Эр-хотин муносабатларида ёшнинг аҳамияти

Эр-хотин муносабатларида ёшнинг аҳамияти

Тиббиётда инсон ёши иккига ажратилади. Бири организмнинг биологик ёши, иккинчиси эса психологик ёш. Айтайлик, ёшингиз 40да, аммо ўзингизни 30 ёшлардек ҳис этасиз. Демакки, кўринишингиз ҳам шунга мос. Аслида, ёш нисбий тушунча. Бироқ оилавий муносабатларда у муаммога сабаб бўлса, албатта ечимини топиш зарур. Суриштирувимизга кўра, аниқланган ҳолатларни таҳлил қила туриб, аёлларга маслаҳат беришни лозим топдик. Негалигини эса саҳифа сўнгида билиб оласиз.
Тенгдош эр-хотин. Муносабатлар бардавомлиги учун нима қилиш керак?
Ёшликдан бир-бирига кўнгил қўйган синфдош ёхуд коллеж, институтда танишиб, севишиб қолган жуфтликсиз. Турмуш қургунингизга қадар бир неча йил учрашиб юриб, бир-бирингиз ҳақида тўлиқ маълумот олгансиз гўё. Аммо бир оила бўлиб яшай бошлагач, тасаввурларингиз бойийди. Тўғри, нозик муносабатларда жиддий муаммонгиз йўқ. Чунки қарашларингиз ўхшаш. Бу борада ягона тўсиқ – бир-бирингизни тушунмаслигингиз. У “эр” мақомини истайди, сиз бўлса, “Қўлимдан келганича ҳаракат қилаяпман” “режими”ни маъқул кўрасиз. Хўш, “сан-ман”ингиз ётоққача кириб бормаслиги учун нима қилиш лозим?
  • У бир вақтлар ортингиздан эргашиб, туни билан деразангиз тагида ўтириб чиққан ошиғингиз бўлса ҳам, эндиликда “лавози”ми ошган. Жуфтингиз у! Шунга яраша муомалани истайди. Энди сизни навбатингиз – хушомад қилишу мулозаматни ўрнига қўйишга.
  • “Аввал бошқача эдингиз” каби важларни бас қилинг! Ёш қизча эмас, аёлсиз энди!
  • Ёшингиз тенглиги сабаб айрим мавзуларда бир ҳил фикрлайсиз, баъзиларида эса аксинча. Агар бу яқинлик масаласидаги мунозара бўлса, жуфтингизга имкон беринг, фикрини тингланг.
  • Ўхшаш фикрлашингиз муносабатларда бир хилликни юзага келтирмасин. Ранг-баранглик киритишга ҳаракат қилинг. Йўқса, эҳтирослар алангаси сўниб, “шартли эр-хотин рефлекси” пайдо бўлиши мумкин.
1-2-3 ёш фарқ бўлса…
Психологлар фикрича, эр-хотин ўртасидаги бундай ёш тафовути энг кўп учрайдиган ҳолатлардан бири саналади. Аммо айнан мана шу оилаларда эҳтирос ва тушунмовчиликлар тенгма-тенг юриши айтилади. Сабаб? Ёш тафовути бир йилни ташкил қилган жуфтликлар кўпинча бир-бирини тинглашмайди. Эр-хотин орасидаги ёш фарқи икки йил бўлганларда эса бир-бирига ён босиш тақчил. Уч ёш – бунда кўпинча эр-хотин муносабати аёл характери ва билимдонлигига боғлиқ. Хўш, “шахсий” ҳаётда-чи?
  • Аёл жуфтидан уялиши, унинг истакларига қарши бориш мумкин. Эркак эса бунинг аксини истайди.
  • Аёл яқинлик борасида фикрларини очиқ айтолмайди. Эркак эса бунга имкон яратиш кераклигини тушунмайди.
  • Аёл рўзғор ишлари, болалар билан ўралашиб, “нозик” муносабатларни иккинчи ўринга суриб қўяди. Эркак, унга бу ҳолат табиийки ёқмайди.
Келтирилган ҳолатлар таҳмин бўлиши ҳам мумкин. Аммо фаразларнинг рўёбга чиқиши ёки аксинча хаёлларда қолиб кетиши ўзингизга боғлиқ.
8-10 ёш фарқ бўлса…
Турмуш ўртоғингиз уйлангунича карера қилган, “оёққа туриб” сўнг оила қурган йигитлардан. Ҳаёт мактабида саводи чиққанки, кези келганида насиҳатларидан “қонингиз” қайнайди. Ўзингизни худди ёш боладек сезасиз. Алам қилгани ёлғиз қолганингизда ҳам бу хис сизни тарк этмайди. Шуни деб, ҳаракатларингизни назорат қиласиз, бирор ишни нотўғри бажаришдан чўчийсиз. Хўш, нега шундай? Ўйлаб кўрганмисиз?
  • Орангиздаги ёш тафовути ҳақидаги ўйлар миянгизга зулукдек ёпишиб олган. Ҳар ўйлаганингизда асаб торларингизни сиқаверади. Аслида эса ёшдаги фарққа эътибор бермаслик керак. Ахир бахт, ёшингизга қараб берилмайди-ку.
  • Ёрингиз олдида уқувсиз кўринишдан қўрқасиз. Имкон беринг, ўргатсин, йўлга солсин. Эркаклар буни ёқтиришади.
  • У билан кўпроқ суҳбатлашинг. Аммо турмушдаги муаммолар ётоқхонага кирмасин. Шахсий ҳудудда фақат сиз ва у, демак мавзу иккингиз ҳақингизда.
Турланишни ўрганинг! Зеб беринг, кўркам бўлинг, сизни кўриб жуфтингизнинг кўзи қувнасин!
Аёл эридан 3-4 ёш катта бўлсачи?
Юқоридаги вазиятларга қараганда нисбатан камроқ учраса-да, бундай оилаларда ҳам муаммолар йўқ эмас. Норозилик икки тарафдан ҳам чиқиши мумкин. Эркак ўзига нисбатан ҳурматсизликдан нолиса, аёл истаклари амалга ошмаётганидан шикоят қилади. Аслида эса ўзаро уйғунликка эришиш керак, холос.

