
Фарзанд кутаётган аёлларнинг кўпчилигини бир савол қизиқтиради – ҳомиладорлик вақтида наъматак ичса бўладими? Наъматак ўзида витаминлар сақлаши ва хушбўй таъми билан бошқа резаворлардан ажралиб туради. Аммо, ҳомиладорлик вақтида аёл киши фақатгина ўз организмига эмас, балки туғилажак фарзанд организмига ҳам жавобгар бўлади.
Ҳомиладорлик – ўзига хос бўлган жараён. Айрим аёллар учун фойдали бўлган маҳсулотлар, баъзилар учун зарарли, ҳатто хавфли бўлиши ҳам мумкин. Айниқса, наъматак шарбати бу борада шубҳалидир, шу сабабли бу меванинг ўзига хос бўлган хусусиятлари ва уни ҳомиладорлик вақтида қандай қабул қилиш кераклиги ҳақида батафсил билиб олиш зарур.
Наъматакнинг витаминли таркиби ва уни қўллаш
Халқ орасида наъматак меваси жуда қадрланади. Ҳеч қайси бир ўсимлик меваси наъматак каби витаминлар, минераллар, макро ва микроэлементлар сақламаса керак. Халқ табобати ва косметология соҳасида наъматакнинг уруғи, гули ва илдизи ишлатилади. Аммо, унинг энг фойдали қисми – яхши пишган қизғиш-оловранг мевасидир. Бу мевалар сақлашда қийинчилик туғдирмайди, музлатиш ва қуритиш ҳам осон.
Наъматак меваси уч асосий қисмдан ташкил топган: аччиқ-чучук қисм, дағал қобиқ ва қаттиқ еб бўлмайдиган данакчалари. Фойдали моддаларнинг кўпчилиги мевасида сақланади. Унда темир, фосфор, калий, магний, марганец, кремний ва мис микроэлементлари бор. Уруғда эса C, К, Б1, Б2, Э гуруҳ витаминлари кўп сақланади.
Халқ табобати ҳам наъматак мевасининг фойдали жиҳатлари ҳақида кўп маълумот беради. Наъматак мевасидан турли хил сироплар тайёрланади ва улар гепатит ва холесистит касалликларини даволашда яхши самара беради. Наъматакдан олинган мой яра, жароҳат, куйган тери, стоматит ва бачадон бўйни эрозияси битишини тезлаштиради.
Ҳомиладорлик вақтида наъматакни қўлласа бўладими?
Ҳомиладорлик вақтида наъматакни қўллашга яққол қарши кўрсатма йўқ, албатта агар аёлда наъматак мевасига аллергкc реакциялар бўлмаса. Меъёрида қабул қилинган наъматак организм учун жуда фойдали ва мазали ҳамдир. У организмдаги витамин етишмовчилигини ўрнини тўлдиради, шамоллашга қарши таъсир этади. Аммо, наъматак шарбатидан меъёридан ортиқча истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ эмас.
Ҳомиладорлик вақтида аёл организмида суяк тизимидан кальций қонга кўп ажралиб чиқа бошлайди ва улар ривожланаётган ҳомила учун сарфланади. Наъматак шарбатидан ортиқча ичиш ва унинг таркибидаги C витамини эса шу жараённи тезлаштириб юборади, натижада тишларда эмал қавати камайиши мумкин.
Наъматакнинг ҳомиладор аёл организмига кўрсатадиган таъсири қандай?
Наъматак уруғлари ҳомиладорлар учун айниқса ўзида органик кислоталарни кўп сақлаши билан фойдали таъсир кўрсатади. Наъматак мевасининг 36 % қисмини ўсимлик толаси ташкил этади, улар инсон организмида парчаланмайди.
Ва ошқозон-ичак тизимида тўпланиб қолган қолдиқ-шиллиқларни ўзи билан бирга олиб чиқиб кетади, бошқача қилиб айтганда организмни токсик моддалардан тозалайди.
