
Тухумдон яллиғланиши (оофорит) – бир жуфт бўлган аёллар жинсий безларининг яллиғланиши. Бир томонлама ёки икки томонлама бўлиши мумкин. Кўпинча бачадон найчасининг яллиғланиши билан кечади. Ўткир кечувида қориннинг пастки соҳаларида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши, дизурия белгилари билан кечади. касалликнинг сурункали шаклида эса оғриқ синдроми ва ҳайз сиклнинг бузилиши (метроррагия) белгилари намоён бўлади.
Тухумдонларда йиринг тўпланиб қолиши пелвиоперитонитга, айрим ҳолларда тухумдонлар функциясининг бузилиши натижасида иккиламчи бепуштликка сабаб бўлади. Касаллик диагностикасида гинекологик текширув, УТТ (УЗИ), гистеросальпингоскопия, бактериологик текширув ҳамда кўрсатма бўйича лапроскопик усул ўтказилади.
Оофорит – тухумдонлар яллиғланиши
Тухумдонлар яллиғланиши аёл жинсий аъзоларига жиддий хавф туғдирувчи касаллик ҳисобланади. Оофорит (оопҳорон-тухумдон) – бу жуфт бўлган аёллар жинсий безлари тухумдонларнинг яллиғланишидир, касаллик кўпинча бачадон найи яллиғланиши билан бирга кечади – сальпингит. Бир тарафлама оофоритда фақатгина бир тухум бези, икки тарафлама оофоритда эса ҳар иккала тухумдонлар яллиғланади. Тухумдонлар ва бачадон найининг бир вақтда яллиғланиши – сальпингоофорит деб номланади (ёки аднексит).
Тухумдон яллиғланиши сабаблари
Тухумдонлар яллиғланиши специфик кўринишда бўлиши ҳам мумкин – унинг қўзғатувчилари гонорея, трихомониаза, хламидиоза, микоплазмаза, туберкулез бўлиши мумкин. Носпецифик касаллик қўзғатувчилар эса шартли патоген микрофлора (ичак таёқчаси, стафилококк, кандида, стрептококк ва бошқалар) бўлиб ҳисобланади. Тухумдонлар яллиғланишида совуқ қотиш, ҳайз кўриш, туғруқ жараёни, ҳомиладорликнинг жарроҳлик йўли билан тўхтатилиши, бачадон ичи спиралидан фойдаланиш, жинсий аъзоларда турли хил амалиётлар бажарилиши (диагностика мақсадида) нинг ўрни катта.
Кўпинча тухумдонлар яллиғланиши иккиламчи бўлади, яъни инфекцион омилнинг цервикал канал, бачадон, бачадон найидан кўтарилиши натижасида. Кам ҳолларда инфекцион қўзғатувчи қон ёки лимфа оқими орқали жинсий аъзоларни зарарлайди (масалан, туберкулёзда).
Тухумдонлар яллиғланишида инфекция бачадон бўшлиғида секин асталик билан бачадон найларига ўта бошлайди, аввалига шиллиқ қават, сўнгра мушак қавати ва сероз қавати зарарланади. Бачадон найи қалинлашади, узаяди, яллиғланиш йирингли тус олади ва най ичида спайкалар шаклланишига олиб келади.
Кейинчалик яллиғланиш жараёни тухумдонларга кўчади, йиринг таъсирида тухумдон тўқималари бутунлиги бузилади. Бачадон найи ва тухумдонлар орасида спайкалар ҳосил бўлади, шу сабабли касаллик кўпинча сальпингоофорти кўринишида кечади.
Баъзида тухумдонлар яллиғланиши атроф тўқималарга ҳам тарқалиши мумкин (периаднексит). Яллиғланганда экссудат ранги шаффоф бўлиб, бачадон найида (гидросальпинкс) ёки йирингли (пиосальпинкс) кўринишда тўпланиши мумкин, туҳумдонларда йиринг тўпланиши пиовар ҳосил бўлишига олиб келади. Касаллик даволанмаса, инфекцион жараён кичик чаноқ ва қорин бўшлиғига тарқалади ва пелвиоперитонит келиб чиқади.
Тухумдонлар яллиғланиши белгилари
Тухумдонлар яллиғланиши кечиши бўйича – ўткир, ўткир ости ва сурункали кўринишда кечиши мумкин, уларнинг барчасида ўзига хос жиҳатлари мавжуд.
