ДАРАХТЛАР (ДАРАХТОН) Дониёл (а.с.) айтадилар: Тушдаги одамлар учун қадрли бўлган дарахт азизи ва улуғ киши бўлади.
Қадрсиз дарахт эса пасткаш киши бўлади. Мевали дарахт бадавлат кишига далил, мевасиз эса фақир кишига далил. Боғда кўрилган дарахт боғ эгаси учун молу давлатдир. Дарахтни томири билан қўпорса, бирор кишининг иззат ва обрўйини тўкади.
Тушдаги Араб диёрида ўсадиган дарахтлар саҳройи кишиларга, Ажам юртларида ўсадиган дарахтлар Ажам одамларига далолат қилади.
Анор дарахти (дарахти анор).
Тушдаги анор дарахти фойдали бадавлат кишидир.
Бодом дарахти (дарахти бодом).
Тушдаги бодом дарахти соҳибжамол, чиройли аёлдир.
Гул дарахти (дарахти гул).
Тушдаги гул дарахти шодон одамга далилдир.
Ёнғоқ дарахти (дарахти жавз).
Тушдаги ёнғоқ дарахти азиз ва олижаноб кишини билдиради.
Жийда дарахти (дарахти синжид).
Тушдаги жийда руҳи енгил ва ҳашаматли олимга далилдир.
Зайтун дарахти (дарахти зайтун).
Тушдаги зайтун дарахти аслзода ва насабли кишига далилдир.
Какос ёнғоғи дарахти (дарахти жавзи ҳиндий).
Тушдаги какос ёнғоғининг дарахти одамларга бахил ва аёлга қаттиққўл ажамли кишидир.
Лимон дарахти (дарахти лимун).
Тушдаги лимон дарахти жоду қилувчи ёки мунажжимлик билан шуғулланувчи кишига далилдир.
Мурч дарахти (дарахти фулфул).
Тушдаги мурч дарахти азиз ва улуғ кишига далилдир.
Олма дарахти (дарахти сиб).
Тушдаги олма дарахти касалманд кишига далилдир.
Олхўри дарахти (дарахти олу).
Тушдаги олхўри дарахти барчага наф етадиган табибдир.
Обнус дарахти (дарахти обнус).
Тушдаги обнус дарахти ўз ишида боши қотган одамдир. Баъзиларнинг айтишича, хотин ёхуд канизакдир.
Сарв дарахти (дарахти сарв).
Тушдаги сарв дарахти ажамли хуштабъ кишига далилдир.
Сандал дарахти (дарахти сандал).
Тушида сандали борлигини кўрса, одамлар унга мадҳу сано айтишига далилдир.
Турунж дарахти (дарахти турунж).
Тушдаги турунж дарахти мухолиф ва ўзбилармон кишини билдиради.
Уд дарахти (дарахти уд).
Тушдаги уд дарахти чиройли юзли ва ширин забон кишига далилдир.
Хандонписта дарахти (дарахти фистақ) Тушдаги хандонписта дарахти бадавлат бахил кишига далилдир.
Хурмо дарахти (дарахти хурмо).
Тушидаги хурмо дарахти азиз ва олим киши бўлади.Тушида ҳовлисида хурмо дарахти борлигини кўрса, улуғ бир киши билан ошино бўлишига далилдир. Боғда кўрилган хурмо таъбири туш эгасига тааллуқли бўлади.
Шаммома палаги (дарахти шаммома).
Тушдаги шаммома (форсча дастанбуй деб аталувчи ўткир ҳидли қовун) тезда ҳалокатга учровчи ва тез давлат топувчи кишига далилдир.
Шафтоли дарахти (дарахту шафтолу).
Тушдаги шафтоли дарахти шарму ҳаёли улуғвор кишига далилдир.
Эман (дуб) дарахти.
Эман (дуб) дарахти мунофиқ ва хайрияциз кишига далилдир.
Ўрик дарахти (дарахти зардолу).
Тушдаги ўрик дарахти фойда еткизадиган муборак кишига далилдир.
Ўрмон ёнғоғи дарахти (дарахти фундуқ).
Тушдаги фундуҳ (ўрмон ёнғоғи) ўйин-кулгини яхши кўрадиган ўта тошюрак кишига далилдир.
Қамиш ўсимлиги (дарахти най).
