
Ҳомиладорликда токсоплазмоз – бу паразитар касаллик бўлиб, Т.гондии паразитининг ҳомиладор аёл организмига киришидан ривожланади. Кўп ҳолларда касаллик белгиларсиз кечади, баъзида грипп хуружи каби симптомлар юзага чиқиши мумкин. Ҳомиладорларда токсоплазмоз диагностикасида ИгМ ва ИгГ серологик текширувлари, ҳомила ичи суюқлиги ПСР усули ва ҳомила УТТ (УЗИ) текширувлари ўтказилади. Медикоментоз давода макролитлар, антибиотиклар ёки сульфаниламидлар ва фоли кислота антагонистлари қўлланилади.
Токсоплазмоз – бу инфекцион-паразитар касаллик бўлиб, уни токсоплазма паразити келтириб чиқаради, бу патология акушерлик ва гинекология соҳасида жуда катта аҳамиятга эга, чунки паразит трансплансентар йўл билан юқиши касалликнинг энг оғир оқибати ҳисобланади. Статистика бўйича 15 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёлларнинг 15-25 % и Т.гондии билан зарарланганлар. Туғма токсоплазмоз билан ҳар 10 000 янги туғилган чақалоқларнинг 1 дан 10 тасигача касалланиши мумкин, шуларнинг орасидан 3-10 % ида оғир туғма аномалиялар ҳам кузатилади.
Паразитни ўзига юқтириб олган чақалоқларни дунёга келтирган аёлларнинг 55 % и ўзларида ҳеч қандай белгиларни ҳис этишмаган. Токсоплазмозни юқтириб олиш хавфи иммун тизими заиф аёллар ҳамда эндемик зоналарда истиқомат қилиш ёки у ерда бўлувчиларда юқори бўлади, масалан Франция, Лотин Америкаси ва Жанубий Африкада минтақаларида.
Ҳомиладорликда токсоплазмознинг келиб чиқиш сабаблари
Ҳомиладорликда токсоплазмоз қўзғатувчиси – Тохопласма гондии ҳисобланади. Паразит ҳужайра ичида ўз ҳаёт фаолиятини олиб боради, унинг узунлиги 4 мкм дан 8 мкм гача бўлади. Токсоплазма 3 хил шаклда ҳаёт кечиради: оосиста, тўқима систа ва тахизоит. Биринчи ва иккинчи шакллари инсон учун юқумли ҳисобланади.
Систалар зарарланган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилганда юқади, ооситлар эса тупроқ билан контактда бўлганда, яхши ювилмаган сабзавот маҳсулотларини истеъмол қилганда инсон организмига тушади. Оосиста шаклидаги токсоплазма ташқи муҳитга жуда чидамли бўлади, у илиқ ва нам шароитда узоқ муддат сақланиб қолади.Паразит инсон организмига кирганидан сўнг тахизоит шаклига ўтади, айнан шу шакли инсонда касаллик чақиради ва ҳомилага ҳам юқади.
Т.гондии инсон организмига бир неча йўл орқали юқади – хом ёки чала пишган гўшт истеъмол қилиш, мушук нажаси билан ифлосланган тупроқ билан контактда бўлиш, транспласентар йўл яъни онадан ҳомилага ҳамда камдан кам учрайдиган ҳолат қон қуйишда. Ҳомиладорликда токсоплазмознинг юқиши асосан (65 % ҳолатларда) ифлосланган озуқа маҳсулотлари истеъмол қилиш билан амалга ошади, айрим ҳолатларда хом гўшт истеъмол қилган мушуклар билан контактда бўлиш ҳам токсоплазманинг инсон организмига юқиши ҳам кузатилади.
Паразит юқишида манба инсон бўлиб, фақатгина қон қуйиш орқали зарарлангандагина хизмат қилади. Инсон организмига Т.гондиининг бир донаси тушса ҳам инсон зарарланган ҳисобланади ва бу бир умр сақланиб қолиши ҳам мумкин (субклиник шакл).
Ҳомиладорликда токсоплазмоз белгилари
90 % дан ортиқ ҳолларда ҳомиладор аёлларда токсоплазмоз белгиларсиз кечади, яъни аёл соғлом ташувчи бўлиб хизмат қилади. Яққол намоён бўлувчи клиник белгилар кўпроқ иммун тизими суст ҳомиладор аёлларда кузатилади, бунда ёндош касалликлар сифатида инфекцион ва бактериал касалликлар, глюкокортикоид моддалар узоқ муддат истеъмол қилганда, ОИТС нинг эрта босқичларида ва бошқаларда ҳам юзага чиқади.
