
Ҳозирги кунда эгизак фарзандлар дунёга келиши кўпайиб бормоқда. Бунинг сабаби туғруқнинг ёшга боғлиқлиги билан тушунтирилади. Албатта, эгизаклар дунёга келтириш яхши, аммо онанинг икки ёки ундан ортиқ ҳомилани кўтариб юриши ва уларни организм етарлича озуқа билан таъминлашида қийинчиликлар келиб чиқади, ҳомиладорлик патологиялари учраш эҳтимоли ортади.
Кўп уруғли ҳомиладорликнинг ўзига хос жиҳатлари
Кўп уруғли ҳомиладорлик – ҳозирги даврда акушерлик соҳасида алоҳида аҳамиятга эга ҳолат ҳисобланади. Бунда ҳомиладорлик патологиялари оқибати, уларни бартараф этиш, ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасидан кейинги даврни олиб бориш ва туғруқдан кейин бола парваришида бироз қийинчиликлар мавжуд.
Кўп ҳолатларда фарзанднинг муддатига етмай туғилиши, фетопласентар етишмовчилик, ҳомила гипотрофияси ва сурункали гипоксия ҳолатлари учраб туради. Бундан ташқари, эгизакаларда туғма нуқсонлар ривожланиш хавфи ҳам юқори.
Чақалоқларда ўлим ҳолати 8-10 % ни ташкил этади, бунга сабаб ҳомила тана вазнининг етишмаслигидир. Туғма нуқсонлар учраш эҳтимоли эса 2-3 маротаба юқори бўлади. Бу кўрсаткичлар акушерларнинг илмий изланишлари ва янгиликларига қарамай ҳамон ўзгармай турибди.
Эгизак фарзанд кўриш омиллари
Кўп уруғли ҳомиладорлик – бу ҳомиладор аёл бачадонида икки ва ундан ортиқ ҳомиланинг бўлишидир. Сўнги чорак асрда бу каби ҳолат учраш частотаси 2-3 баробар ортди ва умумий ҳомиладорликнинг 1,5-2 % ини ташкил этади. Бунда эгизаклар туғилиш эҳтимоли 1:90 ни, учта ҳомила туғилиши 1:6500 ни, учдан ортиқ ҳомила туғилиш эҳтимоли эса 1:55000 ни ташкил этмоқда.
Кўп уруғли ҳомиладорлик сабаби ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Аммо, айрим омиллар бу каби ҳолат рўй беришида аҳамият касб этади:
Наслий омил. Агар яқин қариндошлар орасида эгизак фарзанд дунёга келтирган инсонлар бўлиши, айниқса аёл киши томондан яқин қариндошларда бу ҳолат кузатилиши, сизда ҳам эгизаклар туғилиш эҳтимолини оширади.
Ҳомиладор аёл қон зардобида ФСГ (фолликул-стимулловчи гормон) миқдорининг юқори бўлиши. Бу гормон тухум ҳужайра ўсиши ва етилишида муҳим аҳамиятга эга. Ушбу гормоннинг физиологик юқори миқдорда бўлиши бир вақтнинг ўзида бир эмас ундан кўпроқ тухум ҳужайралар етилиши олиб келади.
ФСГ миқдори ошишига сабаблар бепуштликни даволаш мақсадида қабул қилинадиган препарартлар, орал контрасептик воситалар қабул қилиш ва уларни қабул қилишни бирдан тўхтатиб қўйишдир.
Аёл ёшининг катталиги (30-35 ёшларда). Аёл организми ёш ўтган сари фертиллиги камайиб боради, яъни организмда тухумдонлар функцияси пасаяди. Бу ҳолатни қайта тиклаш учун организмда гормонлар синтези ортади. Натижада гормонлар ортиқча тўпланади ва бир неча тухум ҳужайра бир вақтнинг ўзида етилади.
ЭКО орқали ҳомиладорлик. Эгизак юзага келишида – ЭКО усулида ҳомиладорлик амалга ошишининг аҳамияти жуда катта (экстра cорпорал уруғланиш). Бунда аёлни тайёрлаш вақтида тухумдонларни стимуллаб, уруғлантириш учун бир неча етилган тухум ҳужайра ажратиб олинади.
Улар бачадондан ташқарида уруғлантирилади ва бир неча уруғланган тухум ҳужайра аёл бачадонига жойлаштирилади (бунинг сабаби барча уруғланган тухум ҳужайра ҳам яшаб қолавермаслигидир). Агар жойлаштирилган тухум ҳужайралардан бир нечтаси яшаб қолиб бачадонга имплантация бўлса, эгизаклар ривожланади.
Кўп уруғли ҳомиладорлик классификацияси
Зигота бўйича ҳомила қуйидагича ривожланиши мумкин:
Монозигот – бир ҳужайрадан ривожланган, аммо икки ҳомила ҳаётий аъзоларни таъминлай оладиган ҳомиладорлик.
