Ҳомиладорликда молочница (кандидоз)

Ҳомиладорликда молочница (кандидоз)

Ҳомиладорликда молочница – бу ҳар учтадан 1 та аёлга таниш бўлган касаллик. Ушбу касаллик келиб чиқишигакандида гуруҳига мансуб замбуруғлар сабаб бўлганлиги учун касаллик тиббиёт соҳасида кандидоз деб номланади.
Молочница – ҳомиладорлик вақтида ҳам юзага чиқиши мумкин, бундай вақтда бу патологияга жиддий эътибор қаратиш лозим, айниқса унинг давосида танланадиган дори препаратларининг ҳар тарафлама таъсири ҳисобга олиниши лозим.

Ҳомиладорлик вақтида молочница сабаблари
Ҳомиладорликда молочница ривожланишининг асосий иккита сабаби бор:
Иммун тизимининг сустлашуви. Иммун тизими организм учун ёт бўлган ҳар қандай ёт моддани “йўқ қилиб юбориш”га мўлжалланган бўлади, табиийки ҳомила ҳам она организми учун ёт модда шу.

Аммо, организм ҳомиладорлик вақтида ҳомилани сақлаб қолиш учун иммун тизимини физиологик равишда сусайтиради. Иммун тизими функциясининг пасайиши эса турли хил инфекцион касалликлар, шу жумладан кандидоз ривожланиши ҳам осонлашади.
Гормонал нисбатнинг ўзгариши. Ҳомиладорлик вақтида бутун организмда ўзгариш кечади, гормонал нисбат ҳам бузилади – гестаген моддалар кўпроқ ажрала бошлайди. Аяна шу гормонлар кандида гуруҳи замбуруғлари ривожланиши учун қулай шароит яратиб беради.
Шифокорлар кандидоз ривожланишига олиб келувчи бир неча омиллар бор эканлигини тасдиқлайдилар, улар қуйидагилар:
Ҳомиладорлик содир бўлгунга қадар узоқ муддат антибиотик препаратлар қабул қилиш – масалан ҳомиладорликдан олдин аёл киши инфекцион касалликларни даволаш мақсадида антибактериал даволаниш ўтказган бўлса;
Тез-тез хуруж қилиб турувчи сурункали касалликлар – қандли диабет, темир танқислиги анемияси, ошқозон-ичак тизимидаги касалликлар ва эндокрин тизимидаги патологиялар;
Қиндаги яллиғланишли жараёнлар – колпит деб номланувчи касалликнинг ҳомиладор бўлишдан олдин ривожланганлиги;
Овқат рационида витамин ва минералларнинг етарлича бўлмаслиги – айниқса оғир кечувчи токсикоз ҳолатларида турли маҳсулотлар истеъмол қилишдан чекланиб қолиш.
Ҳомиладорлик вақтида кандидоз белгилари
Замбуруғ касалликлари ўзига хос бўлган белгиларга эга, шу сабабли бундай касалликларни аниқлаш айтарли қийинчиликлар туғдирмайди:
Ташқи жинсий аъзоларда қичишиш: бу белги аёлни жуда кўп қийнаганлиги сабабли ҳомиладор аёл безовта бўлади, асабий ва доимо қўзғалувчан бўлади, уйқусизлик ривожланади.
Қиндан оқ рангли ажралмалар келиши. Бундай ажралмалар структураси ўзгарган бўлади – уларнинг кўриниши худди творог ёки қуюқ сут каби кўринишда, баъзида сарғиш тус олиши ҳам мумкин. Молочница вақтида ажралган оқиш суюқликлар таркибида қон умуман бўлмайди.
Пешоб ажралиш вақтида ачишиш ҳисси. Бу белги кандидоз учун специфик бўлмасада кўпчилик белгилар пешоб ажралаётган вақтдаги дискомфорт ҳолатларига шикоят қиладилар.
Қиндан келаётган ажралмаларнинг ёқимсиз ҳидга эгалиги. Ажралмаларнинг ҳиди ўткир кислотали ҳидга эга бўлади, бу ҳолат узоқ давом этган кандидоздан дарак беради.
Ҳомиладорликда молочница диагностикаси
Касалликни аниқ ўзига хос белгиларга эга эканлиги ташхислашда қийинчилик туғдирмасада, замбуруғларни тасдиқлаш учун айрим текширув усуллари керак бўлади. Малакали гинеколог кандидоз кечаётган аёлда касалликни кўрув орқали ҳам аниқлаб олади:
Оралиқ соҳаси қизарган, гиперемиялашган ҳолатда кўринади ва тошмалар бўлиши ҳам мумкин – тирноқ билан қишлаш излари аниқланади.
