Болаларда гемангиома сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда гемангиома сабаблари ва даволаш сирлари

Болаларда гемангиома – эмбрионлик даврда қон томирлар шаклланиши бузилиши натижасида келиб чиқадиган қон томирдан иборат яхши сифатли ўсма. Гемангиома қизғиш, бинафша ёки кўкимтир тусли тери доғи ёки теридан бироз кўтарилиб турувчи ҳосила кўринишида юзага чиқади.
Гемангиома ўсиб катталашишга ва қонашга жуда мойил бўлган ўсма ҳисобланади. Болаларда гемангиомани аниқлашда болалар дерматологи ва жарроҳ кўриги, ўсма жойлашган соҳа рентгенографияси, ангиография, УТТ, қон ивиш хоссасини аниқлаш каби текширувлардан ўтиш керак бўлади. Гемангиома давосида лазер ёрдамида ёки жарроҳлик йўли билан ҳосилани олиб ташлаш, нур терапияси, электрокоагуляция, криотерапия, склеротерапия, гормонал даво ва бошқалар қўлланилади.

Болаларда гемангиома – қон томирлардан ташкил топган яхши сифатли ўсма ёки туғма қон томирлар аномалияси. Педиатрия ва болалар жарроҳлиги соҳасида гемангиома 1,1-2,6 % янги туғилганларда ва 10 % 1 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Гемангиома жуда кўп учрайдиган касаллик бўлиб, барча юмшоқ тўқималарда кузатиладиган онкологик касалликларнинг 50 % ини ташкил этади. Гемангиома қиз болаларда ўғил болаларга нисбатан 2-3 баробар кўпроқ қайд этилади.
Гемангиома яхши сифатли ўсма бўлишига қарамай жуда тез ўсишга мойил бўлади. У ўсиб катталашиб қўшни тўқималарни зарарлаши, эшитув, кўрув, нафас олиш аъзоларига ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Бундан ташқари гемангиомаларга инфекция тушиши, яллиғланиши ва қонаши ҳа мумкин. Гемангиомалар болаларда косметик жиҳатдан ҳам камчилик келтириб чиқаради.

