
Ҳомиладорликнинг охирги уч ойлиги аёл учун энг ҳаяжонли давр ҳисобланади. Туғруқ жараёни яқинлашган сари, аёлларда саволлар ҳам кўпая боради. Улардан энг кўп сўраладигани тўлғоқ қандай бошланади, аёл киши нималарни ҳис қилади, оғриқ бўлмайдими каби саволлардир.
Айнан мана шу даврда илк бор фарзанд дунёга келтираётган аёллар кўпроқ хавотирда бўладилар. Аслини олганда, бу даврда хавотирланишга асос йўқ. Салбий эмоционал ҳолат туфайли оғриқ ҳисси янада кучайиши мумкин. Тўлғоқ – дард ҳақида камроқ ўйласангиз ва камроқ хавотирлансангиз, бу жараённинг осон кечиши ва асоратлар бўлмаслигига эришасиз.
Ҳа, албатта оғриқ ҳиссини камайтирувчи усуллар ҳам бор. Тўлғоқ, аёлларда туғишдан олдинги дард ҳақида ушбу мақолада батафсил маълумот берамиз.
Туғруқдан олдинги дардни (тўлғоқни) қандай билиб олса бўлади?
Ҳомиладор аёлларда туғиш олдидан ёлғон тўлғоқлар (машқ қилиш учун) ҳам кузатилиб туради. Улар ҳомиладор аёлни 20-ҳафталардан бошлаб безовта қилади. Ёлғон тўлғоқ аёлларда бироз дискомфорт туғдиради, у давомли бўлмайди ва кўп ҳолларда оғриқсиз намоён бўлади. Бачадоннинг сиқилиши ва дискомфортдан бироз сайр қилиш ёки илиқ ванна қабул қилиш бартараф этади.
Чин тўлғоқ (дард) – туғруқ жараёни бошланишининг энг асосий “хабарчисидир”.
Туғруқдан олдинги тўлғоқ қандай кечади ва бу ҳолат нимага ўхшайди?
Ҳар бир аёлда дард кечиши ўзига хос кўринишда бўлади. Бу аёл организмининг жисмоний ҳолати ва ҳомиланинг жойлашишига боғлиқ. Масалан, айримлар бел соҳасидаги симмиловчи оғриқ, сўнгра оғриқнинг қорин ва чаноқ соҳасига кўчганлигини айтишади.
Бошқалар эса, тўлғоқ тутгандаги оғриқ ҳайз кўргандаги оғриқ каби сезилишини айтишган. Дард тутган вақтда оғриқ кучайиб боради, бунда бачадон қаттиқлаш “тош каби” бўлиб қолади, буни осон аниқлаш мумкин, қўллар билан бачадон соҳаси палпация қилиниши кифоя.
Юқорида санаб ўтилган барча белгилар ёлғон тўлғоққа ҳам хос. Ундай бўлса, чин тўлғоқни қандай фарқлаб олса бўлади, деган савол туғилиши табиий ҳолат, албатта. Чин тўлғоқ бошланганлигини ва туғиш жараёни яқинлашганлигини билдирувчи умумий белгилар мавжуд, улар қуйидагилар:
Белгиларнинг доимий бўлиши;
Уларнинг безовта қилиши частотаси ортиб бориши;
Вақт ўтиши билан оғриқнинг кучайиб бориши.
Аввалига ҳомиладор аёл тўлғоқ белгиларини узоқроқ вақт оралиғида ҳис қилади. Бунда оғриқ кучсиз бўлади. Кейинчалик, дард келиш оралиғи камайиб боради, оғри ҳисси эса кучайиб боради.
Умумий белгилардан келиб чиққан ҳолда тўлғоқ (дард) жараёнини 3 та фазага бўлиш мумкин:
Бошланғич (латент, яширин);
Актив;
Ўтиб кетувчи.
Бошланғич давр – ўртача 7-8 соат давом этади. Бунда бачадон сиқилиши 30-45 секундда давом этади. Дард оралиғи эса 5 дақиқа атрофида. Бу даврда бачадон бўйни 0-3 см га кенгаяди.
Актив даврда 3 соатдан 5 соатгача давом этади. Дард 60 сониягача давом этиб туради. Тўлғоқ такрорланиш оралиғи ҳар 2-4 дақиқада. Бу даврда бачадон бўйни 3-7 см га кенгаяди.
Ўтиб кетувчи давр энг қисқа давр ҳисобланади. Ҳомиладор аёлда бу давр 0,5-1,5 соатгача давом этиши мумкин. Дард бўлиши узоқ муддат ушланиб туради, 70-90 секундгача. Тўлғоқ такрорланиш оралиғи ҳар 1 дақиқада бўлади. Бачадон бўйни 7-10 см га очилади.
Авваллари фарзанд дунёга келтирган аёлларда ҳам тўлғоқ 3 даврга бўлинади. Фақат бундай аёлларда дард келиш даври қисқа ва осонроқ кечади.
Тўлғоқ бошланганда нима қилиш керак?
Ҳомиладор аёлда тўлғоқ бошланганда – хавотирланмаслиги лозим. Қулайроқ жойда ўтириб олиш ва тўлғоқ даврлари ва уларнинг давомийлиги, такрорланиш оралиғидаги вақтни аниқлаб олиш керак. Уларни қайд этиб, ёзиб бориш зарур. Аёл ўй ҳаёлида – тўлғоқ оғриқлироқми ёки туғишми деган фикр бўлмаслиги лозим. Қўрқув туфайли оғриқ янада кучайиши мумкин.