Қин деворида замбуруғлар колонияси визуал кўринади – оқиш творогсимон қоплама.
Вульва (қинга кириш қисм) шишган.
Аммо, ҳеч бир шифокор қиндан олинган суртма лаборатор текширувисиз аниқ диагноз қўя олмайди ва қўймайди ҳам. Лаборатор текширувда кандида замбуруғлари споралари аниқланади.
Ҳомиладорликда молочницани даволаш
Одатий ҳолатда молочница касаллиги энг кучли бўлган охирги авлод замбуруғларга қарши препаратлар ёрдамида даволанади. Аммо, ҳомиладорлик вақтида дори препаратлари индивидуал тарзда аёлнинг ҳолатидан келиб чиқиб танланади.
Ҳомиладорликнинг эрта муддатларида молочница давоси
Ҳомиладорликнинг биринчи учойлигида молочница давоси жуда катта қийинчилик туғдиради, чунки бу даврда ҳомиланинг энг зарурий аъзолари шаклланади. Бахтимизга, ҳомиладорликнинг биринчи учойлигида кандидозлар кам учрайди – бу вақтда гормонлар ўз фаолиятини сақлаб қолган, иммун тизими эса ҳали курашувчан бўлади. Аммо, кандидоз белгилари аниқланадиган бўлса ва ташхисланса шифокорлар қуйидаги препаратларни буюришлари мумкин:
Пимафутсин – 1 дона қин шамчалари 6 кун давомида ҳар суткада 1 маротаба;
Бетадин – 1 дона қин шамчалари 6 кун давомида суткада 1 маротаба.
Касалликни даволашда ҳар иккала препаратдан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш керак эмас, шифокор ножўя таъсирлари кам бўлган препаратни танлайди.
Иккинчи ва учинчи учойлигида молочницани даволаш
Ҳомиладорликнинг кейинги даврларида антимикотик препаратлар кенг спектрда қўллаш мумкин, улар қуйидагилар:
Пимафутсин – 6 дона қин шамчалари;
Бетадин – 6 дона қин шамчалари;
Клотримазол – 7 дона қин шамчалари;
Гино-певарил – 6 дона қин шамчалари;
Қин аппликатори гинофорт – бир маротаба.
Эътибор беринг: ҳомиладорлик вақтида кандидоз касаллиги тўлиқ даволаниши шарт. Гап шундаки, кўпчилик аёллар даво муолажаларини касалликнинг айрим белгилари йўқолиши билан тўхтатиб қўядилар, яъни даво чоралари 2-3 кун давом этади холос.
Айрим белгиларнинг йўқолиши касалликнинг тўлиқ даволаниши дегани эмас, маълум бир вақт ўтгач кандидоз белгилар қайта намоён бўлади ва бунда аввалгига қараганда кучлироқ кечади.
Халқ табобати билан даволаш
Халқ табобати ёрдамида молочницанинг айрим белгиларидан халос бўлиш мумкин, аммо касалликдан тўлиқ қутулишнинг иложи йўқ. Шу сабабли шифокорлар кандидозни даволашда халқ табобати ва медикоментоз давони бир вақтда олиб боришни тавсия этадилар. Энг самарали усуллар қуйидагилар бўлиши мумкин:
1 ош қошиқ қуритилган чебретс ёки шалфей ўсимлигини 300 мл сувда эритинг ва 15 дақиқа давомида қайнатинг ва сутка давомида икки маротаба қинни ювинг;
Дубнинг қуритилган пўстлоғидани чой каби дамланг – сутка давомида бир маротаба қинни шу дамлама билан ювинг.
Эътибор беринг: ҳомиладорлик вақтида бу каби даво муолажаларини мустақил равишда гинеколог маслаҳатисиз қўллаш мумкин эмас!
Ҳомиладорлик асоратларсиз кечаётган бўлса ҳам ташқи жинсий йўлларга қўлланиладиган моддалар қўзғатувчан бўлмаслиги зарур.
Халқ табобати сифатида болалар кремидан фойдаланса ҳам бўлади. Унга чой дарахти мойидан 1-2 томчи қўшиш мумкин. Крем билан ташқи жинсий аъзолар, ташқи жинсий лаблар ва оралиқ териси қайта ишланади.
Крем шишни камайтиради, қичишиш ва тошмаларни йўқотади. Аммо, кремдан фойдаланаётганда эҳтиёт бўлиш керак, крем қин шиллиқ қаватларига тушмаслигини таъминланг, акс ҳолда қин қўзғалувчанлиги ортиб кетади, қичиши ва ачишиш ҳисси кучаяди.
