Чаноқ-сон бўғими дисплазияси сабаблари ва даволаш сирлари

Чаноқ-сон бўғими дисплазияси сабаблари ва даволаш сирлари

Чаноқ-сон бўғими дисплазияси – чаноқ-сон бўғими шаклланишидаги туғма бузилиш бўлиб, унинг асорати сон бошчаси чиқиши билан якунланади. Бунда бўғим тўлиқ ривожланмаган ёки бириктирувчи тўқимадан тузилган структур элементлари етарлича бўлмайди. Эрта ёшларда тери бурмалари ассиметрияси, нисбий калталик ва сон ҳаракатчанлигидаги чегараланиш билан намоён бўлади.
Кейинчалик оғриқлар, оқсоқланиш, тез чарчаб қолиш каби ҳолатлар юзага чиқади. Патология УТТ текшируви ва рентгенография усули билан ташхисланади. Даво муолажалари махсус фиксаторлардан фойдаланиш ва махсус машқлар ёрдамида олиб борилади.


Чаноқ-сон дисплазияси (грекча дйс – бузилиш, пласео – ҳосил бўлиш) – туғма патология бўлиб, сон бошчаси чиқиши ёки чала чиқиши билан асоратланади. Бўғимнинг шаклланмаслик даражаси шунчаки косметик жиҳатдан ноқулайлик туғдириши ёки ҳаракатдаги турли хил камчиликлар билан намоён бўлади. Чаноқ-сон бўғими дисплазияси асоратлари жиддий оқибатларга олиб келмаслиги учун патологияни эрта муддатларда даволаш керак бўлади, яъни бола ҳаётининг биринчи ойидан.
Ушбу патология туғма касалликлар орасида кенг тарқалган бўлиб, статистика бўйича барча туғилган чақалоқларнинг 2-3 % ини ташкил этади. Миллатлар орасида эса: афроамерикаликлар орасида камроқ, америкалик ҳиндулар орасида – бошқа ирқларга қараганда кўпроқ учрайди. Қиз бола жинсидаги чақалоқлар ўғил болаларга қараганда кўпроқ чаноқ-сон дисплазиясидан азият чекади (барча патологиянинг 80 % ҳолатларида).

