Чимилдиқ. Биринчи жинсий алоқа. Ёш жуфтликлар учун зарур тавсиялар

Чимилдиқ. Биринчи жинсий алоқа. Ёш жуфтликлар учун зарур тавсиялар

Ҳар бир эркак ва аёлнинг ҳаётида юз берадиган биринчи жинсий алоқа айнан чимилдиқ ичида бўлишини маданиятимиз, урф-одатимиз тақазо этади. Умуман олганда чимилдиққа кириш бахтига мушарраф бўлганлар бор, бўлмаганлар ҳам бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам илк жинсий алоқа вақтида барча жуфтларда табиий равишда ўзига хос ҳаяжонланиш ҳолати кузатилади. Хўш, илк қовушиш кўнгилдагидек, эсда қоларли бўлиши учун нималарга аҳамият бериш керак, умуман тиббий жиҳатдан чимилдиқда нима қилинади? Бугунги мақоламиз шу ҳақида. Эксперт андролог-сексопатолог Дилмурод ЭРГАШEВ.

Ой кунларининг сурилиши
Тўй кунидаги ҳиссиётларни бошқариш қийинлиги рост. Ахир икки-уч юз кишининг диққат марказидасизу, ҳаяжонланмай бўладими?! Бироқ шунда ҳам ўзингизни қўлга олишга ҳаракат қилинг. Чунки эмоционал ҳолатдаги қисқа бузилишлар ҳайз кўриш, айримларда бош ва мушакларда оғриққа ҳам сабаб бўлади. Тинчлантирувчи ёхуд оғриқсизлантирувчи препаратларга яхшиси мурожаат қилманг (агар жиддий сабабингиз бўлмаса). Ушбу турдаги воситаларнинг аксарияти қонни суюлтириши бу эса ҳайз миқдорининг ортишига олиб келиши мумкин.
Биринчи никоҳ кечаси келинчакнинг ҳайзи бошланиб қолса, қовушилмайди. Буни яхши биласиз. Аммо айрим уддабурон янгалар, “Ажралма миқдори оз бўлса, зарари йўқ, вақтни чўзмайлик” дея таваккал қилишдан ҳам чўчимайдилар. Ваҳоланки, бундай ҳолатда қовушиш тиббиётда ҳам, динимизда ҳам ман этилади.

Жинсий алоқа вақтида оғриқ…
Ёдингизда бўлса саҳифамиз орқали вагинизм ҳақида сирлашгандик. Қин мушакларининг спазми билан кечадиган вагинизм яқинликка монелик қилиб, эр-хотин қовушолмайди. Касаллик сабаблари орасида биринчи никоҳ кечасидан, чимилдиқ воқеликларидан ҳадиксираш, хусусан оғриқ ҳақидаги тасаввурлар ҳам бор.
Аслида, ҳам илк кечада оғриқ бўладими ёки йўқ? Бу аввало куёвнинг “чимилдиқда нима қилинади” сўровига тўла-тўкис жавоб топганлиги, муомаласи, хатти-ҳаракати ва келинчакнинг умумий аҳволига боғлиқ. Тана қанчалик зўриқса, мушаклар таранглашади. Натижада қовушиш пайти оғриқ ёки қиндан қон кетиши ҳам мумкин. Чунки бу пайтда қин мушаклари тортилиб, қовушишни осонлаштирадиган шилимшиқ модда ажралиши юз бермайди.
Оғриқ, чимилдиқ остонасидан қўрқувдан эмас, балки жинсий аъзо касалликлари туфайли ҳам келиб чиқиши мумкин. Шу боис ҳам тўйдан аввалги тиббий текширув ғоят муҳим саналади.