Ҳомиладорликда молочница муолажасининг ўзига хослиги
Ҳомиладорлик – аёл организмининг ўзига хос бўлган жараёнидир. Шу сабабли замбуруғли касалликларни даволашда айрим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:
Энг самарали ва хавфсиз усул маҳаллий муолажалардир – шамчалар, вагинал таблеткалар, кремалар, аппликатор ва геллар;
Барча вагинал шамчалар орасида энг хавфсизи пимафутсин ҳисобланади – ушбу шамчадан ортиқча дозда фойдаланиш ҳам ҳомилада ҳеч қандай ўзгаришларга сабаб бўлмайди;
Замбуруғларга қарши қўлланиладиган таблеткалар фақатгина гинеколог томонидан буюрилган ҳолда ва ҳомиладорликнинг ИИ ва ИИИ учойлигида қўлланилади;
Айрим ҳомиладор аёллар қин шамчаларидан илк бор фойдаланганда вульва (қинга кириш жойи) соҳасида ачишиш ҳиссини сезишлари мумкин – бу физиологик ҳолат, даво муолажаларини тўхтатиш керак эмас.
Молочница қарши даво муолажаларини олиш ва шунчаки касалликдан осонгина қутулишнинг имкони йўқ:
Биринчидан, қайта текширув зарур;
Иккинчидан, ҳомиладорлик вақтида молочница касаллиги қайталанувчи хусусиятга эга бўлади, рецидивлар бўлса яна даво муолажаларини бошлаш зарур;
Учинчидан бутун ҳомиладорлик вақтида бир маротаба бўлса ҳам кандидоз ҳолатлари аниқланган бўлса, ҳомиладор аёл туғруққача бўлган даврда албатта даво муолажаларини олиши шарт, ҳатто касалликка хос бўлган белгилар бўлмаганда ҳам.
Эътибор беринг: аёл кишида кандидоз касаллиги ташхисланса – аёлнинг жуфти (эркак киши) ҳам текширувлардан ўтиши зарур, чунки замбуруғлар жинсий аъзолар орқали ҳам юқиши мумкин.
Ҳомиладорликда молочницанинг хавфлилиги
Кандидоз касаллиги ҳомиладор аёл ва туғилажак болакай учун ҳам хавф туғдиради:
Қин ва бачадон бўйни шиллиқ қаватининг доимий қўзғалиши натижасида эрозиялар ривожланиши мумкин. Бу эса бачадон бўйни тўқималари эластиклигини камайтириб юборади ва туғруқ жараёнида қийинчиликлар туғдиради: бачадон секин ва нотўлиқ очилади, бачадон бўйнида ёрилиш ҳам рўй бериши мумкин.
Агар кандидоз касаллиги туғруқ жараёнига қадар даволанмаса ҳомила ҳам туғруқ йўллари орқали зарарланиши мумкин. Бу эса болакай оғиз бўшлиғида замбуруғли касалликлар ривожланишига олиб келади ва болакай кўкрак сўрғичини сўра олмайди, чунки кучли оғриқ пайдо бўлади.
Замбуруғлар бутун организмга тарқалиб кетиши ҳам мумкин. Тиббиёт соҳасида замбуруғларнинг киндик тизимчасини зарарлаши ва бунинг натижасида ҳомиланинг нобуд бўлиши ҳам кўп учраб туради.
Ҳомиладорликда молочница касаллиги хавфли ҳисобланади ва бу касалликни даволашда барча зарурий чора тадбирлар қўлланилишини талаб этади.
Ҳомиладор аёлдан нималар талаб этилади:
Ҳомиладорликни режалаштириш вақтида умумий текширувлардан ўтиш ва касаллик аниқланса тўлиқ даволаниш, бу кандидоз касаллигининг сурункали шаклларини бартараф этиш мақсадида олиб борилади;
Ҳомиладорлик вақтида ўз соғлиғингизга эътибор қаратиш ва кандидознинг ҳар қандай белгилари пайдо бўлса дарҳол шифокорга мурожаат этиш ва даво чораларини қўллаш;
Шифокор буюрган барча муолажаларни тўлиқ олиб бориш ва дори препаратларни мустақил равишда шифокор кўрсатмасига зид равишда тўхтатмаслик;
Ҳомиладорлик ҳар ойида шифокор кўригидан ўтиб туриш.
Ҳомиладорлик вақтида юзага келган кандидоз касаллиги ўз вақтида аниқланиши ва даво муолажалари ўтказилиши оқибати ижобийдир.
Касаллик ҳомиладор аёлда ва туғилажак фарзандда ҳеч қандай асоратлар қолдирмайди. Туғруқдан кейин касаллик аёл кишини камида 5 ойгача безовта қилмаслиги мумкин.



