Бир сент устида тик туради: Дунё тарихидаги энг зиқна миллиардерлар

Бир сент устида тик туради: Дунё тарихидаги энг зиқна миллиардерлар

“Миллиардер” сўзини эшитишимиз билан кўз олдимизга шахсий самолётлар, қимматбаҳо спорт автомобиллари ва, албатта, ҳашаматли яхталар келади. Аммо, тарих шуни кўрсатадики, кўплаб муваффақиятли тадбиркорлар ҳаётнинг бундай қувончларини ўзларининг “топ рўйхати”га киритмаган. Капитални тежаш ва оқилона сармоя қилиш дунёдаги энг бой ва энг нуфузли одамлар томонидан қўлланилган асосий қоида ҳисобланади.

Генриетта Грин
Генриетта Грин ҳақли равишда тарихдаги энг бой аёл бўлишдан ташқари яна бир нечта унвонларга сазовор бўлган, хусусан, “Уолл-стрит жодугари”, “Уолл-стрит қироличаси” ва Гиннеснинг рекордлар китобига “энг зиқна ва очкўз” сифатида кирган. Гринлар оиласи бадавлат эди, шунинг учун аёл (1834-йилда туғилган) болалигидан молия оламига шўнғийди. Хатарлардан қўрқмасдан, отасининг бойлигини фойдали тарзда сармоя қилади ва муваффақиятга эришади. Унинг омади ва маҳорати айниқса ҳайратланарли эди, чунки 19-асрда эркаклар бошчилигидаги молия оламида аёлларга ўрин йўқ деб ишонилган. Бироқ Генриетта Грин исрофгарчиликка бўлган нафрати билан ҳам машҳур бўлган, бу баъзида зиқналикка ҳам олиб келган. Унинг шахсий мулки бўлмаган, аёл солиқ тўламаслик учун пансионатларда яшашни афзал кўради. Унинг ягона кийими қора кўйлак ва қора шляпа эди, кийимини фақат бир ҳолатдагина — доғ босиб кетганда ювиш мумкин эди.

У буни совун ва иссиқ сувни тежаш билан изоҳлайди. Айтганча, Генриетта Грин иситиш тизимидан фойдаланмаган. Энг ҳайратланарли воқеа оёғини жароҳатлаган Генриеттанинг ўғли билан боғлиқ. Даволашга пул сарфламаслик учун онаси болани текин касалхонага олиб боради. Шифокорлар аёлга пулли муолажа тавсия қилади, бироқ у рад этиб, ўғлини ўзи даволашга қарор қилади. Натижада болада гангрена пайдо бўлиб, оёғини кесишга тўғри келган.

Уоррен Баффет
Уоррен Баффет дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 7-ўринни эгаллаб турибди ва 2022-йил бошидан бери пул йўқотмаган, ҳаттоки капиталини кўпайтиришга муваффақ бўлган ягона миллиардер саналади.

Уоррен Баффет ҳозир 91 ёшда ва молия оламининг тирик афсонаси ҳисобланади. У ўзининг биринчи акцияларини 11 ёшида сотиб олади ва дарҳол ўз тажрибасига асосланиб, уни бутун ҳаёти давомида бошқарадиган қоидани шакллантиради: қимматли қоғозларни сотиб олиш ва кутиш керак, уларни фақат нарх аввалгисидан бир неча баравар юқори бўлганда сотиш лозим.

32 ёшида Уоррен Баффет аллақачон миллионерга айланган эди, 80-йилларда миллиардерга айланади, 2008-йилда эса у Ер юзидаги энг бой одам унвонини олади. Аммо бундай мисли кўрилмаган муваффақият биз ўрганиб қолган миллиардерларнинг пулга бўлган муносабатига зид эди, чунки унинг асосий қоидаси топган пулини юз фоиз тежаш, сарфламаслик, балки бюджетни янада оширишга инвестиция қилиш эди.

Миллиардер 1958-йилда сотиб олган эски уйида яшайди, “тҳрифтй” — тежамкор давлат рақами бўлган эски машина ҳайдайди ва фастфудда овқатланишни афзал кўради. Биржа нархлари пасайиб кетганидан хабар топгач, гамбургерни бир долларга арзонроқ сотиб олгани ҳам кўпчиликни ҳайратда қолдирган. Фақат хайрия ишлари бундан мустасно — миллиардер бошқа одамларга моддий ёрдам беришни “дунёдаги энг оддий иш” деб атайди.

Жон Пол Гетти
1957-йилда Жон Пол Гетти Форбес журналига кўра дунёдаги энг бой одамга айланади. Нефт магнати ўз бинесини отасининг пулига кичик ер участкасини сотиб олишдан бошлайди, кейинчалик бу ҳудудда нефт конлари топилади, бу эса йигитнинг биринчи ютуғига олиб келади.

Жон Пол Гетти инқирозлар пайтида ажойиб инстинкт ва пул ишлаш қобилиятига эга эди: у Биринчи жаҳон урушидан кейин ҳам, Буюк депрессия даврида ҳам бунинг уддасидан чиқади. Ўзининг ажойиб муваффақиятига қарамай, миллиардер пул сарфлашда оқилона ёндашуви билан ҳам машҳур эди. Эркак ўз вилласига таксофонлар ўрнатган, шунда меҳмонлар ва ходимлар қўнғироқлар учун уй эгаси ҳисобидан эмас, балки ўзлари тўлашлари керак эди.

