
Неонатал талвасалар – мушакларнинг қисқариб-тиришиш синдроми бўлиб, бола ҳаётининг илк 28 куни ичида келиб чиқади. Тананинг умумий ёки маълум бир мушаклари тиришиши, вегетатив белгилар, баъзида нафас олишнинг бузилиши билан кечади. ЭEГ текширувида эпилептик ўзгаришлар аниқланади ва бу анамнез ҳамда клиник белгилар билан биргаликда янги туғилган чақалоқлар талвасаси диагнозини тасдиқлайди. Даво комплекс равишда олиб борилади. Этиотроп давода талвасага қарши препаратлар буюрилади, СЎВ (сунъий ўпка вентиляцияси) ҳам талаб этилиши мумкин. Патологик ҳолат оқибати кўпинча салбий.
Неонатал судоргилар
Неонатал талвасалар – янги туғилган болаларда эпилепсиянинг симптоматик кўриниши ҳисобланади. Патологиянинг учраши ҳар 1000 та янги туғилган чақалоқларнинг 1-16 тасида қайд этилади, кўпроқ ўғил болаларда юзага чиқади. Бунда боланинг туғилиш муддати катта аҳамиятга эга, чала туғилган болаларда судоргилар учраши кўпроқ ҳамда патология оғирроқ кечади. Неонатал талвасалар педиатрия соҳасида муаммоли ҳолатлардан биридир, чунки патология асоратлари қайтмас бўлиши мумкин, айниқса бола ҳаётининг 1 ойида жуда хавфли. Ўлим ҳолати 15-40 % ни ташкил этади, яшаб қолган болаларда ногиронлик келиб чиқиш эҳтимоли жуда юқори. Касаллик сабаблари аниқ ўрганилмаган.
Неонатал талвасалар келиб чиқиш сабаблари ва классификацияси
Бола дунёга келган вақтида унинг бош мияси ҳали тўлиқ ривожланмаган, янги нейронлар ва нейронлар аро алоқалар шаклланишда давом этаётган бўлади. Бош миянинг талвасаларга мойиллиги айнан шу жараёнлар билан боғлиқ. Неонатал талвасалар келиб чиқиш сабаблари турли-туман. Кўпинча ҳомиладорлик вақтидаги гипоксик-ишемик перинатал энцефалопатия натижасида патологик ҳолат ривожланади. Бундан ташқари, талвасалар келиб чиқишида бош мияга қон қуйилишига сабаб бўлувчи жароҳатлар, бош мия ўсмалар, ҳомила ичи инфекцияси ва марказий нерв тизими ривожланишдаги аномалиялар ҳам муҳим рол ўйнайди.
Неонатал талвасалар фақатгина нерв тизими патологияларида ривожланмайди. Кўпинча судоргилар келиб чиқишига метоболизмдаги ўзгаришлар ҳам сабаб бўлади. Бунинг асосида наслий айрим гуруҳ витаминлари, минераллар ва бошқалар алмашинувининг бузилиши ётади, масалан пиридоксинга бўлган эҳтиёж, гипокальциемия, сийдикчил (мочевина) алмашинувининг бузилиши, лизосомал тўпланиб қолиш касалликлари. Кам ҳолларда неонатал талвасалар ривожланишига токсинлар сабаб бўлади, масалан наркотик моддалар қабул қилувчи онадан туғилган чақалоқларда.
Патологиянинг клиник классификацияси талваса синдроми типига боғлиқ. Тоник, клоник, миоклоник ва атипик судоргилар фарқланади. Талвасаларнинг клиник кўриниши касаллик сабабига боғлиқ бўлади, аммо бир этиологик таъсир натижасида турли хил кўринишда кечувчи талвасалар ҳам юзага чиқиши мумкин. Бирламчи (наслий) ва симптоматик талвасалар ҳам фарқланади. Фақатгина 10 % ҳоллардагина неонатал талвасалар алоҳида ўзи кечади, қолган 90 % ҳолатларда патология бошқа симптомлар билан биргаликда намоён бўлади.