Тухумдонларнинг ўткир яллиғланишида қуйидаги белгилар юзага чиқиши мумкин:
Доимий бир ёки икки тарафлама кучли оғриқ, оғриқнинг қорин пастки соҳаларида пайдо бўлиб, бел ва думба соҳасига тарқалиши;
Пешоб ажралишида кучли оғриқ ҳисси;
Баъзида жинсий аъзолардан йирингли ва сероз ажралмалар келиши;
Тана ҳароратининг кўтарилиши, умумий ҳолсизлик;
Жинсий алоқа вақтида кучли оғриқ ҳисси;
Ҳайз кўриш орасида қонли ажралмалар келиши.
Гинекологик текширувда тухумдонлар катталашган ва оғриқли бўлади. Тухумдонларнинг ўткир яллиғланишида беморлар албатта шифохонага ётишлари керак ва стационар шароитда даволанишлари лозим.
Касалликнинг ўткир ости кўриниши кам учрайди, одатда туберкулёз ёки микоз инфекциялар чақиради. Касалликнинг ўткир ва ўткир ости шакли тўлиқ даволанмаса касалликнинг сурункали кўриниши шаклланади.
Оофоритнинг сурункали кечувида хуруж вақтида қуйидаги белгилар намоён бўлиши мумкин:
Кучсиз оғриқ, қориннинг пастки соҳасида, қинда, чов соҳасидаги оғриқнинг ҳайз кўриш вақтида кучайиши кузатилади;
Тухумдонлар функциясининг бузилиши, ҳайз сиклининг ўзгариши;
Қиндан доимий ажралмалар келиши;
Жинсий фаолликнинг сусайиши, жинсий алоқа вақтида оғриқ ҳисси;
Жинсий заифлик сабабли бепуштлик келиб чиқиши.
Гинекологик кўрув вақтида тухумдонлар катталашган бўлади. Касалликнинг сурункали кўринишида аёл Кишида невро-психик ўзгаришлар ҳам ривожланади: аёл қўзғалувчан бўлиб қолади, уйқу бузилиши, меҳнат фаолиятининг пасайиши ва тез чарчаб қолиш.
Сурункали оофорит ўткир кечувисиз ҳам ривожланиши мумкин. Кўпгина жинсий йўл билан юқувчи касалликлар (масалан гонорея) белгиларсиз ривожланади, бунда тухумдонлар яллиғланади лекин симптомлар юзага чиқмайди ва сурункали кўринишга ўтиб кетади. Бундай жараённинг узоқ давом этиши натижасида бачадон найларида спайкалар шаклланади ва бу эса иккиламчи бепуштликка сабаб бўлади.
Тухумдонларнинг яллиғланиши асоратлари аёл киши репродуктив аъзолари функциясига жиддий зарар етказади: ҳайз сиклининг бузилиши ва тухумдонлар функциясининг пасайиши, спайкали жараёнлар, бачадон найлари тутилиши, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, табиий аборт, бепуштлик, жинсий ҳаётнинг бузилиши, яллиғланиш жараёнининг бошқа аъзоларга тарқалиши (пиелонефрит, систит, колит).
Тухумдон яллиғланиши диагностикаси
Тухумдонлар яллиғланишининг ўткир кўриниши ўткир қорин симптомини юзага келтиради. Бу каби симптом аппендицит, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, эндометриоз, тухумдон кистаси, перитонит ва бошқаларда ҳам кузатилиши мумкин. Шу сабабли оофорит диагностикаси бироз қийинчилик туғдиради.
Тухумдонлар яллиғланишини ташхислаш қуйидаги усуллар ёрдамида амалга оширилади:
Гинекологик анамнез йиғиш (аввал ўтказилган яллиғланиш касалликлари, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар, абортлар сони, туғруқ кечиши, бачадонда диагностика мақсадида ўтказилган амалиётлар);
Ҳозирги ҳолатда беморнинг шикоятлари: оғриқ характери ва жойлашуви, қиндан келадиган ажралмалар, совуқ қотиш ва умумий аҳвол ҳақида маълумотлар тўплаш;
Лаборатор анализлар – тухумдонлар яллиғланишида лейкоцитлар сони ошиши, пешоб анализида ҳам лейкоцитлар аниқланиши. Қиндан олинган суртма бактериологик текшируви;
Гинекологик текширувлар – тухумдонлар ўлчами, оғриқлилиги, бачадон найлари ҳаракатчанлиги бузилиши;
Кичик чаноқ аъзолари УТТ (УЗИ) текшируви;
ПСР, ИФА, РИФ усуллари ёрдамида яширин инфекцияни аниқлаш;
Гистеросальпингоскопия – бачадон найидаги анатомик ўзгаришлар.
