
Ҳар бир боланинг нормал ўсиши ва ривожланиши учун етарлича озуқавий моддалар керак. Ёшга боғлиқ ҳолда организм эҳтиёжини қондириш учун ёғ, оқсил ва углевод нисбати ва сифати етарлича бўлиши зарур. Бундан ташқари овқат таркибида витамин-минераллар организмга керагича тушиши ва аъзоларнинг ўсиши учун муҳим. Болаликнинг эрта даврларида энг кўп учрайдиган етишмовчилик ҳолати – гипокальциемия (кальций етишмовчилиги) дир. Болаларда кальций етишмовчилиги жиддий асоратларга олиб келиши мумкин, масалан тўсатдан суяклар синиши, судоргилар (талваса), суяк ва нерв тизими ривожланиши ортда қолиши.
Кальций етишмовчилигига сабаблари
Бола организмида кальцийнинг нормал кўрсаткичда бўлиши учун, овқат рационида кунлик кальцийнинг дозаси 500-1000 мг бўлиши керак. Кўкрак ёшидаги болалар кальцийнинг етарли миқдорини она сутидан олишади ва бу даврда қўшимча равишда кальций препаратларидан ҳам фойдаланиш керак бўлади. Қонда кальцийнинг сезиларли даражада камайиши болалар рахити ва унинг асоратларига олиб келади. Юқорида айтганимиздек эмизикли болалар кальцийни она сутидан қабул қилишади, демак она истеъмол қилаётган маҳсулотлар кальцийга бой бўлиши зарур.
Болаликнинг биринчи йилида кальций фақатгина, овқат билан кам миқдорда тушганлиги сабабли дефицитга учрамайди, балки бола организмида Д3 витамини етишмаслиги ҳисобига ҳам келиб чиқади. Д3 витамини кальцийнинг сўрилишида муҳим рол ўйнайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг кўрсатмасига биноан ҳар бир кўкрак ёшидаги бола куз-қиш мавсумида қўшимча равишда, эритма кўринишида Д3 витаминини қабул қилиши лозим. Баҳор-ёз мавсумида Д3 витамини бола организмида мустақил равишда қуёш нури таъсирида синтезланади. Бу даврда қўшимча витамин қабул қилиш организмда унинг миқдори ошишига олиб келади, яъни гипервитаминоз ҳолати келиб чиқиши мумкин.
Болаликнинг кейинги даврларида гипокальциемия кўпинча ошқозон ичак тракти касалликлари (гастрит, колит, ичаклар дизбиози ва бошқалар), айрим дори препаратларини қабул қилиш оқибатида ошқозоннинг сўриш функциясини бузилиши (антадсидлар, сорбентлар) натижасида келиб чиқади.
Кальцийнинг ёшга боғлиқ ҳолда нормал миқдори
Туғилгандан 6 ойгача – 400-500 мг;
7 ойдан 1 ёшгача – 700-700 мг;
1 ёшдан 10 ёшгача – 700-900 мг.
Алиментар йўл (овқатланиш) билан организмда кальций тўпланиб қолмайди. Чунки ортиқча кальций ичак ва буйраклар орқали ташқарига чиқариб турилади. Қўшимча равишда қабул қилинаётган ортиқча кальций буйракларда тўпланиб қолади ва тош ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.
Гипокальциемиянинг клиник кўриниши
Ҳали юришни ўрганмаган болакайларда кальций дефицитини фақатгина шифокор аниқлай олади. Эмизикли болаларда кальций етишмовчилигининг илк белгилари қуйидагилар бўлиши мумкин:
Жуда кўп терлаш, айниқса бошнинг тепа қисмида;
Бошнинг ёстиқ билан кўп контакда бўладиган соҳаларида соч тўкилиши;
Тремор (тиришиш) ҳолати – йиғлаганда ияк соҳаси;
Баланд шовқинлар эшитганда безовталаниш ва йиғлаш.
Агар кальций етишмовчилиги боланинг ўтириш ва юришни бошлаган даврига тўғри келса, унда умуртқаларда патологик қийшиқликлар ва эгриликлар келиб чиқади. Болаликнинг кейинги даврларида гипокальциемияда суяклар синувчанлиги ошиши, тирноқларнинг кўчиб тушиши, оғиз бурчагида ёрилишлар, талвасалар, анемиялар, бўғимларнинг деформациялари кўзга ташланади.
Организмда кальций етишмаётганини ва талваса ҳолатлари бошланаётганини баъзи бир тестлар ёрдамида аниқлаб олса бўлади:
Агар болакайнинг оғиз бурчагига бармоқ учи билан енгил тегилса, боланинг оғзи қалтирайди, бу эса кальций етишмовчилигидан далолат беради;
Агар болакайнинг елка суягининг ўрта учдан бир қисми қўл билан сиқилса, болакайнинг бармоқлари тиришади. Бу ҳолат бола организмида кальций етишмовчилигининг оғир даражасидан дарак беради.
Кальций етишмовчилигининг оқибатлари
Кальций бола ривожланиши ва нормал ўсиши учун керак бўлган элемент. Унинг озуқа билан кам тушиши ёки ошқозон ичаклардан сўрилишининг бузилиши болаларда рахит касаллигига олиб келади. Касалликнинг бир неча босқичлари бор ва уларнинг ҳар бири турлича кўринишда намоён бўлади – рахит касаллигининг эрта босқичларида болакайларда кальций етишмовчилигининг умумий белгилари намоён бўлади: тери гипергидрози (кўп терлаш), гиперқўзғалувчанлик (тиришишлар, талвасалар), узоқ муддат контакт натижасида соч тўкилиши. Касалликнинг бу босқичида суяк тизими томонидан деформациялар кузатилмайди.