Дизигот – бу каби эгизакликни ака ука ёки опа ука каби аммо бир кунда дунёга келадиган ҳомиладорликни тушуниш мумкин. Бундай ҳомиладорлик бир вақтнинг ўзида етилган икки тухум ҳужайранинг бир вақтда уруғланишидан рўй беради.
Дизигот эгизаклар
Агар тухумдонлардан бир вақтнинг ўзида икки тухум ҳужайра етилса ва уларнинг ҳар иккиси ҳам уруғланса дизигот эгизаклар дунёга келади. Бу каби ҳолатлар 70 % ни ташкил этади ва ундан дунёга келадиган болалар ака-ука каби ўхшашликда бўлади. Бундай эгизаклар турли хил жинсга эга бўлиши, соч ва кўзлари ранги бир биридан фарқланиши, ўзига хос хромосомалар тўпламига эга бўлишлари, қон гуруҳи, резус омили ҳам бир биридан фарқланиши мумкин. алоҳида тухум ҳужайрадан ривожланадиган эгизаклар ўзларининг алоҳида плацентасига ва ўзида алоҳида қобиқларига эга бўладилар. Уларнинг ҳар бирида ҳомила пуфаги ва амниотик суюқлик бўлади. Оддий сўз билан айтганда бундай эгизаклар бир она қорнида яшовчи “қўшнилар”дир.
Монозигот эгизаклар
Бу каби ҳолат кўп уруғли ҳомиладорликнинг 30 % ини ташкил этади. Бунда ҳомила бир тухум ҳужайрадан шаклланади, уруғланган тухум ҳужайра бўлинаётганда икки ёки ундан кўп янги зиготаларга бўлиниши мумкин. Кейинчалик зиготадан ҳар томонлама бир хил бўлган ҳомила ривожланади. Бундай эгизаклар бир хил жинсга эга, хромосомалар тўплами ҳам бир хил, ташқи кўринишидан ҳам жуда ўхшаш – соч ва кўзлари ранги, қон гуруҳи, бармоқ излари ва бошқа хусусиятлари билан бир бирларидан фарқ қилмайдилар.
Монозигот эгизаклар ривожланишининг ўзига хослиги
Монозигот эгизак ривожланиши – зиготанинг ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида бўлиниш вақтида юза беради. Бунда бўлинишнинг қайси муддатда рўй берганлиги жуда муҳим аҳамият касб этади. Масалан:
Тухум ҳужайра уруғлангандан 3 кун ўтиб, зиготанинг махсус қобиқлари шаклланмасдан олдин бўлиниш рўй берса эгизакларда икки алоҳида бир биридан мустақил бўлган хорион ва икки амнион шаклланади. Яъни ҳомиланинг ҳар бири ўзининг ҳомила пуфаги ва унинг ичидаги суюқлиги, икки алоҳида йўлдош ёки бир йўлдошнинг икки қисмга бўлинган шаклига эга бўлади.
Тухум ҳужайра уруғлангандан 4-8 кун оралиғида бўлиниш рўй берадиган бўлса, яъни ҳужайранинг ички структур бирликлари ҳосил бўлишга улгурган, ташқи қобиқдан хорион шаклланган вақтда бўлинган зиготада умумий ташқи қобиқ ва йўлдош, аммо унинг ичида алоҳида ҳомила пуфаги ва суюқликка эга бўлади. Оддий қилиб айтганда бундай эгизаклар “бир хонадондаги”, аммо “алоҳида алоҳида хоналарда яшовчи” қўшнилар дейиш мумкин.
Тухум ҳужайра уруғлангандан 9-13 кун ўтгач зигота бўлинадиган бўлса, умумий йўлдош ва ҳомила пуфаги ҳам бир бўлади. Бундай бўлинишдан ривожланган эгизаклар сиам эгизаклари деб юритилади.
Эгизак ҳомилани фарқлаш
Эгизакларни қайси турда эканлигини аниқлаш фақатгина улар дунёга келганидан сўнг амалга ошади. Агар икки ҳомила орасида икки қаватдан иборат қобиқ бўлса бу – бир тухумли эгизаклар, агар икки ҳомила орасида тўрт қават қобиқ бўлса – бу ҳар хил тухум ҳужайрадан шаклланган эгизаклар ҳисобланади. Бундан ташқари ҳозирги кунда УТТ (УЗИ) текшируви ёрдамида эгизакларни қайси тури эканлигини аниқлашнинг имкони бор.
Бу ҳомиладорликни қандай олиб бориш керак эканлиги ва режалар тузишда ёрдам беради. Муҳими ҳомиланинг ривожланиши, кузатилиш эҳтимоли бўлган аномалияларни аниқлаш учун доимо текширувдан ўтиб туриш керак (масалан бир ҳомиланинг ривожланишдан ортда қолиш синдроми ёки феномени).