Агар тўлғоқ муддати қисқа бўлса ва унинг такрорланиш оралиғи узоқ бўлса (20-30 дақиқа) туғруқ жараёнига ҳали эрта. Аёл кишида тайёргарлик кўриш, тез тиббий ёрдамга мурожаат этиш учун бироз вақти борлигидан далолатдир. Оралиғи 5-7 дақиқа билан такрорланиб келадиган тўлғоқ бошланса, дарҳол туғуруқхонага бориш керак бўлади.
Тўлғоқнинг бошланғич даври бир неча соатларни ташкил этса ҳам шифохонага бориш зарур, чунки туғруқ олди суви (қоғоноқ суви) эрта келиши ҳам мумкин, бундай вақт аёл киши гинеколог назорати остида бўлгани яхшироқ.
Тўлғоқ ва туғруқ жараёнини қандай қилиб чақириш мумкин?
Кўпчилик аёлларда туғруқ жараёни ҳомиладорликнинг 37-40 ҳафталарида рўй беради. Аммо, айрим ҳолатларда ҳомиладорлик 41, 42 ва ҳатто 43 ҳафта давом этади. Албатта, аёллар бу вақтда хавотирга тушишади, асабийлашишади, тезроқ фарзандини дунёга келтиришни исташади, лекин болакайлари дунёга келай демайди.
Ҳомиланинг ўлими плацента (йўлдошнинг) муддат ўтганлиги сабабли келиб чиқиши мумкин. Болакай учун кислород ва озуқавий моддалар етиб бормайди. Шу сабабли кўпчилик аёлларни қизиқтирадиган савол – қандай қилиб дардни чақирса бўлади.
Салбий оқибатлардан қочиш учун сунъий равишда тўлғоқ чақирса ҳам бўлади, бироқ буни фақатгина шифокор-гинеколог бажаради. Аёл кишида ҳеч қандай патология йўқ ва қоғоноқ суви тоза бўлса, туғиш жараёнини тезлаштириш шарт эмас. Барчаси ўз вақтида бўлгани яхши. Агар қандайдир бир ўзгаришлар сезилса, шифокор дарҳол туғруқ жараёнини тезлаштиради ва сунъий равишда тўлғоқ чақиради.
Тўлғоқни мустақил равишда ҳам чақирса бўлади. Масалан, вертикал (тик) ҳолатда кўпроқ туриш, юриш, ҳаракатланиш, бунда аёл киши чарчаб қолмаслиги ва асабийлашмаслиги керак.
Тўлғоқни чақиришнинг яна бир усули кўкрак бези сўрғичларини массаж қилишдир. Бундай массажни ҳомиладорликнинг 37-ҳафталаридан бошлаш лозим. Сўрғич массаж қилиниши натижасида организмда окситоцин гормони кўп ажралиб чиқади, бу гормон таъсири остида бачадон қисқариши кучаяди ҳамда сўрғичлар болакай эмиши учун тайёрланади.
Тўлғоқни қандай қилиб енгиллаштириш мумкин?
Шифокорлар махсус препаратлар ёрдамида тўлғоқ ва туғруқ жараёнида оғриқни камайтиришлари мумкин. Аммо, анестезия муолажасини ўтказиш керак эмас. Чунки, анестетик препаратлар болакайга ва аёл организмига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Тўлғоқ ва туғиш вақтида оғриқни камайтиришнинг энг осон ва хавфсиз усули – тўғри нафас олишдир. Шу йўл билан аёл киши тинчланади. Дард бошланганда аёл киши нафас чиқариши керак, ҳаёлида нафас билан биргаликда оғриқ ҳам “чиқиб кетяпти” деб тасаввур этиши керак. Бироз шовқин солса ҳам бўлади, бу ҳам тўлғоқни енгиллаштиради. Туғруқ жараёни стресс бўлганлиги сабаб бу каби машқлар эсдан чиқиб қолмаслиги учун, ҳомиладор аёл олдиндан машқ қилиши лозим.
Ўз умр йўлдошингиз ёки яқин қариндошларингиз томонидан белнинг пастки қисмини енгил массаж қилиниши ҳам тўлғоқ вақтидаги оғриқ ҳиссини камайтиради. Бу усул жуда ҳам самарали. Чунки, бачадонга борадиган нерв толалари айнан бел соҳасидаги умуртқалар орасидан ўтади.
Психологик кайфият ҳам муҳим рол ўйнайди. Фақат ва фақат яхши нарсалар ҳақида ўйлаш керак, яқин вақтлар ичида ўзингизнинг шириндан шакар фарзандингиз дунёга келиши ҳақида ўйлаш ҳам оғриқни камайишига ёрдам беради.
Бир тўлғоқ ўтиб иккинчиси келишини кутиб ўтирмаслик керак. Тўлғоқ оралиғидаги вақт аёл кишининг дам олиши учун имкондир. Агар ҳомиладор аёл кейинг тўлғоқни ҳам кутиб ўтирса, дард келганда тез чарчаб қолиши мумкин.
Хулоса ўрнида
Тўлғоқ (туғруқдан олдинги дард) – бу табиий физиологик жараён. Барча ҳомиладор аёллар бу каби ҳолатдан ўтишади. Тўлғоқ қандай бошланади – мана шу савол кўпчилик аёлларни қизиқтиради. Дард келгандаги ҳисларни аниқ айтиб бериш қийин, сабаби улар барча аёлларда ўзига хос кечади. Баъзилар тўлғоқдаги оғриқларни ҳайз кўргандаги оғриқларга ўхшатса, баъзилар ичаклардаги муаммолар каби оғриқ бўлишини айтишади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам оғриқлардан қўрқмаслик керак. Барча оғриқлар ширингина фарзандингиз дунёга келганидан кейин унутилиб кетади.