
«Битта қизим бор. Яна фарзанд кўришни истайман, лекин сира ҳомиладор бўла олмаяпман. Бунга нима сабаб бўлиши мумкин?
— Сўнгги йилларда қабулимга бир фарзанди бўлиб, кейинги ҳомиладорлик содир бўлмаётган кўплаб жуфтликлар мурожаат қилиб келишмоқда. Йилдан йилга мана шундай муаммодан шикоят қилувчи эр-хотинлар сони ортиб боряпти. Бундай ҳолат тиббиётда иккиламчи бепуштлик деб ат
Иккиламчи бепуштликни юзага келиш сабаблари турлича бўлиши мумкин. Буни аниқлаш мақсадида, албатта, эр-хотинни бир вақтда тиббий текширувлардан ўтказиш зарур. Одатда, иккиламчи бепуштлик ҳаёт давомида орттирилган касалликлар туфайли юзага келади.
Табиийки, фарзандни дунёга келтирган аёл организмида маълум ўзгаришлар содир бўлади. Жумладан, қалқонсимон без ҳамда тухумдон фаолиятининг бузилишлари, семириш каби муаммолар юзага келади. Болани мунтазам равишда кўкрак сути билан парваришлаш даврида ҳам аёлнинг ҳомиладор бўлиш имкониятлари нисбатан камроқ кузатилади.
Айрим аёлларда эса туғуруқ жараёнидан кейин бачадон ичида йўлдош бўлакчаларининг қолиб кетиши оқибатида ҳам айрим муаммолар вужудга келади. Уни тозалаб олиш пайтида содир бўлган жароҳатланишлар ёки бирор инфекция тушиши сабабли бачадон ичи муаммолари ҳосил бўлиши мумкин.
Қайта ҳомиладорлик содир бўлмаслигига эркак киши ҳам сабабчи бўлади. Эркаклар «битта фарзандли бўлдимми, кейингисининг бўлиши аниқ», деб кўкракларини кериб юришади. Бироқ, бугунги кунда ҳомиладорлик юзага келмаслигига кўпинча эркак омили сабаб бўлаётгани аниқланмоқда. Дейлик, бугун унинг уруғлари сифати яхши, аммо бир ойдан кейин аксинча бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Қолаверса, эркак кишининг ёши улғайгани сари сперматозоидларнинг сифати ва миқдори пасайиб боришини ҳам унутмаслик керак.
Соғлом эркакнинг сперматозоидлари миқдори 180 ҳафта давомида 200 000 000 дан 0 даражагача тушиши, яъни, энг максимал кўрсаткичдан, энг минимал кўрсаткичга тушиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу муаммонинг сабабчиси эркак киши бўлиши эҳтимоли юқори ҳисобланади.
Баъзан нормада уруғ кўрсаткичи миқдори «0» бўлиши табиий. Шунинг учун эркак кишини махсус кўрсатмалар асосида текшириш мақсадга мувофиқ. Чунки унинг организмида ҳам турли ўзгаришлар содир бўлади.
Эркак кишининг уруғи бирор токсинлар туфайли бир куннинг ўзида ўзгариши эҳтимолдан холи эмас. Гормонлар фаолиятининг издан чиқиши, овқатланиш тартибининг бузилиши, турли стресслар, алкоголь ичимликлари ва бошқалар сперматозоидларга салбий таъсир кўрсатади. Ушбу сабабларнинг ҳаммасини кўриб, текшириб, хулоса қилиш мақсадга мувофиқ.
Тўғри, бир марта фарзандли бўлган онада мутлақо ҳомиладор бўлмаган аёлга нисбатан яна ҳомиладор бўлиш эҳтимоли юқорироқ ҳисобланади. Аммо бу жараённинг содир бўлишига қандайдир муаммо тўсқинлик қилаётган бўлиши аниқ. Масалан, оддийгина шамоллашдан қолган асоратлар оқибатида ҳам битта туққан аёлда мазкур ҳолат учраб туради. Шундай экан, қайта ҳомиладор бўла олмаётган аёллар вақтни зое ўтказмай, турмуш ўртоқлари билан биргаликда репродуктологга учрашганлари маъқул.
Тилагимиз, ҳар бир хонадонда чақалоқлар кулгиси янграб турсин!