Ўҳшаш маълумотлар

Эгизак ҳомиладорлик – турлари, кечиши ва ўзига хос жиҳатлари

Ҳозирги кунда эгизак фарзандлар дунёга келиши кўпайиб бормоқда. Бунинг сабаби туғруқнинг ёшга боғлиқлиги билан тушунтирилади. Албатта, эгизаклар дунёга келтириш яхши, аммо онанинг икки ёки ундан ортиқ ҳомилани кўтариб юриши ва уларни организм...

Болаларда тиш чиқиши – тартиби, муддати ва парваришлаш

Туғруқхоналарнинг ўзидаёқ янги оналар дунёга келган болакайлари ҳаётининг илк ойларида қандай қилиб парвариш қилиш кераклиги ҳақида маълумотга эга бўладилар: чўмилтириш, озиқлантириш, болакай билан сайр қилиш ва бошқалар. Бу вақтда болакайларнинг...

Дюфастон – қўллаш бўйича йўриқнома (Мутахассислар учун)

Дюфастон таркиби 1 таблетка қуйидагиларни сақлайди: фаол модда: 10 мг дидрогестерон; ёрдамчи моддалар: лактоза моногидрати, гипромеллоза, маккажўхори крахмали, сувсиз коллоид кремний диоксиди, магний стеарати. қобиғи: оқ Опадри ОЙ-1-7000...

Контрасепсия нима? Унинг қандай турлари ва усуллари мавжуд?

Контрасептивлар – ҳомиладорликнинг олдини олиш учун қўлланиладиган воситалар. Контрасепсия воситаларини қўллашдан мақсад ҳомиладорликни режалаштириш, аёл соғлиғини сақлаб қолиш, жинсий ҳаётдан тўла қониқиб яшашдир....

Ҳомиладорликда қон кетиши сабаблари ва даволаш сирлари

Ҳомиладорликда қон кетиши – ҳомиладор аёл организмида ҳомиладорлик муддатидан қатъий назар рўй бериши мумкин бўлган патологик ҳолат. Табиий аборт, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, резус омил тўғри келмаслиги ва бошқа ҳолатларда юзага чиқади. Бу...



Фикр қўшиш

Наверх