Тушдаги қамиш бадфеъл ва чақимчи кишига далилдир.
Ҳанзал палаги (аччиқ тарвуз палаги).
Тушдаги ҳанзал (аччиқ тарвуз палаги) дарвиш ва дини бузуқ кишига далилдир.
Ҳар бир мевали дарахт мевасига қараб қиёс қилинади. Тушида мевали дарахтдан мева олиб еяётганини кўрса, ўша меванинг қадру қийматига мувофиқ молу неъмат топишини билдиради.
Баъзи таъбирчиларнинг айтишларича, тушда ўз уйида дарахт кўрса, бу аёлни билдиради. Подшоҳ уйида кўрилган ҳар қандай дарахт подшоҳ хизматкорига далолат қилади. Тушдаги қовун ва бодрингга ўхшаган танаси йўқ ўсимликлар пастҳиммат одамларни билдиради.
Кирмоний (р.а.) айтадики, тушида дарахтларнинг томирларини кучли ҳолда кўрса, закот молини адо қилганига далилдир, аксинча кўрса, бунинг аксидир. Дарахт пўстлоғи дарахт эгасига етадиган ризқу рўзга далилдир. Дарахт шохлари ака-укалар, фарзандлар ва қариндошларни билдиради. Тушида дарахт баргларини зиёда кўрса, хуш табиат эгасига далилдир. Тушдаги дарахт мевалари эгасининг парҳезгар ва диндор эканига далилдир. Дарахтни кесганини ва йиқилганини кўрса, дарахт эгасининг ўлимига далилдир.
Жобир Мағрибий (р.а.) айтадики, тушида дарахтни хушбўй ва таъми ширин эканини кўрса, солиҳ ва покдин кишига далилдир. Тушида кўрган дарахтининг меваси нохуш ва тиконли бўлса, бузуқ ва бедиёнат кишига далилдир. Тушида ўз ҳовлисида ёки бировнинг ҳовлисида пакана дарахтни кўрса, ўша ҳовлига тушадиган мусибатга далилдир. Тушида ўз ҳовлисида уруғ экаётганини кўрса, ўша уруғ микдорича унга бирор нарса етишига далилдир. Агар бегона ерига дарахт экаётганини кўрса, бегона киши билан ҳамсуҳбат бўлиши ва ундан шараф ва улуғлик топишига далилдир. Тушида ўз ҳовлисига дарахт ўтқазаётганини кўрса, куёвга далилдир. Тушида баланд дарахт устида турганини кўрса, ишлари юксалишига далилдир. Тушида дарахт баргларини йиғаётганини кўрса, барглар микдорига қараб, дирам (пул) топишига далилдир. Агар тушида дарахтларда мева етиштираётганини кўрса, фарзандлари ҳамда насли кўпайишига далилдир. Тушида кўпгина мевали дарахтларни кўрса ва бу дарахтлар ўзининг мулки эканини билса, умри узоқ бўлиши, зафар ва улуғлик топишига далилдир.
Тушида дарахтни аралаётганини кўрса, касал бўлиши ёки яқинларидан кимнингдир ўлишини билдиради. Тушида куз фаслида номаълум бир боққа кирганини ва боғдаги дарахтларнинг барглари тўкилаётганини кўрса, ғаму андуҳга далилдир. Тушида дарахт ўзи билан сўзлашаётганини кўрса, бир иш қиладики, бу ишидан одамлар таажжубга тушадилар. Тушида дарахтни жойидан суғуриб олганини кўрса, касал бўлиши ёки дарахтни суғуриб олган мавзедан кимнингдир вафот этишига далилдир.
Жобир Мағрибий (р.а.) айтадики, тушдаги қуриган ёки кесилган дарахтлар дини ёмон кишиларга далилдир. Қайси дарахтни яхшироқ ҳолда кўрса, дини яхшироқ бўлишини билдиради, дарахтда қанчалик нуқсон кўрилса, ўзининг нуқсонига далил бўлади. Тушида дарахт соясида ўтирган ёки ухлаётганини кўрса, шу дарахт эгасининг сояси остига боришини билдиради.
Жаъфар Содиқ (р.а.) айтадики, тушдаги дарахт ўн нарсага далилдир: подшоҳга; аёлга; савдогарга; курашувчи одамга; олимга; мўъминга; кофирга; мартабага; хусуматга ва шубҳали молга.