Лапроскопия – тухумдонлар яллиғланишида энг аниқ маълумотларни берувчи усул ҳисобланади (бачадон, бачадон найи, тухумдонлар ҳолатини визуал кўриш имконини беради). Лапроскопияга кўрсатма узоқ муддат ҳомиладор бўла олмаслик, қориннинг пастки соҳасида узоқ вақт давом этувчи оғриқлар, даво муолажалари ўтказилса ҳам тузалмайдиган тухумдон яллиғланиши бўлиб ҳисобланади. Сурункали оофортида лапроскопия ёрдамида бачадон найлари ўтказувчанлиги, спайкалар, ҳосил бўлган йиринг аниқланиши мумкин. Кичик чаноқ бўшлиғидаги ўзгаришлар касалликнинг сурункали кечувида ривожланади.
Тухумдонлар яллиғланиши давоси
Тухумдонларнинг яллиғланишини даволаш учун аввало аниқ ташхис қўйиш керак бўлади. Касалликни даволашда унинг оғирлик даражаси ва кечиши инобатга олинади (ўткир, ўткир ости ва сурункали).
Ўткир тухумдонлар яллиғланиши стационар шароитда даволанади: ётоқ тартиби, оғриқ қолдирувчи воситалар, антибиотиклар, кальций препаратлари ва умумий қувватни оширувчи воситалар буюрилади. Ўткир ости кечувида даво муолажаларига физиотерапия ҳам қўшилади. Сурункали кечувида эса физиотерапевтик ва бальнеотерапия муолажалари қўлланилади.
Касалликнинг сурункали шакли ва ўз вақтида даволанмаслиги узоқроқ ва қийинроқ даволанади. Кўпинча касаллик асоратланади ва жарроҳлик амалиётини талаб этади (оофоректомия, аднексектомия). Оофорит ташхиси қўйилгач ва унинг қўзғатувчиси аниқлангач ҳар бир аёл учун индивидуал тарзда даво муолажалари буюрилади.
Медикоментоз даво номедикоментоз даво билан тўлдирилади. Номедикоментоз давода иложи борича антибиотик препратларни қўлламасликка ҳаракат қилинади. Антибиотиклар қиндан олинган суртма бактериологик текширувидан кейин ва қўзғатувчининг антибиотикларга сезувчанлиги аниқлангач буюрилади.
Касалликнинг сурункали кўринишида антибиотиклар қуйидаги ҳолатларда қўлланилади:
Касалликнинг хуруж қилишида белгилар кучли намоён бўлса ва яллиғланиш жараёни кечаётган бўлса;
Антибиотиклар касалликнинг ўткир ва ўткир ости кўринишларида қўлланилмаган бўлса;
Физиотерапия ва номедикоментоз даво муолажаларининг самараси бўлмаса.
Сурункали оофорит давосидан асосий мақсад – яллиғланиш жараёнини тўхтатиш, микробларга қарши курашиш, оғриқни камайтириш, иммунитетни рағбатлаш, жинсий аъзолар функциясини таъминлаш, гормонал ва нерв тизимидаги ўзгаришларни бартараф этишдир.
Физиотерапевтик муолажалардан – магнитотерапия, электрофорез ва лазеротерапия усуллари қўлланилади. Тухумдонлар яллиғланишини камайтириш учун лойдаги муолажалар, гирудотерапия ва гинекологик массаж буюрилади. Оғриқ қолдириш мақсадида игна билан даволаш муолажалари ўтказилади.
Оофорит касаллигини даволаш узоқ муддат талаб этади. Касалликни даволашда кўпгина халқ табобати муолажалари ҳам мавжуд. Даволаниш вақтида жинсий алоқага кириш тавсия этилмайди.
Касаллик профилактикасида совуқ қотмаслик, стресс ҳолатларига тушмаслик, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш ва иммунитетни мустаҳкамлаш учун тўғри овқатланиш тартибига риоя этиш зарур. Бундан ташқари айл киши йил давомида камида 2-марта гинеколог текширувидан ўтиб туриши лозим. Касалликни тўғри ташхислаш ва даволаш оқибати ижобийдир.