  • Умр йўлдошингизнинг ёши сиздан кичиклиги боис уни рашк қиласиз, баъзан “Мен у истаётган аёл бўлолаяпманми?” каби ўй ҳам таъқиб қилади. Ўзингизга ишончингиз баланд бўлса, ҳар қандай таннозни ортда қолдирасиз.
  • Гоҳида эрингиз ўзини ноқулай сезаётгандек туюлади. Бундан чиқди муносабатларингизга ўзгартириш киритиш лозим. Етакчиликни унга топширинг. Аёллик макрини ишга соларсиз-а?!
  • Аёллар организмига хос алмашинув жараёнлари ҳамма қатори сизда ҳам содир бўлади. Аммо бунинг учун аввалдан “ноғора чалиш” шарт эмас. Асабни қанчалик эҳтиёт қилсангиз, ўзгаришлар шунчалик билинмай кечади.
Билимдон ва устамон аёл бўлинг. Токи турмуш ўртоғингиз ўзини беклардек сезсин. Шунда ўртангиздаги ёш фарқи ҳам билинмайди.
Энг муҳими, ёшингиз ҳақида ўйлашни бас қилсангиз, турмушингиз ҳам, муносабатларингиз ҳам осойишта бўлади.
“Нега бизга кўзгу тутасиз, эркаклар-чи?” дея ранжиманг. Жуфтингиз бош бўлса, сиз бўйинсиз. Муносабатларни йўлга солишда бош рол сизники! Муҳими, ижрони бўрттириб юборманг. Ҳар қандай вазиятда ва ҳар қачон жуфтингизни тўрга чиқаринг. Шунда ютқазмайсиз!



Ўҳшаш маълумотлар

Аёл оргазми ҳақида

Аёл оргазми ёхуд аёлнинг жинсий алоқадан лаззатланиши....

Чимилдиқ. Биринчи жинсий алоқа. Ёш жуфтликлар учун зарур тавсиялар

Ҳар бир эркак ва аёлнинг ҳаётида юз берадиган биринчи жинсий алоқа айнан чимилдиқ ичида бўлишини маданиятимиз, урф-одатимиз тақазо этади. Умуман олганда чимилдиққа кириш бахтига мушарраф бўлганлар бор, бўлмаганлар ҳам бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам илк...

Айрим ёш келин-куёвларнинг қовуша олмаслик сабаблари

Учинчи минг йилликнинг дастлабки асри — ахборот асри сифатида эътироф этилаётир. Дарҳақиқат, жаҳон афкор оммаси тобора ахборотлар гирдобига тушиб қолмоқда. Кўплаб шов-шувлар, илмий манбалар билан қоришиб кетиб, фисқу фужур тарзидаги тафаккурни...

Ҳомиладорлар учун гимнастика

Ҳомиладорлик аввалари аёл кишига дам олиш зарур бўлган, ҳаёт эса осон кечадиган давр каби қабул қилинган. Бу тушунча бола учун эҳтимолли салбий оқибатлар ва она организмининг ортиқча зўриқиши бўйича ҳавотирларга асосланган. Бироқ, энди биламизки,...

Эмизикли аёл овқатланиш тартиби

Эмизикли аёл қатʼий диетага риоя этиши керак деган фикр барчамизга маʼлум. Бундай тушунча нотоʻгʻри – эмизикли аёл овқатланиш рациони тоʻлиқ ва тоʻгʻри боʻлиши зарур, чунки аёл киши истеʼмол қилган маҳсулотлар коʻкрак безларида сутга айланади....



Фикр қўшиш

Наверх