Касалликнинг инкубацион даври 1 кундан 3 кунгача давом этиши мумкин. Ҳомиладорликда токсоплазмознинг ўткир шакли грипп белгилари каби бўлади: тана ҳароратининг 37,5-38 оC гача кўтарилиши, умумий ҳолсизлик, чарчаш, бош оғриши, лимфа тугунларининг катталашиши, кам ҳолларда гепатоспленомегалия ҳам келиб чиқиши мумкин.
Кам ҳолатларда ҳомиладор аёлларда хориретинит, конъюктивит, кератит ёки иридосиклит ривожланади. Иммун тизимининг заифлашуви натижасида токсоплазмоз оғир асоратланиши мумкин, масалан энцефалит, гепатит, миокардит ёки зотилжам.
Токсоплазмоз ТОРЧ-инфекциялар гуруҳига киради, бу инфекциялар тератоген таъсир кўрсатади. Энг хавфли жиҳати ҳомиладор аёлнинг бирламчи зарарланишидир, сурункали токсоплазмоз ҳомилада сезиларли аномалиялар чақирмайди. Йўлдош орқали тахизоитлар кирганидан сўнг 1 ойдан 4 ойгача бўлган муддат ўтиши билан ҳомила зарарланади.
Статистика бўйича токсоплазмознинг ҳомилага юқиши ҳомиладорликнинг учинчи учойлигида 10-12 баробар ортиб кетади. Аммо, шундай бўлсада ҳомиладорликнинг илк муддатларида ҳомиланинг зарарланиш оқибатлари хавфлироқдир. Ҳомиладорликнинг илк уч ойлигида токсоплазмоз ҳомила тушиши, ҳомилада турли хил аномалиялар ривожланишига сабаб бўлади.
Кечки туғма токсоплазмозлар Себин тетрадаси билан намоён бўлади: хориоретинит, бош мия шиши, талваса синдроми, бош мия ичи кальцификацияси. Бундан ташқари ҳомиланинг ривожланишдан ортда қолиши ва микросефалия ривожланиши ҳам мумкин. Бу каби белгилар ҳомиладорлик вақтида ўткир токсоплазмоз ўтказилганликдан далолат беради.
Токсоплазмоз диагностикаси
Ҳомиладорлик вақтида токсоплазмоз диагностикаси анамнез йиғиш, юзага чиқадиган симптомлар, лаборатор ва инструментал текширувлар натижасида олиб борилади. Бемордан анамнез йиғилаётганда акушер-гинеколог ёки инфекционист токсоплазма паразитининг юқиш эҳтимолига эътибор қаратади, яъни хом гўшт истеъмол қилиши, ювилмаган сабзавот ва мевалар ейиш, дайди мушуклар билан контактда бўлиш, тупроқ билан контактда бўлиш ҳамда эндемик зоналарда бўлганлиги ҳақида маълумотлар йиғилади.Ҳомиладорлик вақтида аёл физикал кўрувида грипп каби белгилар аниқланиши мумкин, аммо бу симптомлар ҳар доим ҳам токсоплазмоз ҳақида етарлича маълумот бера олмайди.
Токсоплазмоз диагностикасида энг асосий текширув усуллари бу серологик тест, УТТ (УЗИ) ва амниотик парда пункцияси ҳисобланади. Лаборатор текширув диагностиканинг биринчи “қадами” бўлиб, унда иммунофермент анализ (ИФА) ўтказилади ёки махсус тест-тизим ўтказилади. Бу текширувда иммуноглобулин М (ИгМ) ва Г (ИгГ) қонда аниқланади. Агар анализ натижалари манфий бўлса, токсоплазмоз касаллиги ҳам бўлмайди. ИгМ кўп миқдорда аниқланиши Т.гондии нинг инсон организмига биринчи маротаба кирганлигидан дарак беради. Сўнгра титр кўрсаткич секин-аста ошиб боради ва паразит инвазиясидан 5-20 кун ўтиб максимум даражага етади.