Қизлик пардаси сақланиб қолса…
Ажабланманг, шунақаси ҳам бўлади. Аслида, иффат пардаси қин даҳлизи ва унинг бўшлиғи орасида тахминан 1,5-3 см. ичкарида жойлашган шиллиқ қават бурмаларидан иборатдир. Гимен, яъни қизлик пардаси анатомик тузилишига кўра бир неча турларда фарқланади. Тиббиётда қизлик пардасининг бузилиши дефлорация деб аталиб, бу ҳодиса биринчи никоҳ кечаси юз беради. Дефлорациянинг содир бўлмаслиги қизлик пардасининг чўзилувчанлиги, мустаҳкамлигига ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, иффат пардаси қон-томирлар ва асаб толалари билан ўта сийрак таъминланса ёки улардан бутунлай холи бўлса, қон чиқиши ва оғриқ рўй бермаслиги эҳтимоли мавжуд.
Тўйдан кейин бир неча кун давомида дефлорация содир бўлмаса, шубҳага берилмай гинеколог кўригига бориш зарур. Мутахассис қизлик пардасида кичик кесимларни амалга ошириб, дефлорация осонлашиши учун имкон пайдо қилади.
Биринчи қовушишдан сўнг 3-5 кун давомида жинсий яқинликдан сақланиш лозим. Шу кунлар давомида гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилса, қизлиқ пардасининг чеккалари битиб, кейинги алоқа оғриқ ва асоратларсиз кечади.
Чимилдиқ, биринчи никоҳ кечасида кўп такрорланадиган хатоликлар
Баъзида қовушишдан сўнг қизлик пардасининг бузилиши эвазига ажралган қон суюқлиги ичга кетиб қолади. Бунга сабаб қовушиш юз берганидан сўнг келинчакнинг чўккалаб ўтирмаганидир. Шуни деб кўп ҳолларда асоссиз тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин.
Гоҳида эса келин-куёв қовуша олмайди. Бунга ҳар иккиси тарафдан ҳам маълум сабаблар бўлиши мумкин. Масалан:
  • Келиннинг жинсий қовушишга руҳан тайёр бўлмаслиги;
  • Биринчи никоҳ кечаси, чимилдиқ ҳақида турли уйдирмаларга ишониш;
  • Қўшилиш вақти куёвга меъёридан ортиқ қаршилик кўрсатиш, оёқларни қисиб олиш, итариш, жисмоний оғриқдан хавфсираш эркак жинсий майлини кескин сўндирувчи омиллардир.
Ўз ўрнида йигит томонидан ҳам айрим хатоларга йўл қўйилади:
  • Ёрини қовушишга тайёрлай олмаслик;
  • Аёл жинсий аъзоларининг тузилиши ва ўзига хос хусусиятларини тушунмаслик;
  • Турли хил яллиғланиш касалликлари сабаб мижоз сусайиши;
  • Жисмоний ва руҳий зўриқиш, сурункали чарчоқ.
Янгаларга айтар сўзимиз…
Авваллари никоҳ тўйида янгалар бўлишига ўта танқидий қарар эдим. Айнан мана шу одатимизни тушунолмагандек бўлардим. Вақт ўтиб ўйлаб қарасам, аслида янгалар роли бошқаю, аҳамияти ҳам каттагина экан. Фақат бизда охирги пайтдаги янгалар янги талқиндаги “тўғри” янгалар бўлиб қолишгандек экан. Шу сабаб одамлар орасида янгаларга бўлган муносабат ҳам янги талқин олган экан. Майли мавзудан бироз чалғидик.
Хуллас, янгалар вазифаларингиз келин бўлмиш ёш қизни янги оилада янги оилавий ҳаётга тайёрлаш. Баъзан янгалар буни айнан тескарисини қилишади.
Зиммангизга юклатилган вазифага енгил қараманг. Имконини топиб, тўйдан бир неча ҳафта (бир неча кун эмас!) илгари келинчак билан бафуржа суҳбатлашинг. Биринчи никоҳ кечасини қандай тасаввур қилади, бу ҳақида нималарни биладию, қай тахминларига аниқлик киритишингиз керак. Албатта сўранг.
Қовушиш олдидан таҳорат олиш, ундан кейин ювиниш қоидаларигача эринмай ўргатинг. Бу кейинги ҳаёти учун ҳам асқотади. Эр-хотин ўртасидаги нозик муносабатларнинг аҳамияти, аслида улар қандай бўлиши керак тушунтиринг. Иложи борича, соддароқ тилда гапирганингиз маъқул. “Шу иш бўлмаса, бошимиз хам бўладия” каби пўписаларни эса бас қилинг.
Қизгина шундоқ ҳам турли ўйлар билан банд. Камига сиз ҳам уни ташвишга қўйманг. Яхшиси қовушиш вақти нималарга амал қилиши, ўзини қандай тутиши сингари ҳолатларни ўргатинг.
Ҳа-я, эшик ортида пойлоқчилик қилишингизни такрорлайвериб, ёшларнинг кўнглига ғулғула солманг. Бу ҳам қовушиш пайти ҳавотирни пайдо қилиб, “Эшитиб қолишсачи?” деган ҳаёлга чорлайверади.
Чимилдиқ олдидан куёв учун маслаҳатлар…
 Биринчи никоҳ оқшомидан асосий мақсад тезроқ қовушиб, дефлорацияни амалга ошириш деб ўйламанг. Илк кеча таассуроти кейинги ҳаётингиз учун муҳимдир.
  • Ёрингизни суйиб-эркаланг, ундаги ваҳимани бартараф этиш учун ширин сўзларни айтинг. Асло қўрслик қилманг.
  • Жуфтингиз ўзини енгил сезиши учун ундаги жинсий майлни қўзғатиш лозим. Шунда қовушиш осон кечади.
  • Тўй югур-югурлари холдан тойдириб, биринчи кечада жинсий майлнинг сустлиги кузатилиши мумкин. Аммо бу вақтинчалик ҳолат. Ўзингизни қўлга олинг.
  • Қовушиш вақти мижоз сустлиги келиб чиқса, ваҳима қилманг. Бу қаттиқ ҳаяжон таъсиридан. Бироз тинчланиб олинг.
  • Кейинги даврларда ҳам жинсий алоқа меъёрлашгунича, қисқа жинсий алоқа каби ҳолат ҳам ёш куёвларда кузатилиши мумкин. Ва бунинг сабаблари қисқа муддатли психологик омиллар бўлса, хавотирланишга ортиқча ҳожат йўқ.