А витамини ҳомиладорлик кечиши учун зарур бўлган моддалардан бири. Аммо, бу витаминнинг организмда кўп тўпланиши салбий таъсирга эга, яъни ҳомилада турли хил аномалиялар ривожланишига олиб келиши мумкин. Аммо наъматакда кўп сақланадиган каротин моддаси (провитамин А) бундай салбий таъсирга эга эмас.
Каротин моддаси ёғ тўқималарида тўпланади ва ретинолга айланади. Ортиқчаси эса зарарсиз бўлиб, организм эҳтиёжи туғилганда яна сарфланади. Шу сабабли наъматакда сақланувчи каротин моддаси ҳомиладорлар учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Наъматакнинг яна бир фойдали жиҳати – C витамининг кўп сақланишидир. Витамин C иммун тизимини рағбатлайди ва шамолашнинг олдини олишда анча самарага эга.
Бундан ташқари, наъматакнинг қуйидаги хусусиятлари ҳам бор:
Қон-томирлар деворини мустаҳкамлайди ва уларни ортиқча холестериндан тозалайди;
Тўқималар регенерациясини тезлаштиради;
Гормонлар ажралиб чиқишини тезлаштиради;
Артериал қон босимини пасайтиради;
Организмнинг умумий тонусини сақлаб туради.
Ўзининг нордон таъми билан ҳомиладорликнинг илк ойларида кузатиладиган токсикоз белгиларини камайтиради.
Наъматак ўсимлиги организмга фойдали таъсир кўрсатиши учун унинг қисмларидан қандай қилиб дамламалар тайёрлашни яхши билиш зарур. Наъматакдан фойдали дамламалар тайёрлашнинг бир қанча усуллари бор, улар нафақат фойдали балки хушбўй таъмли ҳамдир.
Наъматак ўсимлигини тўғри қабул қилиш усуллари
Наъматакни ҳомиладорлик вақтида настойка, чой ва сироп кўринишида қабул қилиш мумкин. Кўпгина витамин ва фойдали моддалар қайнатилганда ўзининг таъсир кучини йўқотади, шу сабабли ўсимлик қисмларини қаянтиб эмас, балки қайнатилган сувда эритиб тайёрлаш зарур.
Настойка тайёрлаш
Настойка тайёрлашнинг бир неча усуллари мавжуд. Шарбат тайёрлаш учун қуритилган ёки янги ҳолдаги наъматак қуйидаги нисбатда олиниши керак: 1 ош қошиқ ўсимликни 200-250 мл сувда эритиш. Меваларни бутунлигича олиб, қайнаган сувга солиша лозим ва идиш оғзи беркитилиши керак. Шу ҳолатда дамлама 3 соат давомида тиндириб қўйилади. Тайёр бўлган настойка докадан ўтказилади.
Ҳомиладорлик вақтида наъматак настойкаси кунига 3 маҳал ичилади, бундан ортиқча миқдор тавсия этилмайди.
Бундан ташқари, майдаланган ва эзилган меваларни қайнатилган сувга солиб, 6-8 соат давомида тиндиб, олинган шарбатни ҳам кунига 3 маҳал ичиш мумкин. Тайёрланган настойкалар 1 суткадан ортиқ сақланиши керак эмас. Акс ҳолда улар ўз фойдалилик жиҳатини йўқотади. Балки организмга токсик таъсир кўрсатиш эҳтимоллиги ҳам йўқ эмас.
Наъматак дамламасини тайёрлаш усули
Наъматак дамламасини тайёрлаш учун 2 ош қошиқ қуритилган наъматак меваси 1 стакан қайнаган сувда эритилади. Тайёр бўлган дамлама 15-20 дақиқа қайнатилади. Тайёр бўлган аралашма оғзи беркитилиб 10 соат қолдирилади. Дамлама ҳам настойка кабидир, уни кун давомида ярим стакандан уч маҳал қабул қилиш керак бўлади. Дамламанинг самарадорлигини ошириш учун овқатланишдан олдин истеъмол қилиш тавсия этилади.