Махсус даво чоралари кўрилмаганда рахит авж олиб кейинги даражаларига ўтиб кетади. Бунда биринчи навбатда диспептик синдромлар юзага келади (қайт қилиш, иштаҳанинг пасайиши, ич келишининг бузилиши) ва суякдаги ўзгаришлар. Шу билан бирга қорин олд девори мушакларининг тонуси пасайиши натижасида – “бақа” қорни кўринишида бўлиши. Суяк тизими томонидан болаларда калла чаноғининг ассиметриклиги, лиқилдиқларнинг ёпилмаслиги, лиқилдоқлар чети юмшаб қолиши, тўш суяги деформациялари (воронкасимон кўкрак), умуртқа поғонасидаги қийшиқликлар (кифоз, сколиоз), оёқларнинг деформациялари (Х ёки О симон оёқ) каби ўзгаришлар яққол намоён бўлади.
Касалликни эътибордан четда қолдириб вақтида даво муолажалари кўрилмаса, боланинг ногиронлигига ва жисмоний-руҳий жиҳатдан ортда қолишига олиб келиши мумкин. Рахит касаллигининг энг кўп учрайдиган асорати: умуртқа поғонасининг қўпол деформацияси ва қийшиқлиги, катта калла чаноғи, таъм билишда ўзгаришлар, яъни адаштириб қўйишлар, оёқларнинг қийшайиши натижасида юришдаги ўзгаришлар, кўкрак қафаси ва тўш суяги деформацияси, юрак ва ўпканинг нормал функцияси бузилиши, ясси чаноқ (қиз болаларда келажакда фарзанд дунёга келтиришда қийинчилик туғдиради), кўрув ўткирлигининг бузилиши (миопия) кабилар.
Мактабгача бўлган ёшдаги болаларда кальций етишмовчилиги суякларнинг тез-тез синиши кўринишида намоён бўлади. Бунга бўғимлараги деформациялар ва анемия ҳолатлари ҳам қўшилади.
Кальций етишмовчилиги диагностикаси
Рахитнинг илк белгилари ёки талвасалар бошланганини сезсангиз дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Кальций миқдорини текшириш учун:
Умумий қон анализи, ундаги гемоглобин миқдори;
Болаларда сийдик орқали Сулкович синамаси ўтказиш йўли билан сийдик билан ажралиб чиқаётган кальций миқдори ўрганиш;
Периферик веноз қондаги кальций миқдорини текшириш – 6 ойгача бўлган болаларда нормал кўрсаткич 2,25-2,5 ммол/л бўлади.
Болаларда кальций етишмовчилигини даволаш ва профилактикаси
Аёлнинг ҳомиладорлик вақтида ва фарзанд дунёга келтиргандан кейин ҳам истеъмол қилаётган маҳсулотлари таркибида кальций миқдори етарлича бўлиши керак. Болаларда кальций етишмовчилигининг профилактикаси, унинг она қорнидалиги вақтидан бошланиши керак. Ҳар бир ҳомиладор аёл ҳомиладорликнинг 28-32 ҳафтасидан бошлаб ҳар куни Д3 витаминини, 6-8 ҳафта давомида қабул қилиши зарур. Боланинг соғлом дунёга келганда ҳам профилактика мақсадида 2-3 ойлигидан бошлаб Д3 витаминини қабул қилиб туриши керак. Куз-қиш мавсумида ҳар бир соғлом туғилган болакайларга профилактик доза, яъни 500 ХБ да Д3 витамини берилиши рахит касаллигининг келиб чиқмаслигини таъминлайди. Препаратларни танлаш ва уларнинг дозаларини шифокор белгилайди. Сунъий овқатланишга ўтган болаларга эса алоҳида жиҳатларига қараб Д3 витамини беришда истиснолар бўлиши ҳам мумкин.
Д3 витаминининг таъсир эффекти, организмга етарлича кальций элементи тушгандагина билинади. Болалар овқатланиш таркибида албатта сут маҳсулотлари (пишлоқ, творог, ёгурт, сут), қуруқ мевалар, сутли шоколад каби озиқавий моддалар бўлиши лозим. Д витамини тайёр ҳолда сариёғ, мол жигари ва тухум сариғида кўп сақланади. Бундан ташқари, рахитнинг эрта босқичларида болалар мушакларининг тонусини оширувчи ва ичаклар функциясини нормаллаштирувчи чора тадбирлар ҳам ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади, масалан турли хил ванналар қабул қилиш, очиқ ҳавода сайр қилиш, даволовчи гимнастика ва массажлар. Агар ичаклар нормал микрофлораси бузилиб, дисбиоз ҳолатлари келиб чиққан бўлса, пробиотиклар тавсия қилиниши ҳам мумкин.
Организмга кальций элементи овқат билан етарлича тушмаса, сунъий кальций сақловчи препаратлар бериш мумкин, фақатгина шифокор тавсиясига биноан. Кальцийнинг организмда сўрилишини оширувчи модда – балиқ ёғининг капсула кўринишидаги препаратларидан ҳам фойдаланса бўлади. Каслий етишмовчилигини мустақил равишда, ўз бошимчалик билан даволаш оғир асоратларга олиб келиши мумкин: ич қотишидан тортиб буйрак етишмовчилигигача, натижада болалик даврида сийдик тош касалликлари пайдо бўлиши хавфи мавжуд. Болаларингизни нормал ўсиши ва соғлом етилиши учун ҳар ойда бир маротаба оилавий шифокорингиз билан маслаҳатлашиб туринг! Саломат бўлинг!