
Ҳомиладорлик – аёл организмидаги турли хил ўзгаришлар билан кечадиган физиологик ҳолатдир. Шулар ичида ҳомиладорликда бурун битиши кўп учрайдиган ёқимсиз вазиятлардан биридир, ахир ёш аёл организми турли хил инфекцияларга берилувчанку.
Ҳомиладорлик вақтида бурун битишининг аниқ сабаби йўқ, бир неча омиллар таъсирида бундай ҳолат келиб чиқади. Бурун битишини бартараф этиш айниқса, ҳомиладорлик вақтида қийин кечувчи жараён ҳисобланади. Патологияни даволаш учун аввало унинг келиб чиқишига сабаб бўлувчи омилни аниқлаб олиш лозим.
Ҳомиладорликда бурун битиши сабаблари
Бурун битишининг бир неча сабаблари мавжуд. Патологияни бартараф этиш учун бурун битишининг аниқ сабабини аниқлаб олиш ва унга қарши курашиш талаб этилади. Қуйида бурун битишининг асосий сабаблари ҳақида маълумот бериб ўтилади.
Ринит
Оддий халқ тилида тушунтирилганда – шамоллаш. Ринит вирусли инфекция таъсирида ёки аллергик моддалар билан контактда бўлиш йўли билан келиб чиқади. Аллергик ринит – ҳомиладор аёлларда уй ҳайвонлари, маиший чанг ва баъзи ўсимликлар чанги таъсирида ривожланади. Инфекцион ринит мавсумийлик хусусиятига эга яъни касаллик айнан ОРВИ ва грипп инфекциялари қўзғаладиган мавсумда кўп учрайди.
Синусит
Ҳомиладорлик вақтида аёл киши организмининг кислородга бўлган эҳтиёжи ортади. Агар ҳомиладорлик вақтида кислород қабул қилиш камайса бу она ва ҳомилага салбий таъсир этиши мумкин. Бурун битишининг яна бир сабаби – синусит касаллигидир. Бунда юқори нафас олиш йўллари шиллиқ қавати шиши натижасида гаймор ва пешона бўшлиғида шиллиққа тўпланиб қолиши кузатилади.
Ҳомиладорликда бурун битиши натижасида бактериал инфекция аралашуви ва бўшлиқларда йирингли-яллиғланиш жараёни бошланди. Ҳар қандай яллиғланиш билан кечадиган касалликлар ҳомила ривожланишига ўз таъсирини кўрсатади. Агар ҳомиладор аёлга ушбу ташхис қўйилган бўлса, кечиктирмай мутахассис-шифокор билан маслаҳатлашиши ва даво муолажаларини бошлаш зарур.
Гормонал ринит
Ҳомиладорлик рўй бериши биланоқ аёл организмида гормонал ўзгаришлар рўй беради, айрим гормонлар миқдори ортса айрим гормонлар синтези камаяди. Тўлиқ ёки қисман бурун битиши ҳомиладорлик вақтида кузатиладиган белгилардан бири ҳисобланади. Гормонал фон натижасида келиб чиқадиган бурун битиши даво талаб этмайди, бу жараён аёл киши фарзанд дунёга келтиргандан сўнг ўз ўзидан ўтиб кетадиган жараёндир.
Ҳомиладорликнинг эрта муддатларида бурун битиши
Бурун битиши ҳомиладорликнинг эрта муддатларида кўп учрайди. Ҳомиладорлик бошланишидаги аёл киши эмоционал зўриқиши ва токсикозларга қўшимча равишда бурун битиши аёл киши учун кучли дискомфорт туғдиради.
Агар ҳомиладор аёл бурун орқали тўйиб нафас олмаса уйқу бузилиши, қўзғалувчанлик, бош айланиши ва бош оғриқлари келиб чиқади. Бундай вақтда бурун битишига жиддий эътибор қаратиш лозим.
Томирларни торайтирувчи спрей ва томчи препаратларни мустақил равишда ўз бошимчалик билан ишлатиш ҳомила ривожланишига салбий таъсир этиши мумкин. Ҳар қандай дори препаратларини қўллашдан аввал шифокор билан маслаҳатлашиш керак.