Дамламада минерал моддалар кўп сақланади, настойкада эса витаминлар кўп. Уй шароитида ҳар иккала фойдали моддаларни ҳам қабул қилиш мумкин бўлган шарбат тайёрласа ҳам бўлади. Бунинг учун 2 ош қошиқ қуритилган ва майдаланган наъматак ўсимлиги сувга солиб қайнатиш керак бўлади. Сўнгра тайёр бўлган настойка докадан ўтказилади, ўсимлик мевалари эса худди шу идишга солинади.
Аралашма яна қайнатилади ва совигандан сўнг докадан ўтказилади. Икки хил кўринишдаги меваларни аралаштириб витаминлар ва минералларга бой бўлган шарбатдан истеъмол қилсангиз бўлади. Уларни ҳам бир кунда 3 маҳал ярим стакандан қабул қилиш керак.
Наъматакдан чой тайёрлаш усуллари
Бир пакетча чой ва 1 ошқошиқ наъматак қуритилган мевасидан 1 стакан қайнаган сувга солинади ва 15 дақиқа кутилади. Тайёр бўлган чой куннинг ҳар қандай қисмида таъбга кўра қабул қилинади. Наъматакдан тайёрланган чой таркибига фаол моддалар концентрацияси настойка ва дамламага нисбатан камроқ. Шу сабабли наъматакдан тайёрланган чой ҳомиладорлар учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди.
Юқорида келтирилган барча усулларда таъбга кўра асал ёки шакардан ҳам фойдаланса бўлади. Шарбат таъмини янада ошириш учун бошқа резаворлардан ҳам фойдаланиш мумкин, масалан малина, смородина, облепиха.
Наъматакдан сироп тайёрлаш
Ҳомиладорлик вақтида наъматакни қандай усуллар билан қабул қилиш мумкин эканлигини кўриб чиқдик. Улардан ташқари, яна бир фойдали усул ҳам бор – бу сироп кўринишида наъматакни қабул қилиш. Сиропда шакар кўп сақланганлиги учун қандли диабет ва ортиқча тана вазнидан азият чекувчилар учун тавсия этилмайди.
Қарши кўрсатмалар бўлмаганда сироп ҳам ҳомиладорлик вақтида фойдали, ҳомиладор аёл организмидаги витамин етишмовчилиги ўрнини тўлдиради.
Наъматак истеъмол қилишга қарши кўрсатмалар
Наъматак ўсимлиги организмга жуда фойдали бўлиши қарамай айрим ҳолатларда уни қабул қилишга қарши кўрсатмалар ҳам бор. Ушбу ўсимлик мевасининг кислоталиги юқори бўлганлиги сабабли ошқозон ичак тизими билан боғлиқ муаммолар бўлган ҳомиладор аёлларга қабул қилиш тавсия этилмайди (гастрит, ошқозон кислоталиги юқори бўлган ҳолатларда).
Наъматак қон босимини пасайтириш хусусияти ҳам бор. Буни инобатга олган ҳолда гипотоник ва юрак қон-томир тизими касалликлари билан касалланган аёлларга қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлмайди. Тромблар ҳосил бўлиши ва буйраклар билан боғлиқ муаммолар бўлган ҳолда ҳам ўсимликни истеъмол қилиш мумкин эмас.
Наъматак, бундан ташқари ҳар қандай меваларни аллергияга мойиллиги бўлган инсонлар ва индивидуал кўтара олмайдиганларга қабул қилиши тавсия этилмайди.
Ҳомиладорлик вақтида аёл организмида гормонал ўзгаришлар кузатилганлиги сабабли организм одатий ҳолатда бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли наъматакдан фойдаланаётганда меъёр ва тартибга жиддий эътибор қаратиш лозим.
Ҳар қандай салбий таъсир юзага чиқадиган бўлса (тери тошмаси, ошқозонда оғриқ ва бошқалар) наъматакни қабул қилиши дарҳол тўхтатиш ва шифокорга мурожаат этиш зарур.