Ўҳшаш маълумотлар

Аёл оргазми ҳақида

Аёл оргазми ёхуд аёлнинг жинсий алоқадан лаззатланиши....

Жинсий алоқанинг қисқа бўлиш сабаблари ва даволаш усуллари

Қисқа жинсий алоқа — 1,5-2 дақиқадан кам давом этадиган жинсий алоқа, бу аёлга ёки иккала шерикка ҳам жинсий қониқиш келтирмайди. Жинсий алоқанинг давомийлиги жинсий олатни вагина ичига қўйилган пайтдан эякуляция бошланишигача бўлган оралиқ вақт...

Айрим ёш келин-куёвларнинг қовуша олмаслик сабаблари

Учинчи минг йилликнинг дастлабки асри — ахборот асри сифатида эътироф этилаётир. Дарҳақиқат, жаҳон афкор оммаси тобора ахборотлар гирдобига тушиб қолмоқда. Кўплаб шов-шувлар, илмий манбалар билан қоришиб кетиб, фисқу фужур тарзидаги тафаккурни...

Ёрдам: агар ҳайз давр ўз вақтида келмаса нима қилиш керак?

Стресс ҳам, касаллик ҳам аёл циклига таъсир қилиши мумкин....

Қандай қилиб бепул тиббий кўрикдан ўтиш керак ва нима учун ҳамма буни қилиши керак

Биз қандай қилиб саратон касаллиги учун тестдан ўтишни ва бунга ўз маблағимизни сарфламасликни - Соғлиқни сақлаш миллий лойиҳаси билан биргаликда аниқлаймиз....



Фикр қўшиш

Наверх