Болаларда гемангиома сабаблари
Болаларда гемангиома келиб чиқиш сабаби аниқ эмас, аммо кўпгина изланишлар натижасида ўсма ҳосил бўлишида баъзи бир омилларнинг ўрни аниқланган. Гемангиома боланинг эмизикли ёшида ҳам ривожланишини инобатга олиб ушбу ҳосила эмбрионлик даврда қон томирлар шакланишидаги нуқсонлар сабабли келиб чиқади дейиш мумкин.
Ҳомиладорлик вақтида аёл қабул қилган айрим дори препаратлар, вирусли касалликлар (ОРВИ, грипп ва бошқалар), экологик шароитнинг ёмонлиги таъсирида ҳомилада васкулизация жараёни бузилиши мумкин. Қон томирлардан ҳосил бўладиган ўсма касалликлари ривожланишида гормонлар таъсирининг бузилиши ҳам катта рол ўйнайди. Чунки гемангиома кўпроқ қиз болаларда қайд этилади.
Болаларда гемангиома классификацияси
Морфологик белгиларга қараб:
Оддий (капилляр);
Каверноз;
Комбинацияланган;
Аралаш турдаги гемангиомалар.
Оддий гемангиома капилляр қон томирлардан ривожланади ва тери юзасида жойлашади, аниқ чегараларга эга, ясси, қаттиқлашган қизғиш кўкимтир ҳосила кўринишида бўлади. Болаларда оддий гемангиома бармоқ билан босиб кўрилганда ранги оқаради ва қўйиб юборганда эса қайта қизғиш тусга киради.
Каверноз гемангиома тери остида жойлашади ва тугун каби бўлади. Консистенсияси юмшоқ-эластик бўлиб қон билан тўлган бўшлиқлардан иборат. Унинг устини кўкимтир рангда тери қоплаб туради. Бармоқ билан босилганда гемангиома ранги оқаради ва қўйиб юборилганда қайта кўкимтир тусга келиб қолади. Бола кучанганда, йўтал ва акса уриш вақтида каверноз гемангиома шишади ва бу ҳолат эректил симптом деб аталади.
Комбинацияланган гемангиома болаларда оддий ва каверноз гемангиомалар белгиларининг йиғиндисидан иборат бўлади, тери ва тери ости қисмидан ташкил топади.
Аралаш гемангиома мураккаб тузилишига эга, қон томирлар ва бошқа тўқималардан иборат (бириктирувчи, нерв лимфоид) бўлади. Аралаш гемангиомаларга ангифиброма, ангиневрома, гемалинфангиома ва бошқалар киради. Ҳосиланинг ранги ва тузилиши уни ташкил этган элементга боғлиқ бўлади.
Болаларда гемангиома кичик, катта ва тарқоқ кўринишда учрайди. 95 % ҳолатларда болаларда оддий гемангиома кузатилади. Патологик жараённинг кечишига кўра гемангиомалар тез, секин ўсувчи ва ўсиш хусусияти бўлмаган турларга бўлинади.
Болаларда гемангиома белгилари
Кўп ҳолатларда гемангиома бола ҳаётининг илк кунларидаёқ ёки илк ҳафталарда аниқланади. Гемангиома жадал ўсиши бола ҳаётининг илк 6 ойлигида кузатилади. Кейинчалик унинг ўсиш сурати пасаяди.
Болаларда гемангиома энг кўп учрайдиган соҳалар қуйидагилар:
Бошнинг сочли қисми, юз (қош, бурун ва юзда), оғиз бўшлиғида, жинсий аъзоларда, қўл ва оёқларда, ички аъзоларда, суякда.
Гемангиомалар ўлчами ҳам турлича бўлади: 1-2 mm.dan 10-15 см.гача. Ҳосила ранги оч пушти рангдан тўқ кўкимтир рангга қадар тўқлашиб боради. Гемангиома ҳосил бўлган соҳада ҳарорат ассиметрик бўлади, яъни атроф тўқималарга нисбатан гемангиома ҳарорати юқори бўлади, бунга сабаб гемангиомалар қон томирлардан ҳосил бўладиган ўсмалигидир.
Гемангиомалар фақатгина теридан ташқарига ўсмайди, балки тери ичига ҳам ботиб кириб катталашиши мумкин, бунинг натижасида ўсма қўшни тўқималар функциясини бузилишига олиб келади. Болаларда гемангиома жароҳатланишга жуда мойил ва қон кетадиган бўлса тўхтатиш қийинчилик туғдиради. Яна бошқа асоратларга гемангиомага инфекция тушиши ва эзилиши каби ҳолатлар киради.
Болаларда оддий гемангиома ўз ўзидан регрессияга учраши мумкин. Регрессия ҳам 3 босқичда кечади: 1 ёшгача гемангиоманинг йўқолиб кетиши, эрта регрессия (1-5 ёшлар оралиғида), кечки регрессия (пубертат даври тугагунга қадар). Гемангиомалар регрессиясида ўсма марказининг оқариши кузатилади ва бу ҳолат секин асталик билан бутун ҳосилага тарқала бошлайди, кейинчалик гемангиома бутунлай йўқолиб кетади.
Гемангиома диагностикаси
Болаларда қон томирлардан ҳосил бўладиган ўсмани аниқлашда педиатр, болалар жарроҳи ва болалар дерматологи кўриги талаб этилади. Гемангиоманинг жойлашувига қараб қўшимча равишда болалар офталмологи, отоларингологи, гинеколог, уролог, стоматолог ва бошқа мутахассилар ҳам жалб этилиши мумкин.
Физикал кўрикда палпация, аускултация ёрдамида гемангиоманинг юзаси аниқланади. Казабах-Мерритт симптоми – гемангиоманинг ўсиши, тромбоцитопения ва қон ивиш хоссаси бузилганлигини аниқлаш учун умумий коагулограмма ва тромбоцитлар сонини аниқлаш зарур.
Гемангиома чуқурлигини, анатомо-топографик ўзига хослиги ва унинг таркибини аниқлаш учун УТТ текшируви ўтказилади. Гемангиомани ҳосил қилган қон томирлар архитектоникасини аниқлаш учун ангиография текшируви талаб этилади.
Қўшни тўқималар зарар кўрганлигини истисно этиш учун эса гемангиома ҳосил бўлган соҳа рентгеноргафик текшируви амалга оширилади.
Болаларда гемангиома давоси
Даво муолажалари эрта муддатларда бошланиши керак бўлган ҳолатлар қуйидагилар:
Бош ва бўйин соҳасида жойлашган гемангиомалар;
Оғиз бўшлиғида жойлашган гемангиомалар;
Аногенитал соҳадаги гемангиомалар;
Жуда тез катта бўладиган ангиомалар (бир ҳафта ичида 2 баробар катталашган гемангиома);
Регрессияга учрамайдиган каверноз гемангиомалар;
Қон кетиш, инфекцияланган ва некрозга учраган гемангиомалар.
Оддий гемангиомалар даво муолажалари ўтказишда бироз кутилади. Хавфсиз ўсмаларни даволашда болаларда юзага келадиган асоратлар, косметик деффектларни ҳам инобатга олиш керак.
Юзада жойлашган гемангиомалар электрокоагуляция, криодеструкция, лазер ёрдамида олиб ташланади. Катта бўлмаган каверноз ва комбинацияланган гемангиомалар склеротерапия ёрдамида даволанади. Бундан ташқари гемангиомани ҳосил қилишда иштирок этадиган қон томирларни эмболизация қилиш ҳам гемангиомада қон оқимини тўхтатади ва гемангиомалар атрофияга учрашига олиб келади.
Мураккаб анатомик жойлашувга эга бўлган гемангиомалар, масалан кўз ёки ретикулобулбар соҳадаги ўсмалар нур терапияси ёрдамида даволанади (рентгенотерапия). Болаларда терида ҳосил бўладиган тарқоқ гемангиомалар гормонал кортикостероидлар билан муолажа қилинади. Жуда чуқур ва мураккаб тузилишга эга бўлган қон томирдан иборат ўсма давосида комбинацияланган даво муолажалари олиб борилади, яъни жарроҳлик амалиёти, нур терапияси, криодеструкция ва бошқалар.
Гемангиома оқибати
6-7 % ҳолатларда боаларда гемангиомалар ҳаётининг биринчи йилида ўсади ва кейинчалик бир неча йил ичида ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Хавфсиз ўсма оқибати ҳосиланинг бутунлай йўқолиб кетиши, чандиқ ҳосил бўлиши, унинг ўрнида пигментлар йўқолиши каби асоратлар билан кечиши мумкин.
Болаларда гемангиома давоси болалар жарроҳи томонидан олиб борилади. Жарроҳлар болаларда ҳосил бўлган гемангиомалар асоратланиши ва боланинг умумий аҳволини инобатга олган ҳолда даво муолажаларини ўтказадилар. Тўғри танланган даво чора тадбирлари натижасида гемангиома тўлиқ даволанади ва болада ҳеч қандай асоратлар қолмайди.



