
– Пешоб йўли шамоллаши тиббиётда цистит дейилади. Бу пешоб ажратиш тизими аъзолари касаллиги бўлиб, эркакларда ҳам, аёлларда ҳам кўп учрайди. Касаллик қовуққа турли инфекциялар тушиши натижасида келиб чиқади. Бунга, одатда, совқотиш, спиртли ичимликлар ичиш, дудланган маҳсулот ва зираворларни кўп истеъмол қилиш, қабзият (ич қотиши) ва бошқалар сабаб бўлиши мумкин.
Хасталикнинг яққол белгиларидан бири пешоб келганда, оғриқ сезилиб, ачишиш пайдо бўлади. Касалликнинг ўткир даврида тўла ва тўғри даволанилса, бемор соғайиб кетади. Акс ҳолда, сурункали тус олиши мумкин. Хасталикнинг оғир-енгил ўтишидан қатъи назар, бемор ётиб даволаниши шарт. Шифокор-мутахассис тавсияси бўйича беморга кўп суюқлик: сут, чой, илиқ чули(компот) ва бошқалар ичирилади. Шу билан бирга, хасталик аниқ ташхисига кўра, шифокор керакли дори воситаларини тайинлайди. Мабодо бемор дори воситаларини ичишни эп кўрмаса, у ҳолда табиий гиёҳлардан фойдаланиш мумкин. Бу касалликнинг бошланғич даврида яхши наф келтиради. Хусусан:
Пешоб йўли яллиғланиши ва буйрак касалликларида ўсимлик қайнатмаси ёки дамламаси ижобий самара беради. Аъзои танада суюқлик тўпланиб, фойда қилади.
Пешоб халтаси касалликларида яллиғланишга қарши ижобий таъсир кўрсатиб , нохуш оғриқларни даф этади.
Бунинг учун 1 ош қошиқ пол-пола ўти устига 200 мл қайноқ сув қуйилади ва паст оловда 3-4 дақиқа қайнатилади. Cўнг сузиб олинади ва қайнатмадан илиқ ҳолида таомдан ярим соат олдин кунига ярим пиёладан ичиб турилади. Даволаш 10 кундан то 30 кунгача олиб борилади.
Шу билан бирга, зирк бутаси илдизи шифо ато этади. Унинг қовуқ яллиғланишига қарши, илдизи ва пўстлоғида иситма туширувчи, тинчлантирувчи ва микробларга қаршилик кўрсатиш хусусияти бор.
Аёллар хасталикларида малҳам бўла олади.
Зирк илдизи асосидаги қайнатма қуйидагича тайёрланади: 20 г қуритилган ва майдаланган зирк илдизи олинади-да, устидан 400 мл қайноқ сув қуйилади. Сўнг 10 дақиқа мобайнида қайнатилиб, совитилади ва дока орқали сузиб олинади. Яллиғланишга қарши таомдан олдин 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал ичиб турилади.
Бундан ташқари, қовуқ яллиғланса, майиздан тайёрланган дамлама шифо бағишлайди. Дамлама тайёрлаш учун қайноқ сувга бир ҳовуч майиз солиниб, идиш сочиқ билан ўралади ва 10 дақиқа мобайнида дам берилади. Ушбу дамлама таомдан олдин 100 мл.дан кунига 2 маҳал ичилади. Шу билан бирга, мойчечак (ромашка) гулларининг 1:10 нисбатдаги дамламаси ҳам яхши наф келтиради.