Токсоплазмоз билан зарарланган аёл қонида ИгГ миқдори паразит кирганидан сўнг 7-14 ичида аниқланади ва 3-6 ой ичида максимум даражага етади. Кўп ҳолатларда ИгГ миқдорининг ошиши токсоплазмознинг латент кечаётганлигидан далолат беради. Мусбат натижа аниқланганда текширув 3-4 маротаба қайта ўтказилади.
Ҳомиладор аёлларда УТТ (УЗИ) текшируви ҳомиланинг ҳолатини аниқлаш учун керак бўлади. Кўпинча туғма токсоплазмоз белгилари яққол аниқланмайди ёки ташхисни тасдиқлаш учун етарлича бўлмайди.
Қўшимча текширувлар
Ҳомиланинг токсоплазма билан зарарланишида – ривожланишнинг кечикиши ва МНТ (Марказий нерв тизими) аномалиялари, микросефалия белгилари ривожланади. Ҳомиладорликни сунъий равишда тўхтатиш фақатгина ҳомилада ўта оғир аномалиялар келиб чиққан бўлсагина амалга оширилади. Амниотик қобиқ пункцияси (амниосентез) ҳомиладорларда серологик текширувлар ва УТТ (УЗИ) текширувлари етарлича маълумот бермаганда ўтказилади.
Амниотик қобиқ пункцияси неонотолог, инфекционист ва акушер-гинекологлар ҳамкорлигида ўтказилади. Бунда амниотик суюқлик олинади ва полимер занжир реакцияси (ПЗР) ёрдамида Т.гондии паразити аниқланади. Ушбу текширув усулининг маълумотлилик даражаси 90-95 % ни ташкил этади. Амниосентез текширувининг ягона камчилиги шундаки, текширув фақатгина ҳомиладорликнинг илк муддатларида ўтказилади. 18 ҳафтадан сўнг натижалар ёлғон бўлиши ҳам мумкин.
Ҳомиладорликда токсоплазмоз давоси
Ҳомиладорликда токсоплазмоз давоси ўткир шаклида ва клиник белгилар билан намоён бўлгандагина олиб борилади. Агар касаллик клиник симптомларсиз кечадиган бўлса, патология ўз-ўзидан ўтиб кетади. Ҳомиланинг зарарланишига асосланиб даво муолажалари икки хил йўл билан олиб борилади. Ҳомила зарарланмаган бўлса (ПЗР га асосланган ҳолда) макролид гуруҳига кирувчи антибиотиклар қўлланилади (Спирамицин). Бу каби препаратлар ҳомила тўқималарида тўпланади ва паразитнинг вертикал йўл орқали юқишига тўсқинлик қилади.
Ҳомиладорликда кузатиладиган токсоплазмоз паразитининг ҳомилага юққанлиги аниқланса, даво муолажалари фоли кислота антагонистлари (пириметамин) ва сульфаниламидлар (сульфадиазин) ёрдамида олиб борилади. Биринчи гуруҳ препаратлари суяк кўмигида ҳужайралар бўлинишини секинлаштиради, шу сабабли улар фоли кислота сақловчи препаратлар билан биргаликда олиб борилади. Бундан ташқари препарат биринчи учойликда қўллаш мумкин эмас. Бу даво чоралари ҳомилада турли патологиялар ривожланмаслиги ва оқибатнинг ижобий бўлишига олиб келади.
Ҳомиладорликда токсоплазмоз профилактикаси ва касаллик оқибати
Ҳомиладорлик вақтида токсоплазмоз касаллиги оқибати ижобий. Деярли барча ҳолатларда беморлар даво топадилар. Туғилажак бола аҳволи паразитнинг ҳомиладор аёл организмига кирган муддатига боғлиқ, бунда ҳомиладорликнинг биринчи учойлигида ҳомилада турли хил аномалиялар ривожланиш эҳтимоли юқори бўлади.
Ҳомиладорликда токсоплазмоз профилактикасига паразит юқиш йўлларининг барчасини чеклаш ва ҳомиладорлик скрининг текширувларидан ўтиб туриш киради. Паразит юқиш йўлларини чеклашда фақатгина тоза сув истеъмол қилиш, сифатли термик қайта ишловдан ўтқазилган маҳсулотлар истеъмол қилиш, мушук ва тупроқ билан контактда бўлмаслик кабилар киради. Скрининг текшируви токсоплазма паразитининг юқиш эҳтимоли юқори бўлган аёлларда ҳар ойда ўтказилади, ҳамда серологик текширув ҳам буюрилади.