъмини берувчи сут маҳсулотлари. Ва ниҳоят ичаклар яллиғланишининг энг асосий сабаби ичаклар дизбиози (дизбактериози) дир.
Ичакда яшовчи шартли патоген бактериялар қандайдир омил таъсирида патогенлик хусусияти ошиб кетади ва улар ичак шиллиқ қаватларини зарарлайди. Айниқса, она эмизикли даврда антибактериал дори препаратларини қабул қилаётган бўлса, ичакда дисбиоз ҳолати янада кучаяди.
Нима қилиш керак?
Чақалоқ ахлати таркибида парчаланмаган ўсимлик қолдиқлари аниқланса, аввало болакайни тўйгунча озиқлантириш лозим. Боланинг тўйиб овқатланмаслиги нафақат унинг ичи келишига, балки боланинг тана вазни ортиши, унинг озиқлангандан сўнг тўйиб ухламаслиги, эмизиш оралиғининг қисқа бўлишига олиб келади.
Боланинг сутга тўймаслиги натижасида пешоб ажралиши ҳам камаяди (нормада кунига камида 6-8 маротаба пешоб ажратиши лозим). Болани эмизишда стандартга кўра бола истагига кўра эмизишни ташкиллаштириш лозим, яъни кун давомида болакай қачон эмишни хоҳласа, ўша вақтда унга кўкрак тутиш лозим ҳамда унинг тўйгунига қадар имкон яратиб бериш муҳимдир. Мана шу йўл билан оналарда ҳам лактация жараёни янада жадаллашади.
Она рационини тузишда боланинг умумий аҳволини ҳам эътиборга олиш зарур. Агар болакай ёшига нисбатан тана вазни ортса, унинг умумий аҳволи қониқарли бўлса, кайфияти ижобий, атроф муҳитга қизиқувчан бўлишида ҳам бола ахлатининг ранги яшил бўлиши – ҳомиладорлик вақтидаги гипоксия ёки ичак дисбактериозига боғлиқ. Бундай ҳолат бир неча кун ҳатто бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Юқорида келтирилганидек агар боланинг умумий аҳволи ўзгармаса, унинг ичак флорасига аралашиш керак эмас, дисбактериозга қарши энг самарали даво бу она сутидир.
Агар чақалоқ ахлати ранги яшил бўлиши узоқ муддат давом этса, ҳамда боланинг умумий аҳволи ўзгармас, она сутини бактериологик текшириш лозим. Сут таркибида бактериялар аниқланса, уларнинг антибиотикларга сезувчанлиги билиб олинади ва антибактериал даво муолажалари бошланади. Бундай вазиятда она болакайни эмизиши тавсия этилмайди.
Болакайда дисбактериоз белгилари, қорин дам бўлиши, қориндаги оғриқлар, безовталик ҳамда тана вазни ошмаслиги аниқланса – копрограмма ва нажас флорасини текшириш лозим. Копрограмма текширувида ичакларда ҳазм жараёни қай даражада кечаётганлиги ҳақида маълумот олса бўлади. Агар ичакларда яллиғланиш жараёни кетаётган бўлса, нажасда лейкоцитлар сони ошиши, унинг кислотали муҳитда бўлиши, яширин қон таначалари аниқланади. Нажас флорасини текширишда патоген микроорганизмлар бўлиши ва уларнинг миқдорини аниқлаш керак бўлади.
Агар нажас таҳлилида патоген микроорганизмлар кўплаб аниқланадиган бўлса даво сифатида – махсус вируслар бактериофаглардан фойдаланилади, бундай даво муолажалари таъсирида нормал бактериалар нобуд бўлмайди. Алоҳида ҳолатларда болаларга ҳам антибиотиклар буюрилади. Ҳар қандай вазиятда ҳам муолажалар сўнгида нормал микрофлорани тиклаш учун пробиотиклар буюрилади.
Ушбу мақолани ҳам ўқинг: Болаларда ич кетиши (диарея) – сабаблари, турлари, клиник кўринишлари, диагностикаси ва даволаш усуллари
Нажас таркибида оқиш доначалар
Чақалоқ ахлати таркибида оқиш доначалар бошқача қилиб айтганда нажас таркибида “творогсимон” кичик-кичик доначалар пайдо бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда боланинг умумий аҳволи қониқарли бўлса, унинг кайфияти, тана вазни ортиши ижобий бўлса хавотирланишга ўрин йўқ. бунга сабаб кўпинча болакайнинг керагидан ортиқ она сутини эмишидир.