Неонатал талваса белгилари
Илк клиник белгилар бола дунёга келиши биланоқ ёки бола ҳаётининг биринчи ҳафтасида юзага чиқиши мумкин. Патология белгилари асосий диагнозга боғлиқ бўлади. Тоник талвасалар кўпинча муддатидан олдин туғилган болаларда келиб чиқади. Бунда бола боши орқа тарафга тиришади, қўлларини танасига йиғади, кўз олмаси юқорига ҳаракатланади, баъзида нафас олишда бузилишлар кузатилади. Бу каби талвасалар бош миянинг олдинги қисмларида ўзгаришлар борлигидан далолат беради, симптомлар бола ҳаётининг биринчи кунида ёки илк соатларда намоён бўлади.
Тиббиёт амалиётида кўпинча клоник ва миоклоник талвасалар учрайди. Бунда танада умумий ёки маҳаллий соҳаларида тиришишлар кузатилади. Патологик ҳолат сабаби кўпинча бош мия жароҳати ва қон қуйилиши бўлиши мумкин.
Миоклиник неонатал талвасалар ҳар қандай кўринишдаги судорги синдромларида кузатилади. Кам ҳолатларда атипик талвасалар учрайди, бунда кўз олмасининг такрорий ҳаракатланиши, вегетатив хуружлар келиб чиқади. Симптомлар сиклик равишда намоён бўлади. Бу каби талвасаларга сабаб бош мия туғма аномалиялари бўлиши мумкин.
Неонатал талваса (судорги) диагностикаси
Диагноз қўйиш бироз қийинчилик туғдиради. Чунки талвасалар келиб чиқишига кўплаб сабаблар бор, ҳамда талваса клиник белгилари ҳар доим ҳам етакчи ўринни эгалламайди. Бунда энг муҳим жиҳати онадан йиғиладиган анамнездир – онадаги соматик касалликлар, оилавий анамнез.Бундан ташқари, педиатр онада ҳомиладорлик ва туғруқ жараёни қандай кечганлиги ҳақида маълумот тўплайди, ҳамда ҳомила ичи инфекцияси, чақалоқнинг туғруқ жараёнида олган жароҳатлари, чала туғилганлик каби ҳолатларга эътиборини қаратади.
Бош миядаги электрик ўзгаришлар ЭEГ – текширувида аниқланади. Энцефалограммада паст ва жуда юқори тўлқинлар аниқланади. Хуруж қилмаган вақтда ЭEГ текширувида ҳеч қандай патологик ўзгаришлар аниқланмайди. Бош мия аномалиялари ва ўсмалар компьютер томографияси ва МРТ да аниқланади. Орқа мия суюқлиги анализида ҳомила ичи инфекцияси, ҳамда қон қуйилишлар қайд этилиши мумкин.
Неонатал талвасалар давоси ва оқибати
Патологик синдром даво муолажалари шифохона реанимация бўлимида, доимий шифокорлар назорати остида ҳамда нафас олишни рағбатлантириш йўли билан олиб борилади. Симптоматик даво сифатида талвасага қарши препаратлар буюрилади. Бу каби муолажалар ўтказилиши бола ҳаёти учун жуда муҳим. Чунки талваса хуружлари бола ҳаётига жиддий хавф туғдиради. Болада қанча кўп марта талваса хуруж қилса, бола организми учун шунча кўп зарар етади ва келажакда болада асоратлар келиб чиқиш хавфи ҳам ошиб бораверади. Бир вақтнинг ўзида этиотроп даво ҳам ўтказилади: антибиотик ва вирусларга қарши препаратлар, жароҳат ва қон қуйилишларни жарроҳлик йўли билан бартараф этиш, метаболик ўзгаришларда махсус воситалар буюриш каби чора тадбирлар.
Неонатал талвасалар оқибати кўпинча – салбий. Гипокальциемия билан боғлиқ бўлган талвасалар самарали даволаниши мумкин. Бош миядаги ҳар қандай касалликлар бола ҳаётида ижтимоий муаммолар, ақлий ривожланишда ортда қолиш ва ногиронликка сабаб бўлиши мумкин. Талвасалар билан боғлиқ ҳолатларда ўлим – бош мия йирик жароҳатлари ва қон қуйилишлари, ривожланишдаги жиддий нуқсонлар ва септик асоратларда кузатилади. Неонатал талвасалар келиб чиқишининг олдини олиш учун она ва ҳомиладаги асосий касалликни даволаш керак бўлади.