Чаноқ-сон бўғими дисплазияси сабаблари
Дисплазия келиб чиқишида бир неча омиллар иштирок этади. Наслий омил яъни ота оналарида ҳам чаноқ соҳаси билан боғлиқ бўлган туғма патологиялар бўлиши касалликка мойилликни 10 маротабагача ошириб юборади. Бундан ташқари туғруқ вақтида ҳомиланинг чаноқ билан келиши ҳам патологиянинг асосий сабабчиларидан бири ҳисобланади. Ҳомиладорлик вақтида токсикоз, турли препаратлар қабул қилиш, ҳомиланинг катталиги, ҳомила суюқлигининг камлиги ва бошқа ҳомиладорлик патологиялари ҳам дисплазияга олиб келиши қайд этилади.
Олимлар изланишига кўра экологик жиҳатдан қониқарсиз минтақаларда чаноқ-сон дисплазияси билан туғиладиган чақалоқлар 5-6 баробар кўп бўлиши аниқланган. Чаноқ-сон бўғими дисплазияси миллат урф одатларига ҳам боғлиқ ҳолда шаклланади, яъни турли минтақаларда болакайларни турлича белайдилар. Масалан, оёқлари орасини очиқ ҳолда бешикка белайдиган минтақалар ёки болаларини орқа соҳасида оёқлари очиқ ҳолда кўтариб юрувчилар орасида ушбу патология кам қайд этилади.
Патогенез
Чаноқ-сон бўғими сон бошчаси ва қуймич косасидан ташкил топган. Қуймич косасининг юқори қисми қуймич лабидан иборат ва бу қисм сон бошчасини косачага кириб туришида майдонни кенгайтириб туради. Янги туғилган болалар чаноқ-сон бўғими катталарникидан фарқ қилади: қуймич косаси болаларда ясси, деярли вертикал ҳолатда ҳамда бойламлар эластиклиги кўпроқ бўлади. Сон бошчаси қуймич косасига юмалоқ бойлам, бўғим капсуласи ва қуймич лаблари ёрдамида бирикиб туради.
Чаноқ-сон бўғими дисплазиясининг 3 хил шакли фарқланади: асетобуляр (қуймич косаси ривожланишидаги камчиликлар), сон суяги юқори қисми дисплазияси ва ротацион дисплазия яъни горизонтал юзада суяклар геометрияси ўзгариши.
Бўғимни ташкил этувчи ҳар қандай элементнинг бузилиши сон бошчасининг қуймич косасида жойлашиб туришини таъминлай олмасликка олиб келади. Натижада сон бошчаси ташқарига ва юқорига чиқиб қолади. Қуймич косаси ҳам ўз тузилишини ўзгартиради ва сон бошчасини бириктириш қобилиятидан айрилади. Агар сон бошчаси қуймич косасидан тўлиқ чиқиб қолса сон бошчаси юқорида жойлашиб қолади. Даво чоралари ўз вақтида олиб борилмаса қуймич косаси бириктирувчи тўқима ва ёғ тўқимаси билан тўлади, бу эса сон бошчасини жойига туширишда қийинчилик туғдиради.
Дисплазия белгилари
Чаноқ-сон дисплазияси оёқлар нисбий калталиги, тери бурмалари ассиметрияси, сон ҳаракати чекланиши ва Маркс-Ортолани шилқиллаш белгисига қараб ташхислашда илк қадам қўйилади. Чов, тизза орти ва думба соҳалари тери бурмалари ассиметрияси асосан 2-3 ойлик болаларда яхши билинади. Кўрувда бурмалар орасидаги фарққа, шаклига ва Бурма чуқурлигига эътибор қаратилади.
Юқоридаги текширувлар дисплазия ташхисини қўйишга етарли бўлмайди. Икки томонлама дисплазия ҳолатларида бурмалар симметрик бўлиши ҳам мумкин. Баъзида тери бурмалари ассиметрияси соғлом болаларда ҳам кузатилиши мумкин. Нисбий калталик туғма сон чиқишини аниқлашда яхши маълумот беради. Болакайни орқаси билан ётқизган ҳолда оёқлари чаноқ-сон ва тизза бўғимида букилади, ҳамда тиззаларнинг бир бирига нисбатан жойлашувига эътибор берилади, агар бир тараф иккинчи тарафидан юқорида жойлашса – бу туғма сон чиқишидан дарак беради.
Маркс-Ортолони шилқиллаш белгиси туғма сон чиқишини аниқлашда энг аниқ маълумотни беради. Болакай орқаси билан ётқизилади, шифокор бола оёғини букади ва қўллари билан шундай ушлайдики ИИ-В бармоқлар соннинг ташқи юзасида жойлашади. Сўнгра шифокор бир хил куч билан бир вақтда сонни ташқарига букади. Дисплазия ҳолатида патология тарафда сон бошчасининг қуймич косасига қайта тушиши ҳисобига шилқиллаган товуш эшитилади. Бу белги янги туғилган чақалоқлар ҳаётининг 1-ҳафтасида 40 % чақалоқларда мусбат бўлади ва кейинчалик ўз ўзидан йўқолиб кетади.
Бўғим патологиясини аниқлашда яна бир усул мавжуд – ҳаракатнинг чекланиши. Соғлом болаларда оёқлар ташқарига 80-90 гача очилади. Ҳаракат чекланганда эса бу бурчак 50-60 фоизни ташкил этади.
Чаноқ-сон бўғими дисплазияси асоратлари
Бўғим дисплазияси эрта ёшдаги болаларда ҳеч қандай шикоятларга сабаб бўлмаслиги мумкин. Аммо, инсон ёши 25-55 ёшларга етганда диспластик коксартроз ривожланиш эҳтимоли юқори бўлади. Илк белгилар ҳаракат чекланиши ёки аёлларда гормонал ўзгаришлар рўй бераётган даврда юзага чиқиши мумкин.
Диспластик коксартрознинг ўзига хос жиҳати шундаки- касаллик жуда қисқа муддат ичида бошланади ва тезда авжига чиқади. Касаллик нохуш ҳис, оғриқ ва бўғимда ҳаракат чекланиши билан кечади. Кеч босқичларда оёқлар ташқарига чиққан, букилган ҳолатга келиб қолади. Бўғимда ҳаракат кескин чекланади. Сон бошчаси секин асталик билан юқорига кўтарилади ва ёнбош суякда сохта бўғим ҳосил қилади, аммо бундай ҳолат ҳозирги кунда жуда кам қайд этилади.
Диагностика
Чаноқ-сон бўғими дисплазияси туғруқхонанинг ўзидаёқ ташхисланади. Агар патология аниқланса 3 ҳафта ичида болалар ортопедига мурожаат этиш керак. Бундан ташқари болалар 1, 3, 6 ва 12 ёшларида ҳам профилактик текширувдан ўтказилади.
Хавф гуруҳидаги болаларга масалан ҳомиладорлик вақтида онада анемия, токсикоз, ҳомиланинг катталиги, чаноқ билан жойлашиши ҳамда дисплазиядан азият чекадиган ота оналардан дунёга келган болаларга эътибор қаратиш лозим. Дисплазияга шубҳа қилинса керакли текширувлардан ўтиш буюрилади.
Ташхисни аниқлаштириш учун рентгенография ва ультрасонография текширувлари ўтказилади. Эрта ёшдаги болаларда бўғим элементлари тоғайдан иборат бўлади ва улар рентгенограммада кўринмайди. Шу сабабли рентгенография усули 3 ойдан катта ёшдаги болаларда ўтказилади. Ультрасонография текшируви эрта ёшдаги болалар учун жуда қулай ҳамда зарарсиз ҳисобланади.
Касаллик ташхиси инструментал текширув жавоблари ва умумий кўрик билан биргаликда қўйилади.
Чаноқ-сон бўғими дисплазияси давоси
Даво муолажалари эрта муддатларда олиб борилиши керак. Бунда болала оёқлари очилган ва букилган ҳолда ушловчи турли хил фиксаторлардан фойдаланилади: аппаратлар, шиналар, стременлар, штанишкалар ва махсус ёстиқчалар.
Эрта ёшдаги болалар эластик конструкцияга эга бўлган мосламалардан фойдаланган яхшироқ. Масалан Павликов стременаси – кўкрак қисмга тақиш учун мўлжалланган мослама, бунда болакай оёқлари ташқарига очилган ва тизза бўғимида букилган ҳолатда онанинг кўкрак қисмида осилган ҳолатда туради. Бу мосламанинг қулайликларидан яна бири болакай оёқлари ҳаракати чекланмаслигидир.
Чаноқ-сон дисплазиясини даволашда самарали усуллардан бири мушакларни мустаҳкамловчи махсус машқларни бажаришдир. Қўшимча равишда думба соҳаси мушаклари массажи ҳам буюрилади.
Оғир ҳолатларда оёқларни керакли ҳолатда ушлаган ҳолатда гипсли боғлам қўйилади ва бўғим иммобилизация қилинади. Бу каби даво муолажаси 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларда ўтказилади. 8 ёшгача бўлган болаларда сон тортмага олинади. Агар ушбу чора тадбирлар фойда бермаса, жарроҳилк амалиёти билан сон бошчаси бўғим юзасига туширилади.
Патология оқибати ва профилактикаси
Патологияни эрта муддатларда аниқлаш ва даво муолажаларини бошлаш натижасида касаллик оқибати ижобий ҳисобланади. Касаллик қанча кеч даволанса асоратлар бўлиш эҳтимоли шунча юқори бўлади. Чаноқ-сон дисплазияси профилактикаси болаларда патологияни эрта муддатларда аниқлашдан иборат.



