Она сути камайиши — гипогалактия
Кўкрак безлари томонидан сут ишлаб чиқарилишини камайиши гипогалактия деб аталади. Бунда ажралаётган сут миқдори бола эҳтиёжини қондирмайди.
Гипогалактия 5 – 8 % аёлларда бирламчи бўлиб, нейроендокрин бузилишлар сабабли юзага келади. Жахон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ма’лумотларига кўра фақат 1 % аёллар болаларини кўкрак сути билан боқа олмайдилар. Гипогалактия сабабларига онани лактацияга яхши тайёрланмаслиги, улардаги касалликлар (қандли диабет, қон томир, буйрак ва тизимлари касалликлар, ўткир яллиғланиш жараёнлари, ўсмалар ва бошқалар) стресслар, спиртли ичимликлар, хомиладорлик ва туғиш даврларида дорилар қабул қилиш, дастлабки кечиккан кўкрак тутиш, онанинг унумсиз кун тартиби, овқатланиши, жисмоний ва ақлий зўриқишлар киради.
Гипогалактияни олдини олиш жуда муҳим. Дастлаб, уни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, эмизикли оналарга ижтимоий — моддий осойишта шароит яратиш, кўкрак безларини парвариш қилиш, гигиеник қоидаларга риоя қилиш, унумли овқатланишни йўлга қўйиш зарур. Гипогалактиядан муҳофаза учун кўкрак безларини мунтазам тўлиқ бўшатиш лозим. Овқатлантиришнинг мунтазамлиги бола эҳтиёжига мос тушган ижобий шартли рефлексларни шаклланишига олиб келади. Бу жараёнда кўкрак безларининг сут ишлаб чиқариш ва ажратиш фаолиятлари кучайиб, болада сўриш рефлексини яхшилайди. Гипогалактия ҳолатини олдини олиш учун бола сутни кам исте’мол қилганида, сутни соғиб ташлаш орқали кўкракни бўшатиш зарур. Сут соғиб олишда кўкрак учини та’сирлаш лактацияни кучли қўзғатади. Гипогалактияни юзага келишига тўсиқ бўладиган асосий омил бу бола туғилиши билан унга кўкрак тутқазишдир.
Қуйидаги ҳолатлар табиий (кўкрак билан) овқатлантиришга монелик ҳисобланади:
Она томонидан: оғир тизимли ва ўсма касалликлари, сил, захм, юрак- томир ва буйрак етишмовчилиги, ўсмага қарши дорилар қабул қилиш, вирус ва бактериялар та’сирида юзага келган ўткир яллиғланиш хасталиклари (ма’лум вақтгача), тери ва руҳий касалликлар.
Бола томонидан: туғруқ вақтидаги жароҳатлар, мияда қон айланишини бузилиши (бу пайтда бола учун кўкрак сўриш оғир бўлиши мумкин), туғма касалликлар.