Унинг қанчалик зиқналиги набираси, 16 ёшли Жон Пол Гетти ИИИ ни ўғирлаб кетишганда яққол кўринади. Талаб қилинган пул дастлаб 17 миллион доллар эди, аммо бу пулни тўлаш миллиардер учун “даҳшатли исрофгарчилик” бўлиб туюлади. Аммо йигитчанинг кесилган қулоғи ва соч толаси хасис бобога таъсир қилади, у 3 миллион доллар тўлашга рози бўлади, лекин бир шарт билан: 2,2 миллион долларни ўз ҳисобидан, қолган 800 мингни ўғлига йилига 4 фоиз билан қарзга беради.

Ўғирланган набираси қўйиб юборилгач, пул ундириш мақсадида ўғриликни режалаштирган деб гумон қилиб, набираси билан гаплашмай қўяди.

Ингвар Кампрад
1943-йилда ўша пайтда атиги 17 ёшда бўлган швециялик йигит дунёга машҳур ИКEА компаниясига асос солади. Ингвар Кампрад ҳашаматга бефарқ эди ва энг муҳими, буни умуман яширмасди. Унинг тежамкор ёндашуви мебелдан тортиб чой пакетларигача бўлган ҳамма нарсага тегишли эди.

У ишлатилган чой шамаларини ташлаб юбормасди, балки ранги қолмагунча ишлатарди. Худди шу нарса соч турмаги учун ҳам амал қилган — миллиардер сочини фақат энг тежамкор салонларда калталатган, арзон ресторанларда овқатланган ва, албатта, фақат эконом-классда учган. қолаверса, меҳмонхона белгисидаги юлдузлар сони 3 тадан ошмаслиги керак эди.

Иш масаласида ҳам Ингвар Кампрад жуда қаттиққўл бўлган. Ходимлар ҳужжатларни қоғознинг ҳар икки томонига чоп этишлари керак эди. Менежер солиқларга бўлган фоизларни минималлаштиришга ҳаракат қилишар, кўпинча баъзиларини четлаб ўтишарди.

Сергей Брин
Дунёга машҳур Google компанияси асосчиси, АҚШ фуқароси Сергей Брин ҳам исрофгарчилик ва дабдабали турмуш тарзини хушламайди. Унинг ҳаётидаги муҳим воқеа Стенфордда Ларри Пейж билан учрашиш эди: талабалар биргаликда интернетда ташриф буюрилган сайтларни қандай саралашни аниқлайди, чунки тахминларга кўра, энг машҳурлари энг фойдали бўлиши керак эди.

Бизнес-режа тузган йигитлар яқинлари кўмагида сармоядор топиб, керакли миқдордаги маблағни йиғишади. 2004-йилда кичик алгоритм асосида ихтиро қилинган Google компанияси 20 миллиард доллардан ортиққа баҳоланган.

Бугунги кунда Сергей Бриннинг шахсий бойлиги 109 миллиард долларга баҳоланмоқда ва ҳар бир янги рекламадан сўнг ўсишда давом этмоқда. Бироқ миллиардер кундалик масалаларда, масалан, ташқи кўринишига унчалик эътибор бермайди.

Унинг номи билан аталган яхталари ёки улкан қасрлари йўқ. У уч хонали квартирада яшайди ва ўрта тоифадаги Toyota машинасини бошқаради, метродан ҳам тез-тез фойдаланади. Унинг севимли кийими бу — футболка. Миллиардер бир вақтлардаги одатига кўра дўкондаги нархларга қараб нарса сотиб олишини айтади, гарчи у бу одатидан бир неча бор қутулишга ҳаракат қилса ҳам.



Ўҳшаш маълумотлар

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида қизиқарли фактлар

Иккинчи жаҳон уруши 1939 йил 1 сентябрдан 1945 йилнинг 2 сентябрига қадар давом этган бўлиб, инсоният тарихидаги энг йирик қуролли уруш ҳисобланади. Бу урушда ўша даврда мавжуд бўлган 73 та давлатлардан 62 таси иштирок этган – бу дунёнинг 80% ини...

Ўғил кўриш – сирлари, календари ва ҳомила жинсини аниқлаш усуллари

Туғилажак фарзанднинг ўғил бўлишини истовчилар учун бир қатор эҳтимолий усуллар мавжуд. Бу усуллардан фойдаланиб ўғил кўриш даражаси 100 %га яқинлашади. Аммо, ўғил кўриш учун аниқ кафолатланган ҳеч қандай ҳолатлар йўқ ва бу инсон хоҳиш-истагига...

Дюфастон – қўллаш бўйича йўриқнома (Мутахассислар учун)

Дюфастон таркиби 1 таблетка қуйидагиларни сақлайди: фаол модда: 10 мг дидрогестерон; ёрдамчи моддалар: лактоза моногидрати, гипромеллоза, маккажўхори крахмали, сувсиз коллоид кремний диоксиди, магний стеарати. қобиғи: оқ Опадри ОЙ-1-7000...

Чала туғилган болалар – физиологияси, ривожланиши ва парваришлаш асослари

Бола дунёга келгандан бошлаб жадал ўса бошлайди. Бу даврда болалар жуда нозик бўлишади. Айниқса муддатидан аввал туғилган чақалоқлар жуда нимжон ва заиф бўладилар....

Ҳазилга ўхшаш 9 та ҳақиқий тарихий факт

1. Ўрта асрларда эр ва хотин ўртасидаги баъзи низолар дуел орқали ҳал қилинган Қиличбозлик бўйича қўлланма 1459 йилда Ҳанс Талҳоффер томонидан тузилган Эр ва хотин, шайтондан бири. Қиличбозлик бўйича қўлланма 1459 йилда Ҳанс Талҳоффер томонидан...



Фикр қўшиш

Наверх