Ўҳшаш маълумотлар

Бачадон бўйни саратони – таснифи, сабаблари, белгилари, текшириш ва даволаш усуллари

Бачадон бўйни саратони – бачадон пастки қисмининг ўсма касаллиги бўлиб, эпителий тўқималаридан ўсадиган ҳосиладир. Бачадон бўйни саратонига хос бўлган специфик белги йўқ, касаллик кўпинча белгиларсиз кечади ва маълум бир даражага етгандан сўнг ҳайз...

Дюфастон – қўллаш бўйича йўриқнома (Мутахассислар учун)

Дюфастон таркиби 1 таблетка қуйидагиларни сақлайди: фаол модда: 10 мг дидрогестерон; ёрдамчи моддалар: лактоза моногидрати, гипромеллоза, маккажўхори крахмали, сувсиз коллоид кремний диоксиди, магний стеарати. қобиғи: оқ Опадри ОЙ-1-7000...

Болаларда педикулёз сабаблари, даволаш ва олдини олиш сирлари

Болаларда педикулёз – паразитар касаллик бўлиб, уни бош битлари келтириб чиқаради. Педикулёз болаларда бошнинг бит чаққан жойида қичишиш, тошма тошиши ва кўпинча иккиламчи инфекция аралашуви билан намоён бўлади. Касаллик диагностикасида педиатр ёки...

Туғма қизилча сабаблари ва даволаш сирлари

Туғма қизилча – вирусли касаллик бўлиб, зарарланган аёлдан ҳомиладорлик вақтида болага ўтади. Аёлнинг зарарланиши ҳомиладорлик вақтида ёки ундан олдин рўй бериши мумкин. Касаллик ҳомила ривожланишидаги кўплаб нуқсонлар билан намоён бўлади, айниқса...

Болаларда аппендицит сабаблари ва даволаш сирлари

Аппендицит – аппендикснинг ёки кўричак чувалчангсимон ўсимтасининг яллиғланиши. Кўп ҳолларда чувалчангсимон ўсимта ингичка ичакнинг йўғон ичакка ўтиш жойида жойлашади. Аммо, айрим инсонларда чувалчангсимон ўсимта жигар остида, кичик чаноқда ва йўғон...



Фикр қўшиш

Наверх