Кўп уруғли ҳомиладорликнинг кечиши
Кўп уруғли ҳомиладорлик аёл учун бироз оғирроқ кечади. Ҳомиладорликнинг илк триместрида турли асоратлар ва соғликдаги ўзгаришлар ривожланиши мумкин. Бундай вақтда шифокорга мурожаат этиш зарур.
Икки тухумдан ривожланган эгизаклар хромосома тўпламида фарқ бўлганлиги сабабли она организми улардан бирини организмга “ёт” модда сифатида қабул қилиши мумкин, иммун тизими ҳам унга қарши антителолар ишлаб чиқиш эҳтимоли бор.
Эгизак ҳомиладорликнинг илк даврларида кузатилиши мумкин бўлган ҳолатлар
Ҳомиладорликнинг илк даврларида кўп уруғли ҳомиладорлик кечиши оддий ҳомиладорлик кечишидан деярли фарқ қилмайди. Аммо, ҳомиладорликнинг 8 кунида ҳомиланинг бачадон деворида имплантация қилиши натижасида қон кетишлар кузатилиши мумкин ва бу ҳолат 4 кунгача давом этади. Бундан ташқари токсикоз белгилари кўп уруғли ҳомиладорликда кучлироқ намоён бўлади (кўнгил айниши, қайт қилиш).
Ҳомиладорликнинг ўрта даврларида кузатиладиган ўзгаришлар
Кўп уруғли ҳомиладорликда кузатиладиган энг кенг тарқалган муаммолардан бири – ИСЙ (итмико-цервикал етишмовчилик – бачадон бўйни икки ҳомиладан тушдиган зўриқишни кўтара олмайди) дир. Бунинг сабаби бачадон деворларининг ҳаддан зиёд кенгайиши, ҳомила олди суюқлиги кўплиги ва ҳомила тана вазнининг ортиқчалигидир. Одатда бундай ҳолат ҳомиладорликнинг 22 ҳафтасидан кейин кузатилади. Жараён жуда тез бошланади. Бачадон бўйнига қўшимча чоклар қўйилиш йўли билан бартараф этиш мумкин.
Ҳомиладорликнинг кечки босқичларида кузатиладиган ўзгаришлар
Ҳомиланинг ўсиши ва тана вазни ортиб бориши натижасида айланиб юрувчи қон ҳажми ортади, бу эса юрак миокард қаватига зўриқишни кўпайтиради. Бундан ташқари анемия, витаминлар етишмовчилиги, айниқса фоли кислота етишмовчилиги, темир танқислиги кузатилади.
Кўп ҳолларда ҳомиладор аёллар тез чарчаб қолиш, ҳансираш ва кучли жиғилдон қайнашига шикоят қиладилар, бундан ташқари ич қотиш ва пешоб ажратишдаги муаммолар ҳам аёлни безовта қилиши мумкин. бунинг сабаби ўлчами катталашган бачадоннинг ичаклар, сийдик пуфаги ва бошқа ички органларни эзиб қўйишидир.
Ҳомила ичи суюқлиги кўплиги эса буйракларнинг зўриқиб ишлашига сабаб бўлади. Кўп уруғли ҳомиладорликда муддатидан олдин туғруқ рўй бериши кўп учрайди. Кўп уруғли ҳомиладорлик қандли диабет шаклланишига олиб келиши мумкин, бундан ташқари ушбу ҳолат кўпгина сурункали касалликлар хуруж қилишига ҳам сабаб бўлади. Аёл киши юқоридагиларни билган ҳолда доимо шифокор назорати остида бўлиб туриши зарур.
Кесарча кесишдан кейин эгизак фарзанд кўриш
Кўп уруғли ҳомиладорлик аввалги туғруқнинг кесарча кесиш орқали амалга ошган бўлса жиддий муаммо туғдириши мумкин. бу ҳолат она учун ҳам ҳомила учун ҳам асоратли бўлиш эҳтимоли юқори бўлади. Улар қуйидагилар бўлиши мумкин:
Бачадон деворларида қон айланиш билан боғлиқ бўлган муаммолар, яъни чандиқ ҳосил бўлган соҳада зигота имплантация бўлиши, ҳомиланинг етарлича кислород ва озуқа моддалари қабул қилмаслиги натижасида ҳомила ичи гипоксияси ривожланиши;
Чандиқлар туфайли йўлдошнинг бачадоннинг пастки қисмларида жойлашиши ва муддатидан олдин туғруқ рўй бериши;
Ҳомиланинг нотўғри жойлашуви;
Энг оғир асорат бу – чокларнинг йиртилиши ва қон кетиб қолиши ҳисобланади. Бу ҳолат она ҳаёти учун хавф туғдиради.
Эгизак фарзандлар нафақат икки баравар кўпроқ мушкуллик, балки икки баравар кўпроқ қувонч ҳамдир!