Ўҳшаш маълумотлар

Чақалоқларда сариқлик сабаблари ва даволаш сирлари

Янги туғилган чақалоқларда сариқлик – физиологик ёки патологик ҳолат бўлиб, бунда чақалоқлар қонида гипербилирубинемия ва тери ранги, кўринадиган шиллиқ қаватларнинг сарғайиши билан бола ҳаётининг биринчи ҳафтасида намоён бўлади....

Ҳайз вақтида оғриқ бўлиши – дисменорея

Ўсмирларда дисменорея – ўсмирлик даврида юзага чиқувчи ва ҳайз кўриш билан боғлиқ бўлган кичик чаноқ соҳасида кузатиладиган оғриқлар ва комплекс ўзгаришлардир. Касаллик, ҳайз вақтида оғриқ ҳайз кўриш бошланганда қорин пастки соҳасида ва чаноқ...

Туғма қизилча сабаблари ва даволаш сирлари

Туғма қизилча – вирусли касаллик бўлиб, зарарланган аёлдан ҳомиладорлик вақтида болага ўтади. Аёлнинг зарарланиши ҳомиладорлик вақтида ёки ундан олдин рўй бериши мумкин. Касаллик ҳомила ривожланишидаги кўплаб нуқсонлар билан намоён бўлади, айниқса...

Чала туғилган болалар – физиологияси, ривожланиши ва парваришлаш асослари

Бола дунёга келгандан бошлаб жадал ўса бошлайди. Бу даврда болалар жуда нозик бўлишади. Айниқса муддатидан аввал туғилган чақалоқлар жуда нимжон ва заиф бўладилар....

Болаларда анемия ёки камқонлик сабаблари ва даволаш сирлари усуллари

Камқонлик – қонда гемоглобин миқдорининг нормадан паст бўлиши, энг кўп тарқалган патологиялардан бири. Кўпгина ёш оналар бу патология ҳақида яхши билишади, чунки уларнинг ҳар иккидан бири ушбу ҳолат билан ҳомиладорлик вақтида дуч келишган. Болаларда...



Фикр қўшиш

Наверх