Ҳомиладорликнинг кечки муддатларида бурун битиши
Туғруқ муддати яқинлашиб борган сари организмда айланиб юрувчи қон ҳажми ортади. Бу эса бурун битишига ҳам сабаб бўлади. Ҳомиладорликнинг сўнги босқичларида бурун битишининг сабаби бактериал ёки инфекцион омил бўлиши ҳам мумкин. Бундай вазиятда шифокор билан маслаҳатлашиш ва даво муолажаларини ўтказиш лозим. Акс ҳолда ҳомила ҳаётида хавф туғилиши мумкин.
Даво
Ҳомиладорлик вақтида бурун битишини даволаш консерватив ҳамда ноодатий тиббиёт йўли билан амалга ошириш мумкин.
Консерватив усул
Бурун йўллари ва бўшлиқларни ювиш муолажаси албатта ўтказилиши керак. Шу йўл билан нафас йўллари ва бўшлиқларда тўпланган йиринг ва шиллиқлар, чанг доначалари ва касаллик чақирувчи бактериялардан халос бўлади. Бурунни ювиш учун оддий физиологик эритма, ош тузи ёки денгиз тузи эритмасидан фойдаланилади. Кун давомида 3-4 маротаба чайиш кифоя қилади.
Антисептик таъсир этиши учун маҳаллий “Звездочка” бальзамини қўллаш мумкин. Агар бурун битишининг сабаби аллергик жараёнлар бўлса маҳаллий қўлланилувчи спрейлар шиллиқ қават ва аллергенлар орасида барер ҳосил қилади ва шиллиқ қаватларга аллергенлар таъсири тўхтайди.
Вирусли ва бактериал инфекциялар таъсирида келиб чиқадиган шамоллаш жараёнларини бартараф этиш учун малакали мутахассис маслаҳатлари талаб этилади. Бундай ҳолатда беморга антибиотиклар ёки вирусларга қарши воситалар буюрилиши мумкин. Ҳомиладорлик вақтида бундай препаратларни мустақил равишда қабул қилиш мумкин эмас.
Агар бурун битиши кучли намоён бўлса шифокор маълум муддатга томирларни торайтирувчи воситалар буюриши мумкин. Бу каби препаратлардан фойдаланиш узоғи билан 2-3 кун даво этиши лозим. Акс ҳолда аёл киши ушбу воситаларга ўрганиб қолади.
Ҳомиладорликда бурун битиши ҳолатини халқ табобати ёрдамида даволаш
Халқ табобати ёрдамида бурун битишидан тўлиқ қутулишининг иложи йўқ бўлсада, вазиятни енгиллаштириш учун яхши самара беради.
Ҳомиладорлик вақтида бурун битишида ёрдам берувчи воситалар қуйидагилар:
Ингаляция. Бунинг учун қайнатилган картошка ва ўсимлик қисмлари, 1-2 томчи эфир мойидан қўшиб дамланган дамлама буғидан нафас олиш кифоя.
Бурун йўлларидаги шишни камайтириш учун каланхоэ ва алоэ ўсимликлари сувидан ҳар бир бурун тешигига 2 томчидан томизиш керак. Агар ўсимлик суви жуда кучли бўлса ва бурун шиллиқ қаватларини ачиштирса, уни сув қўшиш йўли билан концентрациясини камайтириш мумкин.
25 мл лимон суви, 40 мл қайнатилган сув ва чой қошиқнинг тўртдан 1 қисмича ош тузи аралаштириб эритма тайёрланг. Тайёр бўлган эритмадан 2 томчидан ҳар бир бурун тешигига томизинг.
Агар бурун шиллиқ қавати қуриб қолса, унга табиий асал, ўсимлик мойи аралаштириб шиллиқ қаватларга суриш керак.
Ҳомиладорликнинг эрта ва кеч муддатларида бурун битиши профилактик чора тадбирларига қуйидагилар киради:
Грипп, ОРВИ ва бошқа инфекцион касалликларга чалинган инсонлар билан контактда бўлмаслик;
Одамлар кўп тўпланадиган жойларда камроқ бўлиш;
Витаминотерапия курсини қабул қилиш;
Дам олиш ва иш тартибини тўғри тузиб олиш;
Агар аёл киши аллергик бўлса, аллергия чақирувчи моддалардан узоқроқ юриши керак;
Агар ҳомиладор аёл сурункали касалликлардан азият чекмаса, бурун битиши ҳомиладор аёлнинг умумий аҳволига салбий таъсир этмаса хавотирга ўрин йўқ. Кўп ҳолларда ҳомиладорлик вақтида бурун битиши ўз ўзидан ўтиб кетадиган ҳолат ҳисобланади.