Бола организмнинг мукаммал тузилганлигининг яна бир исботи ҳам мана шу, бола ортиқча озуқа массаларини шунчаки ташқарига чиқариб юборади. Шу сабабли замонавий педиатрлар фикрига кўра болакайларни фақатгина истагига кўра эмизиш лозим. Агар боланинг умумий аҳволи ўзгарса, тана вазни ёшига нисбатан ортмаса ва нажас таркибида оқиш доначалар ажралиб турса бу – ошқозон-ичак тизимида ферментлар етишмовчилигидан далолат беради. Шифокорга мурожаат этинг, у болакай ҳазм жараёнини енгиллаштириш учун қўшимча ферментатив препаратлар буюриши мумкин.
Лактаза етишмовчилиги бўлса, чақалоқ ахлати қандай ўзгаради?
Кўпгина ота-оналар болакайлар ахлатининг суюқ ва кўпикли бўлиши, ўткир ҳидли ҳамда унинг рангининг ўзгариши каби ҳолатга дуч келадилар. Қоғоз матоли тагликда бундай нажас ўзидан намланиб қолган из қолдиради.
Ич келиши порция-порция бўлиб келиши ҳатто газ ажралган ҳолда ҳам ичакларнинг тўлиқ бўшалмаслиги ва юқоридаги каби белгилар – лактозанинг миқдорининг кўплигидан далолат беради, яъни лактозани парчаловчи лактаза ферменти етишмовчилиги.
Бунга сабаб кўпинча она сутида наслий равишда лактоза моддасининг кўп бўлиши ёки болакай ҳазм қилиш трактида лактаза ферменти ишлаб чиқариши камайганлигидир. Парчаланмаган углевод ўзига сувни тортади, айнан шу сабабли болакай ахлати суюқ ҳолда келади.
Кўпинча лактаза ферментининг етишмовчилиги дисбактериозлар билан кечади, чунки кислотали муҳит ичак нормал микрофлораси таркибига кирувчи микроорганизмларни нобуд қилади. Агар бундай вазиятда юқорида айтиб ўтилганидек боланинг умумий аҳволи ўзгармаса даво муолажалари ўтказиш талаб этилмайди.
Боланинг ёши 9-12 ойликка борганда ичакларда фермент безлари фаолияти кучаяди ва лактоза парчаланиши тикланади. Агар лактоза ферменти етишмовчилигининг сабаби наслий (генетик) касаллик бўлса ва буни генетиклар тасдиқласа, она ўз рационидан ҳамда болакай рационидан қатъий равишда сут маҳсулотларини чеклаши керак бўлади. Шундан сўнг ҳам вазият оғирлашса, лактаза ферментини сақловчи дори препаратлари буюрилади.
Чақалоқларда ич қотиши
Ич қотиши деб бола ичининг бир сутка давомида келмаслиги, ҳамда ахлат келишида қийинчилик ва дискомфортлар билан амалга ошишига айтилади. Эмизикли болалар орасида ич қотиши нисбатан камроқ учрайди. Ич қотишининг сабаби икки хил бўлиши мумкин: онанинг нотўғри овқатланиши ва болакай ичак моторикасининг бузилиши (анал сфинктери спазми)дир.
Онанинг нотўғри овқатланиш рациони оқсилли маҳсулотлар жуда кўп, енгил ҳазм бўлувчи углеводларга бой ҳамда клетчатканинг кам миқдорда бўлишидир. Бундай ҳолатда оналар ўз овқатланиш рационини қайта тузиб чиқишлари, рационда мевалар сабзавотлар, қора нон бўлиши зарур. Айрим маҳсулотлар – шафтоли, ўрик, олхўри, анжир, қовоқ, кефир кабилар ич юмшатувчи хусусиятга эга. Бу маҳсулотлар онада ҳам болада ҳам ич қотишларини олдини олади.
Юқоридаги чора тадбирлар вазиятни енгиллаштирмаса боланинг ичи қотишига ичаклар моторикасининг бузилиши сабаб бўлади: гипотония ёки анал сфинктери спазми. Анал сфинктери спазми ҳолатида уй шароитида даво муолажалари олиб бориш самара бермайди. Бунга сабаб патологик ҳолат нерв тизими билан боғлиқдир. Спазм натижасида газлар ажралиши ҳам қийинлашади ва болакай қорни дам бўлиб, кўп безовталанади.
Шифокорлар вақтинча вазиятни енгиллаштириш учун газ ўтказувчи трубкалардан фойдаланадилар. Консерватив даво сифатида глицерин шамчалари, дюфалак, микроклизма буюриши мумкин.
Мана энди сиз болакайларнинг ахлати қандай кўринишда бўлиши ва уларда энг кўп учрайдиган патологиялар ҳақида қисқача бўлса ҳам маълумотга эга бўлдингиз. Ҳар қандай шароитда ҳам болакай ҳолатини фақатгина шифокор баҳолайди ва даво муолажаларини ҳам шифокор буюради.